Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Рустам Азимов ва Шуҳрат Ғуломовнинг август югур-югурлари ҳақида

Усмон Ҳақназаров: Рустам Азимов ва Шуҳрат Ғуломовнинг август югур-югурлари ҳақида
11 Ağustos 2017 - 20:49 'да юкланди ва 4604 марта ўқилди.

Яқинда Ислом Каримов вафотига бир йил тўлади. Ўтган йил август ойининг сўнгги кунлари фақатгина ўзбек диктаторининг дафъатан инсулт бўлиши ва ўлими билангина эмас, балки бўшаб қолган Ўзбекистон президентлиги курсисига эга бўлишни жуда ҳам истаган баъзи ўзбек амалдорларининг хирсли ҳаракатлари билан ҳам эсда қолди. Шундай қилиб…

Рустам Азимовнинг АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига қилган махфий ташрифи

28 август, Ислом Каримов инсултга учрашининг эртаси куни, ўша пайтдаги республика Молия вазири Рустам Азимов Тошкентдаги ўз алоқалари орқали АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Памела Спратлен билан махфий учрашишга эришди.

Учрашув давомида Рустам Азимов чет эллик дипломатга, Ислом Каримовнинг тирик қолиш имкони жуда камлигини, бу ҳақда фақатгина Бокерия  [Лео Бокерия, Тошкентга 27 август куни зудлик билан етиб келган Россиялик врач – У.Ҳ.] эмас, балки маҳаллий врачлар ҳам айтаётганини маълум қилган.

Ушбу гапларидан сўнг Азимов ўз ташрифининг асосий мақсадига ўтган. “Кечаги кундан буён Бош вазир Мирзиёев ва МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ҳокимият учун фаол курашни бошлашди. Мирзиёев Москвага суянмоқда, Ғуломов эса – Иноятовга. Бу вазиятда менга Америка ҳукуматининг сиёсий қўллаб-қувватлови керак”, дея очиқ айтган Р. Азимов.

Кутилмаган илтимосга Памела Спратлен, “Демократик Америка ҳар қандай демократик фикрловчи номзодни, фақатгина президентлик сайловлари вақтида қўллаб-қувватлаши мумкинлигини, шундай экан президентликка номзодингизни қўйинг ва балки омад сиз тарафда бўлади”, дея дипломатик равишда жавоб берган.

Бундай жавобни эшитган Рустам  Азимов, “Ахир сиз биласиз, бизда сайловларда адолатли ғалаба қозониш имконияти йўқ, чунки адолатли сайловлар ва президентликка номзодни қўйиш имконияти йўқ”, деган. Америкалик дипломат Ўзбекистон Молия вазирининг ғамгин баёнотига жавобан фақатгина елкасини қисиб қўйган.

Ушбу йилнинг бошида Рустам Азимов МХХнинг республика девонида ҳорижий дипломатик корпусга қилган рухсатсиз ташрифи ва америка дипломатига махфий маълумотни бериш юзасидан кўрсатма берган. “Суҳбат”дан сўнг МХХ терговчилари Азимовдан Ўзбекистон паспортини ва республика ҳудудидан чиқмаслик ҳақида тилхат ёздириб олишган.

Азимовнинг Америка элчихонасига қилган ташрифи ҳақидаги маълумотни ўзбек махсус хизматлари ўз кучлари билан қўлга киритишган. Ўзбек Молия вазирининг Америка элчиси билан суҳбати тафсилотларини эса махсус хизматлар Лубянкадан олишган.

Шуни таъкидлаш керакки, ўтган йилнинг август ойи охирида Рустам Азимов Оқ уй қўллаб-қувватловини истаган ягона юқори мартабали ўзбек амалдори эмасди. Шундай қилиб…

Шуҳрат Ғуломовнинг август югур-югурлари ҳақида

Ўша пайтдаги МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ҳам Вашингтон қўллаб-қувватлашидан умидвор бўлган. У ўз мақсадига эришиш йўлида, биринчи навбатда, АҚШда Ўзбекистон элчиси бўлиб ишлаётган акаси, Бахтиёр Ғуломовни ишга солади.

Ғуломовлар ҳам океан ортидан сиёсий қўллаб-қувватлашни кутишган эди. Ака-укаларнинг асосий важлари, проамерикачи Ислом Каримов проамерикачи Шуҳрат Ғуломовни ўзининг сиёсий вориси сифатида оммавий тарзда эълон қилишни мўлжаллагани эди.

“Афсуски, Ислом Абдуғаниевич бундай баёнот қилишга улгурмади”, дея ғамга ботади Бахтиёр Ғуломов ўтган йилнинг сентябр ойи бошларида, Вашингтондаги АҚШ давлат департаменти вакили билан учрашув чоғида.

Ғуломовлар Америка ҳукуматидан фақатгина бир нарсани исташганди: Президентлик сайловларига Шуҳрат Ғуломовнинг номзодини қўйишни таъминланишини. Ҳақиқатдан ҳам, миллиардер Шуҳрат Ғуломовнинг ғалабаси учун шунинг ўзи етарли эди.

Аммо, ўша пайтда фақатгина ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларини ўтказишга тайёргарлик кўраётган Америка ҳукумати, “майда Ўрта Осиё республикаси”да ўз одамларини қўллаб-қувватлашни лозим топишмади.  Давлат департаменти вакиллари, бундай тезкор ва катта сиёсий қадамлар қўйишга вақт йўқлигини айтишади. Шундан сўнг Шуҳрат Ғуломов бу ишга Америка масонларини жалб қилишга қарор қилади.

Америка масонлари билан алоқага чиқиш учун Шуҳрат Ғуломов наркобизнес бўйича ўзининг Қирғизистонлик ҳамкори Хурсант Асанов ва Бишкеклик “чекист” дўстларига ёрдам сўраб мурожаат қилади. Шундай қилиб…

Бишкек, Шуҳрат Ғуломовни ФЕТО (Туркия ҳукумати томонидан террорчиликда айбланган, Фатҳуллоҳ Гулан бошчилигидаги ташкилот) ва АҚШнинг ноқонуний ташкилотларини боғловчи кўприк

Аввало шуни айтиш керакки, Шуҳрат Ғуломов расмий Бишкекнинг ФЕТО – Америка масонларининг юраги бўлган Пенсилванияда яшайдиган ва дунё масонларининг маҳаллий бўлими томонидан ҳомийлик қилинадиган Туркиялик илоҳиётчи Фатҳуллоҳ Гулан билан махфий алоқалари ҳақида яхши хабардор.

Биз ушбу алоқалар ҳақида билмайдиганлар учун кичик чекиниш қилишга қарор қилдик. Аввало шуни айтиш керакки, Қирғизистон президенти Олмосбек Отамбоев ўз лавозимида фақатгина ФЕТОнинг молиявий ва сиёсий қўллаб-қувватлаши эвазига ўтирибди. Ҳукумат тепасига Кремлнинг қўллаб-қувватлаши, шунингдек Қирғизистондаги антиўзбек шовинизми ва геноцидини ташкил қилиши эвазига келган Отамбоев, бугун Москвадан юз ўгирди ва тўлалигича Пенсилванияга юзланди.

Ушбу йўналишга мувофиқ, Отамбоев ҳаттоки, қирғиз президентидан Қирғизистондаги Гулан лицейлари ва бошқа ташкилотларини ёпишни сўраган Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдўғонга ҳам қарши чиқди.

Отамбоев “жасурлиги” шу даражага етдики, унинг қилмишларининг адоғи қўринмай қолди.  У фақатгина 2010 йилги Қирғизистон ўзбекларини ўлдиришни ташкил қилишга масъул бўлибгина қолмай, шунингдек қирғиз халқига қарши катта молиявий жиноятлар уюштиргани ҳам унинг виждонига ҳавола. У ўз қирғиз халқини ўмаришни, ҳали давлат раҳбари бўлишидан анча олдин бошлаган.

Отамбоев ҳали Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси котиби ёрдамчиси бўлиб ишлаган вақтида, уюшма эҳтиёжлари учун ажратилган 50 миллион АҚШ долларини ўзлаштириб олган. Бу маблағга Отамбоев Бишкекдаги “Автомаш” заводини сотиб олган. Шу тариқа ушбу 50 миллион Отамбоевнинг катта бизнесдаги бошланғич капитали ва биринчи қадами бўлган.

Ҳозирда у шу даражада бойидики, натижада нафақат Қирғизистонда, балки бошқа ҳорижий мамлакатларда ҳам йирик бизнес-тузилмаларга эга. Хусусан, Туркияда Олмосбек Отамбоевнинг фарзандлари ва куёви номига рўйхатдан ўтказилган қатор меҳмонхоналар, дўконлар ва заводлар иш юритмоқда. Ажабланарлиси шундаки, Туркия ҳукумати турк ҳукуматининг душмани ва ФЕТОнинг Ўрта Осиёдаги дўстининг турк бизнесига ҳотиржам муносабатдалар.

Буларнинг барчаси ҳақида Шуҳрат Ғуломов ҳам билган. Шу сабабдан ўтган йилнинг сентябр-октябр ойларида у ўзининг сиёсий мақсадларига эришиш учун ФЕТО ва масон алоқаларини ишга солишга қарор қилади. Бунинг учун Шуҳрат Ғуломов нафақат қирғиз генерали Хурсант Асановни, балки қирғиз махсус хизматлари раҳбарларини ҳам жалб қилади.

Хусусан, Ғуломов МХҚ контрразведка раҳбари ўринбосари Каптагаевга ўзининг сиёсий манфаатларини Фатҳуллоҳ Гулан ва АҚШ масонлари олдида баён қилиши учун ярим миллион доллар ваъда қилган. “Хўжа-афандига (Фатҳуллоҳ Гулан – У.Ҳ.) етказинг, агар мен ҳукумат тепасига келсам, бутун Ўзбекистон бўйлаб Гулан лицейларини очаман”, дея сўз берган, 15 йил аввал ушбу лицейларнинг ёпилишида фаол иштирок этган Шуҳрат Ғуломов.

Ўзининг қирғиз “чекист” ҳамкасблари ва наркобизнес бўйича ҳамкорларини ишонтириш учун, ўтган йилнинг октябр ойида Шуҳрат Ғуломов улардан 80 миллион долларлик героин ва Россия қуролларини сотиб олган. Айнан ўша вақтда Қирғизистонда ҳарбий омборлардан Россия қуроллари йўқолиши  билан боғлиқ жанжал юзага келган эди.

Аммо Ғуломовнинг ушбу урунишлари кутилган натижаларни келтирмади, чунки на ФЕТО вакиллари ва на Гуланнинг ўзининг атрофидагилар ўзбек махсус хизматлари генералига жавоб беришмади.

Шуҳрат Ғуломов шахсий тажрибасида жуда ҳам кеч қолганини англади. Сиёсатда ҳал қилувчи аҳамиятга фақатгина 149 миллиард доллар эмас, балки одамлар ресурси, тарафдорлар сони, доимий алоқалар, бошқа сиёсий кучлар билан яқин иттифоқлар ҳам муҳим ўрин касб этиш аниқ бўлиб қолди.

Ўтган йилнинг сентябр ойидаёқ Ўзбекистоннинг барча сиёсий элитасига республиканинг навбатдаги президенти, Москванинг қўллаб-қувватлаши билан Шавкат Мирзиёев бўлиши аён эди.

Азимов ва Ғуломовга молиявий тарафдан яққол ютқазадиган Мирзиёев, ўзининг махфий рақибларини айнан яқин алоқалар ва иттифоқлар, шунингдек ўзвақтида ва ўйлаб йўлга қўйилган информацион сиёсат қисмида ортда қолдирди. Шундай қилиб…

Владимир Путиннинг ўтган йилнинг 31 август кунги Тошкентга қилган яширин сафари ҳақида

2016 йилнинг 30 август куни, Москвадан учиб келган Россия Федерацияси президенти Владимир Путин учоғи, Кўксарой президент резиденцияси яқинида жойлашган Тузел ҳарбий аэродромига келиб қўнди. Россия раҳбари у ердан тўғри Кўксаройга йўл олди. У ерда уни Россия Федерацияси элчиси Владимир Тюрденев, ўзбек-рус олигархи Алишер Усмонов, Ўзбекистон президенти маъмурияти раҳбари Зелимхон Хайдаров, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва МХХ раиси Рустам Иноятов кутиб олади.

Каримов вафот этган эди.

МХХ раиси Рустам Ингоятовдан ташқари барча президентлик лавозимининг Шавкат Мирзиёевга берилиши тарафдори эди. Фақатгина ўзбек махсус хизматлари раҳбари Каримовнинг ўрнига Шуҳрат Ғуломов келишини истаётган эди.

Рустам Иноятов фикрини эшитган Россия президенти, Иноятов томонидан илгари сурилаётган номзод (Шуҳрат Ғуломов – У.Ҳ.) билан на Назарбоев, на Раҳмон, на Отамбоев ва на унинг ўзи ишлашни хоҳлашмаётганини, чунки Ғуломов Ғарб махсус хизматлари билан биргаликда Европа Иттифоқи мамлакатларига афғон наркотикларини етказиб беришга алоқадорлигини айтган.

“Бизга Шавкат Миромонович билан ишлаш қулайроқ”, деб гапини тугатган Путин ва барча уни маъқуллагандек бўлган.

Ўзбек амалдорларнинг Россия президенти билан ушбу учрашуви бор йўғи 35-40 дақиқа давом этган. Шундан сўнг Владимир Путин Иккинчи Шарқий иқтисодий форумда иштирок этиш учун Владивостокка учиб кетган.

Айнан шу Дўрмондаги (Кўксарой президент резиденцияси) учрашувда, Иноятов томонидан қўйилган сенатор Ниғматилло Йўлдошев “ўз ҳоҳиши” билан вақтинчалик Ўзбекистон президенти вазифасини бажариш ваколатидан воз кечиши ва ушбу вазифани Бош вазир Шавкат Мирзиёевга топшириши ҳал қилинган эди.

Ва ўтган йилнинг 8 сентябр куни Ниғматилло Йўлдошев ўзининг конституцивий мажбуриятларидан воз кечган эди. Шу тариқа Рустам Иноятовнинг Шуҳрат Ғуломов ҳукумат тепасига келгунга қадар Ниғматилло Йўлдошевдан вақтинча раҳбар сифатида фойдаланиш фикри амалга оширилмай қолди. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

Ҳозир, АҚШ Кремлга нисбатан янги ва янада қатъий чекловларни эълон қилган бир пайтда, Иноятов ва Азимов Путиннинг Россия президентлиги лавозимидан ўз ҳоҳиши билан кетишини ёки ағдарилишини кутар эканлар, руҳан енгил тортишди.

Воқеаларнинг бундай ривож топиши, бой берилган фурсатни қайтариш ва ўтган сентябрга қадар имкониятлари етарлича баҳоланмаган ва Ўзбекистондаги сиёсий ҳокимият учун курашда пиёда дея ҳисобланган Шавкат Мирзиёевни “ўрнига қўйиш” умидини беради.

Фикримизча, бундай ҳолатда Шавкат Мирзиёев ичкисиёсий аренадаги кераксиз унсурларни (Рустам Иноятов, Ботир Парпиев ва Рустам Иноятов) бартараф қилишни ортга сурмаслиги керак.

Такрорлаймиз: Сиёсат қатъиятсизлик ва чала қадамларни кечирмайди!

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
11.08.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар