Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Гулнора Каримова Рустам Иноятовга қарши кўрсатма берди

Усмон Ҳақназаров: Гулнора Каримова Рустам Иноятовга қарши кўрсатма берди
12 Eylül 2017 - 22:44 'да юкланди ва 5460 марта ўқилди.

Тошкент шаҳар тергов изоляторида (“Тоштурма”да) ушланаётган Гулнора Каримова, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовга қарши кўрсатма берди. Каримова ўз кўрсатмасида 2004 йилда Ўзбекистондан 8 тонна олтиннинг ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилиши тафсилотлари ҳақида сўзлаб берган. Шундай қилиб…

Ўзбек ҳаво йўлларига тегишли “олтин” самолётнинг Қозонда ҳибсга олиниши

Гулнора Каримова терговчиларга, 8 тонна олтиннинг ўзбек ҳаво йўлларига тегишли юк ташувчи самолётига Навои шаҳрида юкланганлигини айтган. Г. Каримовнинг айтишича, олтин у ерга унга тегишли “Zeromax” ва “United International Group” компаниялари томонидан ишлаб чиқилган Зарафшон, Гужумсой ва бошқа олтин қазиб чиқариш манбаларидан олиб келинган.

“Самолёт “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”дан ижарага олинган эди. Аввал биз буни (олтин олиб чиқишни – У.Ҳ) кичик-кичик ҳажмда амалга оширар эдик. Аммо 2004 йилда МХХ раиси Рустам Иноятов мени бирданига 9-10 тонна олиб чиқишга кўндирди ва олтиннинг Швейцариянинг “UBS” банкига муваффақиятли етиб боришини шахсан ўзи назорат қилишга сўз берди”, деган Г.Каримова.

Аммо кейин, “олтин” самолёт Россия Федерацияси ҳудудига учиб киргач, МХХ раиси Рустам Иноятовнинг буйриғига кўра ўзбек махсус хизматларининг республика бўлими “Ўзбекистон давлат олтинини ўғирланганлиги ва ноқонуний равишда Россия Федерацияси орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида” Россия Федерал Хавфсизлик хизматига хабар жўнатган.

Бу хабарда ўзбек “контора”си Россия Федерал Хавфсизлик хизматидан ўзбек ҳаво йўлларига тегишли самолётни Россия аэропортларидан бирига мажбурий равишда қўндиришни ва олиб чиқиб кетилган олтинни ҳибсга олишни сўраган. Аммо Россия томони давлат раҳбари, яъни Ислом Каримовнинг тасдиғини ва рухсатини талаб қилган.

Рустам Иноятов, иш кунининг жуда ҳам бандлиги сабабли Ўзбекистон президенти билан боғлана олмаётганлигини айтган. Шу куни ўзбек махсус хизматларининг раҳбари Кремлдан Ислом Каримов қабулхонасига қилинган барча қўнғироқларни блоклаб қўйган. Ва Москва “контора”ни биринчи шахснинг тасдиғи ва рухсати борасида шошилтира бошлагач, давлат раҳбарига хабарни кейин етказишини айтиб, Рустам Иноятов барча жавобгарликни ўз бўйнига олган ва Ислом Каримов ўрнига ўзи рухсат берган.

Россия қирувчи самолётлари ўзбек ҳаво йўлларининг “олтин” самолётини Қозон шаҳри аэропортига қўнишга мажбур қилишган. Тергов бошлангач, самолёт ижарачиси, Ислом Каримовнинг катта қизига тегишли бўлган, “Zeromax” компанияси эканлиги ва самолётни кўздан кечириш вақтида олтинларнинг расмий юк сифатида кўрсатилган пахта толаларига ўралганлиги аниқланган.

“Россияликлар олтинларни ҳибсга олиш тўғрисидаги илтимос Иноятовдан келганини дарҳол айтишди.  Мен Рустам Иноятовнинг безбетлигидан ҳайратда қолдим. Мен отамга бу ишни қилишга мени айнан Иноятов кўндирганини, ҳамда айнан у бизни сотганини айтдим. Аммо отам негадир менга эмас, балки унга кўпроқ ишонди”, деди Г.Каримова.

Г.Каримованинг сўзларига кўра, Рустам Иноятов ўзининг сотқинлигини тан олмаган ва барча айбни ўзбек ҳаво йўлларидан 2002 йилда ишдан бўшатилган ва 2004 йилда Москванинг “Внукова” аэропорти директори лавозимида ишлаётган “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”нинг собиқ раҳбари Арслон Рўзмутовга тўнкаган.

“Ислом ака, бу (хабарни етказиш – У.Ҳ.) сиз ва мендан жуда ҳам хафа бўлган Арслон Рўзметовнинг иши”, деб қасам ичди Иноятов отамнинг олдидаги муҳокамада”, деган Г.Каримова.

“Арслон Рўзметович бу иш ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасди. Аммо Иноятов отамни (Ислом Каримовни – У.Ҳ.), гўёки сирни рус махсус хизматларига айнан Рўзметов очганига ишонтира олди”, дея таъкидлаган Г. Каримова.

Арслон Рўзметов ўзбек Бош прокуратураси сўровномасига кўра (унга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани муносабати билан) 2007 йилда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди. У озодликдан маҳрум қилиниб, шахсан Рустам Иноятовнинг буйруғи билан 2008 йилнинг феврал ойида Тошкент шаҳридаги УЯ 64/18 сонли ҳибсга олинганлар учун мўлжалланган шифохонанинг даволаш бўлимида ўлдирилган.

Бундан ташқари, Гулнора Каримова ўзбек тарговчиларига, Рустам Иноятов “Ўзбек Ҳаво Йўллари” компаниясини ўз қўлига олиб, ўз бизнес империяси тадбиркорлари, ҳамда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг барча юқори мартабали офицерларига ўзбек ҳаво йўлларини ўзига хос яшил божхона йўлагига айлантирганини айтган.

Ҳозирда Гулнора Каримова ўз жиноятларини тан олиш билан бир қаторда, Иноятов жиноятларини ҳам фош қилишда давом этмоқда. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

Энди ўзбек махсус хизматлари раҳбарига қарши МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг кўрсатмаларига Ислом Каримовнинг катта қизи берган кўрсатмаларни ҳам қўшиш мумкин. Тез орада ўзбек терговчилари Рустам Иноятов ва унинг яқинларининг жиноятлари ҳақидаги кўп жилдли ҳужжатларга эга бўлади.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
12.09.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Бу рустам инаятов деган махлукни бир умр строгий режимга камаб барча мол мулкини мусодара килиб Уни халк манфаъати учун ишлаб чикариш ва завод фабрикалар очиш керак керак! Охиратда унинг жазоси албатта жаханнамдир!

    13/09/2017 05:17
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар