Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жаҳаннамнинг еттинчи қатида ким бўлади?

Жаҳаннамнинг еттинчи қатида ким бўлади?
15 Ağustos 2017 - 7:00 'да юкланди ва 1110 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(14)
(давоми)

– Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Жаҳаннамни нимага қиёсласангиз қиёслайинг, у сиз қиёслаган нарсадан мутлақо даҳшатлироқдир”.

Маймун бин Миҳрон шундай ҳикоя қилади: “Уларнинг ҳаммасига ваъда қилинган ер жаҳаннамдир” (“Ҳижр” сураси,43) ояти нозил бўлганда Салмон Форисий бошини чангаллаб, ташқарига чиқиб кетди. Уч кун кўзга кўринмади, ўзига келмай юрди, ниҳоят уни тутиб келтиришди.

– Язид бин Раққошининг ривоят этишига кўра, Анас бин Молик (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди:

“Бир куни Жаброил, одатдан ташқари бир соатда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёнига келди. Рангги ўчган эди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга “Нега рангинг ўчган?”, деб сўради. Жаброил шундай жавоб берди:

– Ё, Муҳаммад, сенга келганим шу соатда Оллоҳу Таоло жаҳаннам кўрикларига уфлашни амр этди. Жаҳаннамнинг, оташнинг, қабр азобининг ҳақиқат эканини, Оллоҳнинг азоби ҳар нарсадан оғир эканини билган кимсанинг юзи кулмайди, – деди у.

Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ё, Жаброил, менга жаҳаннам ҳақда айтиб бер”, деди. “Майли, айтиб берайин”, деди Жаброил алайҳиссалом:

– Сени ҳақ пайғамбар ўлароқ юборган Оллоҳга ямин этаманки, агар жаҳаннамда игна учи қадар бир тешик очилсайди, бу тешикдан чиққан иссиқдан дунё ҳалқи битта ҳам қолмасдан ёниб, кул бўларди.

Сени ҳақ Пайғамбар қилиб юборган Оллоҳга ямин этаманки, агар жаҳаннамликларга кийдирилган кўйлаклардан биттаси ер ва кўк орасига осилса, бу кўйлакнинг ёяжаги ҳарорат ва оғир ҳидидан дунё ҳалқи битта қолмай ўларди.

Сени ҳақ пайғамбар қилиб юборган Оллоҳга ямин этаманки, Оллоҳу Таолонинг китобида айтилган жаҳаннам занжиридан бир тирсак бўйи қадари бир тоғ тепасига қўйилса, катта тоғ етти қат ернинг тубигача эриб кетади.

Сени ҳақ пайғамбар ўлароқ юборган Оллоҳга ямин этаманки, агар бир киши шарқда жаҳаннам азоби кўрса, бу кимсанинг кўрган азоби эпкини билан ғарбдаги одам ҳам ёниб кетарди.

Жаҳаннам юксак ҳароратли ва жуда чуқурдир. Зийнати – қиздирилган темир, ичимлиги – қайнар сув билан йиринг, либослари – оташ парчаларидир.

Жаҳаннамнинг етти эшиги бор. Ҳар эшигининг эркак ва хотинлар кирадиган бўлимлари бор…

–Жаҳаннам эшиклари биз билган эшикларга ўхшамайдими?, – деб сўради Расулуллоҳ (с.а.в.).

–Йўқ, уларга ўхшамайди. У ернинг эшиклари бирининг остида иккинчиси доим очиқ туради. Ҳар қатнинг иссиқлиги устидаги қат иссиқлигига нисбатан етмиш марта иссиқроқдир. У ерларга Оллоҳнинг душманлари жўнатилади. Уларни жаҳаннам эшиги олдида, қўлларида занжир ва бўйинтуруқлар билан, забонийлар кутиб олишади. Улар занжирни жаҳаннамликнинг оғзидан суқиб, орқасидан чиқарадилар. Унинг сўл қўли бўйнига қайнатилиб, ёпиштирилади. Соғ қўли юрагига суқилиб, елка ва бош орасидан чиқарилади.

Улардан ҳар бири бир шайтон билан битта занжирга қўшиб боғланади. Ва юзтубан судраладилар.

Уларни бир томонда азоб малаклари темир чўқморлар билан калтаклашади.

Улар қочишни истаганларида, такрор аввалги жойига улоқтириладилар, – деди Жаброил.

– Жаҳаннамнинг бу қаватларида яшайдиганлар кимлар бўлади, – деб сўради Пайғамбаримиз (с.а.в.).

– Биринчи қатда, яъни энг пастки қатда мунофиқлар, Фиравн уруғидан келган ва Асҳоби Моидадан бўлган кофирлар бўлишади. Бу қатнинг оти Ҳовиядир.

Иккинчи қатда мушриклар (Оллоҳга шерик қўшганлар) бўлишади. Бу қатнинг номи Жоҳимдир.

Учинчи қатда собитлар бўлади. Бу ернинг номи Сақардир.

Тўртинчи қатда Иблис ва унинг издошлари, оташпарастлар бўлади. Бу ернинг номи Лаззадир.

Бешинчи қатда яҳудийлар бўлади, у ернинг номи Хутомадир.

Олтинчи қатда христианлар бўлади, у ернинг номи Соирдир, – деди Жаброил алайҳиссалом ва жим бўлди.

– Еттинчи қатда ким бўлади, айтсангчи!, – деди Пайғамбаримиз (с.а.в.).

– Еттинчи қатда сенинг умматингдан катта гуноҳ ишлаб, тавба этмаганлар жойлаштирилажакдир, – деди Жаброил алайҳиссалом.

Жаброилнинг бу жавобини эшитиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳушдан кетиб, йиқилди. Жаброил (а.с.) унинг бошини кўтариб, ўзига келгунча тутиб турди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзига келиб:

– Ё, Жаброил, мусибатимиз буюк ва дардимиз оғир. Чиндан ҳам умматимдан жаҳаннамга кирган бўлажакми?, – деб сўради.

– Ҳа, умматингдан катта гуноҳ ишлаб, тавба этмаган ҳолда, жаҳаннамга киражакдир, – деди Жаброил (а.с.).

Буни эшитиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) йиғлай бошлади. Унга қўшилиб, Жаброил (а.с.) ҳам йиғлади.

Кейин Пайғамбаримиз уйига қамалиб, ташқарига чиқмай қўйди. Фақат намоз қилиш учун масжидга чиқарди, аммо ҳеч ким билан гаплашмас эди.

Намозда йиғлаб Оллоҳга ёлворарди.

Шу тарзда уч кун ўтди.

Учинчи кун ҳазрати Абу Бакр унинг уйига бориб, “Ассалому Алайкум, эй раҳмат уйининг соҳиби, Расулуллоҳнинг ёнига киришим мумкинми?”, деб сўради.

Унга жавоб берилмади ва йиғлаб-йиғлаб орқасига қайтиб кетди.

Кейин ҳазрати Умар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг уйига бориб, “Ассалому Алайкум, ё Расулуллоҳ”, деди. Унга ҳам жавоб берилмади. У ҳам йиғлаб-йиғлаб орқасига қайтди.

Кейин Салмони Форисий бориб, Расулуллоҳни чақирди. Унга ҳам жавоб берилмади. У ҳам йиғлаб-йиғлаб орқасига қайтди ва ҳазрати Фотиманинг уйига борди:

– Ассалому Алайкум, эй, Расулуллоҳнинг қизи!, – деди у.

Бу пайт ҳазрати Али уйда эмасди.

Салмони Форисий ҳазратлари: “Эй, Расулуллоҳнинг қизи, Пайғамбаримиз  халқнинг олдига чиқмай қўйди, фақат намоз қилмоқ учун хонасидан чиқаяпти, ҳеч ким билан гаплашмаяпти, ёнига ҳеч кимни қўймаяпти”, деди.

Ҳазрати Фотима яхши кийиниб, уйидан чиқди ва Пайғамбаримизнинг эшигини чалди ва “Ё, Расулуллоҳ, мен Фотимаман”, деди.

Бу пайтда Расулуллоҳ саждага йиқилган ҳолда, йиғламоқда эди. У қизининг овозини эшитиб, бошини кўтарди ва “кўзимнинг қорачиғи қизим, унга эшикни очинг!”, деди.

Эшикни очдилар, ҳазрати Фотима ичкарига кирди ва отасини кўриб, ҳўнгир-ҳўнгир йиғлашга бошлади. Чунки Пайғамбаримизнинг чеҳраси сўлғин ва заъфарон эди. Давомли йиғидан ва изтиробдан кўзлари чўккан эди.Ё, Расулуллоҳ, сенга нима бўлди?, – деб сўради ҳазрати Фотима.

– Ё, Фотима, Жаброил келиб, менга Жаҳаннамнинг эшиклари ҳақда айтиб берди. Ва менинг умматимдан катта гуноҳ ишлаганларнинг жаҳаннамнинг энг уст қатига жойлаштирилишини билдирди. Мени йиғлатган нарса будир, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

– Ё, Расулуллоҳ, умматингнинг катта гуноҳ ишлаганлари жаҳаннамга қандай киради?, – деб сўради ҳазрати Фотима.

– Уларни азоб малаклари жаҳаннамга олиб боришади. Аммо уларнинг юзлари қорайтирилмайди, кўзлари мовийлаштирилмайди, оғизлари муҳрланмайди, шайтонлар билан бирга қўйилмайди, уларга занжир ва бўйинтуруқ кийдирилмайди, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

– Азоб малаклари уларни жаҳаннамга қандай олиб боришади, – деб сўради ҳазрати Фотима.

– Эркакларни соқолидан тутиб, хотинларни сочларидан тутиб судрайдилар. Умматимнинг кексаллари соқолларидан тутилиб, судралар эканлар, “воҳ кексалик, оҳ бечоралик”, дея фарёд этажаклар.

Соқолидан тутилиб, судралган ёшлар эса “эссиз ёшлигим, эссиз гўзаллигим”, дея фарёд этарлар.

Сочидан тутилиб, жаҳаннамга судралган хотинлар эса “эйвоҳ, шарманда бўлдим, эйвоҳ, усти бошим очилди!”, деб фарёд қилишади.

Шундай қилиб улар жаҳаннамнинг бош масъули Маликка топширилади. Малик уларни кўриб, забонийларга шундай дейди: “Ким булар? Менга таслим этилган гуноҳкорлар ичида бунақаларини кўрмагандим. Буларнинг на юзлари қорайган, на кўзлари мовийлашган, на оғизлари муҳрланган, на шайтонларга қўшиб боғланган, на-да занжирланган ва бўйинтуруқ кийдирилган”.

Забонийлар Маликка: “Уларни бу шаклда олиб келишга амр олдик”, дейдилар. Шунда Малик менинг умматимга “Эй, гуноҳкорлар гуруҳи, кимсизлар?”, деб сўрайди”.

Бошқа бир ривоятга кўра, бу умматнинг жаҳаннамликларини забонийлар жаҳаннамга олиб бораётганда, улар “Ё, Муҳаммад, имдод! (ёрдам!)”, дея бақиришади. Аммо жаҳаннамнинг бошлиғи Маликни кўриб, ҳазрати Муҳаммаднинг исмини унутиб қўядилар.

Шунда малик “Сизлар кимсизлар?”, деб сўрайди улардан. Улар “биз ўзларига Қуръон нозил бўлганларданмиз. Биз рамазон ойида рўза тутганларданмиз”, дея жавоб берадилар.

Малик “Қуръон фақат Муҳаммаднинг умматига индирилди”, дейди ва исмини унутган жаҳаннамликлар дарҳол “Ҳа, биз Муҳаммад умматиданмиз!”, дея ҳайқирадилар.

“Хўп, Қуръонда сизни Оллоҳнинг амрларига қарши ҳаракат этишни маън қилган оятлар йўқмиди?”, деб сўрайди Малик.

Ва гуноҳкорлар жаҳаннам канарига (ёнига) келтирилиб, оташ ва забонийлар билан юзма-юз қўйилганда, улар “Ё, Малик, изн бер, биз ҳолимизга йиғлаб олайлик”, дейишади.

Малик изн бергандан сўнгра, гуноҳкорлар кўзлари қуригунча йиғлайдилар. Кўз ёши тугаб, кўзларидан қон оқа бошлайди.

Буни кўрган Малик забонийларга: “Қани, шуларни жаҳаннамга отиб юбор!”, дея буйруқ беради.

Улар оташга улоқтирилир экан, ҳаммаси бирдан “Ла илаҳа иллоллоҳ!”, деб юборишади. Ва оташ орқага чекинади.

Шунда Малик: “Эй, оташ, уларни ушла!”, деб буйруқ беради. Жаҳаннам эса: “Уларни қандай ушлайман, қара, ахир улар “Ла илаҳа иллоллоҳ”, дейишаяпти!”, деб жавоб беради.

Шунда Малик жаҳаннамга “бундай десалар ҳам, уларни ушла, чунки Аршнинг Робби шундай буйруқ берди”, дейди ва оташ гуноҳкорларни ушлайди.

Олов кимнинг болдирларига, кимнинг тиззаларига, кимнинг белига, кимнинг бўғзига човут солади.

Лекин олов улардан биттасининг юзига тирмашганида, Малик оловга: “уларнинг юзларини ёқма, чунки дунёда улар Оллоҳга анча сажда этдилар. Уларнинг юракларини ҳам ёқма, чунки Рамазон ойида анча сувсиз қолдилар”, дея буюради.

Бу умматнинг гуноҳкорлари Оллоҳнинг истагани қадар жаҳаннамда қолишади. Улар у ерда “Ё, Арраҳманир рохимийн! Ё, Ҳаннан, Ё, Маннан”, деярак Оллоҳга ёлворадилар.

Оллоҳу Таоло ҳукмни адо этилгандан сўнгра, Жаброилга: “Ё, Жаброил, Муҳаммад уммати гуноҳкорларининг аҳволи нечук?”, деб сўрайди.

Жаброил “Ё, Рабби, уларнинг аҳволини сен яхшироқ биласан”, деб жавоб беради. “Бориб қарачи, қандай аҳволда экан”, дея амр қилади Оллоҳу Таоло.

Жаброил Маликнинг ёнига боради. У пайтда Малик Жаҳаннамнинг ўртасида жойлашган оташ минбар устида ўтирган бўлади. Жаброилни кўриб, ҳурмат билан ўрнидан туради.

– Ё, Жаброил, сени бу ерга олиб келган надир?, – деб сўрайди Малик.

– Муҳаммад умматининг гуноҳкорларига нима қилдинг?, – деб сўрайди Жаброил.

– Аҳволлари ёмон, турган жойлари жуда тор. Оташ вужудларини еб битирди, фақат юзлари ва юраклари қолди. Чунки юзи ва юракларида иймон порлар эди.

Жаброил:

– Уларнинг устидаги жаҳаннам қопқоғини кўтар, уларни кўрайин, – деди.

Малик жаҳаннам муҳофизларига амр берди, улар бу уммат гуноҳкорлари устидаги қопқоқни кўтаришади.

Ва гуноҳкорлар Жаброилни, унинг хушрўйлигини кўриб, бунинг азоб малаги эмаслигини англайдилар. Улар “бу қул ким?”, деб сўрайдилар.

Малик уларга “у дунёда Муҳаммадга ваҳий келтирган Жаброилдир”, деб жавоб беради.

Шунда гуноҳкорлар ҳазрати Муҳаммаднинг исмини эшитиб, ҳаммаси бирданига “Ё, Жаброил, Муҳаммадга бизнинг саломимизни айт, гуноҳларимиз бизни ундан айри туширганини, жуда оғир шароитда қолганлигимизни етказ”, дейишади.

Жаброил Оллоҳнинг ҳузурига борганда, Оллоҳ ундан: “Муҳаммад уммати на аҳволда?”, деб сўрайди. Жаброил: “Ё, Рабби, аҳволлари жуда ёмон ва жойлари тор”, деб жавоб беради.

Шунда Оллоҳу Таоло ундан: “Улар сендан бирор нарса истамадими?”, деб сўрайди. Жаброил: “Ҳа, пайғамбарларига салом айтиб, аҳволларини оғирлигини унга етказишимни илтимос қилишди”, дейди Жаброил.

Оллоҳу Таоло унга: “Бор, буни Муҳаммадга билдир”, дея амр этади.

Жаброил дарҳол оқ инжудан тикланган чодирда ўтирган Пайғамбаримизнинг ёнига боради ва унга:

– Ё, Муҳаммад, умматингдан жаҳаннам азоби чеккан гуноҳкорлар сенга салом айтишди ва аҳволларининг оғир, турган жойларининг тор эканлигини сенга етказишимни сўрадилар, – деди.

Пайғамбаримиз дарҳол Аршнинг остига бориб, сажда қилади. Саждада туриб, Оллоҳни ҳеч ким айтмаган мақтовлар билан мадҳ этади.

Шунда Оллоҳу Таоло унга:

– Бошингни кўтар, истаганингни тила, у берилажакдир. Шафоатчи бўл, шафоатинг қабул қилинажакдир!, – дейди.

Оллоҳнинг буйруғини эшитиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейди: “Ё, Рабби, умматимнинг гуноҳкорларига чиқарган ҳукм бажо келтирилди, улардан интиқом олинди. Энди улар ҳақида менинг шафоатимни қабул айла!”

Оллоҳу Таоло: “Сенинг улар ҳақдаги шафоатингни қабул этаман. Дарҳол жаҳаннамга бор ва “Ла илаҳа иллоллоҳ”, деган ҳар кимни у ердан чиқар!”, дейди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) у ерга борганда, Малик ҳурмат ифодаси ўлароқ ўрнидан туради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга: “Ё, Малик, умматимнинг гуноҳкорлари на аҳволда?”, деб сўрайди.

Малик “Уларнинг аҳволи оғир, турган жойлари жуда тор”, деб жавоб беради.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга: “Эшикни оч ва қопқоқни кўтар”, дейди.

Жаҳаннамликлар Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни кўриб, ҳаммаси бирданига, “Ё, Муҳаммад, оташ териларимизни ва жигарларимизни ёқиб кул этди”, дея бақирадилар.

Бироздан кейин Пайғамбаримиз (с.а.в.) уларнинг ҳаммасини жаҳаннамдан чиқариб олади. Оташ уларни кул ва кўмир ҳолига келтирган бўлади. Бу ҳолда уларни Пайғамбаримиз (с.а.в.) “ҳаёт дарёси” деб номланган бир дарёга олиб боради. Улар дарёда ювиниб, оқ юзли, қора кўзли, ёш, навқирон бўлиб чиқадилар. Уларнинг юзлари ой каби порлайди. Ва манглайида “булар Раҳмоннинг озодликлари бўлган жаҳаннамликлардир”, деган ёзуви кўринади.

Кейин улар жаннатга жойлаштирилади.

Мусулмонларнинг қутилганини кўрган бошқа жаҳаннамликлар “Кошки, биз ҳам мусулмон бўлсайдик, биз ҳам жаҳаннамдан чиққан бўлардик”, дейдилар.

Ҳолбуки, Оллоҳу Таоло “Шундай бир пайт келадики, кофир бўлган кимсалар: кошки мусулмон бўлсайдик, дея орзу этарлар” (“Ҳиср” сураси, 2).

Ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Қиёмат куни ўлим семиз бир қўчқор шаклида ўртага чиқарилади. Аввал жаннатликлардан: “Эй, жаннатликлар, ўлимни танидингизми?”, деб сўралади. Жаннатликлар ўлимни кўриб танийдилар.

Сўнгра жаҳаннамликларга: “Эй, жаҳаннамликлар, ўлимни танидингизми?”, деб сўралади. Жаҳаннамликлар ҳам ўлимни кўрган заҳот танийдилар.

Шунда қўчқор шаклидаги бу ўлим жаннат ва жаҳаннам ўртасида бир ерда бўғизланади. Кейин, аввал жаннатликларга: “Эй, жаннатликлар, энди сизларга ўлим йўқ”, дейилади. Сўнгра жаҳаннамликларга: “Эй, жаҳаннамликлар, бундан кейин сизга ҳам ўлим йўқ”, дейилади.

Ҳолбуки, Оллоҳу Таоло шундай дейди:

Уларни пушаймонлик Куни ҳақда огоҳлантирки, у вақт ҳукм берилган, улар эса у Кундан ғофил, бунга инонмаслар” (“Марям” сураси, 39).

Бу мавзу ҳақида Абу Ҳурайра (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Фожирнинг неъматига асло ҳавас қилинмасин. Чунки орқасида уни таъқиб қилиб юрган биттаси борки, у ҳам жаҳаннамдир. Жаҳаннам сўнишга бошланганда, унинг оловини орттириб туришини Оллоҳу Таоло шу оят билан билдиргандир: “Уларнинг борадиган жойи жаҳаннамдирки, оташи пасайса, Биз унинг оташини отррирамиз” (“Исро” сураси, 97).

Ҳар нарсани бутун нуқсонлардан муназзаҳ бўлган  Оллоҳу Таоло билади.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар