Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ўзбек модели”нинг биринчи шарти

“Ўзбек модели”нинг биринчи шарти
13 Eylül 2017 - 10:42 'да юкланди ва 1208 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

28-қисм

Ўн учинчи боб

Хоразм сафаридан Нозима Мунис ўзида йўқ хурсанд қайтди. Эътирофича, бу галгиси аввалгиларидан унумли бўлганди. Баҳром унинг қуруқ қўл билан келганини биларди. Қувончи боисини эса тушунмасди. Ишни устамонлик билан ташкил этган йигитлар унинг пул сўрашига имкон қолдирмагандилар. Кўнгли таскин топган Баҳром Урганчга қўнғироқ қилиб, уларга миннатдорчилик билдирди. Кўчиш бошланмагунча ишни авж олдирмасликларини тайинлади. Эрта-индин бошланадиган кўчишдан кейин Нозима Мунис Хоразмдан мўмай пул ундириш илинжида эди. Унинг кайфияти аълолигини Баҳром балки шундандир, деб ўйлади. Барибир бу ҳолат ғалати эди.

Кўчиш юз берса, аслида ким суюнмасди? Ким пул бермасди? Ишизловчилар ҳам, ташкилотчилар ҳам дамларини ичларига ютиб шу сонияларни кутаётгандилар. Аммо асаблар таранглашган шундай паллада ҳам Нозима Мунис тинчимасди. Кўчишга қаттиқ ишониб қолгани боис, гуруҳлар ичида юриб пул терарди. Бор куч-қувватини ишизловчиларни ишонтиришга сафарбар этганди. Тинмасди, чарчамасди. Ишизловчилар унинг атрофида парвоналардай айланардилар. Унинг самимийлиги уларда шубҳа уйғотмасди. Акси, умид қўзғатарди, ишончларини мустаҳкамларди. Сўраган пулини унинг қўлларига тутқазганларини улар ўзлари билмасдан қолардилар. Кўчишга икки кун қолганда ким ошди савдоси бошланди. Нозима Муниснинг уйидан ишизловчилар оёғи узилмай қолди. Ҳамма бир-биридан олдин учиб кетмоқчи бўларди. Уларнинг ўзлари бир-бирларидан яшириб унга сўраган пулини келтирардилар. Мусобақа кетаётганди. Ўғринча йиғилган пуллар ҳисоби ойлар мобайнида йиғилган маблағлардан бир неча баравар ошиб кетди. Кўчиш кунини пойлаётган Баҳром ўзини четга олганди. Барчасини атрофдан туриб кузатарди. Эшитганларидан хулосалар ясарди. Унинг оёғини тортгани Нозима Мунисга ёқиб тушганди. Ҳосилни йиғиштириш чоғида унга ортиқча куч керакмасди. Уни увулдириқ қўйиш учун оқимга қарши сузаётган ласосларни овлаётган айиққа ўхшатса бўларди. Айиқ сон-саноқсиз балиқларнинг ёғлиқ жойларини еб, қолганини ташлаганидек, у ҳам ўзига ёққан одамларнинг пулини ўмариб, уларга биринчи кўчишда учиб кетишларини айтарди. Мабодо ўзига боғлиқ бўлмаган бирор кор-ҳол рўй берса, иккинчи кўчишда албатта жўнатишга ваъда берарди. Таҳликали, ишкал чиқаришга мойил кўрилганларни яхши гапириб ортига қайтарарди. У тўлиғича жиноят йўлига ўтганди.

Ҳайратланарлиси, тузум билан ишизловчиларнинг ўзлари бир бўлиб уни шунга мажбурлаётгандилар. Мамлакатдаги турғунлик одамларнинг жонига текканди. Улар бошларини йўқотгандилар. Ишизловчилар орасида олий маълумотли юристлардан тортиб фан номзодларигача, турли-туман касб эгалари бор эдилар. Ишнинг чин-ёлғонлигини текшириш уларнинг хаёлига ҳам келмасди. Хоҳлаганларида ҳам, улар жиззаки ҳукуматга ва у чиқарган қонунларга ишонмасдилар. Ҳукуматдан ҳам, қонунлардан ҳам қўлларини ювиб, қўлтиқларига ургандилар. Аслида уларнинг ўзларини бундай тутишлари нотўғри эди. Тақдирларига ва келажакларига бепарволик эди. Минг битта сабаб бўлганда ҳам, бу лоқайдликдан бошқа нарса эмасди. Бу жиноят эди.

Баҳром учун эса, ҳар икки ҳолатда ҳам, Сайидмат Сотти жиноятчи эди. Ишизловчилар алданса, жараён енгил кечарди, тартибсизликларга тезроқ барҳам бериларди, одамлар камроқ зиёнга учрардилар. Кўчиш бошланса, охир-оқибат, ўн минглаган одамлар талафот кўрардилар, асорат кўлами катта бўларди. Ҳар икки ҳолатда ҳам иш хайрли якунламасди. Бу “Ўзбек модели”нинг биринчи шарти эди, мустақиллик қонунияти эди. Сўнгги йигирма йилда бошланган ҳар қанақа ишнинг беғалва ечим топганини ҳеч ким кўрмаганди. Шу учун  Саидмат Сотти билан Нозима Мунис истаганларида ҳам, яхшилик олиб келмасдилар. Уларнинг ўзларини ўзлари билан қолдириш эса, уларнинг жиноятларига шерик бўлиш билан баробар эди. Баҳром кабиларнинг била-кўра ўзини четга олиши уларга имконият яратарди. Улар шу қозонда қайнаганларида ҳам, қўлларидан бир иш келмасди. Тузум барчани тишсиз, тирноқсиз этиб қўйганди. Ишизловчиларнинг ширкат ишини ҳуқуқ-тартибот тизимлари орқали текшириб кўришга уринмасликлари ҳам шунга ўхшаш тадбирсизлик эди. Ҳукуматнинг фуқаролар тақдирига бепарволиги бу айбларни юва олмасди.

Фуқаролар ҳуқуқ-тартибот ташкилотларига ишонмасалар ва кам мурожаат этсалар, улар шунчалар беписанд бўлардилар, инсон ҳуқуқлари, қонунлар шунчалар кўп талон-торож этиларди. Раҳбарлар ўз зиммаларидаги масъулиятни кўпроқ суистеъмол қилишга тиришардилар. Қадр-қимматларини поймол этишдан, жиноятлар содир этишдан ҳайиқмасдилар. Боқибеғамликлар табиий жараёнга айланарди, бузуқбошлар раҳнамога дўнарди. Талаб қанча қатъий бўлса, масъул ташкилотлар шунча диққат-эътиборли бўлишга интилардилар. Талабларни қондиришга мажбур бўлардилар, ҳушёрлик эҳтиёжга айланарди, адолат мезони яраларди. Ҳукумат халққа эргашарди, тартиб-интизом зурурат касб этарди. Бошбошдоқлик давом этса, миллат ҳолдан тоярди, мамлакат поракандаликка дучор бўларди. Шу сабаб, фуқароларнинг тинмасдан қонунларга мурожаат этавериши, охир-оқибат, миллатнинг тикланиши ва тараққиётига йўл очиб беради. Ношуд ҳукуматнинг халққа ва қонунларга бўлган беписадлигига кўникиш миллатнинг чириётганини англатади. Фуқароларнинг ҳукуматни жиноятга бошлаётганидан дарак беради.

Кўчишга бир кун қолганда Баҳромникига Нозима Мунис кириб келди. Унинг афт-ангори бўздек оқарганди, тили қурқшагандан, сўзлашга ҳоли келмасди. У охирги икки кунда уни умуман йўқламаганди. Унинг айтишига кўра кетиш учун Тошкентга келган наманганликлардан икки юз ўн икки ишизловчини туман ички ишларига олиб кетгандилар. У Ирисматдан ёрдам сўраганда, Ирисмат, наманганликларни қўлга олган кимсанинг исми Ғиёс эканлигини, унинг Баҳром билан қишлоқдошлигини шипшитганди.

Барчасини Ғиёснинг ўзи ташкиллаштирганини Баҳром дарров фаҳмлади. Шунинг учун ортиқ сўраб-суриштирмади. Уларнинг дарди пул эканлиги маълум эди. Кийиниб кўчага чиқди.

Ғиёс иккинчи қаватда ўтирарди.

– Баҳром ака, сизни ваҳҳобийлар бошлиғи жуда яхши таниркан! – деди у салом-аликдан сўнгра. – Ишқилиб, қизил этикларга қўшилиб, ваҳҳобий бўлмаганмисиз?

Баҳром унинг Таваккални назарда тутаётганини англади.

– Ваҳҳобийлар бошлиғига яқин кимса, ваҳҳобий бўладиган бўлса, унақада сен ваҳҳобий бўлишинг керак эди! – деди у ҳазилга ҳазил билан. – Ёрлиғингни менга ёпиштиряпсанми?

– Ўсарбоевни айтяпсизми? – дея Илёс хохолаб кулди.

– Болдирбойнинг ҳам устозини айтяпман!

– Бошлиқними? – дея у тағин хохолаб юборди. – Қўлингизга милтиқ берсалар, барча миршабларни отиб ташлашингиз аниқ. Бир-биримизга жигар бўлсак-да, мени ҳам аямасдингиз.

– Бу фикрингга қўшиламан. Аммо мен бошқасини назарда тутяпман! – деди у. – Яқинда касаллигини баҳона этиб истеъфога чиқармоқчи бўлиб юриганларингиз бор-ку!

– Шокиржон аками? – сўради Ғиёс. – У ҳам подшо амри билан оёқ босади. Унда айб йўқ!

– Уни президентдан кучли дейишарди. Бу гап ноўрин эканда! – деди Баҳром.

– Албатта, ноўрин! – деди у.  – Одамларга қўйиб берса, президентнинг ҳеч нимадан хабари йўқлигини, бўлаётган номақбул ишларни атрофдагилар амалга ошираётганлигини айтадилар. Улар президентни оқламоқчи бўлиб айтаётган бу иддаолари билан уни овсарга, ўзларини эшак мияга чиқараётганларини ўзлари билмайдилар.

– Эҳтимолим тўғридир, – деди Баҳром. – Мен ваҳҳобийчиларнинг энг катта бошлиғи деганимда президентни назарда тутгандим. Аммо ҳақиқий ваҳҳобийчиларнинг мақсади нималигини яхши билмайман. Президент ваҳҳобийчилиги ортида халқни қўрқувга солиб, ҳокимият жиловини ушлашга қаратилган мақсад ётганини фикрлашга қодир инсонлар қаторида англайман.

– Ўз-ўзидан! – деди унинг фикрини қувватлаган Ғиёс. – Бу диктатурани мустаҳкамлашнинг зўр усули. Улусга тўғридан-тўғри зулм ўтказгандан кўра, айланма йўллар орқали, кўринмасдан таъсир қилиш энг хавфсиз ва синалган усул. Зиёлилар қатламининг бу нарсани очишга журъати етмайди. Халқаро ташкилотлар ва мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари таг замирни кўриб, билиб турганлари билан фуқаролар қўлловига эга бўлолмагач, вайсаб қолаверадилар.

Шу пайт эшик очилди. Хонага сариқпаранг, норғул бир йигит кирди.

– Опа қаерда, Баҳром ака? – деб у Нозима Мунисни суриштирди.

– Кўчада, машинада ўтирипди!

Баҳром Ирисматни илгари ҳам бир марта кўрганди. У Нозима Мунис билан учрашганда, уларни машинасида кутиб турганди. Унинг ҳаромдан ҳазар этмаслигини билгани сабаб, ундан узоқроқ туришга тиришарди. У ҳозир Баҳром билан эски қадрдонлардек сўрашди. Таажжубга тушган Баҳром бу мулозамат тагида нимадир яширинганини сезди.

– Ман ҳўвлиқиб турантим. Сизлар бемалол гаплашиб, оливўринглар. Кейинроқ келиб хавар оларман. Манинг санда қистоқли ишим йўқти! – деди у Ғиёсга Қоракўл шевасида.

Бу билан у Ғиёсга, “чойга пашша тушди. Ўзимиз гаплашиб олишимиз керак”, дея ишора этаётганди.

– Биз сизни кутиб ўтиргандик! – деди буни фаҳмлаган Ғиёс. – Ирисмат билан ҳам таниш экансизлар. Алоҳида-алоҳида гаплашишга ҳожат йўқ. Тонгда ўнта хонадонга жойлашган икки юз ўн иккита наманганлик йигитларни қўлга олдик. Бошлиқлари, Таваккал деган кимса, сизни яхши таниркан. Шу сабаб Ирисмат билан маслаҳатлашиб сизни чақиртиргандик. Нозима Мунис аёл киши, унинг билан ади-бади айтишишни эп кўрмадик.

Ғиёс бу сўзлари билан икки ўртада ўзингиз туринг, атаганларини бериб, туёғини шиқиллатишсин, демоқчи эди. Буни Баҳром дарров илғади. Бироқ унинг Таваккални кўрмаганига кўп бўлганди. У Нозима Мунис билан қаттиқ кирлишиб, уни йўқламай қўйганди. У Таваккалга аччиқ қилиб, бу ишга аралашмаса ишизловчилар бор дунёсидан айрилардилар. Туҳматга учраб ҳамма қамаларди.

– Бу одамлар, жиноятчи ёки “Бирликчи”, “Эркчи” эмас! – деди у оғир-вазминлик билан. – Бола-чақа боқамиз, тўй-томоша қиламиз, деб четга қонуний йўллар билан ишлагани чиқаётган оддий ишизловчилар, холос. Юз доллар олиб қўйиб юборинглар. Бечораларни қийнаб нима қиласизлар?

– Баҳром ака, ўзингизни гўлликка солманг! – деди уни диққат билан тинглаган Ғиёс. – Бу жойда жуда катта пул айланаётганини яхши биламиз. Устига-устак, икки юз ўн икки кишининг барчаси наманганликлар. Уларга тўнкайдиган айб сон мингта. Терроризмда гумон қилиб уларни ҳибсга олсак, терговга камида бир йил кетади. Икки юз ўн иккита жиноятчини бир йил тергов қилган элликта терговчи уларнинг айбларини бўйинларига қўймасалар, ўзлари қамаладилар. Бу нарсаларни сизга тушунтириб ўтиришимга ҳожат йўқ…

– Ғиёс, мен сени тушунмадим! – деди Баҳром. – Бу гапларни нима учун менга айтяпсан? Уларнинг ичида менинг акам борми? Укам борми? Қамалса, қамалавермайдими?! Юз минглаб қамалиб чиқаётганлар қаторида қамалиб, чиқаверадилар!

– Мени нотўғри тушундингиз! – деди ўзини ўнғайсиз сезган Ғиёс. – Гапларингиз тўғри. Аммо уч-тўрт сўм пул ишлаб олайлик деган маънода бу гапларни сизга айтаяпман. Уларнинг қамалишининг бизларга на зиёни, на нафи тегади. Қамалсалар, ҳар бири орқасидан йигирмата одам бизни ва бола-чақаларимизни қарғайдилар. Юз доллардан бериб йўлларига кетсалар, улар бало-қазолардан қутуладилар. Бизлар қўлимизни гуноҳ лойига ботирмаймиз. Бу жойда бошқа синоат йўқ.

– Ҳар бир одам юз доллар берса, икки юз ўн иккита одамдан йигирма бир минг икки юз доллар пул  йиғилади. Сўзингни ўйлаб гапиряпсанми? – деди Баҳром ҳайратдан бармоқ тишлаб. – Тузум шуни талаб этади, қилмасанг, ишлай олмайсан, буни тушунаман. Аммо беш юз, бор-э, минг доллар пул ол! Ўғри бўл, ғар бўл, эви билан, деганлар. Йигирма бир минг икки юз жуда кўп. Президентнинг йил мобайнидаги расмий моянаси миқдори ҳам шунча бўлмаса керак!

– Бу бизнинг фикримиз эмас! – деди Ғиёс. –  Барчаси бошлиқнинг назорати остида. Бир нимани айтаётган бўлсак, ичимиздан чиқариб ўзимизча айтаётганимиз йўқ. Бу иш орқасидан кимлар уйли-жойли, кимлар машинали бўлмадилар. Ҳаммасидан хабаримиз бор. Бундан кейин ҳам бу анчагача давом этади. Ўртада туриб, келиштирсангиз, икки мингини ўзингизга қайтарамиз, бош қўшмасангиз, тинтув бошлаймиз. Ишизловчиларнинг ёнидан камида беш юз минг доллар чиқади. Бари давлат фойдасига мусодора этилади. Икки юз ўн иккита одам қамалади. Улар яна қанча бегуноҳларни тортадилар. Бизлар қўлимизни бурнимизга тиқиб қолаверамиз!

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар