Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Насуҳ Тавбаси

Насуҳ Тавбаси
09 Eylül 2017 - 7:00 'да юкланди ва 577 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(22)
(давоми)

Насуҳ Тавбаси

Ибн Аббоснинг – Аллоҳ икковидан ҳам рози бўлсин – билдиришига кўра, бир кун Пайғамбаримиз “тавба эшиги” ҳақида гапирганда, Ҳазрати Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) “Ё, Расулоллоҳ, тавба эшиги нимадир?” деб сўради.

 

“–Тавба эшиги ғарбнинг орқасида, инжу ва ёқут ўймалик, икки қанотли бир эшикдир. Икки қаноти орасидаги масофа учқур от минган отлиқ учун қирқ йиллик йўлдир. Бу эшик Аллоҳу Таолонинг коинотни яратгани ондан қуёшнинг ғарбдан чиқишига (қиёматга) қадар очиқдир. Тавбаи Насуҳ билан тавба қилган ҳар бир қулнинг тавбаси мутлақо шу эшикдан ичкарига киради”.

Буни эшитиб, Муоз бин Жабах (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай деди: “–Ё, Расулоллоҳ, онам–отам сенга фидо бўлсин – насуҳ тавбаси надир?” деб сўради.

Пайғамбаримиз шундай жавоб берди:

“–Насуҳ тавбаси гуноҳкор қулнинг ўзи ишлаган гуноҳларга пушаймон бўлиб, Аллоҳдан узр сўрашидир. Ва бундан кейин айни гуноҳни ишламаслигидир”.

Қуёш билан Ой “тавба эшиги” устидан ошиб, ботганларида, эшикнинг қанотлари бир–бирига қовушади. Шундай битишади–ки, гўё оралари ҳеч қачон очиқ бўлмагандай кўринади.

Ана шундан кейин қулнинг на тавбаси қабул этилади, на–да исломият билан боғлиқ яхшиликларидан фойда бўлади.

Фақат қулнинг аввал қилгани яхшиликлар ва ёмонликлар ҳисобланади. Қуйидаги оят ҳам бу ҳақиқатга ишорат этмакдадир:

“Аммо Роббингнинг баъзи (қиёмат) ишоратлари келган Кун инонмаган ёки иймонида бир хайир қозонмаган кимсага энди инониши фойда бермас” (“Ал–Анъом, 158”).

Абдуллоҳ бин Масъуднинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) билдиришига кўра, насуҳ тавбаси демак – қулнинг тавба этгандан кейин айни гуноҳни такрор ишламаслиги демакдир.

Тавба эшиги шу уч кишидан бошқа ҳаммага очиқдир:

1.Кофирларнинг йўлбошчиси шайтон

2.Гуноҳкорларнинг йўлбошчиси Қобил

3.Пайғамбарлардан биттасининг қотили

Булардан ташқари ҳаммага очиқ тавба эшиги.

Бу эшик Ғарб тарафда, қирқ йиллик йўл кенглигидадир.

Бу эшик қуёш Ғарбдан туғмагунича, ҳеч кимга ёпилмайди, очиқ туради.

Абу Ҳурайранинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Тавба ер билан кўк орасида муаллақ туради. Кеча–кундуз тинмай “менга ким ёпишса, азоб кўрмайди” дея сасланади. Қуёш Ғарбдан чиқгунга қадар бутун йил бўйича у сасланишда давом этади. Қуёш Ғарбдан чиққанда муаллақ турган тавба кўкка чиқарилади”.

Бу ҳадислар қулларни тавба этишга ташвиқ этади. Агар қул тавба этса, унинг тавбаси қабул этилишини таъкидлайди.

Зотан Аллоҳу Таоло мўминларни тавбага чақириб, “Эй, мўминлар, ҳаммангиз Аллоҳга тавба этинг, ки нажот топасиз” дейди.

Яна Аллоҳу Таоло тавбанинг бутун яхшиликларнинг калити ва мўминнинг қутулиши эканини таъкидлайди:

“(Тавба этсангиз) Аллоҳ мутлақо ёмонликларингизни яшириб, сизларни тагидан ирмоқлар оққан Жаннатларга жойлаштиради” (“Таҳрим” сураси, 8).

Аллоҳу Таоло яна шундай буюради: “(Ҳақиқий мўминлар) катта гуноҳ ишлаганларида ёки нафсларига зулм этганларида дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳ қилганлари учун Ундан авф тилайдилар. Зотан, Аллоҳдан бошқа ким гуноҳларни авф эта олади?” (“Оли Имрон”, 136).

Саид бин Абу Бурданинг бобосидан ривоят этишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Мен кунда юз марта Аллоҳдан авф тилайман, Унга тавба этаман”.

Ўтган ва келажак гуноҳлари аввалдан авф этилган Пайғамбар ҳам тавба этар экан, биз каби авф этилиб–этилмагани маълум бўлмаган гуноҳкорлар нечун ҳар он тавба этиб, тилларини доим истиғфор билан машғул этмайдилар?

Ибн Аббос (ундан Аллоҳ рози бўлсин) “Қиёмат” сурасининг 5–ояти бўлган “Фақат инсон давомли гуноҳ ишлаб келажагини ҳам барбод этмак истар” оятига изоҳ бериб, шундай дейди: “Инсон гуноҳ ишлар экан, кейинроқ тавба этаман, деб, тавбасини кечиктиради. Кейин бу гуноҳни давом эттирар экан, умри битиб, ўша ҳолида ўлиб кетади”.

Яна ибн Аббоснинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Кечиктирганлар, сансалорлик қилганлар маҳв бўлганлардир” деган. Бу кимсалар “кейинроқ тавба этаман” деганлардир.

Такрор айтайлик: Тавба – қулнинг ишлаган гуноҳлари учун юракдан пушаймон бўлиши, тили билан авф тилаши ва айни гуноҳни такрор ишламасликка қатъий қароридир.

Абдуллоҳ бин Масъуд (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Ким шу истиғфор дуосини уч карра ўқиса, гуноҳлари денгиз кўпиги каби кўп бўлса ҳам, улар кечирилади: Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Ҳайй ва Қаююмдан авф тилайман ва Унга йўналаман!”.

Абу Қулобанинг айтишига кўра, Аллоҳу Таоло шайтонни даргоҳидан қувганда, шайтон Аллоҳдан қиёмат кунига қадар яшаш муҳлати истади. Аллоҳу Таоло бу истакни қабул этди ва шайтон: “Иззатинг ҳаққи, қулингнинг жони чиқмагунча, мен унинг қалбидан чиқмайман” деди.

Аллоҳу Таоло унга қарши: “Иззат ва Жалолим ҳаққи, қулимнинг жони чиқмагунча, унга тавба эшигини беркитмайман” деди.

Аллоҳнинг қулларига нисбатан раҳмат ва кечирувчанлигининг буюклигига қара, у қуллари гуноҳ ишлагандан кейин ҳам уларга “мўмин” дея хитоб қилмоқда: “Эй мўминлар, Аллоҳга тавба этиб, йўналинг, ки қутилишга эришасиз” (“Нур” сураси, 31).

Мана бу оятда эса, Аллоҳу Таоло гуноҳкор қулларини тавба этгандан кейин яхши кўришини билдирмоқда:

“Шубҳасиз, Аллоҳ тез–тез тавба этганлар билан покланганларни севади” (“Бақара”, 222).

Бошқа тарафдан Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейди: “Тавба этиб, гуноҳидан воз кечган киши ҳеч гуноҳ ишламаган каби бўлади”.

Айтилишига кўра, Ҳазрати Алининг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ёнига бир одам келиб, “мен бир гуноҳ ишладим” деди. Ҳазрати Али унга “тавба эт ва у гуноҳни такрорлама” деди.

“Тавба этдим, аммо у гуноҳни такрор ишладим” деди у одам.

Ҳазрати Али унга яна “тавба эт ва у ишни энди қилма” деди.

“Хўп, қачонгача шундай қилишим мумкин?” деб сўради одам.

“Шайтоннинг сендан умиди кесилгунча” деб жавоб берди Ҳазрати Али.

Аллоҳу Таоло шундай буюради: “Аллоҳнинг қабул этгани тавба, жоҳиллик қилиб, бир ёмонлик ишлагандан кейин яқин бир замонда тавба этганларнинг тавбасидир” (“Нисо” сураси, 17).

Бу оятни тафсир қилган Мужоҳид оятдаги “жоҳиллик” сўзини “қасддан” деб изоҳлаган. “Яқин бир замонда” иборасини эса, “ўлимгача бўлган ҳар қандай замон” дея йўримлагандир.

Абу Ҳурайрадан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Ҳар қандай бир қул гуноҳ ишлагандан сўнг, “Ё Рабби, мен бир гуноҳ қилдим, мени авф эт!” дея Аллоҳга йўналса, Аллоҳу Таоло шундай дейди: “Менинг қулим бир гуноҳ ишлабди, аммо уни ҳам авф этиши, ҳам жазолаши мумкин бўлган Робби бор эканини билиб, Менга йўналибди. У ҳолда, Мен уни авф этаман”.

Мусулмоннинг ҳар тонг ва ҳар оқшомда тавба этиб, Аллоҳга йўналиши вожибдир. Машҳур тафсир олими Мужоҳид “Ҳар саҳарда ва ҳар оқшомда тавба этмаган кимса золимлардандир” деган.

Қул тавба этиб, Аллоҳга йўналиши ва беш вақт намозини вақтида қилмоғи керак. Чунки Аллоҳу Таоло беш вақт намозни (катта гуноҳлар мустасно) бутун гуноҳлардан тозаланиш воситаси қилиб қўйгандир.

Абдуллоҳ бин Масъуднинг билдиришига кўра, бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига келиб, “Ё, Расулоллоҳ, мен боғда бир хотин билан учрашдим. Уни қучоқлаб ўпдим, ҳар турли ўйнашмаларни қилдим, аммо номусига тегмадим” деди.

Бу сўзларни эшитиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир соат сукут сақлади. Кейин шу оят инди:

“Куннинг икки учи билан кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо этинг. Чунки яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу сабоҳ олишни билганлар учун бир ўгитдир” (“Ҳуд” сураси, 114).

Бу оят нозил бўлганда Пайғамбаримиз гуноҳини эътироф қилган ўша одамни чақирди ва оятни унга ўқиб берди. Ҳазрати Умар Пайғамбаримиздан “Ё, Расулоллоҳ, бу оят фақат бу одамга тааллуқлими ёки ҳаммагами?” деб сўради.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ҳаммага тааллуқли” деб жавоб берди.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар