Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Бунинг йиғисини ўзим келиб тўхтатмасам, қиёматгача шу аҳволда бўзлаб йиғлар эди”

“Бунинг йиғисини ўзим келиб тўхтатмасам, қиёматгача шу аҳволда бўзлаб йиғлар эди”
10 Ağustos 2017 - 8:00 'да юкланди ва 540 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 190
(давоми)

ЎН ТЎРТИНЧИ МЎЖИЗА

Имом Бухорий бошлиқ бир неча ҳадис олимлари Ҳаннона деган устуна йиғлагани хусусида келган ҳадисни мутавотир дебдурлар. Яъни, бу мўжиза жума намозига минглаб йиғилғон кўпчилик халқ ўртасида бўлган ишдур.

Бу тўғрида ҳеч қандай гумон йўқдур, бунга шак келтурмак куфр бўлур, чунки юзлаб, минглаб саҳобалар бу ҳадисни ривоят қилдилар.

Энди бу мўжиза шундоғ эрдиким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келганларида, дастлаб бир масжид бино қилдилар. Унинг узунлиги юз газ, эни қирқ газ келур эди. Бунга хурмо ёғочидан бир неча устун қўйилғон эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар вақт жума намози ўқисалар, шу устунларнинг бирига суяниб туриб, шу ерда хутба ўқиб, халққа ваъз айтур эдилар. У кунларда минбар қўйиш расм бўлмаган эди. Саҳобалардан Тамимуд-дорий разияллоҳу анҳу:

— Ё, Расулаллоҳ, сиз учун бир минбар ясатсак, устида ваъз айтгудек бўлсангиз, қандай бўлур? — деб сўради.

— Яхши бўлур, — деб рухсат бердилар.

Сўнгра бир минбар ясашди. Уни келтириб, имомнинг ўнг томонига қўйдилар. Ислом оламида энг аввал ясалган ва масжидга қўйилган минбар шул эди.

Жума куни келгач, жамоат намозга йиғилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатларича хутба ўқимоққа туриб, устун олдидан тўхтамай ўтиб кетдилар. Мана шу чоғдаёқ ул устун инграй бошлади. Бўталоғидан ажраган туя сингари бўзлагани турди.

Расулуллоҳ минбар устига чиқиб эдилар, бола бақиргандек бўлиб яна қаттиқроқ йиғлади. Силкиниб кетиб, ёрилишга яқинлашди. Буни кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол минбардан тушиб ул устунни қучоғлаб турдилар. Узоқроқ йиғлаб қолган ёш болани онаси олиб овутганда ўксиб-ўксиб йиғлагандек, Расулуллоҳ қучоғларида туриб, бу устун ҳам шунинг сингари ўксиб йиғлади.

Анда Расулуллоҳ:

— Бунинг олдида ҳар жума Аллоҳ зикри айтилиб, андин баҳра олур эди. Шундан ажраб қолганига йиғлайди, — дедилар.

Буни кўриб саҳобалар бариси йиғлашгали турди. Масжид ичи ларзага келиб йиғи-сиғига турди. Анда Расулуллоҳ:

— Қасам Аллоҳгаким, бунинг йиғисини ўзим келиб тўхтатмасам, қиёматгача шу аҳволда бўзлаб йиғлар эди, — дедилар.

Шундан кейин бу устун оти «Ҳаннона», яъни «Йиғлагувчи» бўлди.

У йиғидан тўхтагач, унга Расулуллоҳ айтдилар:

— Эй Ҳаннона! Хоҳласанг қайси чорбоғдан сени кесиб келган бўлсалар, ўшал бўстонга элтиб ўлтиргизай, янгидан илдиз олиб кўкарурсан. Агар буни хоҳламасанг, сени жаннатга кўчат қилиб ўлтиргизурман. Жаннат аҳллари, Худонинг дўстлари мевангдан егайлар, бу икки ишдин бирини ихтиёр қил, — деб унинг жавобига қулоқ солиб турдилар.

Анда ул:

— Ё Расулаллоҳ, мени жаннатга кўчат қилиб ўлтиргизинг, шуни хоҳлайман. Менинг мевамни Аллоҳнинг дўстлари егайлар, фоний дунё бўстонида бўлишни истамайман, эскимайдиган жаннатда туришни тилайман, — деди.

Бунга яқинроқ сафда турган саҳобалар унинг товушини эшитдилар. Тилагини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қабул қилиб, жаннатга элтиб ўткизишга ваъда қилдилар.

Ҳазрат Ҳасан Басрий ҳар қачон шу мўжизадан гапиргудек бўлса, йиғлаб;

— Эй мўминлар, бу ёғоч устун Расулуллоҳдан йироқлашганига шунча йиғлаган бўлса, биз умматлар ул зотнинг дийдорларига муштоқ бўлиб қанча зор йиғлар эрсак, яна оз экандур.

«Мавоҳиб» деган китобда айтибдурким, Аллоҳ таоло бу ёғочга жон бериб тиргизди, Расулуллоҳ фироқида тирик кишидек товуш чиқариб йиғлади.

Сафардан келган киши ёру дўст, аҳли аёллари қучоқлагандек, уни Расулуллоҳ қучоқладилар, у билан тирикларга қилгандек муомала қилдилар, ўтган пайғамбарларнинг ҳеч бирига бундоқ улуғ мўжиза берилмаган эди.

Ҳазрат Исо алайҳиссалом Аллоҳ изни билан ўликни тирилтириб мўжиза кўрсатган бўлсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуруқ устунга жон киргизиб, у билан сўзлашдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар