Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ғариб дарахт

Ғариб дарахт
20 Ağustos 2017 - 8:00 'да юкланди ва 870 марта ўқилди.

СЎЗБОШИ

Шу тубандаги китоб менинг қаламимдан чикди. Аввал Совет даврида ёзилган, гизли ёки ошкор ширк асоратлари ташиган шеърлардан воз кечдим. Баъзи даҳрий калималарни тузатдим, бош эгмаганларини эса дарҳол бошини учирдим – таҳрир этдим.

Ўтган асрнинг 84-чи йилида шу шеърни ёзган эканман:

Бу ҳаётни англасам бир кун
Ва ўлимни тушуниб етсам,
Ҳатто сизнинг кўнглингиз учун
Шеър ёзмайман, ёзмайман ҳеч ҳам!
Бир кун кўрсам бахт-саодатни
Кўриб қолсам агар дафъатан,
Ташлагандай ёмон одатни
Шеър ёзишни ташларман албат!
(1984)

Ўйлайман-ки, мен излаганим бахту-саодатни топдим, хузурга эришдим, иншоллоҳ. Ва сўзимни тутдим: ортиқ шеър ёзмайман. Кейинги йилларда қофияли битилган 3-4 та матн эса асло шеър эмасдир, нафсимини қўлида тутган Парвардигорга шукрдир фақат.

Ва яна унинг изни ила шукр қилишда давом этаман.

Совет даврида ёзилган шеърлардан шу қўлингиздаги китоб ташқарисида менинг исмимдан босилган ҳар қандай шеърий матн – меники эмасдир.

Бунга сиз шоҳид бўлинг.

Эҳтиром ила,

Муҳаммад Солиҳ
Октябр, 2004

* * *

ЯНГИ МАТНЛАР

ҒАРИБ ДАРАХТ

Одамлар каби мен дунёни кезиб
ёза олмадим-ку шеърий туркумлар,
чунки ота юртдан чиққаним сезиб,
тарк этарлар мени ҳижо, рукнлар.

Чунки келиши-чун кўзларимга ёш
пайдо бўлиши-чун илҳом юракда,
менга жуда зарур аччиқ бир қуёш,
кескин континентал иқлим керакдир.

Шундай экан, денгиз қирғоқларидан,
яшил ўрмонлардан менга сўз очма,
мен ёлгиз Туркистон тупроқларида
ўса оладиган ғариб оғочман…

1994

(2)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (10-11-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар