Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Узоқ Шарқни ўзбеклар эгаллаб олишидан хавфсирашаяптими?

Узоқ Шарқни ўзбеклар эгаллаб олишидан хавфсирашаяптими?
25 Ağustos 2017 - 19:34 'да юкланди ва 945 марта ўқилди.

Россиянинг Узоқ Шарқ ўлкаларини сўнгги 20 йил ичида 2 миллиондан зиёд маҳаллий аҳоли тарк этган, меҳнат муҳожирлари сони эса 15 фоизга ортган.

Жорий йил бошидан буён 400 мингдан зиёд хорижликлар Узоқ Шарқ федерал округида миграция ҳисобига қўйилган. Меҳнат муҳожирларининг энг катта қисми ўзбекистонликлар, тожикистонликлар, хитойлик ва шимолий кореяликларни ташкил этади.

Она ерни нега ташлаб кетишаяпти?

Россияликларни Узоқ Шарққа жалб этиш учун ҳукумат 1 гектардан бепул ер, муҳожирлар учун вақтинча яшаш ва фуқаролик хужжатларини енгиллаштирилган тартибда олиш имкониятларини беради. Ҳудудларда асосан қурилишлар ва қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш таклиф этилади.

Маҳаллий аҳолининг она ерларини ташлаб кетишларига Узоқ Шарқ ҳудудларининг ижтимоий, яшаш-коммунал ва транспорт инфратузилмаларининг ривожланмаганлиги, иқтисодиётнинг катта қисмларида даромад даражаси пастлиги, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотларига юқори даражада боғлиқлик сабаб сифатида кўрсатилади.

“Қишлоқ аҳолисининг бандлиги алоҳида ташвишлантиради. Бу ерда ишсизлар сони жуда юқори. Айниқса, бундай мураккаб вазиятлар Еврей автоном республикаси, Примор ва Камчатка ўлкаларида қайд этилган”, – дейди РФ Ҳавфсизлик кенгаши котиби Патрушев.

Мигрант “Уй бер!” демайди…

Хабаровск ўлкаси раҳбари Александр Соколов шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига бағишланган матбуот анжуманида ҳудудга кўпроқ осиёлик меҳнат муҳожирларини ишга таклиф қилиш фикрини айтди.

Чет эллик ишчилар вазифаларига хабаровскликлардан кўра маъулиятли ёндошадилар, – деди шаҳар мэри. – Бундан ташқари, Хабаровскда яшовчилардан кўра, нисбатан мигрантларнинг талаби кам. Биласизлар, улар 18 кишилаб вагончада яшаб ҳам юраверади. Чунки улар келган жойларда аҳвол бундан ҳам ёмон.

“Бу тоифа билан ишлаш керак: иш билан таъминлаш, ҳозирги турмушларидан кўтарилиш имконини бериш керак. Улар ҳеч нима илтимос қилмайди, на уй, на бошқа нарса. Фақат фарзандини боқчага жойлаштириши учун миграция ҳисобга қўйишда ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Мигрант “уй беринглар” демайди, у ер ҳайдайди, ишлайди”

Муҳожирлар учун махсус телеканал

Июль ойининг бошида Ички ишлар вазирлиги Россия миграция сиёсатининг 2018-2020 йилларга мўлжалланган концепциясини тайёрлади. Вазирлик аввало, биринчи навбатда Узоқ шарққа россияликларнинг ўзини фаол кўчишга жалб қилишни таклиф этган. Бунинг учун 1 млн рублгача миқдорида маблағ берилиши ва қулай ижтимоий инфратузилма яратиш мўлжалланмоқда.

Мазкур концепциядан меҳнат муҳожирларининг ҳудудга мослашувини ташкиллаштириш борасида чора-тадбирлар ҳам ўрин олган.

ИИВ чет элдан ишлашга келган муҳожирлар учун нафақат “ахборот ва ҳуқуқий ёрдам маркази”, балки махсус телеканал очишни ҳам таклиф қилмоқда.

Расмийлар муҳожирлар кўпайишига қарши

Россия ҳукуматининг Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларини Узоқ Шарққа жалб этиш тараддуди россиялик айрим расмийларни хавотирга солди. Август ойининг ўзида рус матбуотида “Узоқ Шарқ хавф остида” мавзусида бир қатор мақолалар туркумлари пайдо бўлди.

“Узоқ Шарқ федерал округлари аҳолиси сонини орттириш муаммоси ечимини Россия фуқароларининг ҳудудда муқимлигини таъминлаш, туғилиш сонини ортиши учун шароитларни яратишда давом этиш, ўлим ҳолларини камайтириш билан амалга ошириш керак”, – деди Хавфсизлик кенгаши котиби Петушов.

Унинг фикрига кўра, ҳудуд аҳолиси сонини мигрантлар ҳисобига ошишига чек қўйиш зарур. Акс ҳолда, чет элликлар туб аҳоли миллатининг ўзгаришига ҳам жиддий таъсирини ўтказади. “Миграция назоратини кучайтириш керак!” – таъкидлади Петушов.

Айни вақтда Узоқ Шарқ ерларида 6,2 млн аҳоли истиқомат қилади.

“Аҳоли сонини ошириш керак, аммо меҳнат муҳожирлари ҳисобига эмас”, – дейди Россия илмий академияси ҳудудлар муаммолари таҳлили институтининг илмий ходими Светлана Мишук. – “Меҳнат муҳожирлари Узоқ Шарқ иқтисодиётини ушлаб туришда ўрни бордир, аммо уни келажакда ривожлантиришга кўмаклашмайди”

Шунга қарамай, Россия Президенти шу йилнинг 1 июнида “2017-2015 йилларда давлат миллий сиёсатини амалга ошириш” Давлат дастурини тасдиқлади ва мигрантларни мослаштириш билан шуғулланиш дастурига Миллатлар иши бўйича федерал агентликни ҳам жалб этди.

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар