Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бу бутун миллатга теккан касаллик эди

Бу бутун миллатга теккан касаллик эди
12 Ağustos 2017 - 12:54 'да юкланди ва 648 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

2-қисм

Иккинчи боб

Ярим тунгача ухлай олмасдан тўшагида тўлғониб чиққан Баҳром азон овозидан уйғонди. Ёнида хотини йўқлигини кўргач, туриб, таҳорат олгани чиқди. Катта хонада чироқ ёнгани ўғиллари жойнамоз устида уни кутаётганидан дарак берарди. Кичик хонада хотини билан қизи ҳам ибодатга чоғланардилар. У хотини қистови билан уйғонмагач, кенжа ўғлини атайлаб, баланд овозда азон айтаётганини тушунди. Эринчоқлик этган маҳаллари, хотини шундай йўл тутарди. Таҳорат олишга кирмагунча, ўғли тинмасдан азон айтаверарди.

У намозини адо этгач, руҳияти енгил тортиб, тўшагига чўзилди. Етти-саккиз соат уйқу у учун меъёр эди. У бошқаларга ўхшаб, кундузлари ухлашни ёқтирмасди. Ёзнинг жазирамасида ҳам, кундуз кунлари ухламасликка тиришарди. Аксар ижодкорлар каби тунлари ижодга ҳам унамасди. Неки этса, қуёш чиққунидан ботгунича амалга оширарди. Бу одат унга болалигидан сингдирилганди. Кечанинг иши ҳаром, деган ақида таъсириданми ёки табиати шунақамиди, унинг ўзи ҳам билмасди. Хотинининг таъби эса бошқачароқ эди. У тоат-ибодатдан кейиндиний китобларни мутолаа этишни хуш кўрарди. Нонуштани якунлаб, болаларни мактабга жўнатарди. Кейин чошгоҳгача ухларди. Гоҳо кечалари уйғониб, уй юмушлари билан куймаланадиган одати ҳам бор эди. Тун билан куннинг у учун унча ҳам тафовути йўқ эди.

У ёстиққа бош қўяркан, табиатига хилоф тарзда ухлолмади. Қуёш ётоғидан бош кўтаргунча хаёлланиб ётти. У бир қарорга келгач, баъзи бировларга ўхшаб, тўғри эттимми ёки нотўғри, деб тараддудланмасди. Айниқса,ватан, эл-юрт, мамлакат фаровонлиги йўлида жонбозлик кўрсатишни фуқоролик бурчи, келажак пойдевори деб биларди. Шу йўл билан болаларига олижаноблик кўрсатмоқчи бўларди. Кўпчилик бу каби хислатлардан мосуво бўлгани учун ҳам эл-юрт, асрлар асносида, талафот кўраётганини яхши англарди. Одамлар тузум яроқсизлигини билиб турсалар-да, баҳоли қудрат, муаммони тузатишга интилмасдилар. Иқтидордаги ҳукумат бунга йўл бермагани баробарида, фуқаро нафрати енгил-елпи ва ўткунчи эди. Фуқаролар мукаммаллик сари тиришганларида эди, тузум ҳам шакалланишдан тўхтамасди. Тўғри муносабат, аслида, тараққиёт негизи бўлиб, Саидмат Сотти айтган сўзлар чин бўлса, Баҳром у билан ҳамкорликка тайёр эди.

Хотинининг ўрни одатдагидай бўш эди. Деразадан тушаётган симёғочдаги чироқ ёғдуси деворда ўйнарди. Бўлак, жонсиз нарсалар каби ёғдунинг ҳам унинг хаёллари билан иши йўқ эди. Тоат-ибодатни канда этмайдиган хотини атрофидаги ҳиссиз, туйғусиз ҳар бир буюм каби замон зайли билан сиртдан бўлсин, келишиб яшашни хушларди. Асрлар бўйи миллат қонига синган турғун ҳаёт унинг ҳам тиш-тирноғигача ботганди. Мустабидларраъйига қараб бошқариладиган ҳаётни у жонидан афзал кўрарди. Тепасида турган кимса уни шахс сифатида қизиқтирмасди, у шахс, қиёфа нималигини билмасди, ўйлаб ҳам кўрмасди. Дунёда, у яшаб турган жамиятдан ташқарида турли-туман жамиятлар мавжудлиги, тузумлар борлиги унга ноаён эди. Ҳаёт аввал бошдан шундай яратилган деган ақида унинг миясида қотиб қолганди.

У кўзлари билан кўриб, қўллари билан ушлаганнарсаларига ишонарди, “қорнимиз тўқ, эгнимиз бут бўлса, бизга яна нима керак”, дегандан бошқасини хаёлидан ҳайдарди. Телевизирдан ёлғон-яшриқ, бир ёқлама кўрсатувларни кўргач, жойнамоз устида, ўлкадаги “тинчлик-осойишталик” ва “тўкин-сочин ҳаёт” учун президентни алқарди. Эри олти ой Олматага бориб ишламаса, бир бурда нонга пул топа олмаслигини хаёлига ҳам келтирмасди. Баҳром хотини қиёфасида жума намозида маъруза ўқиётган аксар имомларни кўзи олдига келтирар, умрида бир марта диний раҳнамо билан учрашмаган хотинининг кўз қараши ва муносабатидаги ҳамжиҳатликдан ёқа ушларди.

Ислом, содда қилиб айтганда – тафаккур орқали ўзликни тинмасдан излашдан ва дунё тилсимларини кашф этишдан иборат эди. Барчасининг замирида ўз-ўзини енгиш учун кураш ётарди. Ўзни енгиш – ўзликни топиш учун эди, ўзликни топишдан ният – Тангрига етишиш, руҳий ҳурлик – озодлик эди. Бу жиҳод, риёзат дегани эди. Барчаси учун сиёсат зарур эди. Натижада, ориф жамият, адолатли тузум вужудга келарди. Ислом динининг умуртқаси адолатдан тикланган, адолат мезони бузилган нуқтада, исломда ҳамма нарса бузилади. Адолат – куч-қудрат дегани, куч-қудрат – қадр-қиммат, ор-номус, умрибоқийлик дегани эди. Фаровонлик, илм-фан, ҳунарпешалик, ижод ва меҳнат, санъат, маърифат дегани эди…

Муккасидан кетган хотини аксар мулло-эшонлар, имомлар сингари билмагани ҳолида исломга қарши ҳаракатланарди. У шакл бандаси эди, маъно-мазмун уни қизиқтирмасди. Муаммо шунда эди. Данак ичида мағиз бўлмаса, ниҳол униб чиқмаслигини ўйлаб кўрмасди. “Ичиндаги ичиндадир”, деган иборани тушунмасди, жонсиз шаклнинг қуруқ бир соя эканлигини сезмасди. Эътиқодига душман эди. Бу бутун миллатга теккан касаллик эди, Туркистон кўксига отилган ўқ эди. Вабо эди, ўлат эди, ҳалокат эди, ҳар бало эди…

Ибодатдан сўнгра манағара бошланарди. Эрининг эътирозига хотин:

–  Мулло-эшонлар, президент сизга нима ёмонлик қилди? – деса, у:

– Исломни бадном этди, миллатни тубанликка бошлади! – дерди. Хотин:

– Ҳар кимсанинг ўзида бўлса, уни ҳеч ким йўлдан уролмайди, деса, бўғилган эр:

– Бор-э, товуқ мия! – дея қўл силтарди.

Бир замон ўтиб, хотинини тиловат этаётган товуши қулоқларига кирганда, у, “эшитмай ҳам, куймай ҳам”, дея, бошига кўрпа тортиб, қулоқларига бармоқларини тиқиб оларди.

Исломни бошига кўтарадиган эрнинг бачкана туюлган қилиғини ҳазм этолмаган хотин, уни ношукур санаб, гоҳо:

– Бизга бундан ортиқ яна нима керак? – деганида, у:

– Эркинлик, озодлик! – деса, хотин:

– Сизнинг қўлингизни ҳеч ким боғлаб қўймаган. Истаган ишингизни қиляпсиз, хоҳлаган жойингизга бориб келяпсиз, шукур қилинг! – дерди. У:

– Бунақада болалар келажаги, мамлакат эртаси нима бўлади?! – деса, хотин:

– Сиз ва бизга ризқ-рўз ато этган Тангри болалар пешонасига ҳам бир нима ёзгандир! – дерди. Жавоб тополмагач, эр:

– Жон хотин, илтимос, гаплашмайлик! – деса, хотин:

– Ундай бўлса, четга чиқиб кетамиз, деб айтмангда. Бугун телевизирда кўрсатди, тўкин-сочин ҳаёт излаб,чет элга кетган бир неча одам ейишга бир бурда нон тополмай, тавбасига таяниб, ватанга қайтиб келипти! – дерди.

Портлагудек бўлган эр:

– Сенда қанақа ватан бор? Ҳуқуқи кафолатланмаган фуқарода ватан бўладими, юрт бўладими, уй-жой бўладими? Сенда овоз бор-йўқлигини биласанми ўзи? Қани, овоз бер-чи, сени ким эшитаркан? Инобатга оладиган ҳуқуқий тизимнинг ўзи йўқ. Овозинг бўлмагач, бу ерда яшадинг нима, хорижда яшадинг нима, тўнка? – дерди.

– Овозим бор, нега йўқ бўларкан. Деразани очиб, бақирсам, ҳамма эшитади. Бироқ бақир-чақир қилишданандиша этаман! – дер эди хотин.

Буни кузатиб турган болалар ҳар сафар мириқиб кулишдан ўзларини тия олмасдилар.

Нозима Мунисни олишга бораётган Баҳром бир кун илгариги одам эмасди. У сайр этиш учун кўчага чиқиб,киракашга айланганди. Орадан бир соат ўтмасдан, шаҳардаги номдор ширкатлардан бирига ҳамкор сифатида ишга таклиф этилганди. Ширкат атрофида, парвоналардек, кун-тун айланадиган баъзи бировлар учун бу ушалмас орзу эди.

Уни Саидмат Сотти ширкатда тенг ҳуқуқли шерикка айлантиришга ваъда берганди. Мазкур ваъдаларга учиб, у бинойидек ишини ташлади, деса, ёлғон бўларди. Чунки давлат тизими рисоладагидек ишлайдиган бўлса, унга ўхшаган милёнлаган ишизловчилар иссиқ жойларини совутмасдан шу ернинг ўзида зарур маблағларни топардилар.

Ҳаракатдаги қонунлар асосида фаолият кўрсатиш учун рухсат берилса, бир-икки ой ичида юзлаган ширкатлар оёққа турарди, элнинг корига ярарди. Милёнлаган инсонлар бу дақиқаларни ўн йиллардан буён кутиб, эгарлаган от сингари имконият пойлардилар. Чиқмаган жондан умид қабилида иш тутган Баҳром омадини синамоқчи эди, холос. Иложи топилса, бола-чақасидан узоққа кетмоқчи эмасди. Тирикчилик асносида юртига ва миллатига хизмат этишни кўзларди, авлодларга ёрқин келажак яратиш сафарбарлигида иштирок этмоқчи эди.

Олдинги ўриндиққа ўтиртган Нозима Мунисни мамнунлиги афти-ангоридан билиниб турарди. Тоторларникига ўхшаш юзида ғайрат жилвалари кезарди.

– Мени айтди, дейсиз, ширкат ишлари шиддат билан ривожланади! – дерди у. – Бошқа ширкатлар нима билан шуғулланишимизни англаб етгунларича, анча масофани босиб ўтган бўламиз. Рақобат йўқлигида қаддимизни ростлаб олсак, биз билан беллашадиганлар топилмайди.

У ҳақиқатан Саидмат Сотти бошлаган ишга жон-дилидан ишонарди, бутун фаолиятини унингтаваккалчилиги билан боғлаганди. Асносида эри бой берган мавқесини тикламоқчи эди. Вилоятларда ширкат шохобчаларини тузиш, унинг чўтича, мислсиз имкониятлар эшигини очарди. Ишизловчилар пойтахтга қатнаб,овора бўлмасдилар. Четдан келганлар учун Тошкентда ўқиб, яшаш катта қийинчиликлар туғдирарди, қимматга тушарди. Улар яшаб турган жойларидаги ўқув марказларини мувафаққиятли тугалласалар, илк келишларида бош идора қошидаги ҳайъатда имтиҳондан ўтиб, навбатдагисида тўғридан-тўғри хорижга жўнардилар.

Ишизловчилар оқими шундай суръатларда давом этса, икки ойга бормасдан ширкат республикада ягона корхонага айланарди. Муаммони олдиндан сезган Саидмат Сотти шунинг учун Нозима Муниснинг қўли билан вилоятларда ширкат шохобчалари очишни кўзларди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар