Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Босиқ кишининг даражаси пайғамбар даражасига яқиндур…”

“Босиқ кишининг даражаси пайғамбар даражасига яқиндур…”
01 Eylül 2017 - 6:00 'да юкланди ва 342 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 197
(давоми)

ЙИГИРМА БИРИНЧИ МЎЖИЗА

Ҳадис олимларидан Имом Байҳақий, Имом Табароний, Дора Қутний ибн Умардан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келгандан сўнгра бир куни саҳобалар билан мажлис қуриб ўлтирмиш эдилар. Шу чоғда Бани Салим қабиласидан бир киши ўтиб бораётиб тўпланиб ўлтирган саҳобаларга кўзи тушди. Алар ичида ўлтирган Расулуллоҳни кўриб:

— Бу киши ким бўлур? — деб сўради.

— Қурайш қабиласидан чиққан Абдулмутталиб ўғли Муҳаммад, бутун дунё халқига Худо тарафидан пайғамбар бўлиб келмишдур, — дедилар.

— Андоқ эрса унинг сўзини англамоқ керак экан,— деб Расулуллоҳнинг мажлисларига келиб ўлтирди.

Расулуллоҳ ул мажлисда Исломдан, арасот, қиёматдан сўзлар эдилар. Буларни англагач, бояги киши ўрнидан сакраб туриб:

— Эй Муҳаммад, инсонлар ичида сендек ёлғончини кўрганим йўқ. Сенинг бу сўзларингга қандоқ ишонгали бўлур? Айниқса, ўлгандан кейин чириб тупроқ бўлиб кетган киши қайтадан тирилур, деган сўзинг шаксиз ёлғондур. Мени шошқалоқ киши экан деб араблар айб қилишидан қўрқмасам эрди, шу ҳозирдаёқ сени ўлдириб бутун халқни рози қилур эдим, — деди.

Буни англагач, Ҳазрати Умарнинг ғазаби қўзғалиб:

— Ё Расулаллоҳ, рухсат қилинг, бунинг бошини кесиб ташлайин, — деб ўрнидан тура келди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Умар, билурмисан босиқ кишининг даражаси пайғамбар даражасига яқиндур, оғир бўл, — дедилар.

Сўнгра ул аъробий енг ичидан бир жонивор чиқариб, ўртага ташлади. Араблар уни заб деб айтурлар. Форсча «сусмор», туркча «эрбалиқ», «қумбалиқ», дейилур. Арабистоннинг қумлик чўлларида кўп бўлиб, араблар уни овлаб балиқ ўрнида ейдилар. Аъробий йўлдан буни ов қилиб олмиш эди. Уйига кетаётганида Расулуллоҳга йўлиқиб, бу воқеа бўлди. Бу жониворни ўртага ташлагач, Лот, Манот бутлари билан қасам қилиб:

— Эй Муҳаммад, сенинг ҳақ пайғамбарлигингга агар шу ҳайвон гувоҳлик берур эрса, сенга иймон келтирурман. Йўқ эрса, иймон келтирмагайман, — деди.

Расулуллоҳдан шу мўжизани ул аъробий халқ ичида талаб қилди. Мана шундоқ вақтда пайғамбарларга мўжиза кўрсатмоқ лозим бўлур. Айни шу пайтда қудрат кўрсатмоқ эса, Аллоҳ таолонинг одатидур. Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Эй заб, — деб уни чақирдилар.

Эрбалиқ дарҳол тилга кирди, очиқ арабча сўз билан жавоб қайтариб:

— Лаббайка ва саъдайка, ё Расулуллоҳ, — деди.

Мажлисда ўлтирган бутун халқ бунинг товушини эшитиб, сўзини англадилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй заб, кимга ибодат қилурсан? — дедилар.

Ул:

— Еру-кўкда ҳукми бор, дўзахда қаҳри бор, улуғ қудратлик Аллоҳга ибодат қилурман, — деди.

— Эй заб, мен ким бўлурман? — дедилар.

— Барча оламни яратган парвардигори Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари, барча анбиёлар сарвари эрурсиз. Сизга иймон келтирганлар икки дунёда жаннат топгайлар. Сиздан юз ўгирганлар абадий азобга қолгайлар, — деди.

Бу улуғ мўжизани кўриб аъробий дарҳол иймон келтирди.

— Аллоҳнинг пайғамбари экансиз, аниқ билдим, олдин кўрганимда сизни ҳаммадан кўпроқ душман тутган эдим. Энди эрса чин кўнглим билан сизга иймон келтирдим, — деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамду сано айтгач:

— Бу улуғ неъматни Аллоҳ сенга насиб қилиб Ислом динига кирдинг, энди ҳар динни ёритгудек, Ислом динининг чироғи намоздур. Намозсиз динни Худо қабул қилмагай, — деб аъробийга Фотиҳа ва Ихлос сурасини ўргатдилар.

Аъробий Расулуллоҳ олдидан чиққач, ўз жойига қайтди эрса, йўлда келаётган қуроллик қалин аскарга йўлиқди. Қараса, ўз қабиласидан минг киши Расулуллоҳга қарши урушмоққа келмиш эди.

Аъробий уларни кўргач, тўсиб йўлдан қайтарди. Расулуллоҳдан кўрган мўжизасини айтиб берди. Барчалари калима келтириб иймонлик бўлдилар. Сўнгра шу жойдан тўғри Мадинага келишиб, Расулуллоҳ билан кўришдилар. Ҳар бирлари шаҳодат айтиб, тутган жойларини, муборак қўл-оёқларини ўпишур эдилар. Бундоқ кўпчилик халқнинг бирданига иймон келтириши эрса, ҳеч кўрилмаган иш эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ ва барча саҳобалар бу ишга кўп суюндилар. Бу қабила эрса Расулуллоҳдан хизмат талаб қилиб эдилар, ул зот аскарлик хизматида Ҳолид ибн Валиднинг байроғи остида турмоқларини буюрмишдур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар