Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистонда хорижга чиқиш паспортлари жорий этилади

Ўзбекистонда хорижга чиқиш паспортлари жорий этилади
13 Temmuz 2017 - 17:56 'да юкланди ва 898 марта ўқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу хусусда ўз таклифларини ишлаб чиқишлари учун мамлакатдаги масъул идораларга бир ой муҳлат берган.

Кўзда тутилаётган таклифларда хорижга чиқиш паспортларини жорий этишнинг аниқ босқичлари, муддатлари, техник шартлари ва молиявий харажатлари акс этиши лозимлиги айтилган.

Бунга эса, Ўзбекистон президентининг 11 июлдаги миграцион жараёнлар ва фуқароликни расмийлаштиришда ички ишлар органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги қарори асос бўлиб хизмат қилган.

Ўзбекистонда амалда бўлган чиқиш визасининг бекор қилиниб, ўрнига хорижий паспортларнинг истеъмолга киритилишига оид хабарлар шу йил бошида пайдо бўлган.

Улар Шавкат Мирзиёев расман Ўзбекистон янги президенти этиб қасамёд келтиришидан қисқа вақт ўтмай кузатилган.

Чиқиш визаси тартиби Ўзбекистон мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида амал қилиб келади.

Айни тартиб Ўзбекистон фуқароларининг энг кўп шикоятларига сабаб бўлиб келаётган энг долзарб масалалардан бири бўлади.

Айниқса, сўнгги йилларда ушбу мавзу турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларининг қизғин баҳсу мунозараларига айланган.

Бу баҳсга қўшилган аксарият ўзбекистонликлар наздларида чиқиш визаси буткул бекор қилинмоғи лозим.

Хорижга чиқиш паспорти

Бу ҳақда аввалроқ Ўзбекистон янги ҳукуматининг порталида эълон қилинган 2017-2021 йиллар оралиғида Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракат дастурида ҳам сўз борган.

Хорижга чиқиш учун рухсатнома(стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш ва ўрнига хорижга чиқиш паспортини жорий этиш ҳақидаги лойиҳа экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани айтилган.

Чиқиш визасининг бекор қилиниши учун аниқ муҳлат кўрсатилмаган, аммо айни тадбирни бажариш муддати 2017 йилнинг 3-чораги этиб белгиланганди.

Ўшанда ўзбекистонлик масъуллар хорижга чиқиш паспортларининг 2018 йил охиригача жорий этилиши мумкинлиги ҳақида сўз юритишган.

Чиқиш визаси

Ўзбекистон конституцияси фуқароларнинг мамлакат ичкариси ва ташқарисида эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқини кафолатлашига қарамай, Совет давридан қолган чиқиш визаси амалда сақланиб қолган.

Хорижга чиқишни назорат қилиш тизими мамлакатдаги энг коррупциялашган тизимлардан бири сифатида кўрилади.

Хорижга чиқиш учун стикерлар расман Ички ишлар вазирлигининг бўлинмалари томонидан расмийлаштирилса-да, амалда рухсат Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан берилиши маълум.

Ўтган йил октябрь ойида “Ўзбекистон фуқаролари ташаббус гуруҳи” президент ваколатларини вақтинча бажараётган Шавкат Мирзиёевга ўзига хос чақириқ – петиция билан мурожаат қилишган, чиқиш визаси тартиби бекор қилиниши кераклигини айтишганди.

Таъкидлаш жоиз, мустақил Ўзбекистон тарихида унгача бу каби воқеълик кузатилмаган.

Манба: Би-би-си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар