Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Президент Мирзиëев Солиқ қўмитасини тугатишга қарор қилди

Президент Мирзиëев Солиқ қўмитасини тугатишга қарор қилди
18 Temmuz 2017 - 17:57 'да юкланди ва 1263 марта ўқилди.

(Суратда: Генерал-лейтенант Ботир Парпиев Солиқ қўмитасига 2004 йилдан бери раислик қилиб келаëтган эди.)

Ўзбекистон ҳукуматидаги бир-биридан мустақил расмийларнинг Озодликка билдиришича¸ келаси ойдан Давлат солиқ қўмитаси тарқатилиб, ўз фаолиятини Молия вазирлиги ва Бош прокуратура таркибида давом эттиради. Уларга кўра, бу ҳақда 17 июль куни президент Шавкат Мирзиёев қарор чиқарган¸ бироқ унинг аниқ тафсилотлари ҳозирча ўрта ва қуйи бўғин расмийларига ҳам маълум эмас.

Қўмитанинг тарқатилиши

Давлат солиқ қўмитаси икки юқори мулозимининг тасдиқлашича, 1 августдан бошлаб қўмитанинг мустақил фискал тизим сифатидаги фаолияти¸ президент қарори билан¸ тўхтатилади.

Айни пайтда қўмитанинг Озодлик суҳбатлашган мулозимлари кутилаётган ўзгаришлар тафсилотининг ўзларига маълум эмаслигини билдирди.

Бу гап икки-уч ойдан бери юрган эди. Кеча президент қарори имзоланган. Бу ҳақда бизга кеча маълум қилишди. Ҳозирча билмаймиз қарор тафсилотини. Келгуси бир неча кун ичида қарор қўлимизга келиб тушади. Ана ўшанда ҳаммаси маълум бўлади,” – деди солиқ қўмитаси юқори мулозими.

Бу расмийнинг таъкидлашича, қабул қилинган қарор оқибатида Давлат солиқ қўмитасининг Молия вазирлиги бўлинмаларидан бирига айлантирилиши кутилмоқда.

Ҳозир Молия вазирлигига ўтишга тайёрланаяпмиз. Катта эҳтимол билан Молия вазирлиги ихтиёрига ўтамиз. Аммо, президент укази ҳали тўла аниқ бўлганича йўқ. Бу ишлар август ойидан бошланиши айтилаяпти,” – деди Давлат солиқ қўмитаси юқори мулозими.

Қўмитанинг яна бир мулозими қўмитанинг солиқ тушумларини йиғиш ваколатлари Молия вазирлиги, солиқларнинг тўланишини назорат қилиш функциясининг эса Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига ўтишини билдирди.

Солиқ тизимида ишловчи бошқа бир мулозим эса қўмита ходимларининг иш штати 50 фоизгача қисқариши мумкинлигидан жиддий хавотирга тушганини айтди.

Кўпчилик хавотирга тушган. Чунки, қўмита тарқатилгандан кейин бу ерда ишлаганларнинг 50 фоизи ишсиз қолиши мумкин, деган гап- сўзлар юрипти. Аммо, ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас,” деди у.

“Камроқ текшир-текшир”

Давлат солиқ қўмитаси юқори мулозимига кўра, янги чора президент истаги билан амалга ошмоқда.

Бизни кучли структурага ўтказишмоқчи. Буни президентнинг шахсан ўзи истаяпти. Кучли назорат ўрнатиш истаги бор. Налоговойнинг обрўсини кўтармоқчи,” – деди Давлат солиқ қўмитаси мулозими.

Солиқ қўмитасидаги бошқа мулозими эса¸ президент қарори билан Ўзбекистон солиқчиларига юкланган вазифаларнинг ҳам ўзгариши кутилаётганини айтди.

Олдин асосан текшир-текшир бўлса, энди фақат тушум йиғиш билан шуғулланамиз. Президент текшир-текширни кескин қисқартиришни истаяпти. Энди камроқ текшир-текшир бўлади. Шунга қаратилган нарса бўлаяпти,” дея изоҳ берди у.

Назорат ва тақсимлашдаги номутаносиблик

Ўзбекистон Молия вазирлиги собиқ ходимининг ишонишича, янги ўзгариш солиқ-бюджет сиёсати самарадорлигини оширади.

Бу нормал ҳолат. Дунёнинг кўплаб етакчи мамлакатларида Солиқ қўмитаси Молия вазирлигининг бир структураси бўлган. Бу солиқ-бюджет сиёсатини самаралироқ қилади. Бизда эса ҳозиргача Солиқ қўмитаси¸ асосан¸ назорат функциясини бажариб келаётган эди,” деди Молия вазирлиги собиқ мулозими.

Солиқ бюджет сиёсатининг икки функцияси бор: биринчиси, назорат; иккинчиси, тақсимлаш. Биринчиси – солиқ ставкаларини белгилаб, уларнинг давлат бюджетига тушишини назорат қилиш. Бу ишни Солиқ ва Божхона қўмитаси бажаради. Молия вазирлиги эса тасдиқланган давлат бюджетини тақсимлаш ишини бажаради. Яъни, халқ пулини яна халққа тақсимлаб беради. Ҳозиргача бизда назорат ва тақсимлашда номутаносиблик бор эди. Солиқ қўмитаси Молия вазирлигининг қўлини боғлаб қўйган эди. Ана энди иккита функция бир идора зиммасига ўтади,” – деди Молия вазирлиги мулозими.

Давлат солиқ қўмитаси раиси қабулхонаси ходими қўмита раҳбарининг ҳозирда Наманганда хизмат сафарида экани ва Озодликнинг қўмитадаги ўзгариш борасидаги саволига жавоб бера олмаслигини билдирди.

Солиқ қўмитаси матбуот хизмати ходими Музаффар Назаров эса¸ қўмитанинг тарқатилиши борасидаги саволга:

– Бизда ҳали унақа хабар йўқ. Унақа маълумот йўқ ҳозир. Солиқ қўмитаси ўз фаолиятини юритаяпти, – деб қисқа жавоб қилди.

Қўмитанинг йиллардан бери фаолият юрғизиб келган soliq.uz расмий сайти 18 июль куни очилмади.

Ўзбекистон президентининг 1994 йил 18 январь кунги қарори билан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат солиқ Бош бошқармаси Давлат солиқ қўмитасига айлантирилган эди.

Ушбу қўмитага 2004 йилдан буён генерал-лейтенант Ботир Парпиев раҳбарлик қилиб келади.

71 яшар Ботир Парпиев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 1995 йилдан бери узлуксиз раислик қилиб келаëтган энг қудратли генерал – Рустам Иноятовнинг қудасидир.

Манба: “Озодлик” радиоси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар