Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон Демократик кучлари форумининг иккинчи мажлисидаги нутқ

Ўзбекистон Демократик кучлари форумининг иккинчи мажлисидаги нутқ
25 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 683 марта ўқилди.

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1991-1992, Ўзбекистон)

ЎЗБЕКИСТОН ДЕМОКРАТИК КУЧЛАРИ ФОРУМИНИНГ ИККИНЧИ МАЖЛИСИДАГИ НУТҚ

Ўзбекистондаги мухолифатнинг кейинги уч йил ичидаги тарихига назар ташласак, ажиб бир турғунликни кўрамиз. Уч йил ичида совет империяси йўқ бўлди, жумҳуриятлар мустақил давлат деб тан олинди, собиқ Иттиифоқ ҳудудида мутлақо янги геополитик вазият вужудга келди, ГКЧПни бошдан кечирдик, биринчи марта президентни сайладик, аммо мухолифатнинг талаби ўзгармади.

Биз уч йил олдин сиёсий ва иқтисодий ислоҳлар талаб қилиб чиққан эдик, бугун ҳам худди шу талаблар билан чиқаяпмиз. Биз талаб қилишдан чарчамадик, ҳукумат “ўз йўли”дан юришдан чарчамади. Биз “ҳурматли ҳукумат, ҳозир айни пайти, ислоҳни бошланг, бундай сиёсий мўътадиллик абадий эмас, бу осойишталикдан фойдаланинг” дея мурожаат этдик, ҳеч ким эшитмади. Ҳа, биз ҳар доим сиёсий барқарорлик ҳақида гапирдик, тепага ёқиш учун эмас, миллатимизни ўйлаб, қон тўкилмасин, дея гапирдик. Биз бу ҳақда шу қадар кўп сайрадик-ки, “барқарорлик” сўзининг сийқаси чиқиб кетди ва бу сўзни айтаётган киши ҳам, уни эшитаётган одам ҳам беихтиёр эснаб қўядиган бўлди.

Вазиятнинг парадоксал томони шундаки, сиёсий барқарорликни сақлаш учун митингларни таъқиқлаб, одамларни калтаклашаяпти, сиёсий партияларни таъқиб қилиб, уларга сўз бермаяптилар ва айнан шу сабаб барқарорлик хавф остида қолмоқда. Буни ҳукумат тушунмайдими, дея савол бермоқдалар одамлар. Яъни, барқарорликни чиппакка чиқараётганлар ҳоким ва ҳокимчалардир, асло мухолифат эмас, деган мантиқ чиқади бундан. Аксинча, барқарорлик учун изчил курашаётган куч — мухолифатдир. Бундай феноменал ҳодисани бугун фақат Ўзбекистонда кўриш мумкин.

Бугун энди ҳеч ким сиёсий барқарорликнинг ўзигина бизни мавжуд бўҳрондан олиб чиқишига ишонмайди. Чунки, бу барқарорлик ислоҳлар учун эмас, мансаблар умрини чўзиш учун хизмат қилди, холос. Чунки, бу осойишталик халқнинг тобора қашшоқланишига, инсони ҳақ-ҳуқуқларнинг янада шафқатсизроқ топталишига хизмат қилди.

Бу осойишталик порахўрликнинг ошкора авж олишига, жиноятчиликнинг мислсиз даражада кучайишига ниқоб бўлди, холос.

Вилоятларга яшаётган одамлар ҳаётини кўрган ҳар қандай киши даҳшатга тушади. Улар нафақат қашшоқ ва юпун, балки, ҳуқуқсиз ва ҳимоясиздирлар ҳам. Нафақат қадрсиз меҳнатдан, балки, ўзининг мазмунсиз ҳаётидан ҳам чарчаганлар. Ва энг қўрқинчлиси, уларнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Шу кунгача эришган барқарорлигимиз ўша одамларнинг сабр-тоқатига қурилган эди, энди бу сабр-тоқат ҳам тугаётганга ўхшайди. Худо сақласин, биз худди инқилоб бўсағасида турганга ўхшаймиз.

Сотсиологларнинг фикрича, ҳар хил инқилобларнинг сабаблари доим бир хил бўлган. Биринчи сабаб сифатида улар аҳолининг қашшоқлиги ва очлигини кўрсатадилар. Иккинчи сабаб — хусусий мулк туйғусининг йўқ қилиниши. Учинчи сабаб — ўз-ўзини ҳимоя қилиш инстинктининг ўлдирилиши. Тўртинчи сабаб — жинсий инстинкларнинг бузилиши, ахлоқий тубанликка қарши исён.

Бешинчи сабаб — инсонда эрк ва озодлик туйғуларининг қатағон қилиниши. Олтинчи сабаб — инсондаги қобилиятларнинг ўзига лойиқ жабҳа билан таъминланмаганидир.

Бу санаб ўтилган ҳолатларнинг олтитаси ҳам Ўзбекистон ижтимой ҳаётида тобора бўртиб кўрина бошлади. Бунга мисолларни юқорида айтдим. Бу кайфиятнинг иккинчи учқуни сифатида яна бир мисол келтираман. Яқинда вилоятларнинг биридан дўстимиз келди, демократик қарашдаги, зиёли одам. Табиати юмшоқ, ҳеч қачон бировга озор бермаган киши.

Вилоятлардаги аҳвол тўғрисида куйиниб гапирди. Сўзининг охирида “Бу раҳбарлар ҳеч қачон бизни тушунмайдилар, булар демократия деган сўзнинг устида очиқчасига куладилар ва ҳар қандай ҳур фикрни бўғиб, бундан ошкора лаззатланади. Буларнинг зўравонлигига фақат зўравонлик билан жавоб бериш мумкин. Демократия ҳақида сафсатани бас қилиш пайти келди, чунки, демократия бизда йўқ ва биз агар шундай юраверсак, бўлмайди ҳам. Демократия учун азият чекишга тўғри келади.

Бизни калтакласалар, биз ҳам жавоб беришимиз керак. Бизни отсалар, биз ҳам қуролланишимиз шарт”, деди у. Мен, тўғриси, шошиб қолдим. Бундай “экстремистик” фикрни ҳар кимдан кутиш мумин эди, аммо ундан эмас. Бу фикрга шундай беозор одам келган эди, ғазабга тўлган оломон нимани ўйлайди? Бундай кайфиятда юрган одамлар сони бугун қанча? Эртага қанча бўлади?

Биз мустақилликни тинч йўл билан қўлга киритганимиздан бахтли бўлган эдик. Биз ўқ узмай, қон тўкмасдан туриб байроғимизни тиклаганмиздан, ўзимизни тарихда энг омадли миллат, дея санай бошлаган эдик, чунки, ҳеч қачон ҳеч бир миллат ўз эркига биз қадар енгил эришмаган эди. Биз бу озодликка мўъжизага қараган каби боқдик. Лекин тарихда мўъжизалар бўлмайди. Буни ўша вилоятдан келган аламзада дўстимнинг аччиқ иқроридан туйдим.

Биз рус империяси қуллигидан озод бўлдик, энди ўз ичимиздаги қулликдан озод бўлишимиз керак. Эҳтимол бу қулликдан қутулиш бошқа халқ зулмидан қутулишдан ҳам оғирроқ бўлади.

Тасаввур қилинг, биз, миллатчи демократлар, бир йил олдин Иттифоқдан чиқишни очиқ айтиб тарғиб этдик, ГКЧПга қарши қатъий муносбатимизни айтдик, аммо бирор марта ҳам бизда мустамлакачиларга қарши қурол кўтариш фикри пайдо бўлгани йўқ эди. Бирор марта зўрликка зўрлик билан жавоб бериш зарур деган хулосага келганимиз йўқ эди. Бугун шу хулосага келаётган одамлар пайдо бўлмоқда. Мустамлакачиларга қарши эмас, ўз юртимизнинг ҳокимчаларига қарши шундай кайфият юз кўрсатмоқда. Бу хатарли бир мужда, хавф бир белгидир. Инсонларни бу йўлга юришга мажбур қилаётган сиёсат эса, аксилмиллий ва фитнакор сиёсатдир.

Бугун қуруқ ваъдалардан чарчаган қулоқларга зўравонликка даъват — нажон чақириғи бўлиб эшитилмоқда. “Бошқа йўл йўқ, қўлингга қурол ол!” дея шипшимоқда шайтон. Мантиқ шундай: демократия ҳақида қўлида қурол бўлмаган одамларгина гапиради. Бу мантиққа мисоллар кўп. Генераллар ҳеч қачон демократия ҳақида гапирмайдилар. Қуролланган рэкетчилар ҳам бу борада сафсата сотмайди. Қорабоғда ҳам, Дубоссарада ҳам, Югославияда ҳам демократия хусусида баҳслашмайдилар.

Демократия ҳақида биз гапираяпмиз. Чунки, бизнинг бошқа нажотимиз йўқ. Фуқаролар уруши каби даҳшатли хавф қаршисида туриб, демократия ҳақида гапириш ҳам кулгили, ҳам фожеалидир.

1992. Май.

(40)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (184-187-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
ЕХҲТ анжуманида расмийлар Б.Абдуллаев ҳақидаги саволларни очиқ қолдирди
Бобомурод Абдуллаевнинг онаси: ‘Болам, қўрқма! Мен сени тўғри ўстирганман’
Интиқор (Қорабозорчилик)
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Ўхшаш хабарлар