Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Иноятовчилар Мирзиёев ташаббусларига қарши саботаждан шантаж қилишга ўтишди

Усмон Ҳақназаров: Иноятовчилар Мирзиёев ташаббусларига қарши саботаждан шантаж қилишга ўтишди
11 Eylül 2017 - 23:29 'да юкланди ва 2531 марта ўқилди.

Шу йилнинг сентябр ойи бошида “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” миллий авиакомпания фаолияти билан боғлиқ, бир қарашда эътиборга лойиқ бўлмаган икки ҳодиса юз берди.

4 сентябр куни ўзбек авиакомпаниясига тегишли бўлган ва HY534 рейси билан Бангкокдан Тошкентга учган “Боинг-767-400” самолёти, техник носозликлар туфайли Бангкок аэропортига қайтишга мажбур бўлган. 8 сентябр куни худди шундай “техник носозликлар”,  энди HY766 рейси билан Олмотадан Тошкентга учган “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га тегишли А320 самолётида ҳам аниқланган.

Иккала ҳолатда ҳам самолётларда ҳеч қандай техник носозликлар бўлмаган: ҳодисалар сунъий равишда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ва “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” Миллий авиакомпаниясининг ўрта бўлимларида ишлашда давом этаётган унинг қўл остидагилари буйруғи билан ташкил қилинган.

Фитначиларнинг асосий мақсадлари, миллий авиакомпанияни ҳорижий мамлакатлар олдида обрўсизлантириш ва август ойи охирида Иноятовнинг одами бўлган Валерий Тянни ўзбек ҳаво йўллари раҳбарлиги лавозимидан олган президент Шавкат Мирзиёевга қарши билвосита шантаж уюштириш бўлган. Шундай қилиб…

Иноятовнинг арзномаси ва ишораси

В.Тян ўз лавозимидан бўшатилган куни, ўзбек махсус хизматлари раиси Президент Мирзиёевга “бундай шафқатсиз қарор қабул қилмаслик” илтимоси билан қўнғироқ қилган. Иноятов суҳбат давомида, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” унинг шахсий бизнеси эканлиги ва миллий авиакомпанияга катта сармоя киритганлиги ҳақида очиқ гапирган.

“Компаниянинг барча моддий-техник таъминоти, авиаёқилғидан бошлаб самолётлар эҳтиёт қисмларигача бизнинг фирмаларимиз қўлида. Менинг чекистларим компаниядаги қатъий интизомни назорат қилишади, шу сабабдан бизнинг самолётларимиз ва учувчиларимиз ҳеч қачон мижозларга панд беришмаган. Агарда сиз Тянни ишдан олсангиз “Ҳаво йўллари”даги яхши йўлга қўйилган тизим ишдан чиқади”, деган Иноятов Мирзиёевга, Тянни бўшатиш фикридан  қайтариш ниятида.

Аммо Шавкат Мирзиёев ўз қарорини ўзгартирмади. Шундан сўнг Иноятов: “Агарда бундан кейин “Ҳаво Йўллари” самолётлари бузилишни ёки портлашни бошласа, у ҳолда жавоби янги кадрлардан сўралади”, деган.

Ва ушбу суҳбатдан бир хафта ўтиб, ўзбек ҳаво йўлларининг Бангкок ва Олмаотадаги самолётларида “носозликлар” аниқланди.

Бизнинг фикримизга кўра, Ўзбекистондаги ўзининг энг даромадли бизнеси – “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” компанияси учун куйиб-пишаётган, ўзбек махсус хизматлари раисининг шантаж қилишга уруниши эди.

Такидлаш жоизки, ўзбек ҳаво йўлларига Арслон Рўзметов ўрнига 2002 йилда “контора” одами бўлган Валерий Тян раҳбар қилиб тайинлангач, Рустам Иноятов ва унинг қўли остидаги “тадбиркорлар” авиакомпания даромадига ёпишиб олишди. Улар, компаниянинг хўжалик фаолиятига тегишли барча тендерларни монополлаштириб олишди: хизмат кўрсатиш, ёқилғи, эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ва ҳоказолар.

Рустам Иноятов, Валерий Тян ва бошқа “конторачи”ларнинг очкўзлиги натижасида ўзбек ҳаво йўллари ҳорижий самолётларнинг Ўзбекистон аэропортларида қўниши, учиши ва туриш жойи учун  нақд пул билан тўловни амалга оширишни йўлга қўйди, бундай ҳолат жаҳоннинг бошқа ҳеч бир мамлакатида аввал ҳам бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ.

Шу тариқа, ўзбек аэропортларида самолётларининг бир кун туриши учун ҳорижий авиакомпаниялар 2000 доллар миқдорида нақд пул тўлашга мажбур эдилар. Бундан ташқари, улар ёқилғини ҳам ўзбек ҳаво йўлларидан нақд валюта (доллар ёки евро) эвазига сотиб олишлари лозим эди.

Бу шартлар шахсий самолётлар учун айниқса чидаб бўлмайдиган даражада эди. Улар ўзбек аэропортига қўнгач мажбурий тарзда, арзонроқ туриш жойи учун Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри аэропортига учиб кетишар эди. Сўнгра қайтиб кетиш куни яна Тошкент аэропортига учиб келишарди.

Ҳар сафар Ўзбекистон Руспубликасига келганда “контора” тарафдан нақд тўлов қилишга мажбурланган Ўзбек-рус олигархи Алишер Усмоновнинг шахсий самолёти учувчилари ҳам шундай йўл тутишар эди.

Барча нақд тушумлар ўзбек махсус хизматлари раисининг ўғли, Шариф Иноятовнинг чўнтагига кетар эди. “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” кассасига эса Иноятовнинг турли фирмаларидан, давлат курси бўйича ўзбек сўмида маблағлар ўтказилади.

Иноятовчиларнинг “Ўзбек Ҳаво Йўллари” тизимидаги даромадининг асосий манбаларидан бири маҳсулотларини ўзбек аэропортлари орқали ноқонуний (божхона тўловларини амалга оширмасдан) йўл билан олиб кириш ва олиб чиқиш бўлган. Шу йўл билан Иноятовнинг бизнес-империяси ҳар йили юзлаб миллион доллар пулб топган.

“Қолдиқлар” билан қаноатланган, ўзбек ҳаво йўлларининг собиқ раҳбари Валерий Тян ҳам кам пул топмаган. Ўзбек аэропортлари ҳудудида жойлашган автомобил туриш жойлари, хизмат кўрсатиш пунктларидан тушган барча даромадлар Тяннинг шахсий чўнтагига тушган. Ўзбек аэропортлари ҳудудидаги дўкон ва кафелардан тушадиган ижара тўловлари ҳам нақд пул кўринишида Тяннинг шахсий чўнтагига тушган.

Тяннинг ташаббуси билан “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”да учувчи, сюардесса ва ўзбек ҳаво йўллари тузилмасига олинадиган бошқа ходимларни ишга олиш бўйича коррупцион ва аҳлоқсиз усуллар ташкил қилинган эди. Шу тариқа, стюардессаларни ишга олишда, пул ёки танаси билан тўловни амалга ошира оладиган номзодларга имтиёзлар берила бошлади.

Валерий Тян “Ўзбекистон Ҳаво Йўлларини” корейс маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб кириш ва ўзбек маҳсулотларини Жанубий Кореяга олиб чиқиш бўйича ноқонуний каналга айлантириб олди. Бу ерда гап фақатгина ҳаво орқали юк ташиш ҳақида кетмаяпти. Биз аввало Ўзбекистондан Жанубий Кореяга Тяннинг тадбиркорлари тарафидан жуда катта миқдорда нақд ҳорижий валютанинг олиб чиқиб кетилишини назарда тутаяпмиз.

Шахсан Валерий Тяннинг ташаббуси билан, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”нинг маҳаллий ва халқаро йўналишларига учувчи ва стюардессаларни ишга олишда имтиёзлар ўзбек миллатига мансуб бўлмаган номзодларга берилар эди. Шу сабабдан ўзбек миллатига мансуб бўлган кўплаб юқори малакали учувчи ва стюардессалар қозоқ ва рус ҳаво йўлларига ишлашга кетишга мажбур бўлишарди.

Рустам Иноятов оиласи томонидан 15 йил давомида ўғирланиб келиши натижасида, даромад келтирувчи давлат компанияси, мамлакат учун коррупция, ахлоқсизлик ва зарар ўчоқларидан бирига айланди.

Шунга қарамай, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”даги ўзининг оилавий бизнес-позициялари учун саботаж ва ҳатто шантаж йўли билан курашаётган ўзбек махсус хизматлари раиси бундан уялмайди ҳам.

Саботаж ва шантаж йўли билан Рустам Иноятов фақатгина ўзбек ҳаво йўллари учун эмас, балки бошқа соҳаларда ҳам кураш олиб бормоқда… Шундай қилиб…

Раматов ва Бобожоновларга нисбатан Иноятов таҳдидлари

Шу йилнинг август ойи охирида Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очил Раматов Тошкентда ҳашаматли уйлар қуриш учун бир неча гектар ерни Қорақалпоқ компанияларидан бирига бериш ҳақидаги қарорни имзолаган эди.

Икки кундан сўнг унинг хонасига Рустам Иноятовнинг ёқимтойи ва югурдак тадбиркори Сакен Пўлатов шахсан келади. У Раматовга, ерларни “қишлоқ компанияси ва номаълум тадбиркор”га бергани учун ғазабланади. “Тошкентда фақатгина “Golden House”(Сакен Пўлатовнинг компанияси – У.Ҳ.) ва “Murad Buildings” (Рустам Иноятовнинг жиянининг компанияси – У.Ҳ.) қуриши керак. Сиз эса пойтахни қуришни Нукуслик қанақадир номаълум тадбиркорларга бераяпсиз!”, дея хафа бўлган С.Пўлатов Очилбой Раматов хонасида.

С.Пўлатовнинг тарбиясиз гапларидан жаҳли чиқган Бош вазир ўринбосари, Иноятовнинг миллиардерини ҳайдаб юборган ва унга қурилиш бизнесидан чиқиб кетишни тавсия қилган.

Шу куннинг ўзида Сакен Пўлатов О.Раматов билан бўлиб ўтган суҳбат натижалари ҳақида Рустам Иноятовга хабар берган. Ғазабланган ўзбек махсус хизматларининг раҳбари дарров Раматовга қўнғироқ қилган ва унинг “доғ”ларини фош қилиш билан таҳдид қилган.

“Сан нима? Қутуриб кетдингми? Агарда Сакенга бўйсунмасанг, мен ўзим шахсан сенинг пулли ишларининг фош қилиш билан шуғулланаман!”, деган Ўзбекистон МХХ раиси О.Раматовга. Шундан сўнг Бош вазир ўринбосари Иноятовнинг югурдаги Сакен Пўлатов билан яна юмшоқ муомала қилишни бошлаган.

Сентябр ойининг бошида Рустам Иноятов яна бир ўзининг одами ва ёқимтойи, собиқ МХХчи, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлайдиган – Алишер Шойимовни ҳимоя қилди. Ички ишлар вазири лавозимига, бунгача Хоразм вилояти ҳокими сифатида ишлаган Пўлат Бобожонов тайинлангандан сўнг, “контора” раҳбари ўз одамларининг вазирликни “чекист” элементларидан тозалаш натижасида ишдан олинишидан хавотирлана бошлади.

“Сизларда кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида менинг шогирдим Алишер Шойимов ишлайди. Мен сизнинг у билан биргаликда ишлашингизни, уни бўшатмаслигингизни истайман”, деган Р.Иноятов Ички ишлар вазирига.

Пўлат Бобожонов ўзбек махсус хизматлари раҳбарига ҳеч нарса ҳақида сўз бермаган. У фақатгина, ҳаммаси Алишер Шойимовнинг ишлашига боғлиқлигини айтган, ҳамда Иноятов ва унинг одамлари кўрсатган йўлдан юриш нияти йўқлигини билдириб қўйган.

Шундан сўнг “контора” Рустам Иноятовнинг буйруғи билан, шу йилнинг 5 сентябр куни Тошкент шаҳри марказида “Спарк” автомобили ўғрисига қарата ўт очиш”ни ташкил қилишди. Янги Ички ишлар вазирини обрўсизлантириш мақсадида “контора”чи милиционерлар Алишер Шойимов бошчилигида барча постлар ва путрул хизмати автомобилларига “фақат куч ишлатиш ва автомобил кузовига ўт очиш йўли билан ўғриларини қўлга олиш” ҳақида буйруқ беришган.

Ушбк ўғирликнинг “контора”лик ташкилотчилари, хоразмликлар, шу жумладан Пўлат Бобожонов ҳақида салбий фикр уйғотиш учун  бу ишга бир Хоразмликни ҳам жалб қилишди.

Ушбу ҳодиса ташкилотчиларининг асосий мақсади, янги Ўзбекистон Ички ишлар вазирини огоҳлантириш ва шантаж қилиш, ҳамда умуман ички ишлар органлари ишини обрўсизлантириш бўлган. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

Биз, МХХ раиси Рустам Иноятовнинг ўз бизнеси, югурдак тадбиркорлари ва турли давлат тузилмаларидаги кадрлари атрофида парвона бўлаётгани ҳақида бир неча мисолларни келтирдик. Соботаж, шантаж ва таҳдид йўли билан у нафақат ўз позицияларини сақлаб қолмоқчи, балки президентнинг янги кадрларини ҳам ўзига бўйсундирмоқчи.

Шунингдек, янги ўзбек ҳукумати аъзоларининг у ёки бу ҳаракатлари ҳақида бир зумда хабар бераётган Иноятовчи хабарчиларнинг оператив равишда ишлаётганлари, эътиборга лойиқ.

Бу, ҳукуматнинг турли поғоналарида ҳали ҳам “контора”нинг хабарчилар тармоғи яхши ишлаётганидан дарак беради, гарчи ҳукуматнинг юқори қатламлари Иноятовчилардан деярли тозаланиб бўлинди.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
11.09.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар