Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон Демократик кучлари форуми мажлисидаги нутқ

Ўзбекистон Демократик кучлари форуми мажлисидаги нутқ
24 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 720 марта ўқилди.

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1991-1992, Ўзбекистон)

ЎЗБЕКИСТОН ДЕМОКРАТИК КУЧЛАРИ ФОРУМИ МАЖЛИСИДАГИ НУТҚ

Бугунги йиғилишимизни “Демократик кучларнинг анжумани”, деб атадик. Бу ном, албатта, шартли бир номдир. Бу номни бемалол мухолифатдаги кучлар анжумани, деб ҳам аташ мумкин. Чунки, бизнинг жумҳуриятда ҳар қандай демократик гуруҳ бугун фақат мухолифатда бўлиши мумкин.

Биз Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлиб, Хелсинки Шартномаси ва бошқа халқаро ҳужжатларга имзо чекканидан бошимиз осмонга етди. Аммо, аччиқ бўлса ҳам тан олиш керак-ки, бу тарихий воқеалардан сўнг демократияга қарши хуруж авж олишини барча демакратлар ботинан билар эди.

Бу хуруждан нолиётганлар “бу қандай сиёсат, ишим битди, эшагим лойдан ўтди, сиёсатими?” дея ҳайқирмоқдалар. Улар “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистонни демократик давлат бўлгани учун эмас, аксинча, демократик бўлмагани учун, ундаги демократия жараёнига тезроқ туртки бериш учун ўз сафига қўшди”, дейдилар.

Бу нормал бир мантиқдир. Бу мантиқ шу қадар нормалдир-ки, у фақат нормал бир жамиятда қабул қилиниши ва англаниши мумкин.

Бизнинг жамиятимиз нормалми?

Мана шу ҳақда гапирмоқчиман ва нутқимни қайта қуриш деган кўҳна тушунчадан бошламоқчиаман.

Қайта қуриш даврида сиёсатшунослигимиз янги атамалар билан бойиди. Буларнинг энг кўп тарқалгани “демократия” ва “ошкоралик”дан ташқари, “тоталитар тузум”, “коммунистик режим” ёки “диктаторлик бошқаруви” кабилардир. Шуни айтиш керак-ки, бу атамалар Русия ва болтиқбўйи давлатлари учун эскиргандир.

Бу атамалар бизда кўпроқ қўлланилади. Ўзини радикал деб санаган кишилар жумҳуриятдаги тузумни танқид қилар экан, уни “тоталитар” тузум деб номлайдилар. Янги ҳукуматни “нокоммунистик” дея, президентни эса “яккаҳоким”, деб атайдилар. Бир қарашда бу атамалар ўз ўрнида ишлатилаётгандай туюлади. Чунки, жумҳуриятда демократик принсиплар ҳақиқатан ҳам қарор топгани йўқ. Чунки, бозор иқтисодиёти ва хусусий мулкчиликка муносабат ҳам эскича.

Чунки, бошқарув усуллари ҳам, давлат тизимлари ва унда ўтирган одамлар ҳам эскидир. Ва ниҳоят, президент чиндан ҳам барча ҳокимиятни ўз қўлида марказлаштиришга мойиллик кўрсатмоқда.

Тоталитар тузум дегани шу эмасми, дея хитоб қилади радикаллар. Яккаҳокимлик шу-да, дея ҳайқиради улар.

Лекин вазият чуқурроқ таҳлил этилса, мавжуд тузум ҳам, янги номенклатура ҳам, давлат бошлиғи ҳам аввалгиларидан мутллақо фарқлидирлар.

“Тоталитар тузум” атамасини олайлик. Бу атма бизнинг турмушимизни асло белгилай олмайди, чунки, тоталитар тузум, биринчи навбатда, мустаҳкам ҳокимият деганидир. Бундай ҳокимият собиқ Иттифоқнинг бирорта жумҳуриятида, шунингдек, бизнинг жумҳуриятимизда ҳам йўқдир. Шу маънода бирорта жумҳурият иккинчи жумҳуриятдан ўзиб кетгани йўқ ва улар бирор бир нарсада тенг бўлсалар, айнан шу ҳокимиятсизликда тенгдирлар. Март ойида Москов кўчаларида қизил байроқларини қиличдай сермаб, шўролар иттифоқини тиклашга чорлаган коммунистлар худди ўша мустаҳкам ҳокимиятни талаб қилган эдилар.

Иккинчидан, тоталитар давлат структуралари ягона мафкура доирасида ягона сиёсий мақсад сари йўналтирилади..

Бугун бизда ягона мафкура йўқ.

Тоталитар тузум мафкураси бизнинг ҳаётимизда шу қадар катта ўрин эгаллаган эдики, у йиқилгандан сўнг пайдо бўлган бўшлиқни тўлдириш учун фақат “демократия” ва “бозор иқтисодиёти”нинг ўзигина камлик қилмоқда. Бу бўшлиқни ҳатто диний ёки миллий мафкура ҳам тўлдира олмаяпти.

Шунингдек, сиёсий мақсадимиз ҳам туманлидир. Бугун демократик давлат яратамиз, дея эълон қиларкан, биз кеча, коммунизм қурамиз, деган хаёлпарастларга ўхшаб қолаяпмиз, чунки бундай давлатни қуриш учун ҳеч қандай кафолат йўқ.

Учинчидан, тоталитар тузум давлатни бошқаришда омманинг қўрқувига суянади. Бундай қўрқувни яратиш учун кучли ҳокимият бизда йўқлигини айтдик, демак, бугун бизда қўрқув ҳам йўқ.

Порахўрликнинг очиқдан-очиқ авж олаётгани, коррупсия ва жиноятчиликнинг юқорилаб бораётгани, давлат тизимларидаги ошкора саботаж ҳеч ким ҳеч нарсадан қўрқмаслигини билдиради.

Саналган факторлардан кўриниб турибдики, мавжуд тузумни тоталитар деб аташ мумкин эмас.

Демак, бу тузум тепасида турган президентни ҳам “якка ҳоким” дейишга асос йўқ. Чунки, у қўл остида жамлаётган ҳокимиятларнинг бирортаси (қонун чиқарувчи, ижроия ва адлия ҳокимиятлари) ўз функсиясини бажараётгани йўқ. Агар бажарганларида эди, юқорида айтилган ҳуқуқсизлик, порахўрлик, коррупсия, жиноятчиликка жилов тортилган бўларди.

Президент демократик принсипларни топтаётган бўлса, бунга ҳам ажабланишнинг кераги йўқ, чунки, бу принсипларга президент каби Олий Кенгаш ҳам, суд, прокуратура ва оддий фуқаро ҳам амал қилмайди, яъни қонунсизлик ва ҳокимиятсизлик олдида президентдан тортиб, оддий фуқарогача тенгдир.

Март ойидаги Москов кўчаларига чиққан коммунистларни шу ҳокимиятсизликни баҳона қилиб, тоталитар тузумни ҳимоя қилган эдилар. Бизнинг жумҳуриятимизда ҳам турғунлик йилларини соғинаётган сонмингта ва бу соғинчни хунта ҳукмрон бўлган кунлари жуда кўплар ошкор кўрсатди.

Агар вазият ўзгармаса, бу гуруҳларнинг тарафдорлари кўпайиб боражак, чунки одамларнинг кўпчилиги тоталитар ёкт демократик ҳокимият йўқлигидан эмас, умуман бир ҳокимимят йўқлигидан норози бўлмоқдалар. Улар коммунистик мафкурадан безиб бўлганлар, аммо, қандай бўлмасин бирон мафкурасиз яшашга ҳам рози эмаслар. Ва ниҳоят, улар ўз фуқаросига иқтисодий ва сиёсий кафолат беришга қодир бўлган бир тузум истайдилар. Лекин бундай тузум собиқ Иттифоқ жумҳуриятларининг бирортаси йўқдир.

Бўлмаса, қандай тузум бор? Қизиғи шунда-ки, ҳеч қандай тузум йўқ. Шу сабаб, шўрлик сиёсатчиларимиз чет эллик мухбирларнинг “қандай тузум бўлади?” деган саволларига жавоб тополмайдилар. Шу боис, биз “Хитой модели”дан “Америка модели”га, “Америка модели”дан “Қурия модели”га сакраймиз, қўним тополмаймиз.

Ҳа, биз бугун шундай тарихий босқичга келиб тўхтадик-ки, бу босқични тузумсиз тузум деб аташ мумкин ва бу атама қайта қуриш яратган энг сўнгги атама бўлса, ажаб эмас.

Бундай вазиятда мухолифатнинг ҳам роли ўзгаради. Мухолифат бугун маълум бир тузумга эмас, мавжуд тузумсизликка қарши турган кучдир. У тузумни ўзгартириш учун эмас, янги тузум барпо қилиш учун шайланмоқда. Ва биз талаб қилаётган Конститутсия бу курашнинг биринчи ва муҳим босқичи бўлажак.

Бугунги сиёсий вазият ҳақида “Эрк” партияси мисолда қисқача ахборот бермоқчиман.

Сайлов ўтгандан кейин “Эрк”ка тазйиқ икки баробар кучайди. Газетамиз ёпилиш арафасида турибди. Сензура назорати кун сайин шафқатсиз бўлиб бормоқда. Газетанинг 11-сони вақтида чиқмай қолди. Бунга техник сабабларни кўрсатаётган бўлсалар ҳам, аслида бу мухолифат нашрига расмий муносабатни билдиради, яъни, ҳукуматимиз жумҳуриятда мухолифат мавжудлигига ҳеч кўника олмаяпти. Газетанинг оппозитсион нашр эканлиги ва бу нашрда ҳукуматга танқид айтилиши табиий бир ҳол эканлигини ҳеч англаб ололмаяптилар. Сензура ҳукуматга танқидни бевосита президентга танқид сифатида қабул қилмоқда. Партия ўз қарашларини ўз нашрида ҳам билдиролмас экан, кўппартиявийлик сохта бир шиордир.

Вилоятларда партия бўлимларига ўтказилаётган тазйиқлар ҳам борган сари ортмоқда. Битта Қашқадарё мисолида айтсак, у ерда нафақат “Эрк” аъзолари, балки бу партияга хайрихоҳ одамлар ҳам таъқиб қилиниб, ишдан бўшатилмоқда. Шу йил бошида вилоятдаги “Эрк” бўлими котиби ҳеч бир сабабсиз ҳибсга олинди.

Яқинда ўша вилоятнинг У.Юсупов туманига партия мажлисига борган эдим. Бу районни милитсия билан ўраб олиб, қатағон қилдилар. Мажлисга келаётган одамларни қайтариб юборишди.

Юзага келган танг вазият тўғрисида “Эрк” партияси бир неча бор президентга мурожаат қилди. Аммо бирор марта ҳам жавоб олгани йўқ. Шунингдек, партияга бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар хусусида газетамиз материаллар чоп этди, аммо ҳозиргача бирор-бир ҳуқуқни муҳофаза этувчи орган муносабат билдиргани йўқ.

Ваҳоланки, ўз обрўсини ўйлайдиган ҳар қандай ҳукумат мухолифат билан мулоқотда бўлишга интилади, унинг фикри билан қизиқади, унинг танқиди ҳақми, ноҳақми таҳлил этади.

Бундай таҳлил бўлими Олий Кенгашда ҳам, президент аппаратида ҳам бўлиши керак. Лекин кейинги икки йил давомида президент ҳам, Олий Кенгаш ҳам мухолифат билан расмий учрашув қилгани йўқ. Бу ҳокимиятлар мавжудлиги бизга ўтказаётган тазйиқдан сезиб турибмиз, холос.

Мен “Эрк” газетанинг ёпилиши хавфи бор, дедим. Бу муболаға эмас. Яқинда Давлат матбуот қўмитаси (Ўзбекистон сензураси) раиси Р.Шоғуломовдан бир хат олдик. Унда айтилишича, “Эрк” газети қонунга хилоф равишда, ҳарбий қисмларнинг адреси ва зобитлик фамилиясини кўрсатаётган эмиш. Бундан ташқари, газет миллий низолар қўзғашга ҳаракат қилаётган ва агар бу нарса яна давом этса, “Эрк” газетига қонунан чора кўрилар экан.

Тўғри, собиқ Совет Иттифоқи қонунлари бўйича ҳарбийга оид маълумотларни чоп этиш мумкин эмас эди. Аммо бугун Иттифоқнинг ўзи ҳам, қонунлари ҳам йўқ-ку! Р.Шоғуломов газетга қайси қонун асосида чора кўрмоқчи? Қолаверса, Р.Шоғуломов ҳимоя қилаётган ҳарбий объектларни бугун америкалик мутахассислар космосдан туриб суратга олаяпти, маълумотларни бутун дунёга ошкор қилаяпти-ку!

Р.Шоғуломов “миллий низо” деб “Эрк” газетида Хўжалидаги озари аҳолисининг қирғинига бағишланган Хуршид Давроннинг мақоласини назарда тутаётганга ўхшайди. Бу мақоланинг ортиқчи ҳиссий эканлигини Хуршид Давроннинг ўзи телевидение орқали тан олди. Ва бу мақола “Эрк” партиясининг ҳам, “Эрк” газетасининг ҳам икки халқ ўртасидаги ғавғосига муносабати эмас. Бу бир шахс муносабати. Р.Шоғуломов буни ҳам тушунади, аммо тушунмаганга олади.

Газета-ку майли, аммо биз олган ахборотларга кўра, бутун демократик ташкилотларга кенг миқёсда хужум тайёрланмоқда. Яқинда мутасадди ташкилотда бир мажлис ўтган. Талабалар шаҳарчасида бўлган январ воқеаларини текшираётган тергов гуруҳи мажлиси. Унда қатнашган терговчининг айтишича, бу гуруҳга 16 январ воқеаларида “Эрк” ва “Бирлик”нинг қўли борлигини исбот қилувчи ҳужжат тайёрлаш буюрилган.

Сизга маълумки, бу қонли воқеалардан тўрт кун сўнг, шахсан президентнинг ўзи “Эрк” ва “Бирлик”нинг мазкур ғавғога алоқаси йўқлигини бутун жумҳуриятга эълон қилган эди. Мана, тергов бошланганига икки ойдан ошди, аммо гуноҳкорлар топилмади. Топилмаганидан кейин яна ўша “Эрк” ва “Бирлик” версиясига қайтишга қарор қилишганга ўхшайдидилар.

Хуллас, аҳвол чидаб бўлмас даражага етаяпти. Агар вазият ўзгармаса, биз сўнгги чора — оммавий намойишлар йўлига ўтишга мажбур бўлажакмиз.

Лекин ҳали ҳам кеч эмас, биз ҳурматли ҳукуматни яна бир бор ақл-идрокка чақирамиз. Халқни “дўст” ва “душман” гуруҳларга ажратмасликка даъват этамиз.

Биз баъзилар айтаётгандек, “қора кучлар” эмасмиз. Биз улар айтаётгандек, Ватан мустақиллигининг душмани ҳам эмасмиз. Аксинча, бугун мустақилликни пеш қилаётган кимсалар икки йил олдин мустақилликка қарши курашаётган эдилар ва ўша замонларда айнан демократлар мустақиллик ғоясини кўтариб чиқдилар! Озгина инсоф керак. Биз инсофга чақирамиз.

Зўрликдан воз кечинг. Чунки, зўрлик фақат зўрликни туғдиради, буни унутманг, дея илтижо қиламиз. Токи, Ўзбекистон ҳам Гуржистон каби олов майдонига айланмасин.

Биз, ўзини демократ деб атаган кишилар аввал бошданоқ ижтимоий барқарорлик тарафдори эдик, бугун ҳам шунинг тарафдоримиз. Фақат бу барқарорлик ҳуқуқсизлик ва зўравонликка қурилмасин.

Биз мутлақо осойишталик тарафдоримиз, аммо бу осойишталик зиндон осойишталигига айланмасин.

Бор-йўқ талабимиз шу. Бор-йўқ орзуимиз ҳам шу.

1992 йил. Март.

(39)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (179-184-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар