Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“ГКЧПдан чиққан қаҳрамон” мақоласини ўқиб

“ГКЧПдан чиққан қаҳрамон” мақоласини ўқиб
26 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 849 марта ўқилди.

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1991-1992, Ўзбекистон)

“ГКЧПдан ЧИҚҚАН ҚАҲРАМОН” МАҚОЛАСИНИ ЎҚИБ

Ўғри қариса сўфи бўлади, деган мақол кўпқирралидир.

Қирралари ўткир бир мақол. Уни ишлатиш учун ҳаддан ташқари тоза бўлиш керак. Акс ҳолда, бу мақол билан бировни яралайман деган одам ўзи яраланади. Шундай тозалик “Эрк”ни ГКЧП билан қиёслаётган муаллифда борми? Агар бор бўлса, у тахаллус (Туркон Шариф) ортига яширинмай. Гапини эркакча айтган бўлар эди…

Гапни индаллосидан бошлайман. “ГКЧПдан чиққан қаҳрамон” мақоласи фақат собиқ витсе-президентга қарши эмас, “Эрк” партиясининг номини қора қилиш учун ҳам ёзилгандир. Яъни, бир ўқ билан икки қуённи уришга интилганлар. Лекин “Эрк” партияси қуён эмас, ҳатто ГКЧП унга таҳдид солганда ҳам у “қуён” бўлмаган. Аксинча, “Эрк” партияси шу машъум 19 августда ГКЧПга қарши баёнот қабул қилган Ўзбекистондаги ягона партиядир.

Бу баёнот “Эрк” партиясининг 20 августда чиққан газетасида чоп этилди. Мен бу газетанинг 10 донасини олиб, Олий Кенгашга бордим. Нусхаларни кўринган депутатларга тарқатдим. Газетдаги баёнотни кўриб, газетни шоша-пиша чўнтагига яширган, саросимадаги депутатларни номма-ном айтиб беришим мумкин.

Худди шу 20 август куни Кенгаш кабинетларидан бирининг деворидан Горбачев портрети олинганини ҳам биламан. ГКЧП қулагандан сўнг бу портрет “реставратсия қилинди” деб, яна жойига осилгани ҳақида ҳам кўпчилик билади.

“Эрк” баёноти босилган газетдан бир нусхани Олий Кенгаш раисига бериб қўясиз, деб қабулхонадаги қизга бердим. Унга илтимос қилиб, “раисга беринг, Ўзбекистонда хунтага қарши чиқадиган куч ҳам бор — бу “Эрк” партиясидир”, дедим.

Бу баланпарвоз сўзлар учун узр сўрайман, агар “Туркон Шариф”нинг мақоласи бўлмаганда, бундай мақтанчоқликка ўхшаган гапни асло айтмаган бўлардим.

20 август куни Елсин танкка чиқиб, ГКЧПга таҳдид қилаётган пайтда, бизнинг ҳукуматимиз мажлис қилди. Мажлисда чиқиб гапирган депутатларнинг аксарияти ГКЧПни қўллаб гапирди.

Ҳатто, “бизнинг жумҳуриятимизда шундоқ ҳам ГКЧП айтган тартиб бор”, дея мақтанишди ҳам. Бу депутатлар бугун “мустақиллик тарафдори”дирлар. Бу мажлис 21 август куни (ГКЧП деярли қулаган эди) бутун жумҳурият аҳолисига намойиш этилди. Бугун ГКЧПни пеш қилаётган “Туркон” ўша пайтда қаерда эди? телевизор қаршисида ўтириб, “демократларнинг куни битди”, дея қарсак чалган бўлса ажаб эмас.

Ғарбда “сиёсат — фоҳишаликдир”, деган ибора бор. Минг афсус, жуда кўп сиёсатчиларимиз шу иборага амал қилсам, тўғри бўлади, деб ўйлайдилар. Фитна, алдоқ, қасамхўрлик, ваъда бериб ваъдасига тупуриш — бу сиёсат қоидалари, деб биладилар.

Биз сиёсатни бошқача тушунамиз. Ғарб биз учун ўқитувчи эмас. Тўғрилик, виждон, иймон ҳам сиёсат қоидалари бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Ваъдага вафо, ҳар қандай фожеали ҳолатда ҳам виждон ва иймонга қарши бормаслик ҳам сиёсат қоидалари бўлиши мумкин. “Эрк” партияси мафкураси асосига айнан шу маънавий устунлар қўйилгандир.

Бобомиз Темур Бек ҳеч қачон сиёсатни ғарбча тушунмаган. Боболаримиз Заҳириддин Бобур ҳам, Жалолиддин Мангуберди ҳам, императорлик қурган бошқа турк ҳукмдорлари ҳам ўз сиёсатларини умуминсоний қадриятларга хилоф равишда юритмаганлар. Акс, ҳолда, бу ҳукмдорлдар тарихда бунчалик шавкатли саналмаган бўлар эдилар.

Бугун “Эрк”ка тош отаётган, “мустақиллик!” дея кўксига муштлаётган сиёсатчилар ГКЧП ҳукмронлик қилган кунлари мустақилликни Янаевга топшириб қўйган эдилар. Улар шу қадар саросимага тушган эдилар-ки, хунтадан сўнг, 31августда мустақиллик қабул қилиниб, президент парламент минбаридан уларга қараб, “нега қувонмаяпсизлар?” деганида, қувонишга ҳам журъат этмаган эдилар. “Эрк” эса, Янаев пайдо бўлмасаданоқ мустақиллик, дея майдонга чиққан эди. яъни, 1991 йил март ойида Иттифоқни ёқлаб ўтказилган референдумда Иттифоққа қарши ва мустақилликни ёқлаб овоз берган партия ҳам ёлғиз “Эрк” партияси эди.

“Шариф” мақоласидаги “қаҳрамон собиқ витсе-президент”га келсак, у Форумга иқтисодчи сифатида таклиф қилинди. ГКЧПга юқорида айтилган депутатлар ва Олий Кенгашнинг қандай алоқаси бўлса, собиқ витсе-президентнинг ҳам шунчалик алоқаси борлигини биз ҳам билардик. Форум демократик ташкилот сифатида, унга қатнашишни ихтиёр этган ҳар қандай кишига қаршилик кўрсатмайди. “Туркон Шариф” “Эрк”нинг обрўси учун куймай қўя қолсин, чунки, кимнинг ким эканлиги ҳақида одамларнинг ўи билади.

“Туркон Шариф”: “Ўзбекистон демократик кучлари форумига ГКЧП байроғи нега керак бўлиб қолди? Собиқ витсе-президентнинг савлати керакми ёки давлати?”, дея хитоб қилади. Бу билан газетхонларда Форумнинг моддий манфаат кўзлаб, витсе-президентни анжуманга таклиф қилганига шаъма қилмоқчи бўлади (биз ҳуқуқий давлатда яшаганимизда эди, фолбин “Туркон”ни бу ҳақорати учун судга берган бўлар эдик). Бундай чиркин манфаатлардан “Эрк” ҳам, умид қиламанки, Форумга келган бошқа ташкилотлар ҳам ҳазар қиладилар. Демократлар бу хусусиятни бутун фаолияти билан исбот этиб келдилар. “Туркон” буни жуда яхши билади, аммо рақибини қоралаш учун туҳматдан ҳам қайтмайди.

Биз, ўзини демократ деб атаган депутатлар, ГКЧП қулагандан сўнг ўтказилган сессияда ГКЧПни қўллаган депутатлар ва раҳбарлар ҳақида масала қўймоқчи эдик. Лекин бу масала кўтарилмади. Нега? Чунки, у ҳолда нафақат витсе-президент, балки Олий Кенгаш раиси ҳам, Олий Кенгаш Президиуми ва Олий Кенгаш қўмиталараи раислари, вилоят, туман раҳбарлари ҳам, жумҳурият, вилоят, туман прокурорлари ҳам фош этилган бўлар эдилар.

“Туркон” агар “сўфи” бўлмаса, ҳақиқатни айтмоғи лозим эди. У айтолмайди, чунки, унинг мақсади ГКЧП хайрихоҳларини фош этиш эмас, Ўзбекистондаги демократларнинг бирлашувчига зарба бериш бўлган. Лекин биз учун бу янгилик эмас. Биз зарбага кўникиб қолганмиз. Зарба — бизнинг ҳар кун ейдиган нонимиздир.

“Туркон” шуни билсинки, демократлар ҳеч қачон сарой ўйинларига аралашмаганлар ва демак, сарой ўйинининг қурбони ҳам бўлмоқчи эмаслар. Хусусан, “Эрк” партияси витсе-президентнинг ҳам, унга қарши турганларнинг ҳам қуроли бўлмайди. У ҳамиша халқ тарафида бўлган, халқ тарафида бўлажак.

Инсонлар қурган жамиятда ҳамиша учта, ҳокимият бўлган. Биринчи ҳокимият — давлат ҳокимияти. Иккинчи — суд ҳокимияти. Учинчи ҳокимият халқдир. “Эрк” партияси ўша учинчи ҳокимиятга — унутилган, хўрланган, яраланган, аммо ўрнидан турса бутун салтанатни титратадиган буюк ҳокимиятга суяниб иш юритади.

“Эрк” партияси ягона шу ҳокимиятни тан олади ва ёлғиз унга итоат этади. Бу партияни халққа қарши қўйиш уни ўзига қарши қўйиш демакдир, чунки “Эрк”чилар ўша мазлум халқнинг бир парчасидирлар.

Мен мухолифларни инсофга чақираман.

1992. Май.

(41)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (187-190-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар