Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Аллоҳ ўз сувидан бизни қондирди”

“Аллоҳ ўз сувидан бизни қондирди”
10 Eylül 2017 - 6:00 'да юкланди ва 420 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 200
(давоми)

ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ МЎЖИЗА

Имом Бухорий ва имом Муслим «Саҳиҳ» китобларида шундоғ келтирибдур:

«Расулуллоҳ ғазот учун бир сафарга чиқдилар. Юрган йўллари чўл бўлиб, сувсизликдан бутун аскар чанқоқликда қолди. Анда Расулуллоҳ Ҳазрати Али, Ҳазрати Зубайр икковларига буюрдилар:

— Фалон жойга боринглар. Йўлда туя минган бир хотун сизларга йўлиққай. Ортинган икки саноч суви бор, шуни келтиринглар.

Шундоқ деб ул зот ғайбдан хабар бердилар.

Бу икковлари чопганларича шу жойга борсалар, Расулуллоҳ деганларидек, икки саноч сув ортган туялик хотунга йўлиқишди. Уни Расулуллоҳга келтирдилар эрса, у сувдан бир идишга озроқ тўкиб муборак қўлларини унга солишлари билан бармоқ ораларидан булуқлаб сув қайнаб чиққани турди. Чанқаб турган бутун аскар от-уловлари билан бу сувдан ичиб қондилар. Ул хотун эрса бунга ҳайрон бўлиб қараб турди. Бутун аскар борлиқ идишларини шу сувдан тўлдириб олдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотунни хурсанд қилиш учун аскардан бир мунча озиқ-овқат йиғдириб бериб:

— Энди боргил, биз сенинг сувингдан ичмадик. Аллоҳ ўз сувидан бизни қондирди.

Шу билан бу хотун Расулуллоҳ олдидан чиқиб ўз ерига келди. Анда ул хотундан қавми:

— Нечук кеч қолдинг? — деб сўрадилар.

Ул хотун:

— Бу келишимда ажаб бир қизиқ ишга йўлиқдим. Йўлда келаётганимда қаршимдан икки киши чиқиб, мени қўймай бир одам қошига элтдилар. У эрса янги бир дин келтирган одам эмишдур. Кўз олдимда шундай-шундай ишларни қилди. Бу киши ўткир сеҳрчи бўлиши керак ёки ўзи айтгандек, Аллоҳнинг пайғамбаридур.

Сўнгра шу хотун сўзи сабаб бўлиб, Расулуллоҳ билан кўришмасданоқ барчалари иймон келтиришди».

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар