Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“ЭРК” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ билан сотсиолог Баҳодир Мусаев суҳбати

“ЭРК” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ билан сотсиолог Баҳодир Мусаев суҳбати
27 Temmuz 2017 - 6:00 'да юкланди ва 527 марта ўқилди.

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ЁЗИЛГАН МАҚОЛАЛАР
(1991-1992, Ўзбекистон)

“ЭРК” ПАРТИЯСИ РАИСИ МУҲАММАД СОЛИҲ БИЛАН СОТСИОЛОГ БАҲОДИР МУСАЕВ СУҲБАТИ

Баҳодир Мусаев: Сизнингча, бундан кейин сиёсий жараён қандай кечади? Ўзбекистонда ҳозир фаровонлик ҳукм сураяптими ё бу вақтинча чўккан сукунатми? Биз чуқур ижтимоий портлашлар остонасида турганимиз йўқмика? Рус файласуфи “Русия тақдири” номли китобида: “ҳар қандай сохта ҳукумат сўз эркинлигидан қўрқади” деган сўзлар бор. Бизнинг қонуний, кучли ҳукуматимиз бор-у, нега сўз эркинлиги йўқ?

Кейинги савол: Сизнингча, сўнгги етти ой ичида (1992 йил май ойидан бери) жумҳурият сиёсий ҳаётида қанадай ўгаришлар кечди, бу ўзгаришлар шахсан Сизнинг сиёсий биографиянгизда қандай акс этди? Ижтимоий мавқеингиз ўзгардими?

Муҳаммад СОЛИҲ: 1991 йилда давлат тўтарилиши амалга ошмаганидан сўнг,бизда янгича ҳаётга, мустақилликка эришишимизга, аждодларимиз орзу қилган давлат барпо қила олишимизга умид пайдо бўлган эди. Президентлик сайловидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати мухолифатга, хусусан, “Эрк” партиясига қарши тазйиқни кучайтирди. Бунга сабаб — “Эрк” президентликка ўз номзодини кўрсатиб, сайлов ҳукумат учун кутилмаганда ўзининг ҳақиқий имкониятларини намоён қилди — агар Ўзбекистонда демократик сайлов системаси бўлганда, бу партия ғалаба қозонган бўларди. Аммо радио, телевидение, матбуот ва ҳокимият структураларининг барчаси фақат бир номзодни тарғиб қилганлиги, сайлов чоғида турли хил ғирромликлар туфайли у ғалаба қозонолмади. Аммо ҳокимият бу партиянинг сиёсий ва ижтиомий патенсиалини ўз вақтида пайқаб, уни “юқори” баҳолади ва “Эрк”ка қарши кенг миқёсда идеологик кураш очиб, уни жамият барқарорлигини бузаётганликда айблай бошлади. Партия аъзоларига тазйиқлар қилина бошлади, партиянинг жамғармаси қонунсиз равишда Давлат бюджетига ўтказилиб, Ички ишлар вазирлиги партияга қарашли компютерни мусодара қилди, сензура “Эрк” газетини том маънода янчиб ташлади.

Ҳокимиятни бунчалик қўрқитиб юборган иккинчи нарса, 1992 йил апрел ойининг охирларида “Эрк” ташаббуси билан ташкил топган “Ўзбекистон демократик кучлари Форуми” бўлди. Бу Ўзбекистондаги мухолиф кучлар тарихидаги биринчи бирлашув эди.

Шундай қилиб, “Эрк” партияси ҳокимият билан очиқчасига тўқнаш кела бошлади. Аммо “Эрк” парияси ҳатто шундай мураккаб вазиятда ҳам жумҳурият раҳбарлиги билан мулоқот қилишга интилди, ўртадаги зиддиятни юмшатиш учун учун турли хил муросаларга борди. Афсуски, ҳокимият партияга нисбатан тазйиқни тўхтатмади. Ва ниҳоят, 1992 йилнинг 2 июл куни партия билан ҳукумат ўртасидаги сўнгги мулоқот риштаси узилди: мен мухолифатга ўтказилаётган тазйиқларга норозилик сифатида ўзимни Олий Кенгаши депутатлик ваколатимни топширишга мажбур бўлдим.

Буларнинг ҳаммаси партия тақдирига таъсир қилмай қолмади: 1992 йилнинг ёзи биз учун энг қийин давр бўлди. Партия аъзолари ичида лоқайдлик бошланди, кўплар тушкунликка тушдилар. Мен ва партиянинг бошқа раҳбарлари учун бу кутилмаган ҳол эмас эди, биз бунга тайёр эдик. Партия кейинроқ соғлом бўлиши учун эртами, кечми, шундай “касал” билан оғриб олиши лозим эди. Биз зарба ола туриб ҳам, ўз эътиқодимиздан қайтмасликни ўрганишимиз лозим эди, акс ҳолда бизнинг халқ ўртасида обрўйимиз ҳам бўлмас эди. Биз омманинг ҳурматини сақлаб қолиш учун бир неча аъзоларимиздан ҳам айрилишга тайёр эдик, аммо Худога шукр, деярли йўқотишлар бўлмади, мана бугун биз яна оёққа туриб олдик — янги аъзоларни қабул қилмоқдамиз.

Менинг ижтимоий мавқеим ўзгаргани йўқ, депутатлик нишонини эса, ҳозир тақмаганим каби, илгари ҳам ҳеч қачон тақмаганман.

Б.М. Жумҳуриятдаги сиёсий кучларнинг жойлашишини классик схемада соғ (ўнг), сўл (чап) ва марказ сифатида тасаввур қилиб бўладими? Русияда, масалан, ўнгдагиларни Лигачев ва унинг тарафдорлари, чапдагиларни Елсин, марказни эса Горбачев бошқаради. Марказ сўлга ҳам, соғга ҳам қайишарди…

М.С.: Жумҳуриятмизга сиёсий кучларнинг классик схемаси тўғри келмайди. Мен мухолифатни “сўл” сифатида қабул қилолмайман, чунки “сўл” деганда мен доим коммунистларни тушунаман. Худди шу сабабга кўра, ХДП ва “Ватан тарққиёти” каби партияларни ҳам “соғ кучлар” деб ҳисобламайман. Улар — давлат ташкилотларидир.

Ўзбекистонда фақат иккита сиёсий куч мавжуд — бир томонда “Эрк” ва “Бирлик” сиймосидаги мухолифат, иккинчи томонда эса, юқорида тилга олинган, рўйхатдан ўтган, гўёки сиёсий, аслида эса, давлат ташкилоти бўлган иккита партияни ўз таркибига олувчи ҳукумат. Учинчи куч ҳам мавжуд, бу ҳали сиёсийлашмаган диний гуруҳлардир, улардаги потенсиал, афсуски, ҳеч ким томонидан ўрганилмаган. Бу кучлар ўртасида марказ йўқ. Барча майда гуруҳларни, шу жумладан диний гуруҳларни ҳам бирлаштирувчи бундай марказ, балки, мухолифат ичида ташкил топар. Аммо буларнинг ҳаммаси барча гуруҳларни бирлашишга мажбур қиладиган сиёсий вазиятга боғлиқ. Менимча, ҳар қандай ўзгача фикрловчиларга қарши ҳокимият тазйиқларининг кучаюви натижасида шундай вазият яқинлашиб қолмоқда.

Б.М.: Президент атрофида қайси шахслар, Сизнингча, катта нуфузга эга? Мен президентга ўз таъсирини ўтказа оладиган кучларни кўзда тутаяпман?

М.С.: Афсуски, президентнинг атрофида бирорта нуфузлироқ одамни кўрмаяпман. Аммо президентга таъсир ўтказиши мумкин бўлган одамлар оз бўлса ҳам бор: И.Х.Жўрабеков ва икки-учта маслаҳатчилар, холос. Аслида эса жумҳуриятни президентнинг якка ўзи бошқараяпти.

Б.М.: Айтайлик, “Эрк”, “Бирлик”, Демократик кучлар Форумини жуда кўп зиёли кишилар тарк этаётгани учун улар ўзларининг ижтимоий базасини йўқота бошлади. Яъни, бундан кейин оппозитсия сиёсий куч сифатида ў келажагини йўқотди. Бундай вазиятда Сиз ўзигнизнинг программангизга қандай ўзгартиришлар киритган бўлардингиз, партиянгиз стратегия ва тактикаси ўзгарадими?

М.С.: “Эрк” Фаолиятининг бошида бизни қўллаб-қувватлаган зиёлилар бугун ҳам қўллаб-қувватлашмоқда.

Албатта, матбуот, радио, телевидениенинг биз ҳақда мутлақо гапирмаслиги туфайли четдан қараган одамга бизнинг ижтимоий базамиз йўқдай кўринади. Бизнинг базамиз бор ва бу база кун сайин кенгаймоқда. Бунга фақат бизнинг партияга бўлган муҳаббат эмас, балки, ваъда бериб, ваъдасини бажармаётган ҳокимиятнинг ўзи ҳам сабабчи бўлмоқда.

Дастуримизда ўзгариш бўлади. Бу ўзгаришлар, асосан, партия тактикаси ва иқтисодий масалаларга тегишли бўлади. Ўзингизга маълумки, “Эрк” илгари сиёсий курашнинг парламент йўлини танлаган эди. Юзага келган вазият шуни кўрсатаяптики, ҳокимиятга таъсир қилишнинг намойиш, пикет, митинглардан иборат усулларидан мутлақо воз кечган партия ўзини сақлаб қололмайди.

“Эрк” партияси узоқ вақт жумҳуриятдаги барқарорликни қўллаб келди, аммо бу хислат ўз қадрини топмади. Аксинча, жумҳуриятдаги барқарорлик ҳукуматнинг жуда катта меҳнати натижаси, деб ҳисоблана бошлади ва бу барқарорлик мухолифат умид қилганидек, ислоҳотлар ўтказиш учун эмас, балки, эски тартиб ва дикдантни тиклаш учун хизмат қила бошлади. Партиямизнинг сезиларли даражада радикаллашганига сабаб ҳам шунда.

Иқтисодий масалаларга келганда эса, биз эътиборни энг аввало: зудлик билан ер ислоҳоти ўтказишга (бунга ерни хусусийлаштириш ҳуқуқи ҳам киради); ҳақиқий иқтисодий эркинлик яратиш; баҳолар эркинлигини тўхтатиб, уни фақат давлат мулкини хусусийлаштириш билан тенг олиб боришга қаратмоқчимиз.

Б.М.: Жумҳуриятимиздаги бошқа партия ва ҳаракатлар олдида, хусусан, сизларнинг партиянгиз олдида турган энг муҳим муаммолар нимадан иборат?

М.С.: Албатта, бошқа кўпчилик каби, бизнинг партиямизга ҳам, энг аввало, тинчлик ва барқарорлик зарур. Зеро, бу нарсаларсиз жумҳуриятда на иқтисодий, на сиёсий ислоҳот ўтказиб бўлади. Аммо биз тинчликни баҳона қилиб, ҳозиргидай сўз эркинлиги, мухолифатни бўғишларига қаршимиз. Қайтариб айтаман, барқарорлик фақат жумҳуриятни инқироз жаридан олиб чиқувчи жуда муҳим ислоҳотлар ўтказиш учун хизмат қилсагина, ўзини оқлайди. Бошқа ҳар қанақа вазиятдаги барқарорлик алдамчидир ва унга ишониб бўлмайди. Демак, тинчлик ва барқарорлик фақат мухолифатга эмас, балки, ҳокимиятнинг эзгу ниятларига, унинг ўзгача фикрлайдиганларни тинглай олиш иқтидорига боғлиқ.

Б.М.: Сиёсий кучлар ўртасида тобора чуқурлашаётган зиддиятни бартараф қилиш учун нима қилиш керак? Мухолифат ўзининг қандай талаблари бажарилгандан сўнг ҳокимият билан муросага келиши мумкин?

М.С.: Агар икки томон ҳам астойдил, самимий интилса, исталган пайтда муросага келиш мумкин. Аммо ҳукумат томонидан бу интилишни кўрмаяпмиз. Аксинча, мухолифатга тазйиқ тобора кучайиб, жамият хавфли жар ёқасига яқинлашиб келаяпти.

Мен сиёсатда доим мулоқот тарафдори бўлганман, бундай позитсиям учун ҳатто “Бирлик” радикаллари мени коммунистлар билан муросасозлик қилаётганликда ҳам айблашди. Аммо ҳар қандай муросанинг ҳам чеки бор. Агар муроса партиямиз принсипларига зид келмай, жамиятга фойда келтирса, биз бундай муросани қабул қиламиз. Аммо бундай муросага ҳокимиятнинг мухолифатга нисбатан муросасизлиги ҳалақит беради. Биз ҳатто ҳозир ҳам, юқорида айтилган шартлар билан, муроса қилишга тайёрмиз.

Б.М.: Тожикистондаги, Қорабоғдаги воқеалар зўравонлик, ислом фундаментализми каби муаммоаларни бўрттирмоқда. Бутун регионда қирғинлар бошланиши хавфи туғилаяпти. Партиянгиз жумҳуриятимизнинг “эронлашиш” хавфини бартараф қилиш учун қандай тадбирлар кўрсатаяпти? Бу саволни шунинг учун ҳам бераяпманки, жуда кўп жойларда мен “оппозитсиячилар ўзи истаган ёки истамаган ҳолда ҳокимият тепасига ислом фундаменталистларининг келишига шароит яратмоқда” деган фикрларни эшитаяпман.

М.С.: Ўзбекистонда ислом фундаментализми хавф солаётгани ҳақидаги гаплар Ғарб мамлакатларидан чиққан ва сўнгра Русия матбуоти илиб олиб, ривожлантирган уйдирмадир. Бизда “Тожикистон руҳи” йўқ ва бу ерда ҳеч қачонм “эронлашиш” бўлмайди. Ижтимоий портлашни ислом томонидан эмас, боя айтганимдай, иқтисодий ва сиёсий томондан кутиш керак. “Бирлик”да радикал қанот пайдо бўлиши — ҳаракат лидерларидан бирининг ижоди маҳсули эмас, аксинча, ҳукуматнинг оппозитсияга нисбатан аёвсизлиги оқибатидир. Агар “Бирлик” ҳаракати емирилиб, унинг бўшаб қолган ўрнини диний гуруҳлар эгалласа, бунга ҳайрон бўлмаслик керак.

Б.М.: Президентимиз Каримовнинг ҳиссиётли нутқларини эшитиб, мен ҳам беихтиёр ҳиссиёт билан Ўзбекистонни ўзимиз орзу қилган давлатга айлантириш ҳақидаги гапларига ишона бошлайман. Ўзбекистон Олий Кенгашининг сўнгги сессиясида ҳам гап шу ҳақда бормадими?

Иккинчи савол: Ўзбекистонни юз йилдан кўпроқ вақт талон-тарож қилишди. Бугун эса, тарих чеккасига итқитиб ташлашди. Сизнингча, кимнинг ёрдами билан биз бу қийинчиликлардан чиқиб оламиз?

Маълумки, ислом банкида 700 миллиард доллар бор, агар баъзи шартларни қабул қилсак,бу маблағнинг катта қисми Ўрта Осиёга ташланиши мумкин.

М.С.: Президентнинг нутқини ҳиссиёт билан эшитманг. Ҳассиёт нон эмас, у билан қорин тўйғазиб бўлмайди. Президентнинг нутқи билан навбатда турган одамларнинг гапи бир-бирига тўғри келмайди. Ҳукумат маҳкам турибди, аммо аҳолининг турмуш даражаси тобора пасайиб бораяпти. Берилаётган ваъдалар тутуни ортидан келажакни кўриб бўлмайди.

Ислом банки ёрдамига келсак, албатта, агар ёрдам эвазига қандайдир идеологик шартлар қўйилмаса, бу ёрдам фақат иқтисодий бўлса… Аммо бизни на Арабистон, на ислом дунёси, на Оврупо давлатлари қутқара олади. Ўзимизни фақат ўзимиз қутқара олишимиз мумкини. Бунинг учун бизда табиий ва интеллектуал ресурларимиз етарли.

1992.Декабр.

(42)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (191-196-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
ЕХҲТ анжуманида расмийлар Б.Абдуллаев ҳақидаги саволларни очиқ қолдирди
Бобомурод Абдуллаевнинг онаси: ‘Болам, қўрқма! Мен сени тўғри ўстирганман’
Интиқор (Қорабозорчилик)
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Ўхшаш хабарлар