Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кийик калимаси

Кийик калимаси
04 Eylül 2017 - 6:00 'да юкланди ва 440 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 198
(давоми)

ЙИГИРМА ИККИНЧИ МЎЖИЗА

Анас ибн Молик ва онамиз ҳазрати Умму Салама— икковлари ривоят қилурлар:

«Бир куни Расулуллоҳ Макка шаҳридан ташқари саҳрога чиқдилар. Йўлда кетаётганларида: «Ё, Расулуллоҳ» деб уч қайта чақирган товуш эшитилди. Қарасалар, бўйнидан боғланган бир кийик турибдур. Анинг олдида бир аъробий бошини буркаб ухлаб ётибдур.

Расулуллоҳ кийикка қараб:

— Нима ҳожатинг бор? — деб сўрадилар.

Анда кийик:

— Ё Расулаллоҳ, шул ётган аъробий мени ов қилиб олди, эмизиб турган икки болам бор эди, улар шул тоғ ичида қолди. Мени бўшатиб қўйсангиз, уларни эмизиб дарҳол қайтиб келурман. Агар қайтиб келмас эрсам, Аллоҳ таоло золимлар азобидек мени азоб қилсин, — деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳмлари келиб, кийикни бўшатиб юбориб, қараб турдилар. Хиёл ўтмай кийик қайтиб келди. Расулуллоҳ уни бурунгидек қилиб боғлаётганларида овчи аъробий уйғониб қолди. Қараса, Расулуллоҳ кийик олдида турибдурлар. Бу аъробий иймон келтирган кишилардан эди. Анда ул ҳайрон бўлиб:

— Ё Расулаллоҳ, бирор ҳожатингиз бормидур, бу жойга келиб қолибсиз, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Ушбу кийикни озод қилиб юборур эрсанг, менинг ҳожатим шулдур, — дедилар.

Аъробий бу сўзни англаши билан дарров туриб кийикни бўшатиб юборди. Анинг қўлидан бўшанган бу кийик очиқ тил билан: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб қайта-қайта такрорлаганича чопиб кўздан ғойиб бўлди.

Бу мўжизани ривоят қилувчи Зайд ибн Арқам шундай айтур:

— Аллоҳ оти бирла қасам қилурманким, ўз кўзим билан кўрдим, шу қулоғим билан эшитдим, бу кийик саҳрода чопганича шу калимани тўхтамай айтди».

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар