Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тожикистон Эронни тожик арбобларини ўлдиришни молиялаштирганликда айблади

Тожикистон Эронни тожик арбобларини ўлдиришни молиялаштирганликда айблади
09 Ağustos 2017 - 11:34 'да юкланди ва 749 марта ўқилди.

(Суратда: Душанбе ватандошлар уруши йилларида)

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тожикистон Эронни 1990 йиллардаги ватандошлар уруши пайтида таниқли тожик намоёндаларига, жумладан, парламентнинг собиқ раиси Сафарали Кенжаевга суиқасдларни уюштирганликда айбламоқда. Эрон ҳозирча Душанбенинг бу каби айбловларига расман муносабат билдиргани йўқ.

Тожикистон Миллий телевидениясида 8 агуст куни намойиш этилган 45 дақиқали ҳужжатли фильмда Ички ишлар вазирлиги расмийлари Теҳрон Тожикистонда ватандошлар уруши оловини ёқишдан манфаатдор бўлган, деб таъкидладилар.

Фильмда айтилишича, Теҳрон ватандошлар урушида Тожикистон Ислом уйғониш партиясини молиялаган ва унинг жанггариларини Эрон ҳудудида тайёргарликдан ўтказган.

Ҳужжатли фильмда ўзини собиқ исломий жанггари, деб таништирган шахс Эронга 1995 йилда жўнатилганини айтди. Фильмда таъкидланишича, бу жанггари Эроннинг Қум шаҳрида 200 ватандоши билан биргаликда қўпорувчилик фаолияти бўйича ҳарбий тайёргарликдан ўтказилган.

Ўзини жанггари деб таништирган одам фильмда 1997 йилда Эрондан давлат ва жамоат арбобларини ўлдириш бўйича аниқ кўрсатма билан Тожикистонга қайтганини айтиб берган.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Эрон маблағларни ва қотилликларни амалга ошириш бўйича инструкцияларни 1990 йилларда Ислом уйғониш партияси лидерларидан бири бўлган Абдуҳалим Назарзода орқали жанггариларга етказиб турган.

Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўрнибосари Назарзода 2015 йилда Душанбе яқинида давалат тўнтаришига урунишни уюштирганликда гумонланганларни йўқ қилиш амалиёти пайтида отиб ўлдирилган эди.

1997 йилдан 2004 йилгача Тожикистонда қатор давлат арбоблари қотиллик қурбонларига айланган.

Ўша йилларда олимлар Муҳаммад Осимий, Юсуф Исоқий, ёзувчи Саиф Афардий, президент маслаҳатчиси Карим Йўлдошев, Тожикистоннинг собиқ муфтийси Фатхуллохон, таниқли журналист Отахон Латифий ва Тожикистондаги Россия армиясиниг 20 зобити ўлдирилган эди.

Тожикистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Душанбе томонидан террорчи ташкилот сифатида фаолияти тақиқланган Ислом уйғониш партиясини Теҳрон очиқ қўллаб-қувватлаётгани ортидан ёмонлаша бошлаган эди.

2015 йилнинг кузида ватандошлик уруши пайтида Бирлашган тожик мухолифатининг асосий ўзаги бўлган Ислом уйғониш партияси мамлакатда “қонундан ташқари”, деб эълон қилинган эди.

Бу партия суд томонидан “террористик ташкилот” деб эълон қилинганидан сўнг партиянинг ўнлаб тарафдори ҳибсга олинган, партия раиси Муҳиддин Кабирий эса Интерпол томонидан халқаро қидирувдаги шахслар рўйхатига тиркалган.

Муносабатлар ёмонлашганидан бери биринчи марта Душанбе Теҳронни қотилликларни қўллаб қувватлашда айбламоқда.

Эрон ва Россия 1997 йилда Тожикистонда 5 йил давом этган ватандошлар урушини якунлаш ва миллий ҳамжиҳатликка эришиш бўйича ўтказилган музокараларда асосий ўртамчилар бўлган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар