Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Исломнинг мақсади – инсоният камолоти

Исломнинг мақсади – инсоният камолоти
12 Eylül 2017 - 10:44 'да юкланди ва 608 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

27-қисм

Кўчада осойишталик ҳукм сурарди. Билинар-билинмас эсаётган шаббода эркаланарди. Япроқлар бир-бирлари билан шивирлашаётгандек эдилар. Қушлар чуғурлашиб ҳамд-сано айтишга тушгандилар. Ёришаётган тонг оппоқ ҳарир кўйлакдаги келинчак каби ийманарди. У энди ўзини гўшангадан ташқарида туриб, кўринмас оловда ёнаётган куёвдай ҳис эта бошлади. Арслон қаршисидаги маролдек титраётган келинчакнинг оҳанграбоси бор эди. У ҳам ўзига тортар, ҳам итарарди. Қуёш шарқдан белги берди. Тоғлар орқасидан сизаётган заррин нурлар осмонларга ёғду сочди. Алвон ёпинчиқ кенгайиб борарди. Зум ўтмай кўкда баркашдек қуёш пайдо бўлди. У кунгабоқардек нозланиб, борлиққа тириклигини эслатди. Ер ўзининг чексиз куч-қувватга тўлалигини ҳис этди. Шаҳарнинг кўксида улкан бир фонус ловуллади. Қуёш ердан найза бўйи кўтарилганди. Қирмизи нурлар билан алмашинаётган бокира тонг қонли кўйлакка ўхшарди. У тонгнинг – қуёш келининниг иффати эди. Қуёшга Баҳром киприк қоқмасдан термуларди. Кўзлари қамашгач, у ҳеч нарсани кўрмасдан қолди. Ҳамма ёқни қоп-қора зулмат қоплади. У қудуқ тубига тушган челакдек оби раҳматга ғарқ бўлди. Ўзини бир томчи кўз ёш ичидаги чанг ғуборидек ҳис эта бошлади. У бир томчи сувдан ҳам ожиз эди. Биров қўл чўзмаса, гирдобдан чиқа олмасди. Ғарқ бўларди. Қоронғи ўрмондаги яккаш уйнинг даричасида ўйнаётган бир тутам нур каби шуури зўрға ғимирларди. Шунда қуёшнинг қўнғир сочлари елкаларига ёйилиб кетди. Иккита кўз пайдо бўлиб, мовий кўл сингари зилолланди чайқалди. Сўнгра бу кўзлар Катяга айланиб, Баҳромга қўлларини чўзди. Баҳром неча йиллардан буён уни қидирар, бир кўрмоққа зор эди.

– Мен сенинг илтфотингга муносиб эмасман! Мен у Баҳром эмасман! – деди у. – Мен адашдим, йўлимни йўқоттим, ўзим истамаган йўлга кирдим, тузоққа тушдим, боши берк кўчаларга бошимни суқдим. Сени йиллар бўйи излагандим, бир кўришга зор эдим. Сочларингни силамоқчи эдим, лабларингдан бўсалар олмоқчи эдим, ҳидларингга тўймоқчи эдим. Энди кўзларингга боқишдан уяламан…

– Сизга нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз?

– Билмасам! – деди у кафти билан кўзёшларини артиб.

У кўзларини очганда рўпарасида хотини турарди. Рости, унинг нурдан қамашган кўзлари очиқ эди, кўзларини юмганда рўпарасида хотинини кўрди. Ёки…

Бу пайт аждарҳодек олов пуркаётган қуёш  денгиз бағридаги шафақ янглиғ осмонда сузарди. Иш соатлари бошланган, кўча одамларга тўлиб кетган эди.

– Менга нима бўляпти? – дея у хотинидан сўради.

– Юринг, кирайлик! – деди хотини. – Уйда гаплашамиз.

Улар уйга кирдилар.

– Ён қўшнимиз, эрингиз бир жойда икки соатдан буён қотиб турипди, дея уйга чиқди! – деди хотини. – Сизни ишингиз билан кетиб қолипсиз деб ўйлаб юраверипман, каллам қурсин!

– Тўғри қилгансан! – деди у хотинига. – Шунчаки, тоза ҳавода сайр қилгани чиққандим. Ҳаммаси ўтиб кетди.

– Дадаси! – деган аёл гапини айтишга истиҳола этди.

– Гапиравер! – деди у.

– Бир неча ойда бир келсангиз ҳам, Қозоғистонда ишлаганингиз тузук эди. Беғалва, беташвиш яшардик. Тошкентда иш бошлаб, ёстиққа беҳавотир бош қўйганингизни кўрмадим. Баридан этак силкиб, қайтиб кетганингиз менга маъқул кўринади. Қаерда бўлсангиз ҳам, тинч-омон юрганингизнинг ўзи биз учун катта давлат!

Хотини сузиб узатган чойни у лабига теккизиб, хонтахтага қўйди.

– Бошланган ишни бир ёқлик қилмасдан кета олмайман! – деди у. – Айтганларинг умуман олганда тўғри. Бироқ бу ерда сенга ноаён жиҳатлар бор. Ўзимнинг ҳам жонимга тегди. Ўзимни-ўзим ипсиз боғладим.

У хотини билан нонушта қилди. Хотирини жам этиш учун унга таскин берди. Диллашди, тиллаши, яхши сўзлар сўзлади… Сўнгра ётоғига кириб ухламоқчи бўлди. Одатда, у кундуз кунлари ухлашни хушламасди. Тунда ухлай олмагани учун тани-бадани латта каби бўшашиб кетаётганди. Аммо ухлай олмади. Катянинг қиёфаси кўзлари олдидан кетмасди…

Эри аҳволидан ҳадиксираб қолган бечора аёл ҳар замонда эшикни очиб, ундан хабар олиб қўярди. Ўзини ухлаганга солиб ётган Баҳром хотинининг меҳрибонлигини тушунаётган бўлса ҳам, бундан аччиғи чиқарди. Бўлавермагач, у тикланиб, деворга орқасини берди. Қайта-қайта кўзлари олдига келаётган Катянинг қиёфаси уни жинни этаёзганди. Йигитлик эҳтироси уйғониб, руҳида исён турганди. У маст эди, мастон эди. Юраги шеър битишга ундарди. У қўл чўзиб, диван тагидаги жомадондан шеър дафтари билан қаламни олди. Тошкентга келганидан буён дафтарни чанг босиб ётарди. Шеър битмаганди. У ўйлаб ўтирмасдан, “Малак” дея сарлавҳа қўйди. Сўнгра нима ёзишни билмасдан, дафтарга узоқ тикилди. Уйқусизликдан боши карахт эди. Кўзларига қум тиқилгандай, зўрға киприк қоқарди. Бирдан димоғига Катяни эслатувчи бир ҳид урилди. Қалам қоғоз устида йўрғалаб кетди. Беш дақиқа ўтмади. У ёзганларини ўқий бошлади.

Умр бўйи изладим сени –
Қулинг бўлай, дедим, бир соат.
Қаршингда тиз чўкмоқлик учун
Қирқ йил этдим сабр-қаноат.

Менинг билан қолгани – исминг,
На сувратинг, қиёфанг аён.
Ҳаловатим, тинчим йўқолди,
Ишқинг қалбга тушгандан буён.

Хаёлимда яшадинг, малак,
Учратмадим қайтиб ҳаётда.
Сўроқласам, дедилар ҳайрон,
Эй девона, ҳумо қаёқда?

Бировларда ёноғинг гул-гул,
Яна кимда оҳу кўзларинг.
Атиргуллар бўй олган сендан,
Булбулларда сирли сўзларинг.

Аъмолингни минг бурждан йиғиб,
Бир нуқтага жам этмоқ мушкул.
Осмонингда юлдуздай чақнаб,
Юрак портлаб кетмаса буткул.

Умр бўйи изладим сени –
Қулинг бўлай, дедим, бир соат.

Йиллар бўйи юрак-бағрини эзаётган соғинчлар бош кўтарганди. Эҳтирослар ҳеч қачонда сўнмайдиган чин муҳаббатга алёр айтаётганди. Зорланишлар хаёлдаги ёрга етиб бўлмаслигидан қон боғлаганди.

Баҳромнинг кўзлари порлай бошлади. Томирларида қони жўш урди. Буни кўриб хотини мушук каби енгил қадамлар билан ёнига чўкди. У овозини баралла қўйиб, бўёғи қуримаган машқини унга ўқиб берди.

– Қандоқ чиқипти хотин? – дея сўради сўнгра.

– Ёмонмасми, дейман! – дея у йўлига жавоб берди. – Кўринишингиз яхши. Ухлаб туриб рангингиз кириб қолипти.

– Тузукми ёки ёмон? – деди у. – Мужмал қилмасдан, қачон ичингдагини гапиришни ўрганасан?

– Тузуксиз, дедим-ку! Боя қўрқиб турувдим, кўзларингиз жойига келиб қолипти.

У хотинидан антиқа бир жавоб эшитишни кутган бўлса ҳам, саволига алоқаси бўлмаган жавобни эшитишни хаёлига келтирмаганди.

– Ақли-ҳушинг жойидами? – деди. – Сендан аҳволим ҳақида сўрамадим. Шеър қандай чиқипти, деб сўраяпман!

– Тўғриси, шеърингизни англамадим. Бахтимизга ўзингиз соғ-омон бўлсангиз бўлди! – деди хотини. – Шеър одамга соғлик бўлармиди? Ёки қорнимизни тўйғазиш учун нон билан ош бўлармиди? Қолаверса, бир нималарни ёзганингизда, қўрққанимдан юрагимни ҳовучлаб ўтираман. Кўриб-билиб бошингизга бало орттириб нима қиласиз? Тўрт кунлик омонат дунёда бир кун бўлса ҳам беғалва яшайлик.

– Гап гапирсанг, президентга ўхшаб аллома бўлиб кетасан! – деди у жони ёниб. – Аммо, эрингни англашга келганда ўзингни овсарликка соласан. Чиқиб кетамиз, десам, “Дунёда юртимиздан тинч ва осойишта гўша йўқ. Телевизирда кўрдим, жаннат излаб ёт элларга кетганлар хор-зор бўлиб, тавбаларига таяниб, қайтиб келдилар”, дейсан. Юртинг тинч, осойишта бўлса, иш қани? Халқ бекорчиликдан қўлини бурнига тиқиб ўтирипди. Меҳнат, ижод, ташаббуслар яшолмаган жойда тинчлик бўладими? Ёзаётганларимни кўрганларида, юракларини ҳовучлармишлар!

– Демократия деган гапларингизга, рости, тушунмайман, дадаси. Бизга ҳеч ким тегмаса, биз ҳам ҳеч кимга тегмасдан, тинчгина яшасак, дейман. Бошқалар билан нима ишимиз бор? Бир бурда нонга зор бўлсак, биров, енглар, деб битта нон берармиди?

– Бизга нима учун бировлар нон бериши керак экан? – дея хотинидан унинг тағин жаҳли чиқди. – Тўрт мучамиз соғ-омон бўлса, ақл-ҳушимиз жойида бўлса, ўз нонимизни ўзимиз топиб емасак, ўлганимиз афзал эмасми? Акси, имконият бўлса, кеча-кундуз меҳнат қилсак, тер тўксак, мамлакат ғазнасига солиқ тўласак, эл-юрт тараққиётига улуш қўшсак, ташаббуслар кўтариб чиқсак дуруст эмасми? Таъбирингча, жонимиз тинч, қорнимиз тўқ бўлса, уй-жойларимиз кўп бўлса, бўлди эканда!

– Тўғрида! Бировларнинг муаммолари бизга керак эмас. Ҳар ким бошидаги қорни ўзи кураса, олам гулистон бўлади, демоқчиман.

– Сен шундай деб ўйлайсан! – деди хотинидан ҳафсаласи пир бўла бошлагач у. – Миллатимиз сен каби фикрлагани учун асрлар давомида тирноқлаб йиққанларидан мосуво бўлди. Яқин тарихимизда жуда кўп қурбонлар берилди. Куч бирлашмаса, руҳий тозариш бўлмаса, рўшноликни қуёшли кунда чироқ ёқиб тополмайсан. Барчаси ички ўзгаришлардан бошланади. Ички ўзгаришлар тўғри фикрларнинг ҳосиласи дегани. Демак, биринчи навбатда фикрлашни ўрганишимиз жоиз. Бугун сен ҳаммадан ажралиб, бехавотир яшашинг мумкин. Эртага болаларинг сен каби жамиятдан айри яшай олмайдилар. Эртага миллат бошига келадиган бало-қазолар болаларингнинг атрофидан айланиб ўтиб кетмайди. Ўрмонга ўт кетса, ҳўл-қуруқ баравар ёнади. Миллатнинг, мамлакатнинг чекига тушган қийинчиликлар учун сени болаларинг ҳам товон тўлайдилар. Шу учун ҳар бир фуқаро эрк ва озодлик учун, миллат келажаги учун жон беришга шай туриши лозим. Бу ўсишни тараққиётни таъминлайди, тинчликка, осойишталикка гаров бўлади.

– Дадаси, яхши ният этсангиз бўлмайдими? Одам ўз болалари хусусида ҳам шунақа бўлмағур гапларни айтадими? Гапларингиздан илон пўст ташлайди.

– Ширин ёлғондан аччиқ ҳақиқат минг марта афзал! У хотинини чўрт кесди. – Сенга йигирма йилдан буён жаврасам-да, айтганларим у қулоғингдан кириб, бу қулоғингдан чиқиб кетади. Бизлар ҳайвон эмасмиз, Тангри яратган олий мавжудодмиз. Дунёга еб-ичиб, кайф-сафо суриш учун келмадик, ўзимизни топиш учун келдик. Ўн саккиз минг Оламни яратган Рабби бизларни шунинг учун яратди. Барча саъй-ҳаракатларимиз комилликка қаратилган бўлиши керак. Бу учун меъёр жоиз. Меъёрни топиш учун ўқиб-ўрганиш лозим. Беш вақт намозни канда этмайсан, диний китобларни мутолаа қилишдан чарчамайсан, аммо бажараётган ишингнинг моҳиятидан бехабарсан. Исломнинг мақсади – инсоният камолоти. Сен ўзингни солиҳ бир муслима санаган ҳолингда, Ислом ақидаларига тескари айланасан!

– Дадаси, тўғриси, – дея у бир зум дамини ичига ютди, – давр кўзига тикка боқиш жуда ҳам қўрқинчли! Бугун кўриб турган одамларингнинг эртаси кун қамалганини биласан, индин уларнинг майиб-мажруҳ бўлганини ёки ўлиги келганини эшитасан. Адолат истаб кўчага чиққанларни қамайдилар, бола-чақаларини йўқотадилар. Мен ҳам сиз ва болаларимиз тақдиридан қўрқаман! Сиз билан бундай ёзилишиб гаплашаман десам, мендан Жаннадарми, Крупскаями ясамоқчи бўласиз!

– Ўзингча жуда муғамбирсан, хотин! – деди Баҳром эшитганларидан ҳайратга тушиб. – Дўстлик мақомида туриб, душман ишини қилаётганингдан бехабарсан. Сен президентга ўхшаб ўзингни алдашинг мумкин, бировларни алдай олмайсан. Айниқса, Тангрини алдашнинг умуман иложи йўқ. Кеча-кундуз ётиб олиб тоат-ибодат қилсанг ҳам, қилмасанг ҳам, ниятга яраша бўлади. Мақсадинг чегараларида ҳосил йиғасан. Буюрганлари билан амалларинг уйғун бўлса, комилликка етаклайди. Юрагингдаги қўрқувни, иккиланишни Ўзи кетказади. Пайғамбаримизнинг қиличларига битилган, “Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди. Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир ҳукмидан олиб қололмайди”, деган ҳикматни сенга минг марта айтганман. Ақлинг билан тушунасан, қалбан моҳиятини ҳис этишдан ожизсан. Тош-тарозига келганда ялтоқланасан. Еган овқатингни ҳазм эта олмасанг, танангга қувват етмайди. Чунки ичингдаги қўрқув сендан зўр – қалб қўрғонингга бостириб кирган бу қароқчи руҳинг тахтида танча қурган. Қонуний мулкингга эгалик этишга киришган душманга қарши чиқиш учун эса сенда шижоат йўқ. Чунки у сенинг жисмингга она сути билан кирган, идрокингга миллат руҳиятидан юққан. Аммо дунёда “Қон билан кирган жон билан чиқади” деган  ақидани чипакка чиқарганлар бор. Ногиронлар аравачасига михланиб қолган Амриқо президенти ўзининг зукколиги ва шижоати билан қўрқувни синдирди. У бирдамлик қаршисида синмайдиган кучнинг ўзи йўқлигини исботлади. Ўтган асрнинг 30-йилларда Амриқо инқироз гирдобида қолганди. Амриқоликлар қалбини қўрқув эгаллаганди. Кўчаларда тушкунлик байроқ кўтариб юрарди. Озод ва мағрур ҳалқ учун бу нарса иккинчи жаҳон урушидан кўра ҳалокатлироқ кўринарди. Бизга ўхшаб асрлар бўйи бош кўтармаган миллат учун аҳамиятсиз туюладиган бундай давр амриқоликларнинг ҳаёт-момотини ҳал этиши мумкин эди. Янги президент халқига қилган радиомурожаатида халқини бир-бирига қўл беришга чақирди, бир-бирларига суянишга ундади. Ёлғизликдан халос бўлган миллатнинг катта кучга эга бўлишини у яхши англарди. Бир-бирини қўллаган халқ қўрқувнинг кўзига тикка қарарди. Шунда қўрқув чекинарди. Қўрқув чикиндими, қолган муаммолар бирин-кетин ҳал бўлаверарди… Ичидаги қўрқувни енгган амриқоликларга тараққиёт қучоқ очди. Улар ҳалигача эстафетани бошқаларга бермаяптилар. Ичимиздаги душмандан қутулишимиз учун бизларга асрлар камлик қиляпти. Чунки элнинг раҳнамоси йўқ!

– Дадаси,  тағин жаҳлингиз чиқмасин! – деди аёл бечора каловланиб. – Қўрқув дастидан бу миллат ўлмаса қутула олмайди. Амриқо халқи бор-йўғи икки-уч йил аросатда қолипти экан. Биз минг йилдан буён аросатнинг қулимиз. Кимлардир раҳнамоси шарофати билан инқироздан қутулипди деб ўзбекни бу йўлга бошлаб бўлмайди. Уриниш дорга бош тиқиш билан тенг бўлади. Мен сиздан қўрқаман. Амриқо халқида, раҳбарида шунга иштиёқ бўлган. Бизнинг ҳалқимизда ҳам, раҳбаримизда ҳам бу иш учун на истак, на иштиёқ бор. Кашандалар ароққа, нос ва сигаретга ружу қўйгани каби бизлар қўрқувга ружу қўйганмиз. Масалан, сиз бирор-бир қалтисроқ гап айтсангиз, қандайдир ҳис мени элитади. Шунда ваҳима босаётганини сезаман. У вужудимга ёйилгач, муаммодан чалғийман. Руҳим увушгач, роҳатланиб кетаман. Бу нарса менга хавфсизлигимни таъминлагандай туюлади. Ўзимни хавф-хатардан холи ҳис этаман. Кўзларимда дунё қайтатдан ёришиб кетади. Демак, менда рўй бераётган ушбу жараён халқнинг миясида юз йиллардан буён суринкали давом этиб келяпти. Мен каби ожиза бир аёл буни билиб турганда, президент билмайдими? У шу жиҳатларни билгани учун ҳам масъулиятини суистеъмол этади, халқни менсимайди, билганидан қолмайди. Бизлар Амриқо ёки Русияда яшаётганимиз йўқ. Бу ерда ҳукумат ғазабига учраб ўлмасликнинг ўзи ҳам қаҳрамонлик!

Хотинидан бунақа фикрлар чиқади деб ўйламаган Баҳром анқайиб қолди.

– Туппа-тузук фикрлашни эпларкансан, жараёнлар ҳақида мулоҳаза этиш қўлингдан келаркан, шунча йиллардан буён телба-тескари гапириб, нима учун мени жинни қилиб келдинг?!

– Сиз бошқалар ҳеч нимани билмайди деб ўйлайсизми? – деди хотини. – Сиздан кўра бошқалар ҳақиқий аҳволни кўпроқ биладилар. Фарқи, улар ўзларини ва яқинларини хафв-хатарга қўйишни истамайдилар. Борига шукур, йўғига сабр этадилар. Маъқул йўл аслида шу эмасми? Тангри бандам, Муҳаммад умматим, чориёрлар ҳабибим десин!

– Йў-ўқ! – деди Баҳром. – Бу йўл мунофиқлик йўли, ўз қадр-қимматини билмайдиганлар йўли, бу йўлнинг охири дўзахга боради. Билиб туриб ҳам ўзингга, ҳам Тангрига хиёнат этишинг мумкинми? Тангри хиёнаткорни бандам демайди, эркини емишга айлантирганларни, ор-номусдан кечганларни Муҳаммад умматим демайди, ўзидан ўзгага яхшилик соғинмаганларни чориёрлар ҳабибим, демайди. Тур, чиқ, пешин бўлиб қолди, тушлик тайёрла! Сен билан қадр-қиммат хусусида гаплашиб бўлмайди. Қул қуллигича ўлади деганлари рост экан. Сен ҳам ўшаларнинг биттасисан, чиқ, чўрилигингни қил! Менга ақл ўргатади-ҳей?

– Хўп, хўп, дадаси! – деди эрининг тутаққанини кўрган аёл. – Чиқдим! Ҳозир чой қўяман, ўзингизни босинг! Намоз вақти бўлди. Таҳоратингиз борми?

– Буюрганларингнинг барчасини этиб кўрдим! – деди фиғони фалакка чиққан Баҳром. – Ўзимни ўзим босиб кўрмадим, холос. “Ўзингизни босинг”миш. Чиқ тезроқ!

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар