Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Уйғонишнинг оғир йўли

Уйғонишнинг оғир йўли
21 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 583 марта ўқилди.

ҚАЙТА ҚУРИШ ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1985-1991)

УЙҒОНИШНИНГ ОҒИР ЙЎЛИ

Сталин ўлганда мен тўрт ёшда эдим. Март ойининг рутубатли кунини эслайман. Ўша куни отам оғиз очиб “чурқ” этмаган. Онам ҳам. Бизнинг хонадонда тўпланган қўшнилар ҳам индамас эдилар. Улар гапиришдан ҳатто йиғлашдан қўрқар эдилар. Улар доҳий ўлими ҳақида хабар берган дикторга ишонолмасдилар. Чунки, хабар шу қадар даҳшатли эдики, уни фақат бир одам — фақат Сталиннинг ўзи эълон қилиши мумкин эди…

Бугун эса, худди дараксиз кетган аскарлар мисол, ўша пайтларда таъқиқланган китоблар пайдо бўлди ва ўша ўтган қоронғу йиллар ҳақида ҳикоя қила бошлади. Биз уларни варақлар эканмиз, шахсга сиғиниш истибдодидан нафратланган, у ҳақда ҳақиқатни ёзишга журъат қилган инсонларнинг мардлигига тасанно айтамиз. Айни пайтда, биз бу мард ёзувчиларнинг озлигига, шундай кўпмиллионлик мамлакат учун ниҳоятда озлигини кўриб ҳайратланамиз.

Бунинг, албатта, объектив сабаблари бор. Николла Макиавелли ўзининг “Ҳоким” асарида шундай деб ёзади: “… ўз ҳаётини йўқотишдан қўрқмайдиган ҳар қандай киши ҳокимни ўлдириши мумкин, яъни, ҳокимни ҳеч ким ўлдирмаслигига мутлақ кафолат йўқ. Лекин бундан қўрқиш керак эмас. Чунки, суиқасд қилишга журъат этганлар жуда кам бўлади”. Сталин буни яхши билар эди.

Маълумки, Макиавеллининг асарига ўхшаган китоблар қисқа муддат (1934-1940 йиллар) ичида бирданига чоп этилди. Бу тасодиф эмас эди. Бу билан Сталин ўзининг маънавий қарашларини -зоҳиран бўлса-да — бутун дунёга эълон қилди.

Сталин режимига қарши ёзиш Сталиннинг ўзига ўқ узиш билан баравар эди ва Макиавелли айтгандай, бунга журъат этадиганлар кам, чунки, режимга қарши ёзганлар зудлик билан отиб ташланар, ёзиш хавфи борларни турмада чиритар эдилар.

Ажойиб шоир Лермонтов шеърларининг зукко таржимони Усмон Носирни ҳибсга олганларида у бор-йўғи 24 ёшда эди. Унинг қамалишлиги “доҳий дегани оддий одам бўлади, мана, ўртоқ Сталин; у бизнинг этикдўз қўшнимизга жуда ўхшайди” деган гаплари сабаб бўлган эди. бу мутойиба учун шоир ўз умрини товонга тўлади.

Жадидларнинг улуғ намояндаси Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон гўзал шеърлардан ташқари “Кеча ва кундуз” романини ҳам ёзган. Асарнинг “Кеча” қисми узоқ йиллар давом этган “мунозара ва муноқаша”дан сўнг, “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилди. “Кундуз” қисми эса, худди Чўлпон қабри каби, қаерда эканлиги ҳамон номаълумдир.

Мутафаккир шоир,ёзувчи, маърифатчи, Шарқ маданиятининг нуктадони Абдурауф Фитрат асарлари ҳануз босилгани йўқ. Ўзбек саҳна санъатининг тамал тошларини қўйган Маҳмудхўжа Беҳбудий асарлари ҳам ўз навбатини кутиб турибди. Бу уч сиймо ижоди халқимизнинг миллий онг поғоналарини бир қадар белгилайди.

Жадидлар ичида ёши улуғи Беҳбудий 20-йилларда “туркчи” (пантуркист) сифатида ўлдирилди. Чўлпон билан Фитратга эса янги “ёрлиқ” топдилар — улар “миллатчи” аталиб йўқ қилинди. Бу шахслар виждони буюрганини ёзганлар. Агар улар қирғиндан омон қолганда эди, 50-60 йилларда “босиш мумкин бўлмаган” ҳақиқий асарларни ёзган бўлар эдилар. Ўша қирғинда омон қолганлар ижодида эса, бундай “келажакни кўзлаб” ёзилган асарлар борлигини биз эшитмагандик. Ҳар ҳолда А.Қаҳҳорнинг 60-йилларда кундалигида ёзган изоҳларидан бўлак бирор даврни фош қилувчи сўз ўқиганимиз йўқ. Эҳтимол, “омон қолганлар” фош қилувчи асарлар ёзмагани учун ҳам омон қолгандир? Худо рози бўлсин.

Шахсга сиғиниш даври, Хрушчев ва турғунлик даври ҳақида кейинги йилларда босилган мақолалар одамда қизиқ таассурот қолдиради. Уларни ўқиб, беихтиёр ҳар бир жамият ҳаёти худди одам умри каби, асосан, хатолардан — кечириш мумкин ёки мумкин бўлмаган — хатолардан иборат экан-да деган фикрга келади киши. Юқорида эътироф этилган уч тарихий боқични ҳисоблаб кўрайлик: етмиш икки йиллик тарихимизнинг 31 йили Сталин раҳбарлигида, 18 йил Брежнев қўл остида, қолган 20дан ортиқ йил у ёки бу даражада “инсонпарвар” саналган “бош секретарлар” соясида кечди. Хўп, бу етмиш йиллик тарихимизда энг “кечиримли хато”миз нима?

Бу савол қайта қуриш туққан овсар жужуқ — янги риторикадан бошқа нарса эмас. Биз шундай гоҳ у мақомга, гоҳ бунисига йўрғалашга ўрганиб қолдик. Бир пайтлар ўзимизни кўкларга кўтариб мақташдан чарчаган эдик, энди ўзимизни ерга уришдан толиқиб қолаяпмиз. Биз қандайдир “Сталинча жамият, Хрушчевча жамият, Брежневча жамият”ларни ўйлаб топдик (ким билади, яқинда “Горбачевча жамият” ҳам пайдо бўлар). Гўё бизнинг янги тарихимизни яратишда бири иккиничисига ўхшамаган учта, аммо номи битта “совет халқи” бўлган халқ қатнашгандай. “Ҳар бир халқ ўз ҳукмдорига лойиқ” деган мақол бор. Хўш, биз ўша ўтган ҳукмдорлардан қайси бирига лойиқмиз?

Мантиқан, Сталин зулмига чидаган халқ унга нисбатан “либерал” Хрушчев фуқароси бўлишга нолойиқдир. Хрушчев ато этган эркдан тотиб кўрган халқ эса, “мўътадил сталинчи” Брежневнинг ҳокимиятга келишига йўл қўймаслиги керак эди. Лекин мантиққа тўғри келмайдиган нарсалар юз берди: Брежнев давридаги турғунлик йилларига кўниккан бу халқ қайта қуришни қучоқ очиб кутиб олди!

Адбатта, бундай халқни иккиюзламачиликда айблашдан осони йўқ. Чунки, шахсга сиғинишга қарши курашган, Хрушчев, Брежнев даврида буйруқбозлик ва коррупсияга қарши чиққан одамлар хотираси бунга йўл қўймайди. Зеро, тарихда маънавият мезонлари — яхшилик ва ёмонлик — ҳамма давр учун ўзгармасдир. Ва ҳар қандай даврда ҳам бу мезонларни унутмаган одамлар яшаган. Аммо Сталин бу мезонларни тескари қилиб қўйди, у маънавиятни сиёсий мафкурага бўйсундирди.

Унинг мафкураси айғоқчиликни ватанпарварлик деб атади, кимки айғоқчилик қилишдан бош тортса, у ватан хоини деб эълон қилинди. Бундай мафкуравий тажрибани фашизм ҳам ўтказган эди. Бертолд Брехтнинг “Айғоқчи” деб номланган кичик саҳна асари бор. Ундаги ўсмир Ганс ўз ота-онаси изидан айғоқчилик қилиб, уларни сотади. Ганс — фашизм яратган, чин маънода бегуноҳ кичик мутаассиб мажудотдир. Ўз отасини сотган зурёд Павлик Морозов ҳам “беғубор” ўлди. У ўз қилмишининг ватанпарварлик эканига заррача ҳам шубҳаланмасди. Павлик — сталинча мафкуранинг “фариштаси “ эди.

Маънавият устунлари лиқиллаб қолган бир жамият биринчи навбатда — барча соҳа ва қатламлардан олдинроқ — маданий жабҳага ва адабиётга таъсир кўрсатади.

Бу адабиёт назариётчилари “шаклан миллий, мазмунан сотсиалистик” қабилидаги қонунни ўйлаб топдилар. Ҳаёт дегани бир бутун мўъжизадир, уни муваққат сиёсий мафкурага бўйсундириш учун “шакл” ва “мазмунга” ажратишнинг ўзи кулгили. Албатта, сталинчи адабиётшунослар бундан-да “кулгилироқ” атама топишлари мумкин эди. Аммо ўша “шакл-мазмун”нинг ўзи ҳам етарли даражада кулгили эди, бироқ бундан кулишга журъат этганлар ўша пайтда кам бўлган. Шундай экан, биз бугун кулишга ҳаққимиз борми? Бу саволни ўзимизга қаратсак, сал виждонлиларимиз ўша даврдаги қўрқоқлигимиз учун қизаришимиз мумкин. Аммо бугун, ҳақиқатни айтганга жазо йўқ пайтда пайдо бўлаётган “жасурлар”га қараб, ўзингнинг жасурлигингдан уяласан. Шунга қарамай, ҳақиқат учун учун азоб чекиш шарт бўлмаса ҳам ҳақиқатни айтишга тўғри келади…

Бир сўз билан айтганда, ҳаётимиз секин бўлса ҳам ўзгариб бораяпти. Албатта, бу жараённи ҳали уйғониш дейиш қийин. Адабиётга келсак, бир неча йил ўтар, янги ва эски тарих оралиғида яратилган адабиётимиз қиммати ўшанда малум бўлади. Аммо бугун ҳам айтиш мумкин: бизда адабиёт бор. Ҳақиқий адабиёт бор. Ҳақиқий адабиёт эса, ҳаёт шаклларидан биридир. Лекин адабиёт ҳаётнинг айнан акс тасвири бўлиши шарт эмас. Яъни, мусибатли замонларда доимо ҳам Шекспирча мунгли қаҳрамонлар яратиш адабиёт қоидаси эмас. Ҳатто реалистик адабиёт ҳам, табиатан, бир қадар ҳиссийдир (ирратсионалдир).

Умуман, адабиёт, моҳиятан, сохта ватанпарварликдан ташқаридир. Адабиёт фақат бошқа адабиётлар билан учрашгандагина ўз миллийлигини намоён қилади. Биз кўпинча сиёсатлашган адабиётни “миллий ватанпарварлик” деб қабул қилдик. Бизнинг (совет) адабиётларимиз узоқ йиллар давомида сиёсатлашиш жараёнини бошидан кечирди. Бу чин миллийликка фойда эмас, зиён келтирди ва биз бугун ўша зиёнли муаммоларни ечолмай ҳалакмиз. Адабиёт миллий манфаатларга хизмат қилиши мумкинми? Ҳа. Лекин бу ҳолда адабиёт ўзлигини оз бўлсада қурбон қилади, яъни, сиёсатлашишга мажбур бўлади. Ҳа, адабиёт бугун сиёсатлашмоқда, аммо ёзувчилар ўз халқи руҳининг маънавий чашмаларига, анъана-асотирларига ва она тилларига юз бурсалар бу лойқа оқим тўхташи мумкин. Шунга умид бор…

“Дружба народов” журнали. 6-сон, 1989 йил.

(36)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (166-170-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар