Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Ўзбекистон президентига қарши режалаштирилган Бишкек суиқастининг муваффақиятсизликка учрагани ҳақида

Усмон Ҳақназаров: Ўзбекистон президентига қарши режалаштирилган Бишкек суиқастининг муваффақиятсизликка учрагани ҳақида
08 Eylül 2017 - 9:16 'да юкланди ва 4978 марта ўқилди.

Шу йилнинг 2 сентябр куни Қирғизистон махсус хизматлари, бизнинг тахминимизга кўра Ўзбекистон президентининг Бишкекка ташрифи чоғида унга нисбтан суиқасд уюштиришга уринган қўпорувчини қўлга олган. Гарчи, расмий Қирғизистон, қўлга олинган шахсни “ИШИДнинг фаол аъзоси” деб атаб, бу ҳақдаги хабарни жуда ҳам дипломатик тарзда эълон қилди.

7 сентябр куни, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати, 2 сентябрда халқаро террор ташкилоти бўлган “Ислом давлати”нинг фаол аъзоси қўлга олинганлиги ва унинг 1988 йилда туғилган Д.С. исмли Қирғизистон фуқароси эканлиги аниқланганлиги ҳақида хабар берди. Шунингдек, жиноий режага кўра, Д.С. давлат миқёсидаги тадбир ўтказилиши жараёнида террор-қўпорувчилик актини амалга ошириши керак бўлганлиги ҳам аниқланган (http://svodka.akipress.org/news:1403459?from=mportal&place=last).

Бизнинг таҳминимизга кўра, қўлга олинган Д.С. ИШИДчи эмас, балки махаллий мафиядан бўлган оддий қўпорувчи. У ва унинг шериклари Ўзбекистон президентининг бироз аввал Бишкекка қилган ташрифи давомида, унга нисбатан суиқасд уюштиришни режалаштиришган. Шундай қилиб…

Тошкент “контора”сининг буюртмаси

Сентябр ойидаги Қирғизистонга ташриф чоғида президент Мирзиёевга суиқасд уюштириш режаси шу йилнинг август ойининг иккинчи ярмида ишлаб чиқилган. 20 дан 22 августга қадар биз Тошкент ва Бишкекдаги турли манбалардан, Ўзбекистон Миллий хавфсизлиги хизмати генераллари “Мирзиёевни Бишкекда бартараф қилиш” ниятида эканликлари ҳақида тўртта бир хил хабар олдик.

Ушбу маълумотларга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати республика бўлими бошқармаси раҳбарларидан бири ўзининг Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан бўлган ҳамкасбига ушбу суиқасдни амалга ошириш учун икки миллион доллар берган.

“Ҳурматли муаллифлар! Шошилинч хабар берамизки, ўзбек чекистлари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг ўринбосарларидан бирига Сентябр ойидаги Қирғизистонга ташриф чоғида президент Мирзиёевга суиқасд уюштириш учун икки миллион доллар нақд пул беришган”, деб ёзди 20 август куни Тошкентдаги манбаларимиздан бири.

Эртаси куни худди шундай шошилинч хабар Тошкентдаги бошқа одамдан ҳам келди.

Ва 21 август куни Тошкентдан келаётган хабарларнинг ҳақиқийлигини текшириб кўриш учун, биз Бишкекдаги ўз каналларимиз билан алоқага чиқишга мажбур бўлдик. Ва 22 август куни Бишкекдаги маълумот етказиб берувчи одам бизга шундай жавоб ёзди: “Афсуски, през. Ш.М. га нисбатан Бишкекда суиқасдга тайёргарлик ҳақидаги гумонингиз тасдиқланди. Сизга шу ҳақда хабар берамизки, МХХнинг ишончли вакили (Ўзбекистон МХХ бошқармаси раҳбарларидан бири) МХДҚ раиси ўринбосари ……евга президентга суиқасд уюштириш учун икки миллион АҚШ доллари берган. …ев (исм ва фамилияларни ваколатли шахсларга маълум қилишимиз мумкин) ушбу вазифани бажариши лозим бўлган, чет эл ва махаллий мафия аъзоларидан ташкил топган гуруҳни тайёрлашни бошлаб юборган. ”

22 август куни Тошкентлик учинчи манба биздан президент Шавкат Мирзиёевнинг хавфсизлик хизматини тайёрланаётган хавф ҳақида огоҳлантиришимизни сўради. “Сиздан шошилинч тарзда Мирзиёев ёки унинг қўриқчиларини, МХХ ходимлари томонидан Мирзиёевга қарши Бишкекда режалаштирилаётган суиқасд ҳақида огоҳлантиришингизни сўраймиз”.

23 дан 30 августга қадар яқинлашиб келаётган хавфдан огоҳлантириш мақсадида, Шавкат Мирзиёевнинг яқин атрофидагилар билан боғланиш учун йўл қидиришни бошладик. Шундай қилиб…

“Сарой” атрофидагиларнинг сиёсий қўрқоқ ва хасадгўйликлари ҳақида

Одамларимизнинг бир хафталик уринишлари муваффақиятсиз тугади. Чунки Мирзиёевнинг энг яқин атрофидаги одамларининг танишлари Ўзбекистон президенти яқинлари ва қариндошларига ушбу маълумотни етказишдан бош тортишди. Кимдир бизнинг маълумотимизнинг ҳақиқийлигига ишонмади, бошқа бири эса ниятимизнинг самимийлигига ишонмади.

Президент атрофидагиларга яқин бўлган шундай каналларимиздан бири риторик равишда одамимизга: “Балки Сизлар ўзларингизнинг гўёки “сенсация”ларингиз билан Шавкат Миромоновичга ёқиб, унга яқинлашиб олишни хоҳлаётгандирсизлар?”, деди.

“Яқинлар”нинг бошқа категорияси эса “сарой”га хавфли маълумот билан киришга шунчаки қўрқишди. “Мен у ерга бунақа шум хабар билан киришни ва президентнинг қариндошлари билан алоқамни йўқотишни истамайман!”, дея очиқ баён қилди “сарой”га яқин бўлган шундай одамлардан бири.

Шундан сўнг биз Бишкекда ҳозирланаётган суиқасд ҳақида огоҳлантириш мақоласини ЎХҲ сайтида эълон қилишга қарор қилдик. Аммо бу қароримиз Тошкент ва Бишкекдаги манбаларимиз томонидан қўллаб-қувватланмади, чунки улар огоҳлантириш мақоласи ўзбек чекистларини режалаштирилаётган суиқасдга ўзгартириш киритишга ёки умуман тўхтатиб туришга мажбур қилиши мумкин деб ҳисоблашди.

Бишкекдаги манбаларимиз бизни, албатта қирғиз чекисти устидан назоратни ташкил қилиб, ўзбек буюртмаси ижрочилари изини топишларига ишонтиришди. “Бу буюртмани бартараф қилишнинг энг тўғри йўли”, деб ёзишди улар. Шундай қилиб…

Нега айнан Бишкек?

Мирзиёев душманлари ўз режаларини Ўзбекистонда ҳам амалга оширишлари мумкин эди. Аммо суиқасдни мамлакат ичида амалга оширилиши, республикадиги ички сиёсий вазиятни издан чиқариб, жиноят изларини ўзбек “контора”сига олиб келган бўлар эди.

Режалаштирилган суиқасдни амалга ошириш жойи сифатида Бишкекнинг танланиши сабаби шу эдики, бу ерда Ўзбекистон Миллий хавфсиз хизмати кенг агентлик тармоғига, ҳамда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг баъзи раҳбарлари билан ҳамкорликдаги наркобизнесга эга эдилар.

Қирғиз МХДҚ раиси ўринбосарларидан бири Шуҳрат Ғуломов ва унинг раҳбарининг наркобизнес бўйича шериги эди. Контрразведка ходими бўлган бу ўринбосар Қирғизистонда фақатгина наркобизнес билан танилибгина қолмай, балки қирғиз мухолифат аъзоларига қарши бир неча муваффақиятсиз провокациялари билан ҳам барчага маълум. Шунга қарамай, Қирғизистон Президенти Олмосбек Отамбоев унинг жиноятларига эътибор қаратмай келмоқда.

Қирғизистон Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг ёмон ниятлари учун, мамлакат махсус хизматлари катта бўлмаган миқдордаги пул эвазига бюртма қотилликлар бўйича катта тажрибага эгаликлари тарафидан ҳам қулай эди.

Шу йўл билан, 1992 йилда Қирғизистон Бош вазири Насриддин Исанов, шубҳали Канада компанияси билан йирик олтин конини ишлаб чиқариш борасидаги шартномани имзолашдан бош тортгани учун, гўёки “автоҳалокат”да ўлдирилган эди. Ҳалокат жойига етиб келган фелдшер, кейинчалик Бош вазир Исанов автоҳалокатда жароҳатланмаганлиги, аксинча МХДҚ ходимлари томонидан шифохонада ўлдирилганлиги ҳақида гувоҳлик берган.

1996 йилда ҳудди шундай ҳолатда МХДҚ раиси Бакаев ҳалок бўлди. Бундан кейинги йилларда эса қирғиз махсус хизматлари депутатлар, Байман ва Худойбергановлар ўлимини уюштиришди.

Худойберганов президент Олмосбек Отамбоевнинг шахсий тан соқчиси – “водолаз” лақабли жиноятчи Эркин Мамбеталиев томонидан ўлдирилган. Ушбу қотилликни амалга оширишда шунингдек, Олмосбек Отамбоевнинг шахсий хайдовчиси бўлган, ҳозирда эса Қирғизистоннинг Истанбулдаги консули бўлиб ишлаётган Илмияминов ҳам иштирок этган. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

Бишкек суиқастининг муваффақиятсизликка учраши, Мирзиёев душманлари ва ислоҳотлари саботажчиларининг ақлини йиғиб, тўхташларини англатмайди. Улар йўқотилган ўринларини қайтариш учун охиригача курашишади. Бунинг учун уларда катта миқдордаги пул маблағлари ҳам, ҳамкорлари ҳам ва яқин чет мамлакатларда қотиллари ҳам мавжуд.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
08.09.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар