Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ўрага тушдинг – гулдур-гуп”

“Ўрага тушдинг – гулдур-гуп”
08 Ağustos 2017 - 12:17 'да юкланди ва 820 марта ўқилди.

Энг олий тезлик бор, у фақат ҳозирдан ҳозирга сизни элтади. Қадимгилар бу тезликни рақси само орқали топишга ҳаракат қилишган. Шунда улар Аждаҳо комидан- қора ўрадан узоқлашиб реалликни кўра бошлашар экан. Ёки Реалликни кўриш учун тирик ҳужайралардан ташкил топган астроматн тузиш керак. Бу ҳам тушкунликдан даволанишнинг бир усули бўлади.

Бир шоирни орқа қилиб бир журналга иш қидириб бордим, шоир бош муҳаррирни яхши танир экан, менинг сифатларимни унга “мадҳ” этиб кетди, сўзининг бошидан охиригача уч марта “лекин қалами ўткир” деб қўшиб ҳам қўйди. Қаламим йўқлиги аниқ, уйда ҳатто ручкам ҳам йўқ. Шоир ташбеҳ ишлатди, лекин эскириб кетган ташбеҳ, “Журналингиздаги мақолаларни чап оёғи билан ёзиб ташлайди” деганида замонавий ўхшатиш бўларди, ҳай, майли. Хуллас, бошлиқ сеҳрлаб ташланди, ишга оламиз маъносида бошини қимирлатиб қўйиб менга қаради.

– “Айбим бор.”

Бош муҳаррир “Бундан одобли ва қулоқли ходим чиқади” деб ўйлади шекилли: “Одам айбини яширмай айтиш яхши сифат” – деди.

“Пропискам йўқ!”

“Мутлақо мумкин эмас, ишга ололмаймиз. Бизни тушунинг! Бу мумкин эмас! Мустақилликнинг 25 йиллиги олдидан текшир-текшир ҳамма ёқда, йўқ, ишга ололмаймиз. Бизни жарима тортишади.”- Шоирнинг сеҳр- жодуси ҳам иш бермади.

Тошкент шаҳрида вақтинчалик прописка ҳам бекор қилингандан кейин газета –журнал таҳририятларида иш кўпайди. Олдин прописка муаммо эмас эдию иш йўқ эди. Ҳозир аксинча.

Дунёдаги ҳамма тирик юрган одам кўринмас нурли ип билан уланган, буни қадимгилар ҳам айтиб кетишган. Коинот ҳам шундай. Ўткан йили бу масалани америка физиклари исботлашди ҳам. Биз эса буни инкор қилиш билан банд, одам кўкрагида раҳмон ва шайтон бор дейишган қадимгилар, ҳозиргилар тирик ҳужайралардан иборат кўринмас нурли ип ва ҳаммани нарсани ўзига ютгувчи автоном қора ўра дейишади. Автоном дейишимга сабаб ҳар бир одамнинг қора ўраси бошқаники билан кўринмас ип каби уланмаган.

Ишга киролмаганимданми ёки жамият қора ўра атрофида гирдикапалакдай бўлиб қолганидан-ми, яна тушкунликка тушдим. Одам қанча тушкунликка тушса шунча қора ўра атрофида айланиб қолади. Самарқандлик бир танишим мактаб ўқитувчисига қўнғироқ қилдим. “Бу йил мактабдан нечта бола ўсини осди?”-ўзини қора ўра атрофида айланиб юрганини аниқ билган одам шунақа саволлар беради, одатда. Танишимнинг дами ичига тушиб кетди, дами қора ўра атрофини айланиб келди шекилли, бир пасдан кейин: “Бизнинг мактабдан бу йил ҳеч ким ўзини осмади. Қўшни мактабдан бир бола ўзини осди.”-деди. “Сабаб?” “Ашулачи бўламан деган экан, ота-онаси қаршилик қилипти.”

Одам кўринмас нурли ип билан уланмаганда эди, худди космик ракетада учиб кетаётгандек ер кемасида коинотда учиб кетаётганини билиб турарди. Тасаввур қилинг, секундига 32 км, тубсиз бўшлиқда учиб кетяпмиз. Одамнинг жони узилганда, худди шундай бўлади, у жон кўринмас нурли ипдан узилиб юқори тезликда йўқликда учади-ана қиёмат кейин.

Олимлар (Стивен Ховкин) космик ракета коинотдаги қора ўра ичидан ўтиб ерга қайтса бошқа замонга, масалан, ўткан 10 аср олдинга қайтиб келиши мумкин деган назарияни ўртага ташлашди. Бўлиши мумкин. Бу мумкин. Астронавтлар 10 асрга бориб қолишлари мумкин лекин бу воқеа реал содир бўлмайди. Факт, улар 10 асрга ташриф буюришадию лекин реалликдан узоқлашишади, астронавтлар 10 аср одамлари ичида ўзларини уларга қиёслаб имитасия қилиб яшашдан бошқа йўли қолмайди. Агар улар қора ўрадан ўтиб ҳозирга қайтиб келишганда бизнинг давр бундан 10 аср олдин ўтиб кетган бўлади. Орқага, аниқроғи ҳозирга қайтиб келишолмайди, бу мумкин эмас.

Ўзи шундоқ ҳам реалликда яшамаяпмиз. Аждаҳо коми бизни реалликдан узоқлаштириб ташлаган.

Масалан, Ўзбекистон ҳам ҳозир Абдулазизхон даврини қайта бошидан ўтказяпти, фақат янгича шаклда, хоннинг ҳам шиори «тинчлик бўлсин, тинчлик бўлсин” бўлган экан. Бир мамлакат ичи тўла космик ракетадай қора ўра ичидан ўтса маълум бир даврга бориб қолади, албатта. Лекин бу реаллик эмас. Жамият реалликдан узоқлашиб кетган деган хулоса келиб чиқяпти.

Масалан, қора ўра тубсиз кутубхонага ўхшайди. Ҳамма билимни у ердан топиш мумкин, лекин тирик ҳужайралар билан боғлиқлик томони йўқ. У ерда дин илмлари ҳам бор, Суқрот ҳикматлари ҳам бор – бутун дунёнинг хотираси бор- худди шайтон ҳамма илмдан хабардор бўлгани каби, лекин тирик ҳужайралар йўқ. Қора ўрага тушиб чиққан, масалан, мулло ўзини доим 8 асрда яшаётгандек ҳис қилиб туради. Салла ўрашию чопон кийиб юришию илм…

Мурод Карим

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар