Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Фарғона фожеаси

Фарғона фожеаси
20 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 804 марта ўқилди.

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

ФАРҒОНА ФОЖЕАСИ

Мен бу сатрларни уч кун уйқусизликдан сўнг, фожеали таассуротлар кўз ўнгимдан ҳали кетмай, уят ва изтиробдан чил-парчин бўлиб ёзаяпман. Мен бу сўзларни бировга ақл ўргатиш учун эмас, ўзимни ва бошқаларни шу кўрганларимга ишонтириш учун ёзаяпман. Чунки, бу фожеани кўриб, кўзга ишониш қийин.

Мен Марғилонга 3 июн куни масхат турклар ва ўзбеклар ўртасида можаро бошланган куни етиб келдим. Соат тунги ўн иккида Фарғона қўналғасидан Марғилонга йўл олдик. Бу кичик шаҳарчага кириб борар эканмиз, дастлаб йўл чеккасида ловуллаб ёнаётган уйлар кўринди. Кейин у ёқ-бу ёққа безовта чопаётган одамлар, милитсионерлар пайдо бўлди. Биз то шаҳар қўмитасига етгунча шу манзара давом этди. Шаҳар қўмитасида бир зум тўхтаб, жанжал ўчоғи Тошлоққа жўнадик. У ерга кириб келганимизда хунрезлик авжига чиққан эди. Аёллар ва болаларнинг фарёди, ёнаётган хонадонлар алангаси, ўқ товушлари ва миршаб ходимлари юзидаги саросима вазиятнинг ниҳоятда оғирлигини кўрсатиб турарди. Жабрланаётган, хўрланаётган инсон боласини кўриш ва унга зудлик билан ёрдам кўрсатишга ожизлик ҳисси мени, эҳтимол, бошқаларни ҳам қаттиқ азоблар эди…

Бир ярим соат ичида бир неча хонадон ёниб битди. Шовқин-сурон тингандай бўлди. Жароҳатланганларга ёрдам кўрсатилди. Лекин биз туман қўмитасига келиб мижжа қоқмадик. Чунки, кўчаларда ҳали ҳам номаълум шахслар изғиб юрар ва ҳар лаҳза ҳужум бўлиш эҳтимолдан узоқ эмас эди. Эрталаб биз аҳоли билан учрашдик, уларга таскин беришга уриндик, ҳалок бўлганлар оиласига таъзия изҳор қилган бўлдик, аммо фожеа шу қадар чуқур эдики, фақат сўз билан уларга ёрдам бериш қийин эди.

Маҳаллий аҳоли ичидан тартибсизликларни бошлаганларга таъсир қила оладиган, гапини ўтказа оладиган кишиларни топмоқ учун биз дин арбобларига мурожаат қилдик, улар ўз навбатида тасарруфидаги барча кишиларни хунрезликка қарши курашга сафарбар қилишга ваъда бердилар ва уларнинг бевосита ёрдамлари натижаси ўлароқ, оломон томонидан гаровга олинган уч масхат турки озод қилинди.

Маълумки, турклар ва ўзбеклар этнос сифатида илдизлари бирдир. Турк ва ўзбек тили бир буюк тилнинг шеваларидир, дейиш мумкин, бу тиллар бир-бирига рус ва украин тилларидан ҳам яқинроқдир. Бу икки халқнинг дини ҳам бирдир. Туркия яшаётган турклар бизни “ўзбек турклари”, деб, Ўзбекистонни эса, “ота юрт” деб атайдилар. Бу туркларнинг асосий қисми минг йил муқаддам шу ерлардан кўчиб кетишган. Турк ва ўзбек бир улкан миллатнинг икки уруғидир. Ўзбек халқи генезисини қарлуқ ва қипчоқ уруғлари ташкил қилса, турклар ўғузлардир. Бугунга келиб бир-бирига тажовуз қилаётган икки қондош гуруҳ бу тарихий ҳақиқатни билармикан?

Масхат турклари Сталин томонидан 1944 йилда қувғин қилинган эди ва шу кунгача биз билан оға-инидек яшаб, бизнинг ўртамизда бегонасираш бўлмаган эди, жуда аралаш оилалар ҳам бор. Турмуш тарзи, удумлар ўхшаш, шунинг учун ҳам Қувасой ва Марғилонда бўлган воқеалар биз учун кутилмаган даҳшатли зарба бўлди. Аммо мен қаҳр-ғазабга тўлган оломон қаршисида турарканман, бир нарсани англадим — улар ўз тарихини унутганлар, бу одамлар бобокалонлари тарихини билмасдилар.

Балганларида эди, хотира илми уларни сиёсий иғво қурбони бўлишга йўл қўймас эди. сталин фақат бизни тарихимиздангина айиргани йўқ, у бутун бошли халқларни ватанидан ҳа айирди. Бундай айрилиқ қурбошларидан бири -масхат туркларидир.

Қандай қилиб бу жафокаш халқ вакиллари ва ўзбеклар ўртасида душманлик пайдо бўлди? Фикримча, бу чуқур ўйланган иғво: бу икки тиғли ўткир қиличнинг бир томони қондош, қариндош турк халқи билан ўзбек халқининг дўстлик ришталарини узишга, иккинчи томони эса, демократияни, аниқроғи, унинг жумҳуриятимиздаги турли қатламларда пайдо бўлаётган белгиларини қирқишга қаратилгандир.

Бундай миқёсли сиёсий иғвони тадбиқ қилишга эса, замин тайёр эди, бу замин ҳозир ҳам бор. Марғилон ва унинг атрофида биродаркушлик рўй берган жойларда минглаб ишсизлар бор. Уйлар ёнаётган Фарғонада эса, ишсизлар сони у ндан ҳам кўпроқ. Водийнинг ҳар бир жойида, айниқса, бугун ҳаммамизнинг эътиборимизни тортиб турган нуқталарида ишсизлар сони минг-минглаб топилади. Бу ишсизларнинг турмуш даражаси ниҳоятда ночор, қашшоқликдан ҳам тубандир.

Кўпгина фарғоналиклар Жиззах вилоятига, Тошкент вилоятига иш излаб келади, бошқалари Ноқоратупроқ ерларга ва Сибирга жўнайдилар, яни бир қисми бир бурда нон излаб қишлоқ ва шаҳар ўртасида оворадирлар. Яна шунга алоҳида тўхталиш керак-ки, пахта ҳосили учун олиб борилган ялпи кураш халқнинг тириклигига қарши ялпи курашга айланди. Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлиги тажовуз қилмаган бир парча ер қолгани йўқ. Пахта энг кўп сув ичадиган ўсимликдир. У бизнинг диёрларимизни ичиб қуритди ва оқибатда Ўрта Осиёнинг ягона денгизи — Орол ўлди.

Ернинг шўр босиши, ер мағзи (гумус)нинг қирилиши натижасида кенг ҳосилдор ерлар саҳроларга айланди. Заминнинг қашшоқланиши бевосита пахта етиштираётган кишилар қашшоқлиги билан ҳамоҳангдир. Улар ўзларининг силла қуритувчи меҳнатлари эвазига 40-50 сўм маош оладилар. Бир деҳқон ҳазиллашиб шундай деган эди: “Бир сотих пахта чопиғи учун менга — 19 тийин беришади, шаҳарда кооператив ҳожатхона нархи — 20 тийин. Менинг бир кунлик иш ҳақим фақатгина ўша оҳожатхонага 4 марта кириш учун етади”. Бу — аламга тўлган одамнинг аччиқ ҳазили эди. Мен бу одамни ёки унинг ўғлини Фарғона фожеаси бошланган Тошлоқда исёнкор оломон ичида кўриб қолсам, ҳайратланмаган бўлар эдим.

Йиллар давомида йиғилиб ётган ижтимоий-иқтисодий ҳалокат бир куни юзага уриб чиқиши турган гап эди.

Нормал ҳаёт оқимига йўналтирилмаган куч табиий офатдан даҳшатлироқдир. Мен ўша кучни, ғазабга тўлган одамларни кўрдим. Турклар бу фожеанинг юзага чиқишига баҳона бўлдилар, холос.

Баъзи раҳбарларимиздан кўра, Ўзбекистоннинг ҳақиқий аҳволини билган иғвогарлар эса, бундан усталик билан фойдаланадилар. Ҳа, бугун бир неча оловлар ўчоғи ўчирилди, аммо ким бизга бундай ўчоқлар бошқа ерда ёқилмайди, деб кафолат беради?

Токи, миллатнинг қарийб 80 фойизини ташкил қиладиган қишлоқ аҳлига нисбатан ижтимоий адолат тикланмас экан, бу кафолатни ҳеч ким беролмайди. Биз узоқ йиллар давомида жумҳуриятимиздаги иқтисодий бўҳронни яшириб келдик, мана энди у билан юзма-юз турибмиз. Мана энди у бизнинг музофотда сиёсий вазиятни белгиламоқда, уни йўналтирмоқда ва биргина миллий масала чегарасига сиғмаяпти.

Мақола 1989 йили “Литературная Россия” газетасида босилган

(35)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (163-166-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар