Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўн бешинчи мўжиза

Ўн бешинчи мўжиза
13 Ağustos 2017 - 8:00 'да юкланди ва 500 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 191
(давоми)

ЎН БЕШИНЧИ МЎЖИЗА

Имом Аҳмад, Имом Насаий ҳазрати Анасдан ривоят қилурлар:

«Мадиналик саҳобалардан бир кишининг ишлатиб юрган туяси бор эди. Бир куни у туянинг хўйи бузилиб, ҳеч бир кимарсани яқинига келтирмайдиган бўлди. Олдидан келган кишига аждарҳодек оғиз очиб, ҳужум қилур эди. Бутун ишлари тўхтаб, тирикчиликдан қолди. Ночор бўлиб у туя эгалари Расулуллоҳга арз қилдилар:

— Ё Расулаллоҳ, ишлатиб турган бир туямиз бор эди, ичишга ва экинларимизга шул туя билан сув ташир эдик. Нима бўлдики, феъли айнаб, яқинига кишини келтирмайдурган бўлиб қолди. Хурмо дарахтларимиз ва бошқа экинларимиз чанқоқликдан қуришга яқинлашди. Буни англаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан туя бор жойга келдилар. Расулуллоҳ туя олдига бормоқчи бўлдилар, анда туя эгалари:

— Ё Расулаллоҳ, бу эрса қутурган итдек бўлмишдур. Сизга ҳужум қилғайму деб қўрқамиз, — дедилар.

— Йўқ, менга ҳужум қилмас, — деб туяга қараб юрдилар.

Туя Расулуллоҳни кўргач, дарҳол келиб олдиларига чўкиб сажда қилди. Ул жонивор ўз ҳолича товушини чиқазиб букуллаб сўзлагандек бўлди.

Анда Расулуллоҳ:

— Бу туя сизлардан шикоят қилур. Кўп ишлатиб оз едирур эмишсиз. Энди эрса, андоғ қилмагайсиз, тўйдириб едиринг, ҳолига қараб ишлатингиз, — дедилар.

Сўнгра туяни тутиб эгасига топшириб эдилар, бурунгидан ҳам ювошроқ бўлиб, ҳеч қандай қаршилик қилмади. Буни кўрган туя эгалари:

— Ё Расулаллоҳ, бу эрса ақли йўқ ҳайвон бўлатуриб сизга сажда қилди. Биз ақллик инсонлар нечукдирким сизга сажда қилмагаймиз, рухсат беринг сизга сажда қилайлик, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

Махлуққа сажда қилмоқ дуруст эмасдур, балки маҳлуқлар ўз ҳолиқларига сажда қилурлар. Агар маҳлуққа сажда қилмоқ раво бўлур эди, хотунлар ўз эрларига сажда қилур эдилар, — дедилар.

Эрларнинг ҳақлари хотинлари устида нақадар улуғ эканлиги бу ҳадисдан маълум бўлса ҳам, лекин саждага лойиқ бўлгувчи эрлар эса хотунларнинг дунёлик, охиратлик ҳақларини қолдирмай бажариб турувчи эрлардир.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар