Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Қиёмат куни бутун ҳақлар соҳибларига мутлақо берилажак”

“Қиёмат куни бутун ҳақлар соҳибларига мутлақо берилажак”
12 Eylül 2017 - 7:00 'да юкланди ва 572 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(23)
(давоми)

Абу Ҳурайра (Аллоҳ ундан рози бўлсин) шундай дейди: “Бир кеча хуфтон намозини Пайғамбаримизнинг имомлигида қилиб, масжиддан чиқдим. Йўлда кетаркан, йўл канорида турган бир хотинни кўрдим. У менга “Ё, Абу Ҳурайра, мен катта гуноҳ ишладим, ажабо, тавбам қабул бўладими?” деб сўради. Унга “гуноҳинг надир?” дедим. Хотин “аввал зино қилдим, кейин зинодан туғилган чақалоқни ўлдирдим” деди. Мен хотинга “ҳам маҳв этдинг, ҳам маҳв этилдинг, валлоҳи сенинг тавбанг қабул бўлмас!” дедим.

Мен гапимни тугатмасданоқ хотин изтироб ичида ингради ва ҳушдан кетиб йиғлади. Мен ҳам ўтиб кетавердим.

Аммо кейин ўз–ўзимга “ҳали Пайғамбаримиз тирик экан, мен қандай фатво бераман?” деб ўйладим ва эрталаб Пайғамбаримизнинг ёнига бордим. Унга “Ё, Расулоллоҳ, кеча бир хотин мендан шу–шу мавзуда фатво истади, мен ҳам фатво бердим” дедим.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

1.Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун (Биз Аллоҳ учунмиз ва яна унга қайтамиз). Ё, Абу Ҳурайра, ҳам маҳв этдинг, ҳамда маҳв бўлдинг! Сен нима деяпсан, бу оятлар нима дейди, қара: “Ва улар Аллоҳ билан баробар бошқа бир илоҳга ёлвормайдилар, Аллоҳ дахлсиз қилган жонни ҳақсиз, равишда ўлдирмаслар ва зино этмаслар. Ким буларни қилса, жазосини топар. Қиёмат куни унга азоб қатқат орттирилар ва у жойда хор ва ҳақир ҳолда мангу қолар. Аммо тавба қилиб, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилса, бас, Аллоҳ уларнинг ёмонликларини яхшиликка айлантиражакдир. Аллоҳ кечирувчи ва меҳрибондир”(“Фурқон” сураси, 68–70).

Мен буни эшитиб, Пайғамбаримизнинг ёнидан ташқарига чиқдим, мен Мадинада кўчама–кўча юриб, “кеча мендан шу мавзуда фатво истаган хотиннинг ёнига мени ким олиб бора олади?” дея бақирардим. Бу ҳолимни кўрган болалар “Абу Ҳурайра жинни бўлиб қолибди” дея мени масхара қила бошладилар.

Оқшом тушган пайти мен у хотинни аввал учратган жойда кўрдим. Дарҳол униннг тавбаси қабул этилажаги тўғрисида Пайғамбаримиздан эшитганим сўзларни такрорладим.

Хотин бу сўзларни эшитиб, бу сафар севинчдан инграб юборди ва ўзига келиб, “менинг бир боғчам бор, гуноҳимга каффорат бўлсин учун уни йўқсилларга ҳадя қиламан” деди”.

Юқоридаги оятларнинг сўнггиси ҳақидаги бир изоҳга кўра, қул гуноҳларидан тавба этганда, эски гуноҳлари яхши амалларга айланади.

Ибн Масъуд (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай дейди: “Қиёмат куни инсон амал дафтарининг бошига қараб, гуноҳларини, сўнггига қараб, яхши амалларини кўради. Аммо кейинроқ дафтарнинг бошига қараганда, бутун гуноҳларининг яхшиликка айланганини кўради”.

Яна Абу Зарр–ул–Гифорий ҳам Пайғамбаримиздан шу ҳадисни ривоят этади: “Аллоҳ уларнинг ёмонликларини яхшиликка айлантиражак”.

Бошқа бир баёнга кўра, оятнинг маъноси шудир: Аллоҳ тавба этган қулни ёмон ишлардан узоқлаштириб, яхши ишларга йўналтиради.

Эй, биродарим, бил–ки, куфрдан ҳам катта гуноҳ йўқ. Аммо Аллоҳ шундай дейди: “Кофирларга айт, агар куфрларини тўхтатсалар, уларнинг ўтмишдаги куфрлари кечирилади” (“Анфол” сураси, 38).

Тавба этгандан сўнг куфрни ҳам авф қамровига олинса, қолган кичик гуноҳларнинг ҳукмини ўзинг ўйла.

Ҳазрати Ҳасандан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Орангиздан бири ер билан кўк ораси тўладиган қадар кўп гуноҳ ишласа ва ундан кейин тавба этса, Аллоҳ тавбасини қабул этади”.

Язид Рақоши дейди: “Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг минбаридан бизга Абу Ҳурайра (Аллоҳ ундан рози бўлсин) хитоб этди ва шундай деди: “Мен Пайғамбаримизнинг шуларни айтганини эшитдим: “Одам Аллоҳ наздида энг қийматли инсондир. Қиёмат куни Аллоҳу Таоло уч нарсада Одамга узр айтади:

1.Эй, Одам, агар мен ёлғончиларга лаънат этмаган бўлсам ва ёлғондан нафрат этмасайдим, ёлғончиларни жазолантиришимини очиқ билдирмаган бўлсайдим, бунга кўра Жаҳаннамни инсонлар ва жинларга тўлдиришимни ҳукмга боғламаган бўлсайдим, бугун сенинг уруғингдан тўраганларнинг ҳаммасига мархамат қилган бўлардим.

2.Эй, Одам, бутун сенинг уруғингдан Жаҳаннамга қўяжагим ва азоб чектиражагим кимсалар янгидан дунёга юборсам яна эски ёмонликларига қайтажагини олдиндан билганим кишилар бўлади.

3.Эй, Одам, сениннг уруғингдан келганлар ва Менинг орамда сени ҳакам қабул этаман. Амал тарозиси ёнида тур ва уруғингдан келганларнинг амалларини кўр. Кимнинг яхшилигига зарра оғир босса, кўрасан, Жаннатга юборилажак. Бу билан Менинг фақат золимларнигина Жаҳаннамга қўйганимни кўрасан”.

Ҳазрати Ойшадан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз шундай деган: “Гуноҳ дафтарлари учга бўлинади:

1.Аллоҳнинг авф этмаяжаги гуноҳлар дафтари.

2.Аллоҳнинг авф этадиган гуноҳлар дафтари.

3.Аллоҳнинг ҳар нуқтасини тит–пит қилиб текширадигани гуноҳлар дафтаридир.

Биринчи дафтар – Аллоҳга шерик қўшиш гуноҳи ёзиғлик дафтар. Бу хусусда Аллоҳу Таолонинг шу ояти бор: “Ким Аллоҳга шерик қўшса, Аллоҳ унга Жаннатни ҳаром қилади, унинг манзили – Жаҳаннамдир” (“Моида” сураси, 72).

Иккинчиси, Аллоҳниннг авф этажаги гуноҳлар дафтари. Унда қулниннг ўз нафсига зулм этиши, бировга ҳақсизлик этиши каби гуноҳлар ёзилган.

Учинчиси, Аллоҳнинг қаттиқ тафтиш қилажаги гуноҳлар дафтари, бу қуллар орасидаги ҳақларга тааллуқлидир”.

Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Қиёмат куни бутун ҳақлар соҳибларига мутлақо берилажак. Ҳатто шохли қўчқордан шохсиз қўйнинг ҳаққи ҳам олиб берилажакдир”.

Шундай экан, қул ҳақсизлик этгани кишиларнинг ризолигини олишга интилиши керак. Чунки – агар гуноҳниннг авф этилиши Аллоҳга боғлиқ ҳолларда Аллоҳ мархамат соҳиби сифатида, қулини авф этади, аммо ҳақсизликка учраган қул бу ҳақсизликни қилган бошқа қулдан ҳаққини олмагунча, ундан рози бўлмаслиги мумкин. Агар унинг розилиги олинмаса, Қиёматда қарши тарафнинг савобларидан унга бадал олиб берилади.

Яна Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобийларидан: “Менинг умматимнинг муфлислари ким, биласизларми?” деб сўради.

Саҳобийлар “бизнингча, муфлис дегани пули ва моли қолмаган одам” дейишди.

Шунда Расулоллоҳ алайҳиссалом қуйидаги изоҳни қилди: “Менинг умматимнинг муфлислари қиёмат куни намоз қилган ҳолда, рўза тутган ҳолда келиб, биттасига сўккани учун, бошқасига туҳмат қилгани учун, биттасининг қонини тўккани ёки молини егани учун, яна бирини калтаклагани учун яхши амаллари ҳақсизликка учраганларга олиб берилиб, уларнинг гуноҳлари эса унга юкланганлиги боис Жаҳаннамга ташланган кимсалардир.

Шундай экан, биз Аллоҳдан бизни тавба этишга ва бу тавбани бузмасликка муваффақ этишини тилайлик. Чунки тавбада сабот этиш, тавбани бузмаслик тавба этишдан муҳимроқдир”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар