Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Айби “миллатим, халқим ва диним”, деган инсонлар дуога арзимайдими?

Айби “миллатим, халқим ва диним”, деган инсонлар дуога арзимайдими?
09 Ağustos 2017 - 8:00 'да юкланди ва 781 марта ўқилди.

Ёдимда, анча йиллар аввал Ипподромдан автобусга чиқишимиз керак эди. Биз сафар қилиб Қорақалпоғистонга боришимиз керак, биз кетадиган машинага эса бир шахсий муаммо туфайли улгирмаган эдик. Пулни “эконом” қилиш мақсадида автобусга чипта олдик. Икки кишимиз. Ипподромдан кўрсатилган автобус пиллапояларидан кўтарилар экан, бир зумга тўхтаб қолдим. Автобус ичи тўла аёл киши эди. Аёл бўлганда ҳам ҳижоблик аёллар. Тезда қайтиб тушдим. Адашиб чиқдим, деб ўйладим. Ҳайдовчи ёрдамчиси олдимга келиб: “нечуксан, жанлимисан?”, деди. Нима деганини англай олмадим. У гапини яна такрорлади. тушунмадим. Учинчи марта: “қалайсан? яхшимисан? деяпман”, деди. Ҳоразмча гапирганини кейин тушундим. У шевани аввал ҳеч эшитмаган эдим. Ўша йигитдан сўрадим:

– шу автобус Қорақалпоққами?
– ҳова.
– бари аёлларку? Мен адашдим. Бошқа автобус бўлса керак.
– йўқ-а, шу автобус, қани чиқ.

Ҳақиқатда ўша автобусда кетар эканмиз. Нега бунча аёллар? Қаерга кетяпти? Нимага ҳаммаси ҳижобда? Саволлар жуда кўп эди. Автобус тиқилинч, одам кўп. Эркаклар саноқли. Асосан аёллар ва болалар. Йўлда кетиб борар эканмиз у аёллар “террористларни” аёллари экани маълум бўлди. Ёш бўлганимданми, бу ишлардан бехабарлигимданми бу даража кўп аёллар боришини тасаввур ҳам қилмаган эканман. Эрлари, болалари, оталари, ака-укаларини кўргани “жаслиқ” томон кетаётган МУСЛИМА аёллар… Сафар узоқ, олис йўл… аммо саволлар тинчлик бермас эди. Кўзларда маъюслик, юзлари кулсада кўзлари кулмайдиган аёллар. Фарзандлари эса “отамга қачон борамиз?”, “қачон отамни кўраман?”, деган саволларни тез-тез беришарди. Сафар давомида бир онахон билан суҳбатлашиб кетдим. Мулойим, ширинсухан, юзларидан нур ёғиладиган она эдилар. Ҳанузгача сиймоларини унутмайман. Қайсидир жойда кимдир онаси ҳақида ёзганини ўқисам ўша она ёдимга келади.

Сафар давомида икки ўғиллари қамоқда эканлигини билдим. Улар ҳаётини бир йиғлаб, бир кулиб айтиб берардилар. Уларга қўшилиб йиғлаб, уларга қўшилиб кулар эдим. Бир онанинг ҳаёти. Агар уни китоб қилсангиз, ёзмоққа сўз ожизлик қилади.

“Ўтган сафар ўғлимни кўра олмай қайтган эдик. “Карсерга” қўйишган экан, кўра олмай қайтдик. Болам тушмагур тинч ўтирмайдида. Бир бетонни устига чиқиб азон айтар экан. Ўзингиз биласиз, болам, азон айтиш мумкин эмас. У бўлса бор овози билан айтар экан. Кейин “карсерга” ташлашар эканда. Бу ишини кўп қилди. “Болам, тинч тургин, нимага ундай қиласан?”, десам “бир-хиллик жонга тегадида, она, қўяверинг. Бир маза қилиб, иймонимни қувватлаб оламан” дейди. Кичиги шундай. Каттаси анча босилиб қолган. Кичиги жуда шум.”

Онанинг бу сўзларини қулоғим эшитади, қалбим эса йиғлаб кетарди. Ҳа, бу кимлар учундир зомбилик, кимлар учундир иймон қуввати.

Сафарим давомида кўп нарсаларга гувоҳ бўлдим. Кўп нарсаларни кўрдим.

Қамоқдаги инсонларни бир зумга ҳис қилдим. Уч ойда уч сутка кўришиш учун интиқ кетаётган қора кўзлар, муштипар оналар, садоқатли аёллар…

Қамоқдаги азоблар, улар еган калтаклар, улар кечирган кунлар вақти келиб китоб қилиб ёзилади. Вақти келиб улар кўрсатган қаҳрамонликлар тилларда достон бўлади. Чўлпонни, Усмон Носирни, Қодирийни эслангани каби эсланади. Қамоқда ёзилган номалар, қамоқдан чиққан шеърларни ўқиб кўз-ёшлар тўкилади. Бизни ҳеч ким эсламайди. Ҳеч ким! Биз ўтган, Қодирийга замондош аждодларимиз каби унутилишга лойиқмиз. Қодирийни ҳимоя қилмаганларни биз маломат қилганимиз каби, бизни ҳам маломат қилишади.

Биз ўликларни ҳурматлаймиз. Орқасидан дуолар қиламиз. Тирикларга мадҳ айтамиз. Дини учун, биродарлари учун қамалганларни унутамиз. Шунчаки, унутамиз. “Вақти келиб мен ҳам шулар орасида бўлишим мумкинку?”, деб ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Минбарларда подшоҳлар арзиган дуога маҳбуслар арзимайдими?

Минбарларда ўлганлар, тириклар, иши юришмаганлар, омади чопганлар арзиган дуога маҳбуслар арзимайдими?

Айби “миллатим, халқим ва диним”, деган инсонлар дуога арзимайдими?

Эртага қиёматда ўн минглаб одамларга қандай жавоб берамиз? Ўн минглаб муслималар, ҳижоблари тортиб олинганлар, эрларини олдига бориш учун минг азобда, иссиқда, совуқ қаҳратонда минг км масофа босиб, минг чиғириқдан, ифлосларни текширувидан ўтган муслималарга қандай жавоб берамиз? Ҳижоби тортиб олинган, номуси топталган муслималарга қандай қараймиз? “Мен диндаги биродарингизман, акангизман”, дея оламизми?

Сизга қўшни, менга қариндош бошқасига қондош муслималарни маҳалладан чақириб, рўмолини ечтириб қўл қўйдирганини, ёлғиз аёлни уйига бостириб кириб “экстремистни” уйини тинтув қиламиз, деганларида тескари қараганимизга жавоб бера олармиканмиз?

Ўн йил, ўн беш йил умрини қамоқда, оиласи, болалари, яқинларидан узоқда ўтирган инсонларни тасаввур қила оламизми? Биз бугун иккинчига уйланиш, қанча пул тикиб, қанча фойда олиш, қаерда ош ейиш, қаерга бориб дам олиш ҳақида бош қотираётганимизда улар соат, балки, минут санаётганини биламизми? “Мағрибдаги мусулмонга мусибат етганда, машриқдаги мусулмон тинч ётиб ухласа у биздан эмас” деганлар, Росулуллоҳ. Шуми безовта ухлаётганимиз? Шуми биродарлар учун жон куйдираётганимиз? Биз мағрибдаги эмас, ёнгинамиздаги мусулмон учун жон куйдирмай ёстиққа бош қўямиз.

Бугун биз ҳамма муаммоларни гапиряпмиз. Ҳамма муаммоларни ўртага ташлаяпмиз. Қўшхотинлик – энг катта муаммо, тўйлар – энг катта муаммо. Картошкани нархи ошиши, гўштни нархи кўтарилгани булар барчаси энг катта муаммолар. Кимдир юристлардан, кимдир прокурордан, бошқаси судьядан норози. Кимдир ҳаётидан, яна кимдир атрофдагилардан норози. Ҳамма ўз ҳақ ҳуқуқини талаб қиляпти. Либераллар ҳам, атеистлар ҳам, “мўътадилман”, деганлар ҳам. Илло Қуронда: “мўминлар бир-бирларига ака-укадирлар”, дейилган мусулмонлар жимлар! Биз қаердаги муаммоларни кўтариб чиқиб, қаердаги нарсаларни муҳокама қилаётганимизда минглаб, ўн минглаб умрлар хазон бўляпти. Ўн йиллаб умрлар йўлларда, азоб уқубатлар билан ўтиб кетяпти. Фарзандлар отасиз, оналар фарёд билан яшаб, (яшаш дейилса агар) умрларини ўтказишяпти. Ўн беш минг одамнинг оиласида онаси, отаси, акаси, синглиси, хотини, боласи бор деб ҳисоблаганда ҳам юз минглаб одамлар хусронда ҳаёт кечиряпти. Юз минглаб одамлар қон йиғлаб, адолатдан, кечиримликдан, мусулмонлар ёрдами ва дуосидан умидвор бўлиб ҳаёт кечиряпти.

Улар биздан умид қиляпти. Биз эса юзларимизни буриб олганмиз. Кўрмаган, эшитмаган ва билмаганга оламиз. Яшаяпмиз. Саройларда, шоҳона ҳаётда, тўкин дастурхонда бизни ҳам кунимиз ўтяпти, азоб, қўрқув, умид ва бир бурда нон билан уларни ҳам куни ўтяпти…

Sayyid Islom

facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар