Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Яхшиликни амр этиб, ёмонликдан огоҳлантирмоқ

Яхшиликни амр этиб, ёмонликдан огоҳлантирмоқ
28 Ağustos 2017 - 6:00 'да юкланди ва 614 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(18)
(давоми)

Яхшиликни амр этиб, ёмонликдан огоҳлантирмоқ

Умар бин Абдулазиз (ундан Оллоҳ рози бўлсин) дейдики, Оллоҳ муайян кишиларнинг ишлагани гуноҳлар юзасидан ҳаммани жазолантирмайди. Аммо гуноҳлар очиқ ишланиб, жамоат тарафидан бунга қарши чиқилмаган тақдирда ҳамма жазони ҳақ этган бўлади.

Айтилишига кўра, Оллоҳу Таоло Юшо бин Нун алайҳиссаломга “Мен сенинг қавмингдан қирқ минг яхши киши билан олтмиш минг ёмон кишини ҳалок этаман”, дея ваҳий юборганида Юшо (а.с.) Оллоҳу Таолодан “Ёмонларни нега ҳалок этишинг тушунарли, аммо яхшиларнинг ҳалокига сабаб надир?”, – деб сўрайди.

Оллоҳу Таоло “Чунки у яхшилар ёмонларга Менинг учун ғазабланмадилар. Аксинча, улар билан бирга еб-ичдилар”, деди.

-Абу Ҳурайрадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Ўзингиз яхшилик қилмасангиз ҳам, яхшиликни амр этинг. Ўзингиз ёмонликдан сақланмасангиз ҳам, бошқаларни ёмонликдан сақланишга чақиринг”.

-Анас бин Маликдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган: “Шундай кимсалар борки, яхшиликка, хайрга – калит, ёмонликка – қулфдирлар”.

Аксинча, шундай кишилар борки, улар яхшиликка – калит, ёмонликка қарши қулфдирлар.

Оллоҳ тарафидан қўлларига яхшилик калити берилган зотлар на бахтли инсонлардир. Аксинча, қўлларига ёмонлик калити тутқазилганларнинг эса ҳолларига вой!”.

Оллоҳу Таоло шундай дейди: “Мўмин эркаклар ва мўмин хотинлар бир-бирларининг дўстларидирлар. Улар яхшиликни буюрадилар, ёмонликни тўхтатадилар” (“Тавба” сураси, 71).

Аксинча бўлганлар ўзларига мунофиқлик аломатини ташиганлардир. Улар ҳақда Оллоҳу Таоло шундай буюради:

Мунофиқ эркаклар билан мунофиқ хотинлар бир-бирларининг парчаларидирлар. Улар ёмонликни буюриб, яхшиликни тўхтатадилар” (“Тавба” сураси, 67).

Амирул – мўминин Ҳазрати Али (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Амалларнинг энг фазилатлиси, яхшиликни буюриб, ёмонликни тўхтатишдир. Фосиққа ……… этмоқ ҳам бир маънода яхшиликка буюрмоқдир.

Бу шаклда мўминни қўллаб, уни ҳимоя қилинган бўлади. Ёмонликни тўхтатган киши эса мунофиққа зарба берган бўлади”.

-Саиднинг Қатодан нақл этганига кўра, бир кун Маккадан бир киши Пайғамбаримиз (с.а.в.)га келиб, “Оллоҳнинг расули эканини айтган сенми?”, деб сўради.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга “Ҳа, менман”, деди. Шунда бу одам:

– Оллоҳнинг энг севгани амал нимадир?, – деб сўради.

–Оллоҳга инонмоқдир, – деб жавоб берди Расулуллоҳ (с.а.в.).

–Ундан кейин нима?, – дебсўради яна ўша одам.

–Қариндошларидан хабар олиб турмоқ, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

–Ундан кейинчи?

–Яхшиликни буюриб, ёмонликни тўхтатмоқдир, – Расулуллоҳ (с.а.в.).

–Оллоҳнинг энг севмагани амал нимадир, – деб сўради одам.

–Оллоҳга шерик қўшмоқдир, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

–Яна нима?

–Қариндошлар билан алоқани кесганлардир, – деди Расулуллоҳ (с.а.в.).

–Ундан кейин нима?

–Яхшиликни буюрмай, ёмонликни тўхтатмасликдир, – деб жавоб берди Расулуллоҳ (с.а.в.).

-Абдуллоҳ бин Жарирнинг ўз отасидан ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Ҳар қандай бир жамият ораларида гуноҳ ишлаётган биттасини тўхтатиш имкони бўлгани ҳолда, унга тўсиқ бўлмасалар, ўлимларидан аввал мутлақо бир жазога учраяжаклардир”.

Зотан, Оллоҳу Таоло шундай буюради:

Сизлар инсонлар учун ўртага чиқарилган энг яхши умматсизлар. Зеро, сиз яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар ва Оллоҳга иймон келтирасизлар. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Гарчи, ораларида мўминлар бор, фақат кўпчилиги фосиқдирлар. (“Оли Имрон” сураси, 110).

Баъзиларига кўра, бу оятнинг бош қисмининг маъноси “Сизлар Лавҳи – Маҳфузда Оллоҳ тарафидан инсонлар учун ўртага чиқарилган хайирли уммат сифатида қайд этилгансиз” шаклидадир.

Бу ердаги маъруф, яъни яхшилик, Оллоҳ китобига ва салим ақлга уйғун тушган нарсадир.

“Бунинг акси Мункар, яъни ёмонлик эса Оллоҳнинг китоби ва ақлга уйғун бўлмаган нарса демакдир”.

Оллоҳу Таоло бир оятида шундай буюради: “Орангизда яхшиликка чақирадиган, ибодат- итоатга буюрадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгучилардир” (“Оли Имрон” сураси, 104).

Оллоҳу Таоло бошқа бир оятида эса шундай буюради:

Улар бир-бирларининг қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар хунук!” (“Моида” сураси, 79).

Оллоҳу Таоло бир оятида яна шундай дейди:

Руҳбонлари ва олимлари уларни гуноҳ сўз сўйлашдан ва ҳаром емакдан манъ этсалар эди! Бу тутумлари нақадар хунукдир!” (“Моида” сураси, 63).

Бу нуқтада шуни айтиш керакки, яхшиликни буюрар экан, буни, имкони бўлса, ҳамманинг олдида гапирмай, керак одамга у билан ёлғиз қолганда айтиш лозим.

-Абуд Дардога кўра (Оллоҳ ундан рози бўлсин) мусулмон биродарига бошқаларнинг ёнида ўгит берган киши ўша биродарини кичик туширган бўлади. Аксинча, агар унга ёлғизлигида буни айтса, унинг қийматини юксалтирган бўлади.

Агар юзма-юз айтилган ўгит унга таъсир қилмаса, у ҳолда кўпчилик ёнида айтиш мумкин.

-Нўъмон бин Баширдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Оллоҳнинг ҳақлари борасида эринчоқ ҳаракат қилган танбал билан бу ҳақларни топтаган кимса ва бу ҳақларни берган киши шу уч одамга ўхшайдилар: улар уччовлон битта кемага миниб, кемани ўзаро бўлишганлардир. Биттаси кеманинг уст қисмида, иккинчиси ўрта қисмида, учинчиси эса энг пастки қатда жойлашгандир.

Улардан биттаси қўлига болта олади. Йўлдошлари ундан “Нима қилмоқчисан?”, деб сўрашади. У “қулай бўлиши учун сувни яқинига келтирмоқчиман, ўз қатимда бир тешик очмоқчиман”, дейди.

Йўлдошларидан бири “Оллоҳ жонини олсин, ўз бўлимида истаганча тешик очаверсин!”, дейди.

Аммо иккинчи йўлдоши “унинг бу тешикни очиб, ҳам ўзининг, ҳам бизнинг ҳалок бўлишимизга йўл қўймаслигимиз керак”, дейди.

Агар (бу вазиятда) йўлдошлари бу кимсанинг қўлидан тутиб, кемани тешишига тўсиқ бўлсалар, ҳам ўзлари ҳамда у кимса қутулади. Аммо унинг қўлини тута олмасалар, кемани тешишига қараб тураверсалар, ўзлари ҳам, ўша кимса ҳам халок бўлади”.

-Абуд Дардо (ундан Оллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Ёки яхшиликни буюриб, ёмонликлардан қайтарасизлар ва ёки Оллоҳу Таоло сизга на катталарингизни ҳурмат қилган, на-да кичикларингизга шафқат қилган бир золим султон мусаллот этар. Шунда орангиздаги яхшилар дуо этажаклар, аммо дуолари қабул бўлмайди. Улар Оллоҳдан ёрдам сўрайдилар, аммо тилаклари рўёбга чиқмас. Улар Оллоҳдан авф сўрайдилар, аммо авф қилинмаслар”.

-Ҳузайфадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Нафсимни қудрат қўлида тутган Оллоҳга ямин этаманки, мутлақо яхшиликни амр этиб, ёмонликни тўхтатинглар, акс ҳолда Оллоҳнинг устингизга бир бало индириши яқиндир. У пайтда Унга дуо этасиз, аммо дуоингиз қабул бўлмайди”.

Ҳазрати Алининг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) билдиришига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) унга шундай деган:

“Менинг умматим золимга, “Сен золимсан”, дейишдан чекинган тақдирда, сен улар билан алоқангни узавер”.

Абу Саид – ул – Худрийдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Сизлардан биттангиз ёмонликни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар буни қилолмаса, тили билан қарши чиқсин. Буни ҳам қилолмаса, ёмонликка қалби билан қарши чиқсин. Бу сўнггиси иймоннинг энг заиф зуҳуридир”.

Бир баёнга кўра, бу ерда айтилган “ёмонликка қўл билан қарши келиш” – давлат одамларининг, “тил билан қарши чиқиш” – олимларнинг, “қалб билан қарши чиқиш” – оддий ҳалқнинг вазифасидир.

Бошқа бир баёнга кўра, “Ким ёмонликни бартараф этишга қодир бўлса, уни бартараф этиши лозимдир”.

Шуни таъкидламоқ керакки, яхшиликни буюриб, ёмонликдан қайтарадиган киши бу вазифани шахсий ҳирси учун эмас, балки Оллоҳ ризоси учун адо этмоғи керак.

Агар бу ишни Оллоҳ ризоси ва динни қувватлантириш учун қилса, Оллоҳ унинг бу ишини муваффақиятли қилади. Бу акси бўлса, Оллоҳ бу кишини шарманда қилади.

Икрима (Оллоҳ ундан рози бўлсин) бу хусусда шундай бир ривоят нақл этган: “Бир киши бир гуруҳ одамларнинг “тангри” санаб топинаётган бир ёғочни кўради. У жаҳли чиқиб, “булар қандай қилиб Оллоҳнинг ўрнига бу ёғочга топинаяпти?”, дейди. Ва дарҳол уйига бориб, болтасини олади, эшагига миниб, ёғочнинг ёнига йўл олади. Мақсади ёғочни чопиб ташлаш. Йўлда олдига инсон шаклида шайтон чиқиб, ундан, “қаерга бораяпсан?” деб сўрайди. У киши “Оллоҳнинг ўрнига қўйилиб, топинилаётган бир ёғоч кўрдим, уни кесмоқчиман, кесаман деб, Оллоҳга сўз бердим”, деди.

Шайтон унга “Сенинг нима ишинг бор, ёғочни ва унга топинганларни тинч қўй”, дейди. Аммо одам кўнмайди. Иккови уришиб қолади.

Ниҳоят шайтон шундай дейди: “Сен уйингга қайт. Эвазига сенга ҳар кун тўрт сариқ лира бераман. Ҳар куни ёстиғинг тагидан бу пулни оласан”, дейди у.

Одам ҳайратланиб, “буни чиндан ҳам қилоласанми?”, деб сўрайди. Шайтон “Сенга ҳар куни бу пулни беришга сўз бераман”, дейди.

Ва одам уйига қайтиб кетади.

Авваллари шайтон айтганидек, бир неча кун ёстиғи тагидан пулларни олиб турди. Сўнгра бир куни эрталаб, пулни кўрмади. Шунда одам дарров болтасини олиб, эшакка минди, йўлга тушди.

Йўлда яна инсон шаклига кирган шайтон билан учрашди. Шайтон ундан “Қаерга бораяпсан?” деб сўради. Одам “Нарироқда Оллоҳ ўрнига бир ёғочга топинмоқдалар, бу ёғочни чопиб ташламоқчиман”, дейди.

-Буни энди қилолмайсан. Бу ёғочни чопиб ташлаш учун илк даъфа йўлга чиққанингда, Оллоҳ ризоси учун ғазабланиб, чиққан эдинг. Шу боис, сенга бутун коинот жонлилари қарши чиқса ҳам, сени тўхтатолмасдилар. Аммо энди сен нафсинг учун йўлга чиқдинг. Чунки сариқ лираларни ёстиғинг тагида тополмадинг. Шунинг учун, сен агар олдинга яна бир одим отсанг, каллангни узиб ташлаймиз!, – деди шайтон.

Буни эшитган одам ёғочни кесиш ниятидан воз кечиб, уйига қайтди”.

-Яхшиликни буюрган инсон шу беш шартни бир жойда тўплаши керак.

1.Биринчиси илмдир. Чунки жоҳил гўзал шаклда яхшиликка амр этолмайди.

2.Иккинчи шарт – бу вазифани олган инсон Фақат Оллоҳ ризоси учун ва динга хизмат учун олиши лозим.

3.Учинчи шарт – инсонга муҳаббатдир. Яхшиликни амр этар экан, кишиларга юмшоқ муомала қилиш лозим. Қаттиқ ва қўпол гапирмаслик керак. Чунки Оллоҳу Таоло ҳазрати Мусо билан ҳазрати Хорунни (уларга салом бўлсин) Фиравн билан гаплашишга юборар экан, шундай амр этганди: “У билан юмшоқ гаплашинг” (“То – ҳо” сураси, 44).

4.Тўртинчи шарт – сабрли ва совуққон бўлиш лозим. Зотан, Оллоҳу Таоло шундай дейди: “Болам, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар, бу йўлда бошингга келган балоларга сабр эт” (“Луқмон” сураси).

5.Бешинчи шарт – яхшиликни буюрган киши ўз айтганларини ўзи ҳам қилиши керак. Акс ҳолда, обрўсизланади ва Оллоҳу Таолонинг шу оятида кўрсатилган синфга киради:

Ҳалққа яхшиликни амр этиб, ўзингизни унутасизми? (“Бақара” сураси, 44).

-Анас бин Маликдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Меърож кечаси самога чиқарилганимда лаблари қайчи билан кесилган бир гуруҳ кишиларни кўрдим ва “Ё, Жаброил, булар ким?”, деб сўрадим. Жаброил менга шу жавобни берди: “Булар умматининг шундай хотибларидир-ки, яхшиликни амр этиб, ўзлари бунга амал қилмайдилар. Оллоҳнинг китобини ўқиганлари ҳолда, буни ҳеч ўйламайдилар”.

-Қатоданинг айтишига кўра, “Тавротда” шундай ёзилган: “Эй, инсон боласи! Сенга керак бўлганимда Мени эслайсан, кейин унутасан. Қийин аҳволга тушиб қолсанг, менга ёлворасан, кейин эса Мендан қочасан. Бораётган бу йўлинг ботилдир”.

-Абу Муовиядан ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Бугун сиз Оллоҳнинг очиқ баёнларига кўра, ҳаётингизга йўналиш бераяпсиз. Оллоҳ сизга йўлингизни аниқ кўрсатди.

Бугун орангизда ҳаёт ва жаҳолат бухрони йўқ. Бугун яхшиликка амр этиб, ёмонликдан қайтармоқдасиз ва Оллоҳ йўлида жиҳод этаяпсиз.

Аммо кейинроқ орангизда дунё ҳирси ёйилганда, бу тутумингиз ўзгаражак, унда яхшиликни буюриб, ёмонликдан қайтаролмайсизлар. Жиҳодингиздан мақсад ҳам Оллоҳ ризоси эмас, бошқа ғоялар бўлажак.

У кунларда гизли (яширин) ва ёки ошкор шаклда Оллоҳнинг амрларига бўйсунганлар (исломнинг) илк босқичининг муҳожирлари ва ансори кабидир”.

-Ҳазрати Ҳасандан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деган:

“Динини  сақламоқ учун бир ердан иккинчи ерга кўчган киши, орадаги масофа бир қарич бўлса-да, Жаннатга муносиб бўлади ва у ерда Иброҳим ва Муҳаммаднинг дўсти бўлади”.

Маълумки,  Иброҳим (а.с.) Харрондан Шомга кўчган эди. Бу хусусда Оллоҳнинг шу ояти мавжуд:

Иброҳим деди-ки, Мен мутлақо Роббимга томон ҳижрат этаман. Ҳеч шубҳасиз, У Азиз ва Ҳакимдир” (“Анкабут” сураси, 26).

Бошқа бир оятда шундай дейилади: “Мен Роббимга кетаман. У  менга йўлимни кўрсатажакдир” (“Саффот” сураси, 99).

Яъни, мен Роббимга ибодат этмак учун, унинг ризосини қозонмоқ учун ҳижрат этаман, деган маъно бор бу ерда.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам айнан шу ғоя билан Маккадан Мадинага кўчган эди.

Бунга кўра, гуноҳкорларнинг кўп бўлган ерда яшаб, Оллоҳ ризосини олиш учун ўз юртидан айрилган киши ҳазрати Иброҳим ила Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг изидан юрган ҳисобланади ва у жаннатда ўз пайғамбарлари билан бирга бўлади.

Ҳолбуки, Оллоҳу Таоло бу хусусда шундай буюради:

Кимки Оллоҳ ва унинг расули учун уйидан айрилиб кўчса ва кейин ўлса, унинг ажрини бериш Оллоҳнинг зиммасидадир. Ҳеч шубҳасиз, Оллоҳ кечирувчи ва марҳаматлидир” (“Нисо” сураси, 100).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейди:

“Ҳар қандай бир мусулмон Оллоҳ ва унинг Расули учун ҳижрат этиб, уйидан чиқса, уловининг узунгисига оёқ қўйиб, бир одим отса ва бу вазиятда ўлса, Оллоҳ унга муҳожир савобини беради.

Ҳар қандай мусулмон Оллоҳ йўлида жанг қилиш учун уйидан чиқиб, жангга қўшилмасдан аввал, отидан йиқилиб ва ёки заҳарли бир маҳлуқ тарафидан

(қўлёзмада 152 ва 153- саҳифалар йўқ.)

шу сўзларни айтган экан: “Сизлар бу оятни ўқияпсизлар, лекин янглиш йўримлаяпсизлар (тафсир қилаяпсизлар). Мен Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шундай деганини эшитдим. “Ҳар қандай бир қавм ораларида турли ёмонликлар ишлаганда, уларга тўсиқ бўлмаса, бу қавм Оллоҳнинг умумий жазосига мубтало бўладиган кунлар яқинлашар”.

Ибн Маъсуддан ҳам (ундан Оллоҳ рози бўлсин) бу оятнинг маъноси сўралганида, у шу жавобни берган: “Ҳали бундай замон келгани йўқ. Лекин инсонларнинг эҳтирослари қутуриб, бир-бирларини ғажий бошлаганларида, ҳар ким фақат ўзига қараши керак”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар