Чегаралар чизилиб, тўсиқлар қўйилди

Чегаралар чизилиб, тўсиқлар қўйилди
117 views
28 August 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

Т А Н А З З У Л
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбуснинг хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
                                        ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
                         БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўз ёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган ҳаромхўр беклар
Юртни бир ёнидан йиқа бошлади.
Махтумқули Фироғий

16-қисм

Тўққизинчи боб

Фаолият ҳудудлари аниқлаб олинди. Чегаралар чизилиб, тўсиқлар қўйилди. Шундан кейин улар ширкатга бордилар. Саидмат Сотти тонгда Ослодан учиб келганди. Унинг биринчи сўрагани Нозима Мунис бўлибди. Ширкатдагилар уларни кўриб, енгил нафас ола бошладилар. Суюниб кетган Зоҳид иккаловларини Акбарни ҳузурига бошлаб кирди.

– Йўқолиб қолганлар топилди! – деган сўзларни эшитган  Акбар уларга пешвоз чиқди.

У Саидмат Сотти Ослодан қайтиши муносабати билан ўзининг хонасига ўтганди.

Саидмат Соттини муносиб қаршилаш учун тўрт томонга елиб югурган ширкат ходимларининг қўллари-қўлларига тегмасди. Рано Кулиевна бош бўлиб, ҳамма ёқни супур-сидир қилдирарди. Шундай ҳам чиннидай тоза ширкат ҳудудида парт ураётган Рано Кулиевнани мақсади Саидмат Соттининг кўнглини овлаш эди. Буни фаррошдан тортиб Акбаргача барча ходимлар тушуниб турардилар.

– Бормисиз, менинг йўқолган опажоним?

– Қаерга йўқолардим, укажоним? Шарти кетиб, парти қолган кампирнинг кимга ҳам кераги бор? – дея Нозима Мунис Акбарнинг самимий муносабатдан тўлқинланиб кетди.

– Опагинам, кампирман деб ўзингизни камситманг. Юз қиздан гўзалсиз! – деди Акбар ҳам қўл сиқишиб кўришаркан. – Сиз халққа, бизга кераксиз. Бўлмағур гапларни гапириб бизни хафа қилманг.

– Илтифотингиз учун раҳмат, ука! – деди боши кўкка етган Нозима Мунис Зоҳид сурган курсига ўтириб. – Сиз опангизни сийлаябсиз, сизни Яратган ёрлақасин, илоё. Бола-чақангизни ҳузур-ҳаловатини кўринг. Келин билан қўша қариб, узоқ умр кўринглар!

– Омин, айтганларингиз келсин! – деди Акбар қўлларини юзига тортиб. – Файзингиз бошқачада, қадам босишингиз билан ҳамма ёқ ёришиб кетди…

Унинг сўзи оғзида қолди. Ҳовлидан Рано Кулиевнанинг:

– Саидмат Сотти Қўйтопарович! Ослода тинчлик эканми? Норвег биродарларимиз яхши юришиптими? Ўзингиз омон-эсон келдингизми? Сизни кўрган кўзларимдан ўргилайин! – деган чийилдоқ товуши чалинди.

Сайидмат Соттини келганини эшитган Зоҳиднинг ҳис-ҳаяжони ичига сиғмасди. У “истиқболларига чиқмаймизми”, дегандай, Акбарга разм солди.

– Сиз бараверинг! – деди муддаони англаган Акбар. – Биз Нозима опа билан чиқамиз.

Ширкат ҳовлисида элликка яқин одам бор эди. Шунча одамнинг ғалағовури ичида Рано Кулиевнани овози бошқаларникидан ажралиб турарди. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан Саидмат Соттининг ўзи хонага кириб келди. Зоҳид билан Абдинабига эргашиб Рано Кулиевна ҳам кирди.

Салом-аликдан сўнгра, Саидмат Сотти Нозима Мунисга:

– Домлажон, сизга каттакон раҳмат! – дегач, рўмолчаси билан пешонаси терини артди. – Бухородаги тайёрлов курсини қойилмақом йўлга қўйипсиз. Эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Сизнинг моддий кўмагингиз бўлмаганда, бу гал ҳам масалани узил-кесил ҳал қилолмасдим. Бухородан йиққан маблағларингиз шарофати билан зарур ҳужжатларни Ослога етказиб турдилар. Ҳозирликча беш мингта фуқаронинг Норвегияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритдим.

Буни эшитган Рано Кулиевна:

– Яшанг, Саидмат Сотти Қўйтопарович! – дея қарсак чалиб юборди. Бошқалар унга жўр бўлдилар.

Сўзи узилиб қолган Саидмат Сотти қўли билан “бўлди” дегандек ишора этди. Сўнгра, Акбардан бошлаб, ҳаммага кўзойнаги устидан бир қур назар ташлади.

– Ишнинг оғири ва масъулиятлиси энди бошланди! – деди у кейин. – Бутун иш вазирлик номидан бажарилгани билан, жавобгарлик бизни зиммамизда қолади. Шунинг учун вилоятларда тайёрлов курсларини кўпроқ очишимиз лозим бўлади. Бу масалада ҳурматли домламиз Нозима Муниснинг олдига ҳеч ким туша олмайди. Мана, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида, тайёрлов курсларини очиш учун баъзи бировларга меъёрий ҳужжатларни тутқазганимизга беш ой ўтди. Ҳалигача ҳеч қандай натижа йўқ. Бу ишга бел боғлаганимизни домулладан пинҳон тутиб, худди шу ишни амалга оширишни, бу кишидан ҳам илтимос қилгандик. Натижалар ҳаммага маълум. Ҳосил осмон. Кичик бир эксперимент кимнинг кимлигини кўрсатди. Айнан шу иш орқасидан тўхташига бир баҳя қолган ишларимиз жонланди. Ширкатда тозариш бошланди. Шу учун Тошкентга учиб келгунча ўйлаб келдим. Домуллани республика миқёсида тайёрлов ўқув марказлари кординатори қилиб тайинлайман. Яъни, бу киши менинг биринчи ёрдамчим лавозимини эгалласа, қандай бўларкан?

– Жуда яхши ўйлапсиз, Саидмат Сотти Қўйтопарович! – деди Рано Кулиевна унинг сўзини кесиб.

Унинг ҳаддидан ошиб кетаётганини ҳазм қилолмаётган Акбар:

– Рано Кулиевна, сўрасак, жавоб беринг, бўлмаса тинглаб ўтиринг! – деяркан, Саидмат Соттига ўгирилди. – Фикримиз бир жойдан чиқди. Демак, бу масалада якдиллик бор. Ҳаммаслакликда бошланган ишлар аксар ҳолларда самара беришини яхши биламиз.

– Минг бор узр! Қизларга айтай, чой олиб кирсин! – деб, даккидан ҳамияти қўзиган Рано Кулиевна, Акбарнинг ҳам сўзини бўлиб, эшикни очиб, чиқиб кетди.

– Тавба! – деди унинг беқарор феълидан зардаси қайнаган Абдинаби. – Индамасдан чиқиб кетаверса, бўлади-ку!

– Беқилиқнинг бир қилиғи ортиқ! – дея ҳалитдан бери аламини ичига ютиб ўтирган Нозима Мунис уни қўллади.

Рано Кулиевнанинг Саидмат Соттига илтифот кўрсатишини ҳазм қилолмай ўтирган Нозима Мунис эҳтиросларини босолмади. Унинг бир қизарса, бир оқариб ўтиришини Баҳром кўзини ости билан кузатиб турганди.

Деворга осиғлиқ отамоннинг соқол босган қиёфасига Саидмат Сотти назар ташларкан, дарров кўзини олиб қочиб:

– Эътибор берманглар! – деди.

Рано Кулиевнанинг ҳар қандай одамнинг ғашини келтирадиган хушомадлари унга ёғдек ёқаётганди.

Кафтдек жойда ҳам, чекка бир бурчакни топган Зоҳид муносабатлар замирини очиқ кўриб турарди. Эрта-индин селдай қуйиладиган пулларни ўйлаб, у банг тортган бангидай сархуш эди. У ҳеч қачон воқеаларга муносабат билдирмасди. Саидмат Соттининг хулосаларини маъқулларди, фармон кутиб, бажаришга ҳозир турарди. Унинг ўзгалардан фарқли томони шунда эди. Бошлиқ шу учун уни қадрларди. Ҳамма ширкатда ҳеч қандай расмий мақомга эга бўлмаган Акбарга санамга сиғинган бутпараст каби сиғингани боис, у ҳам унинг оёғини ўпишга тайёр эди. Девордаги суратга Саидмат Сотти ҳадик аралаш мўралаганда, Зоҳид ҳам мутелик билан чуқур ҳомуза тортиб қўйди.

Хуллас, таклифни барча бир овоздан қўллаб-қуватлади. Нозима Мунис расмий жиҳатдан ширкатга иккинчи раҳбарга айланди. Бўлиб ўтган гап-сўзлардан сўнг Баҳромнинг шубҳа-гумонлари булутдек тарқаб, руҳияти осмонида қуёш чарақлади. У ишона бошлади. Саидмат Соттига кўра масала узил-кесил ҳал бўлганди. Олтмиш кундан сўнгра биринчи кўчиш бошланарди. Кўчишнинг беш юздан кам бўлмаслигини таъкидлаган Саидмат Сотти йил охиригача Норвегияга беш мингта ишизловчи жўнатишни мўлжаллаётганди.

Алоҳида гаплашиб олиш учун Саидмат Соттининг ҳузурига кириб кетган Нозима Мунис у ердан терисига сиғмай,  шодмон бўлиб чиқди.

– Водий вилоятларида ширкат марказларини очмасак, бўлмайди! – деди у машинага ўтира туриб. – Сўнгра Қорақалпоғистон билан Хоразмда очамиз. Менинг қийналганларимни кўриб, Тангрининг раҳми келди. Бутун вилоятларнинг жиловини Саидмат Сотти қўлимизга тутқазиб қўйяпти.

– Ҳозирча водийда битта вилоятда марказ очсак, етарли, – деди Баҳром. – Кейин эътиборни Хоразм билан Қорақалпоғистонга қаратиш керак. Хоразмда ҳам икки ҳудуд учун Урганчда битта марказ очилса, ишлар осон кўчади. Самара кўзга тез ташланади. Ҳаммасига бирдан киришсак, ҳам вақтдан ютқазамиз, ҳам натижалар кўлами кўзга ташланмайди.

– Водийда тузукроқ одамингиз борми?

Нозима Муниснинг мурожаати унинг таклифни қабул этганини билдирарди.

– Водийда ҳам, Хоразмда ҳам эпчил ва ақлли одамлар бор. Эртага эрталабдан водийда иш бошласак бўлади. Бугун Наманганга қўнғироқ қиламан. Эрталабгача мен мўлжаллаган кимса Тошкентга етиб келади. Суҳбатлашиб кўрасиз, маъқул бўлса, эртанинг ўзидаёқ ҳужжатларни тайёрлаш лозим.

– Бўлди! – деди Нозима Мунис ишнинг осон кўчаётганидан руҳланиб. – Бу масала ҳал бўлди. Энди машинани Настянинг уйига ҳайданг.

Настянинг уйида бешта ўртакаш аёл Нозима Мунисни кутиб ўтирарди. Ораларида Баҳром ҳеч қачон кўрмаганлари ҳам бор эди. Самарқандлик Амира Кимё деган аёл бошқалардан ажралиб турарди. У ўта семиз эди. Қорапарангдан келган, кўзлари катта-катта бу аёлнинг қарашларида кайфияти яққол балқиб турарди. Қулоқларидаги ва бўйнидаги қўша-қўша олтин тақинчоқлар, қўлларидаги гавҳар қошли билаузуклар унинг ўта бой-бадавлатлигидан далолат берарди. У шу даражада семиз эдики, Ноила унинг ёнида қанорқоп ёнидаги қопчадай бўлиб қолганди. Баҳром хонага сиғмагани учун ошхонадаги курсига ўтирди. Ошхона баҳавороқ эди. У кўча бошида пойлаб турса ҳам бўларди. Нозима Мунис, “Бир пиёла иссиқ чой ичиб, чиқасиз”, дея қистовга олгач, оёқ тираб ўтирмади.

Жанубий Қурияга кетадиган элликта ишизловчи тил ўрганишни бошлаганини айтган Настя Санкт-Петрбургга йўлга чиққанларнинг Москвага етиб борганини суюнчилади. Эридан ўн беш минг доллар кутаётган Нозима Мунис бундан ўзида йўқ қувониб кетди. Ноила ҳам Нозима Мунис орқали топган учта мижозининг Москвадан Қибрисга учганини айтди. Буни эшитиб терисига сиғмаган Нозима Мунис ҳар ойда эри Қайим гарангга юздан ошиқ ишизловчи жўнатиши мумкинлигини мақтанди. Ўртакашлар ҳаракатда эканларини билдириб, унга навбатдаги кўчишга тайёргарлик кўраверишни таъкидладилар.

Хушхабарлардан қуш сингари осмонларга учмоқчи бўлаётган Нозима Мунисни Баҳром кўча бошида қолдирди. У бироз юмушлари борлигини, зарурат туғулмаса, бугун қўнғироқ этмаслигини билдирди.

Азбаройи Настяникида бўлаётган ишлардан Баҳром ҳайратда эди. Ким кимни ишга жўнатади, ким кимга ишизловчи топади? Жўнатувчи ким, иш берувчи ким? Тангри биларди. Асосий таркиб Нозима Мунисга ишлаётган бўлса ҳам, ўз навбатида, у ҳам уларга ишизловчи топиб бераётганди. Баҳром бунақа чалкаш даврани умри бино бўлиб кўрмаганди. Бу ишларнинг на боши, на охири бор эди. Вақт ўтиши билан барчаси ойдинлашса керак, деб ўйлаб, у ортиқ бош қотирмади. Бухородан қайтаётиб, йўлда танишиб қолган наманганлик кимсани қидиришга тушди. Омади чопиб, унинг Тошкентдалигини билгач, эрталаб тўққизга учрашув белгилашди. Таваккал меҳмонхонага қўнганди.

Нонуштадан сўнг, у пиёдалаб йўлга чиқди. Меҳмонхона уйидан беш юз қадам эди. Тонгдан аланга пуркаётган қуёш тушга бориб куннинг қаттиқ исишидан дарак берарди. Кўча бўйлаб ғизиллаб ўтаётган машиналар шовқини, қизил чироқ ёниб, улар тўхтаганда ҳам, бир нафас тинмасди. Икки тарафда осмонга бўй чўзган дарахтлар дамини ичига ютиб, ниманидир, кутаётганга ўхшардилар.

Баҳром меҳмонхона долонига киргач, бир чеккада турган юмшоқ креслога бориб ўтирди. Тўққизгача ҳали йигирма дақиқа бор эди. Ишларни саранжомлаётган фаррошлар челак, поллатта кўтариб у ёқдан-бу ёққа ўтиб, юрардилар. Мижозлар сийрак, борлари ҳам кўзга ташланмасди. Бир пайт зинапоядан Саидмат Сотти тушиб келди-да, меҳмонхона хизматчисига эллик доллар узатди. Аёл ҳаяжонланаётгандай талмовсираб унинг қўлидан пулни илди-да, кафтига қисди.

– Вой, Саидмат Сотти  ока! – деди у чўзилиб. – Сиздан олсўв қандай бўларкин. Шундай ҳам олдингизда қарздормиз. Сизга доимо эшигимиз очиқ!

 Аёлнинг муомаласидан Саидмат Соттининг махсус мижозлиги сезилиб турарди. Бироқ шаҳарда бир нечта уйи бўла туриб, унинг меҳмонхонада тентираб юриши ҳар кимда ҳам таажжуб уйғотарди.

– Гулмирахон, бизники табаррук, олаверинг. Номер иложи борича бўш турсин-а! – деди ходимни муттаҳам қилган Саидмат Сотти. – Кутилмаганда келиб қолишимиз бор. Ундан ташқари, баъзи одамларда ғалати ҳид, дегандай… Хонага ўтириб қолса, кайфиятим бузилади. Шу десангиз, димоғимга урса, унутмагунимча на еганимда, на ичганимда ҳаловат бўлади. Дид жа нозик бўлса ҳам, азоб экан-де!

– Вой, Саидмат Сотти окажон! – деди ходим қошларини чимириб. – Бошлиқ учинчи қават масъулига ҳам, бизга ҳам сиз келиб турадиган хонага бегонани қўйиш мумкинмаслигини тайинлаб қўйган.

Саидмат Соттининг ивирсиб юришдан бир мақсади борлиги тушунарли эди. Баҳром бу ўта қув одамни қисқа вақт ичида анча ўрганганди. Унинг ҳар бир босган қадамида пухта ўйланган манфаатли режа ётарди. У шу кабиларни ўйлаб боши қотиб турганда, зинапоядан тушиб келаётган Нозима Мунисни кўриб донг қотти. Дарров парда орқасига ўзини олмаганда, уни Нозима Мунис пайқаши ҳеч гапмасди. Уни эргаштирган Саидмат Сотти ходим билан қуюқ хайирлашиб, орқа эшикдан кўчага чиқди. Баҳром ҳам зимдан эргашиб, уларни кузата бошлади. Саидмат Сотти машинасини йўлнинг нари ёғидаги кўп қаватли бинолар томонда, дарахтлар орасига тиқиб қўйганди. Улар машинага етиб олгунларича, Баҳром долондан чиқиб, ён томондаги даҳлизига кириб олди. Даҳлиз ойнасидан машина кафтдагидай кўриниб турарди. Нозима Мунис одатича, олд ўриндиққа жойлашди. Саидмат Сотти унинг елкаларига қўлини ташлаб, лабига лаб босди. Сумкачасини орқа ўриндиққа ташлаган Нозим Мунис унга бўйнини тутди. Саидмат Сотти унинг буриша бошлаган бўйнидан бўсалар ола бошлади. Кўзларини юмиб олган Нозима Мунис, гўё бўсаларга дош бера олмагандай, ҳансираб, бошларини селкиллатарди. Эҳтирослари жўш урганини кўрсатмоқчи бўлаётган Саидмат Сотти ҳам, телба хуштор сингари кўкракларини очиб, уни совуқ бўсаларга кўмиб ташлади. Ёши бир жойга бориб, сочлари оқарган кимсаларнинг ўн саккиз яшар йигит-қизлар мисоли бир-бирларидан тутақиб бўса олганини киноларда ҳам кўрмаган Баҳромнинг бу манзарадан юраги музлади. Номақбул нарсага кўзи тушган кимсадай, бутун танаси, тискиниб кетди. Сочларини бошқача турмаклаган Нозима Мунис қадди-қоматига номутаносиб тор кўйлак кийганди. Хамир сингари бўшашган билаклари калта енгидан кўпчиб кўзга ташланарди. Шундан келиб чиқиб, ёғ босган биқинлари қат-қат бўлиб, тор кўйлакдан бўртиб турганини тасаввур этиш мушкул эмасди.

Икки дақиқа ўтмасдан улар кетиб қолдилар. Баҳром тағин долонга ўтди.

Бир пайтлар Нозима Мунис билан Саидмат Сотти ўйнаш тутингандирлар, ёшлик шижоатлари танасига сиғмаган даврларда тутоқиб, бир-бирлари оғушига ошиққандирлар ҳам. Аммо йиллар ўтиб, олов ўрнида кул қолганда уларнинг учрашувларидан маъни нима? Юраклар минг бор ўртанса ҳам, аввалги ёниб-ўчишларнинг бир мисқоли бўлмагач, ҳиссиётлар чин муҳаббатдан бош кўтармагач, тафтсиз оловга танни тоблашдан ҳарой йўқ. Қолаверса, қариб-қақшаган пулсиз Нозима Мунис ўзига жазман орттира олмаса ҳам, мўмай бойликка эга Саидмат Соттининг бу борада имкониятлари чексиз-ку. Пули бор ҳар қандай эркак соясига ҳурлиқолар салом берадилар, пули борларга ўн олтига тўлмаган қизлар ғунча лабларини тутадилар. Айни вақтда, Саидмат Соттини бу иш билан шуғулланмайди, деб ким айта олади? У бу каби ишлар билан шуғулланмаганда, хуфия жой ҳозирламасди. Демакки, чалпакка ўраб ташласа, ит емайдиган Нозима Мунисни у илон каби авраётган экан, бу ерда унинг мудҳиш бир режаси бор эди.

Уларни учратаман деб ўйламаган Баҳромнинг ҳаёллари калавадай чуваланиб ўтирганда, Таваккал тушиб қолди.

(давоми бор)