Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Сигир”нинг баҳоси қанча?

“Сигир”нинг баҳоси қанча?
17 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 698 марта ўқилди.

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

“СИГИР”НИНГ БАҲОСИ ҚАНЧА?

Ҳурматли оқсоқолимиз, жумҳурият табиатини муҳофаза қилиш жамияти раисининг ўринбосари Ориф Алимовнинг “Совет Ўзекистони” газетаси 10 феврал сонида босилган “Ўзимиз тузатамиз” мақоласида қўйилган масала — экология хусусида кўп ёзилган ва бу борада ўртоқ Алимовнинг фикрлари жуда тўғри. Яъни, ўша мақолада каминанинг шахси эслатмаганда, унга жавоб ёзиб ўтириш жоиз эмас эди.

Ориф Алимов мени йўқотилган қишлоқлар тўғрисида нотўғри хабар берганликда айблайди. Гапнинг индаллосини айтиб қўя қолайлик: Тошкентда нашр этилган (ТИИМСХ — 1974) “Земле устройство и планировка населенных пунктов” мажмуасида шундай рақамлар бор: “… ерни режалаштириш ишлари хулосаси шуни кўрсатадики, қишлоқлар (Ўзбекистондаги — М.С.) ва хуторлар (овуллар) сони 28,1 минг ва шундан 14,5 мингтаси кичик посёлка ва хуторлар экан” (160-бет)

Ориф Алимов эса, фақат қшлоқлар сонини келтириб, хуторлар ҳақида лом-мим демайди. Мен “Литературная газета”даги чиқишда биринчи рақамни 28,1 минг эмас, балки камайтириб, 27 минг деб айтибман. Бу менинг хатоим. Лекин бу хато ўртоқ Алимов айтганидек, “даҳшатли” эмас. Даҳшатли томони, яна оқсоқолимиз айтгандек, ўша 14 минг нусха (хуторларни ҳисобламасак) қишлоқдан мингтаси йўқ қилинганидир.

Агар улар йўқ қилиниб, ўрнига шаҳарлар барпо бўлганда эди, бу тадбир ўзини оқлаган бўлар эди. Лекин бу қишлоқлар ўрни пахта майдонига айлантирилди. Ўртоқ Алимовнинг “қўшилиб, йириклашган қишлоқлари”, аслида, пахтага жой бўшатиб берилган қишлоқлардир.

1972 йил 29 майда ЎзКП Марказий Комитети ва Министрлар Совети “Хуторларни йўқ қилиш ва жумҳурият қишлоқ хўжалигида капитал қурилишни тубдан яхшилаш” ҳақида Қарор чиқарган. Шу Қарор асосида жуда кўп хуторлар йўқ қилинди, аммо қишлоқларда “капитал қурилиш” яхшиланмади.

Агар оқсоқол арбобларимиз ва олимларимиз куюниши самимий бўлса, уларнинг муборак диққати бир икки ёзувчининг хатоси эмас, ўша долзарб масалани ҳал қилишга қаратилиши керак эди.

Мен юқорида эслатган Қарорни бошқа жумҳуриятлар ҳам қабул қилган эди. Аммо ўз ери, ўз табиати ва ўз фуқароси соғлиғини ўйлаган ҳукумат арбоблари фақат Қарорни амалга ошириш учун киришмаган. Дейлик, болтиқбўйи жумҳуриятларида хуторлар бугун ҳам сақланиб қолган ва бугун ҳам бу гўшалар гуллаб-яшнаяпти. Ҳозир у ерда кўп шаҳарликлар хуторга кўчиб боряптилар. Бизда бундай имкон йўқ, сабабини юқорида айтдим.

Агар етмишинчи йиллар Қарор чиқариб, уни амалга оширишда қатнашган арбоблар масъулиятни биз ёзувчилардан талаб қилгандай қатъий ҳис этганларида эди, эҳтимол, бу масалада бугун тортишиб ўтирмаган бўлардик.

Ориф Алимов яна шундай деб ёзади: “Мен шоир Муҳаммад Солиҳнинг СССР Ёзувчилар уюшмаси пленумидаги маърузасида келтирган рақамлар хусусида ҳам фикр айтмоқчи эдим…

Инқилобга қадар бир кило соф пахта учун деҳқон 15 тиийн оларди… Аслида расмий маълумот қуйидагича: 1917 йилда ўртача бир килограмм пахтанинг нархи 12 тийин… мол гўштининг бир килоси 20 тийин бўлган….”

Мен шу айбномага жавоб ёзишга улгурмай, “Совет Ўзбекистони”нинг 14 феврал сонида академик И.Искандаровнинг “Жиддий муаммолар” сарлавҳали худди ўша шўрлик “сигир”га қаратилган мақоласи босилди. Начора, муаллифларни қанчалик ҳурмат қилмай, икковига битти жавоб ёзишга мажбурман-ки, улар мени афу этсинлар.

Аввал шуни айтиш керак-ки, мен пахта ҳақида гапирар эканман, Ориф Алимов ёзгандек 1917 йил маълумотига эмас, инқилобгача маълумотга асосланганман. Бу Ориф Алимов мендан олган кўчирмада ҳам ёзилган. Тарихий саналарнинг атайин адаштиришнинг нима кераги бор?

Академик Искандаров ҳам ўз навбатида “сигир”ни уради-да, шундай давом этади: “… Пахтанинг нархига келсак, ҳозир у республика бўйича Муҳаммад Солиҳ айтгандек, килограммига 15 тийин эмас, 85 тийинни ташкил этади”.

Тўғри гап. Лекин бунинг 15 тийинга нима алоқаси бор? Ахир, бу 85 тийин деҳқонга эмас, колхозга тўланади-ку! Деҳқон эса ўз қўли билан терган пахтанинг бир килосига 15 тийин олади. Мен айнан шу пул ҳақида гапирганман. Буни била туриб, билмаганга олиш зиёли одамга ярашмайди.

Энди “сигир” масаласини ҳал қилайлик.

“Туркестанская туземная газета”сининг 1888 йил 28 июл (№29) сонида шундай хабар бор: “В Москве, в начале июля были следующие цены на средниазиатские товары:

Хлопок Кокандский 1 пуд — 9 рублей 9 копеек
Хлопок Американский 1 пуд — 11 рублей 50 копеек.

… базарные цены 25 июля на мясо баранье:

1пуд — 1 рубль 40 копеек…”

Шу рақамлардан келиб чиққан ҳолда ҳисобласак, 1 кило пахтанинг пулига (56,8 тийин) бозордан нақ 6,5 кило қўй гўшти олиш мумкин бўлган эди. Бугун, бир кило қўй гўшти олиш учун деҳқон давлатга 40 кило “оқ олтин” (агар унинг килоси 15 тиийн бўлса) териб бериши керак. Инқилобдан олдин, ўзингиз кўрдингиз, 40 кило пахта пулига 280 килограмм қўй гўшти сотиб олса бўларди.

Энди ўйлаб кўринг, вазни 280 кило келадиган гўштини истеъмол қилиш мумкин бўлган мавжудот сигирми, бузоқми ёки эшакми?

Сўзимнинг сўнггида шуни айтишни истардимки, “Литературная газета”да босилган бу нутқ шунча гапга сабаб бўлган экан, уни аввал ўзбек тилида эълон қилиш керак эди ва у шундан кейин муҳокама қилиниши лозим эди. Бир-икки жумлани матндан юлиб олиб баҳс юритиш адолатдан эмас.

1988

(32)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (152-155-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Бобомурод Абдуллаевнинг онаси: ‘Болам, қўрқма! Мен сени тўғри ўстирганман’
Интиқор (Қорабозорчилик)
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Freedom House Ўзбек журналистини озод қилишга чақирди
Ўхшаш хабарлар