Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Берк кўчалар

Берк кўчалар
11 Ağustos 2017 - 7:00 'да юкланди ва 611 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

 

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

1-қисм

Биринчи боб

Барчаси 2… йил апрелнинг ўрталарида бошланди.

Рўзғор тебратиш мушкуллашган ўша йилларда Баҳром Олмаотада ишлаётганди. Бажарадиган иши Душанбега жўнатиладиган буғдой ортилган вагонларни назорат этишдан иборат эди. Таъминотчилар оғайнилари бўлгани сингари, буюртмачилар ҳам яқин кишилари эдилар. У томонларни муросага келтириб, икки ўртада ризқ терарди. Икки-уч ойда бир марта болалари бағрига келиб кетарди.

Онамнинг ўлгани менга ярашди, супрадаги унни итлар талашди, деганларидек, ошкоралик тасодифи билан ҳукумат бошига келганлар давлатчилик илдизларига болта уриб, келажакка зарба берардилар. Бир-бирлари билан чамбарчас боғлиқ туронликлар буни англашга қодир эмасдилар. Ҳукумат бошидагилар Ошкоралик баҳонасида Аллоҳ инъом этган олий неъмат –  Ҳурлик ва Озодликнинг бўғзига пичоқ тортиш билан овора эдилар.

Баҳорнинг фараҳбаш кунлари эди. Тошкентга келган Баҳром машинасини кўчага ҳайдаб чиқди. Катта кўчага қайрилиб, уч юз қадам юрмасдан, бекатда турган танишини кўриб, тўрмизни босди. Машинага яқинлашган аёл:

– Кўкчага олиб бориб қўясизми? – деб сўраганда, у:

– Ўтиринг, Нозима опа! – деди.

Орқа ўриндиққа ўтирган аёл ажабланди.

– Ука, кечирасиз, сизни танимаяпман! – деди.

Унинг қизи билан Баҳромнинг кенжа ўғли бир синфда ўқирди. Ўтган йили, ота-оналар мажлисида учрашганларида, улар танишиб қолгандилар. Аёл ҳам бухоролик эди. Кўчиб келгунча, институтда дарс берганди. Товламачилик айби билан бир неча бор қамалган эри, субутсизлиги билан отнинг қашқасидай вилоятда танилганди. Шу туфайли аёл оиласини Тошкентга кўчиришга мажбур бўлганди. Баҳром унинг эрини кўрмаган бўлса-да, Қайим гаранг хусусида кўп эшитганди. У, шаллақилиги боис, қамоқхонада калтак еявериб, қулоқларига нуқсон етганди. Мосламасиз деярли эшитмасди.

Баҳром ўтган йил ота-оналар мажлисида учрашганларини эслатди.

– Э, эсладим, ҳамшаҳар! Исмингиз Икром эмасмиди? – деркан, Нозима Мунис хотирасидан шикоят қилди.

 Бир йил кўришмаганларини ҳисобга олганда, бу табиий ҳол эди. Ўшанда беш дақиқа суҳбатлашгандилар. Бундай ҳолатларда камдан-кам кимсалар бир-бирларини эслаб қолишлари мумкин эди.

– Исмим Баҳром, адашдингиз, Нозима опа! – деди Баҳром.

– Энди эсладим, Нуритдиннинг отасисиз, тўғрими?

– Шикоят қилганингиз каби хотирангиз ёмон эмас экан!

Бир-бирларини эслагач, муносабатлар илиқлашди. Турмуш ташвишларидан бошланган суҳбат, ким нима билан шуғулланяпти, деган мавзуга тақалди.

– Ўқитувчилик билан рўзғор тебратиб бўлмайди. Ҳамма қатори, киракашлик қиляпман, опа! – деди Баҳром сайр этиш учун кўчага чиққан бўлса ҳам.

Олмаотадаги фаолияти тўғрисида лом-мим демади.

Нозима Мунис жонланиб қолди.

– Мени тўрт-беш кун у ёқ-бу ёққа олиб юрмайсизми? Кўчадан топаётган пулингизни мен ҳам берардим! – деди у.

Тилидан илинган Баҳром, “йўқ”, дея олмади. Бир ҳафтага бўлсаям, у бекорчи эди. Қимирлаб турса, пул бўларди.

– Бензин қиммат бўлиб кетган, қийналиб қолмасмикансиз?

– Йўқ! – деди у. – Шу кунларда ишларим юришиб, турипди. Яқинда ширкатимизга расман рухсат тегди. Хорижга ишга жўнатиш билан шуғулланяпман. Сиз ўйлагандан кўра икки баробар кўп пул сарфласам ҳам, киракашга ялчимаяпман. Бир-биримизни қўлласак, ёмон бўлмасди.

 Баҳром, “учарлар” кўпайиб кетганини айтганда, у:

– «Паймона» ширкатини меъёрий ҳужжатлари жойида, – деди ўзи ишлаётган корхона хусусида сўз очиб. – Ширкатимиз Меҳнат вазирлиги қошидаги фуқароларни хорижга ишга жўнатишга тармоқлашган “Агентство” билан ҳамжиҳат фаолият кўрсатади. Бошлиғимиз Саидмат Сотти Қўйтопарович – шогирдим, уддабурро одам. Уни институтда ўзим ўқитганман. “Агентство”да бир неча йиллар малакали мутахассис сифатида ажойиб ишларни амалга оширган. Жанубий Қурия билан ҳамкорликни ҳам шу киши йўлга қўйган.

Улар масжидга етмасдан, йўлчироқдан ўнгга қайрилдилар. Юз қадамча юргач, Баҳром четда тўхтаб, моторни ўчирди. Кўчанинг чап юзида ширкат идораси  жойлашганди.

Панжара эшигидан киргач, ҳовли бошланарди. Ҳовли тўрида шинам қурилган қатор хоналар, ўнг тараф пастда ошхона бор эди. Баҳром, Нозима Муниснинг орқасидан ҳовлига кириб бораркан, Қозоғистон ва Русиядаги сингари ҳамма кўзи ўнгида иш қиладиган ширкатни кўриб, ҳайратини ичига сиғдиролмади. Долонга кираверишдаги пештоқда катта-катта ҳарфлар билан «Паймона» ширкати номи ёзилганди. Долонда икки қиз ишизловчиларнинг ҳужжатларини қабул этарди. Ҳужжат топширган кимсалар хазиначига уч юз минг сўмдан биринчи тўловни тўлаётгандилар. Бу икки юз долларга тенг эди. Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич, деганларидек, барчаси очиқ-ойдин эди.

Нозима Мунис ширкат бошлиғи олдига кириб кетгач, Баҳром, бекор ўтиргандан, бекор ишла, деган нақлга амал этиб, маслаҳат учун навбатда турди. Маслаҳатчиларнинг биттаси оқ-сариқдан келган, кўзлари кўкишроқ, Зоҳид деган йигит эди. У тўрт ишизловчини рўпарасида ўтқазиб, ваъз ўқиётганди. Ёнма-ён хонада истеъфодаги паспорт бўлими бошлиғи, айни чоқда, ширкат юристи, қорапарангдан келган Абдинаби бешта одамнинг миясини қорарди. У англашича, илгари келиб кетганлар, бу ерга иккинчи марта кимларнидир, орқасидан эргаштириб келаверардилар. Ҳар бир гуруҳ бегоналарсиз, маслаҳатчи ҳузурига суҳбатга кирарди. Тасодифан келганларга давра етганда, улар билан алоҳида гаплашиларди.

Баҳромнинг гали етди. Зоҳид ундан таржимаи ҳолига оид баъзи маълумотларни, мутахассислиги бўйича ким бўлиб ишлашини суриштирди.

У хорижга ишга жиянларини жўнатмоқчилигини айтганда:

– Бизнинг ширкатимизни қандай топдингиз? – дея овозида ўзгариш пайдо бўлди. Баҳром:

– Нозима опа билан бирга келдим! – деганда:

– Аввалроқ шуни айтмайсизми? Ҳаммасини у яхши билади-ку! – дея унинг рангги ёришди.

У бу гапи билан маълумот жоиз бўлса, ундан, сўрайвермайсанми, демоқчи бўлди.

– У ёқларда қанақанги ишлар бор? Мояна қанча? Кетувчилар ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланганми? – сўради Баҳром. – Қозоғистон ва Русиядаги каби одамлар қулларча қора меҳнатга жалб этилмайдиларми? Шулар ҳақида билмоқчи эдим.

Ҳалигача бундай саволларга тўқнаш келмаган Зоҳиднинг кўзлари ўйчан бир ҳолатда пирпирарди.

– Ҳозир келаман, ўтириб туринг! – дея у эшикни очиб, долонга чиқди.

Ҳақиқатан, ишизловчилар хорижга жўнатаётган томон шартларини суриштирмасдилар. Шартномани ҳижжалаб ўқиб, кўнгилни хижил этган жиҳатларга эътироз билдиришни хаёлларига келтирмасдилар. Йиллар бўйи тавозе кўрсатишга кўникканлари боис, андишани журъатсизлик билан фарқлай олмайдиган бўлгандилар. Мамлакатдан чиқсалар, бўлди эди. Итдек ётиб-турсалар ҳам, эшакдек ишласалар ҳам, тўрт сўм пул ундирсалар, кўнгиллари таскин топарди. Кейин минг машаққат билан қўлга киритилган маблағларни бир кунда ҳавога совурардилар. Тўй берсалар, эл-оламга ош тортсалар, бошларини баланд тутардилар. Шу билан ўзларини, бировдан паст эмас, деб ўйлардилар. Нодонликлари туфайли, соғликлари эвазига товон тўлаётганликларини тафаккур этмасдилар. Давлатсиз “орли” бўлади, деганларидай,  улар ҳақ-ҳуқуқлари учун тортишиб-талашмагач, жамиятни бир ёқдан, маҳаллий раҳбарлар талон-торож этсалар, иккинчи ёқдан, хориждаги ишберувчилар емирардилар. Тақдирга эътиборсизлик раҳбарларни вазифасини суистеъмол этишга ундарди. Натижада, улар хорижлик ишберувчилар билан тил бириктирардилар, фуқароларни ҳамжиҳатликда талардилар. Икки томон келишиб, маблағларни ўзлаштиргани сабаб, на давлат, на халқ манфаат кўрарди.

Халқнинг тақдирига лоқайдлиги, ўткинчи ҳой-ҳавасларга ўралашиб, келажагини унутиб қўйгани хусусида, Баҳром Москвага борганда, руслардан бир латифа эшитганди. Биринчи бор эшитганда, жаҳли чиққан бўлса ҳам, йиллар ўтиб, латифа замиридан ниманидир қидирган одам, ўзи учун фойдали нарса топишига у амин бўлди. Айтилишича, ўзга сайёраликлар ер юзини босиб оладилар. Ер юзидаги барча миллатлар сарватлари учун жон-жаҳдлари билан қарши жангга кирадилар. Бизникилар эса, тамоман бепарво эдилар. Улфатлар соя-салқиндаги чойхоналарда гаштак ердилар, “Баҳор” рақс дастаси ўзга сайёраликларга миллий рақсларни намойиш этардилар. Ғилминдижон Якубовский “Тикилиб-тикилиб қарайсан, хумор кўзларингни қадайсан”, қўшиғини айтиб, хониш тортарди, Хашум ғижжак кал бошини чайқаб, қошини қоқарди, Меризў қизиқ қорнини ушлаб, кетини силкитарди. Валидўл унинг думининг тагини ҳидлар, қолганлар эса, “ўзбекнинг миллий ифтихори, пахта увол бўлмасин”, дея, ердан бош кўтармасдилар. Иттифоқда, Гарбачўпдан кейин, ўзини президент деб эълон этган Ўзбекистон компартиясини биринчи котиби, карнай-сурнайлар садоси остида, шоҳи-атлас кийган қизларга нон-туз опичлатиб, оппоқ соқоли кўксига тушган чоллар билан ўзга сайёраликлар хизматида. Телевизир ва радиода оламшумул меҳмоннавозлик хусусида узлуксиз кўрсатувлар берилади. Ўзбекнинг ғаройиб дастурхонини чуқур эътироф этган ўзга сайёраликлар сўзларини Нувраз Рўзаев, Қоссиқ Мазам ва Нурғидин Ғайруллаев каби ёш-яланглар матбуотдан оламга достон этадилар. Қолган сухандонлар ҳар ярим соатда телевидение дастурларида “эътироф”ни ўқиб, эшиттириб турадилар. Ўнта сайёрани босиб олган ўзга сайёраликлар Ер куррасида ғалати воқеа-ҳодисалар гувоҳи бўладилар. Қаршилик кўрсатиш ўрнига, ялтоқланаётган рақибни кўргач, уларда жанг этиш иштиёқи сўнади, бошлари қотгач, ғаройиб чора қўлламоқчи бўладилар. Шояд, ўзбекнинг ғазаби қўзиса, дея умид этадилар. Хуллас, ўттиз милёнли халқни Мустақиллик майдонига тўплаб, “Эртага шу пайтда майдонда йиғиласизлар, ҳаммаларингизни дорга тортамиз”, дейдилар. Халқ қўли кўксида, бошини хам этиб тураверади. Эгилган бошни қилич кесмайди, деганларидек, эгилган бошни дор ҳам сиқмайди, деб ўйлайдиларми?! Ҳар не бўлганда ҳам, бу ёғи Ўзига аён. Ўзга сайёраликлар чақириғи бир неча марта янграгач, вазият тарозисининг қайси палласи босишини ҳисоблаган президент ўртага отилиб чиқади. Ичларида битта тириги бор экан, деб ўйлаган ўзга сайёраликлар:

– Нима демоқчисан, гапир?! – деб, ундан муддаосини сўрасалар, у:

– Йигирма тўққиз милён тўққиз юз тўқсон тўққиз минг тўққиз юз тўқсон тўққизта одамни осиш учун Тошкент шаҳри омборхоналаридаги арқонлар етарлими? Ёки вилоятлардан арқон йиғдиришга фармони олий берайинми? – дея сўрайди…

 Очиқ турган эшикдан тўлароқдан келган, ўрта ёшдан каттароқ, олтин гардишли кўзойнак таққан киши кирди. Орқасида ширкат юристи Абдинаби билан Нозима Мунис бор эди. Охирда хонага кирган Зоҳид, ичкаридан эшикни тортиб ёпти.

Баҳром тепасига келган одамнинг авзойини кўриб, унинг нимадандир феъли айниганини англади.

– Мен ширкат бошлиғи Саидмат Сотти Қўйтопарович бўламан! – деди у. – Қанча саволингиз бўлса, мендан сўрайверинг, яхши йигит!

Гап нимадалигини англаган Баҳром:

– Менинг ҳеч қандай саволим йўқ. Сиз мени ким биландир, адаштиряпсиз! – деди ўзини гўликка солиб.

Унинг анойилардан эмаслигини фаҳмлаган Саидмат Сотти:

– Адаштираётганим йўқ, нима гаплигини иккаламиз ҳам яхши билиб турипмиз. Сичқон-мушук ўйинини ёмон кўраман! – деркан, пинагини бузмаган Баҳром:

– Билсангиз, гапни чувалаштириб, нима қиласиз? Чўзмасдан, муддаонгизни айтаверинг! – деди.

Унинг бир чўқишда шохини синдираман, деб келган Саидмат Соттининг усули иш бермагач, очиқчасига:

– Нима учун ширкат ичига кириб, бузғунчилик билан шуғулланяпсиз? – деб сўради.

Шунга ўхшаш гап чиқишини кутган Баҳром:

– Бузғунчилик?! Қанақа бузғунчилик?! Барча сингари ширкат ходимидан, ўзимни қизиқтирган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдим! – деди ҳайрон бўлиб.

– Шунча дардингиз бор экан, домулламиздан сўрасангиз бўларди! – деган Саидмат Сотти чўнтагидан рўмолча чиқариб, юзлари терини артти.

Орқароқда турган Нозима Мунис, юзимни шувут қилдинг, дегандай, Баҳромга ғалати боқарди.

– Заҳматкаш ва жабрдийда халқимизга нафимиз тегсин, деб савоб ишга қўл урсак, муаммо ясайдилар! – деди у ниҳоят, ўзини оғир-босиқ карвондай тутиб. – Ниятимизни англаган ҳукуматимиз, бизни тўғри тушуниб, хайирли ишга йўл очганда ҳам, ғилдиракка таёқ тиқмоқчи бўладиганлар топилади.

– Ғилдиракка таёқ тиқадиган даражада мен кучли одам эмасман! – деди Баҳром жавобан. – Ҳукумат йўл очган экан, ширкатнинг қўрқадиган жойи бўлиши мумкин эмас. Меъёрий ҳужжатлар жойида бўлса, фаолиятга биров монелик кўрсатолмайди. Мен Русия ва Қозоғистонда, тирикчилик юзасидан жуда кўп бўламан, ёлғонларга учиб, у ёқларга иш излаб борган юз минглаган одамлар аҳволи ночорлигини яхши биламан. Уларни на ортларида қолган мамлакатлари, на авраб, олиб борганлар ҳимоя эта оладилар. Эркак-аёлларимиз, ёш йигит-қизларимиз ноқулай шароитларда, арзимаган чойчақани деб қулликка тушадилар, соғликларини йўқотадилар, ўлиб кетадилар. Асрлар бўйи бир-биримизни сотиб яшай олмаймиз-ку. Ҳар нарсанинг ҳам чек-чегараси бўлиши керак. Шундай бўлгач, таклиф этилаётган ишнинг шартлари билан танишиб чиқсам, бунинг нимаси ёмон?

– Укам, сизнинг ниятингиз ёмонга ўхшамайди!

Саидмат Соттининг оғзидан чиққан бу сўзлар атрофидагилар бошига гурзи билан ургандай бўлди. Бошлиқлари фикри, кутулмаганда, тескари айланиб, уч ходим бақрайиб қолди.

– Мақсадимиз бир жабҳага йўналтирилганга ўхшаяпти. Ортимдан юринг, бафуржа гаплашиб оламиз!

У шундай деркан, орқасига қайрилиб, қайси суръатларда кириб келган бўлса, эшикни очиб, шу суръатларда хонадан чиқди.

Ўзига келган Нозима Мунис Баҳромга:

– Қани юринг! – дея йўл бошлади.

Бошлиқ хонаси анчайин кенг эди. Қимматбаҳо мебеллар ва юмшоқ креслоларнинг ҳаддан кўплиги хонани ишхонадан кўра, валақлашиб, ҳордиқ чиқарадиган қаҳвахонага кўпроқ ўхшатганди. Ойнакли хонтахта устида териб қўйилган турли ичимликлар, деворда осиқлик ёдгорликлар, оёқ остига тўшалган қимматбаҳо гиламлар ишчанлик майли ўрнида, шаҳватни қўзғарди. Бундай вазиятда ишратпарастликка мойиллик қатъиятни қурдек кемириб, мақсаддан чалғитгани каби режаларни пораканда этиб, қалбдаги жўшқин меҳнат иштиёқини сўндирарди.

Пахтагулли пиёлага сув қуяётган Саидмат Сотти рўпарасидан Баҳромга жой кўрсатди. Сўнгра бир кўтаришда сувни сипқориб:

– Дунёда сувдан ҳам роҳатбахш нарса бормикан ўзи?! – деди Нозима Мунисга қайрилиб. – Домлажон, нима учун тикка турипсиз, ўтиринг!

У “домлажон” деганда, устозидан бир умр қарздор талаба сингари унга меҳр билан термулди. Аслида, у устозидан ёши улуғроқ кўринарди. Мулозаматида ясамалик уфуриб турган бўлсаям, бу Нозима Мунисга ёғдай ёқти. Мавқеини мустаҳкамлаш учун у қўлидан иш келадиган кимсаларни атрофида жипслаштираётган бир пайтда, барисини яққол ҳис этиб турган Нозима Мунис, эри Қайим гаранг кўкка совурган дунёсини қайта тиклаш илинжида эди. Ёши бир жойга борганда, диплом олиш учун сиртдан ўқиган шогирди, хушомад кўрсатмаганда ҳам, у хафа бўлмасди. Чунки унинг ҳам ўз режаси борга ўхшарди. Бу каби содда муғамбирликлар замирини Баҳром, чекинишга ортда йўл қолмаганда англашини ҳозир тушунганда эди…

Муздай сувдан симириб, сабрбости бўлган Саидмат Сотти:

– Домлажон, шундақанги халқпарвар йигитлар бор экан, аввалроқ олиб келмайсизми? – деди унга ўпкалагандек боқиб. Бояги кўнгилсизликларни унинг унутганига бир неча йиллар бўлганга ўхшарди. – Йигитларимизнинг ғайрат-шижоатидан юрт фаровонлиги йўлида фойдалансак, ҳам ўзимизга, ҳам ўзлари учун нур устига аъло нур бўларди.

Вазият оқимини топган Нозима Мунис ҳам, бирпасда ўнғайсизликдан чиқиб:

– Худосини эшитдиларингиз-у, бердисини айтамиз, десак, оғиз очишга қўймаяпсизлар-ку! – деди.

Унинг бу гапи ҳақиқатан Саидмат Соттига ёқтими ёки навбатдаги тилёғламачилик учунми, у:

– Домлажон, жойида гапни топиб гапиришингизга беш кетаман-де. Эркак бўлиб туғилганингизда, довруқ солиб юрган кўп эркаклар қаршингизда бош кўтара олмасди! – деди.

– Эркак бўлиб туғилмаганимга шукур! – деди у ҳам. – Янги ўзбекларга ўхшаб, уй-рўзғор ишлари билан ўзим шуғулланиб, хотинимнинг шаҳарма-шаҳар, кўчама-кўча юришига тоқат қилолмасдим.

– Домлажон, тилингиз заҳар! Аммо, афсусларким, айтганларингиз чин-ҳақиқат. Шу учун ҳам бошимизни кундага қўйиб, эл-юрт фаровонлиги йўлида белимизни етти жойидан бўғиб боғладик. Ўзбек эркаклари ҳам ота-боболари каби ишлаб, пул топиб, бола-чақаларини боқадиган кунлар келар!

Саидмат Сотти бу сўзлари билан амалга ошираётган ишлари кони савоблигига шама этаётганди.

Баҳромнинг кўнглини аввалида қора булутлар қоплаб, кейин ёришгандай бўлди. Аммо кўнгли хижиллиги батамом аримади. У қонунларнинг фуқароларга чет элларга чиқиб ишлаб келишлари учун йўл очганига ишонмасди. Ҳукумат барча нарсаларни чегаралаб, назорат остида тутишга урингани каби, бу масалада ҳам жиловни қўлдан бермасди. Саидмат Соттининг эътирофи чин бўлса, бу авторитар сиёсат ўзгаргани дараги эди. Сунъий равишда вужудга келган муз тоғлари эрирди, фуқаролар дунёга юз тутардилар. Аммо бундай бўлиши асло мумкин эмасди. Ертўладаги ҳожатхона фарроши президентнинг ғойибона ишораси билан ишга тайинланадиган мамлакатда яккаҳокимликка осонлик билан барҳам бериб бўлмасди. Рўшноликка эришиш учун вазият, фуқаролардан маърифатни, оғир-босиқликни, сабот ва собитқадамликни, жоиз бўлганда, қон тўкишни талаб этарди. Миллат ҳақ-ҳуқуқини қўлга киритиши учун тоғ кўчкиси сингари кўчишга шайлигини ҳукумат ҳис этиб туриши лозим эди. Бу каби сифатларга эга бўлмаган миллатга мамлакат сарҳадлари очилмасди. Очилса, биқиқликдан чиққан фуқаро, ўзга халқлар турмуш тарзини, қиёфасини кўриб, ранг оларди. Ватанига кўзи очилиб қайтарди.

Саидмат Соттининг ҳамкорликда ишлаш таклифига Баҳром шу учун:

– Бир-икки кун ўйлаб, кейин жавоб берсам, бўладими? – деди.

– Албатта! – деди у. – Сизга ҳазилакам таклифни бераётганим йўқ. Масъулиятни ҳис этадиган кимса учун бу жуда катта иш.

Нозима Мунис, Баҳромнинг киракашман, деб ўзини алдаганини билганида, индамади. Саидмат Сотти:

– Ўзга юртда подшо бўлгандан, ўз юртингда гадо бўл, деган халқ мақоли бор! – деганда:

– Ҳар кимнинг таъби ҳар хил бўлади, ўйлаб кўрсин, жавобини кейин айтар! – деди.

Баҳром Нозима Мунисни олиб, ортига қайтаркан, Саидмат Соттининг кўрсатган ҳужжатлари кўз олдида турарди.

У бир даста қоғозни стол устига ташлаб:

Излаган саволларингизга жавоб топишингиз мумкин! – деганда, у:

– Саидмат Сотти ака, ходимингизга ширкатни тафтиш этиш учун саволлар бермадим. Оддий фуқаро сифатида муҳим жиҳатларни билмоқчи бўлдим. Мени бошқача тушундингиз, шекилли! – деди.

– Тўғри тушундим! – деди у. – Ширкатни тегишли идоралардан ташқари, бирор ташкилот ёки шахснинг тафтиш этишига ҳаққи йўқлигини кўпчилик билади. Менинг мақсадим, ватан ва миллат учун жонини жабборга берадиган йигитлар билан бақамти ишлаш. Шу учун ишимиз қонунийлигини англаб олинг, дея ҳужжатларни кўрсатяпман. Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.

 Қонунларнинг бир муштумзўрчалик кучи йўқ мамлакатда қоғозлар ҳеч нимани англатмасди. Жиддий иш бошлаган одам орқасида отамонлардан ёки казо-казолардан бири тирковуч бўлиши лозим эди. “Ўзбек модели” ҳар бир фуқаро думини хавфсизлик ташкилотлари қўлига ушлатганди. Ўзларича иш кўрмоқчи бўлганлар тумшуғидан илинардилар.

Баҳром Нозима Мунисни уйи олдида, машинадан  тушириб, орқасига қайрилгач, Нозима Мунис:

– Эрталаб соат тўққиздан кечикманг, укажон! – деди.

Бугунги ишлардан хурсандлиги унинг юз-кўзларидан билиниб турарди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар