Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Миллатнинг бир қисми иғво қурбонига айланганда, иккинчи қисми томошабинлик мақомида туриши лозим эди

Миллатнинг бир қисми иғво қурбонига айланганда, иккинчи қисми томошабинлик мақомида туриши лозим эди
21 Eylül 2017 - 11:28 'да юкланди ва 888 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БЕРК КЎЧАЛАР
Иккинчи китоб

уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

33-қисм

Унга қаёққа қараб юриш аҳамиятсиз эди. Машина газини Амур Темур кўчаси бўйлаб босди. Туҳматни, хорликларни кўтара олмаётган юраги ёниб борарди, кўзлари ҳеч нимани кўрмай қолганди, қулоқлари тиқилганди. У йўлчироққа қарамас, олдиндаги машина тўхтаса, тўхтарди, юрса, юрарди. Киприк қоқмас, фикрламасди, жонидан севадиган ўзбек деган халқ у учун беш дақиқа илгари гумроҳлик касаллигидан қирилиб битганди.

Уч қаҳрамон постига етганда, шаҳар чеккасига чиқиб қолганини англаб, ўнгга қайрилди. Четга чиқиб, машинани тўхтатди. У катта ҳалқа йўлига чиққанди. Тўғрига юрса, ўн чақирим йўл босиб уйига етарди. У кўзларини чирт юмиб, пешонасини рулга босди. Бирпас ўтиргач, хотираси ғимирлай бошлади. Шунда вужудида қаттиқ чарчоқни ҳис этди. Бакалашканинг қопқоғини очиб, бир кўтаришда сувини ичиб юборди. Тетиклашгач, моторни ўт олдирди ва йўлида давом этди. Қалби энди на хафаликни, на шодликни туярди. У совуқ бир ҳайкалга айланганди, юраги тош эди, киприклари ёш эди. Нигоҳига бутун борлиқ вужуди каби совуқ ва ҳиссиз кўринарди. Маратнинг уйига яқинлашганда, барчасини унутди. Қўллари беихтиёр машинанинг рулини унинг уйи томон бурди.

– Э, дойи бормисиз, қаерларда йўқолиб қолдингиз? – деди уни ичкарига бошлаган Марат.

Хонтахта ҳар доимгидек сархил ноз-неъматлар билан безатилганди. Электрапайванд оғзидаги сим қип-қизил чўғ бўлиб, юлдуздек товланарди. Ҳамма ёқ ўша-ўша, фақат Малакхоннинг ўрнида Қамара ўтирарди. У ҳўл сочини сочиққа ўраб, ҳаммом халатида уй бекалигини ўтаётганди.

Марат пиёлани тўлдириб ароқ қуйди.

– Уриб олиб, овқатдан босиб-босиб енг! – деди. У Баҳромнинг абгор ҳолатини пайқаганди. – Кейин, қорабободан тортамиз.

Баҳром кўнгли нима тусаганини, оёқлари нима учун уни бу ёққа судраклаганини энди англади. Пиёлани бир кўтаришда сипқориб, тандирнинг ёғлиқ жойидан узиб газак этди. Ичган ароғи бир замон ичида бутун вужудини илитиб, кайфиятини кўтарди. Кўзлари очилиб, мушук боласидек тўрт томонига аланглади.

Савлат тўкиб ўтирган Қамара унда қизиқиш уйғотганди. Унинг қонталашроқ кўзлари шаҳвати босилмаганини билдирарди. Гап-сўзларга қараганда, у унча-бунчага тўймайдиганлар хилидан эди. У Малакхондан ўн беш ёшлар чамаси каттароқ эди. Бўйи уникидан пастроқ, қомати тўлароқ эди. Ёши олтмишни қоралаганига қарамай, у ёш йигитлар билан ишрат этишни хуш кўрарди. Ароқдан тўйгани учун бемалол ёзилиб ўтирарди. Халати тагида кийими бўлмагани боис, лорсиллаган кўкраклари ёқасидан кўпчиб чиқиб турар, сонлари йўғон эди.

Ичкисининг бир чети қийшайиб, қулоғи кўриниб қолганди. Баҳром кўзларини олиб қочди.

Марат панжалари билан юзини тўсиб кулиб юборди.

– Дойи, туркманларда бир гап бор! – деди у.

– Нима гап экан? – сўради Баҳром.

– Қари деманг, қурри деманг, қатордан қуруқ қўйманг, деган. Бир муҳтожнинг кўнглини овлаб ётипмиз. Қиёматда ажри бордир?

– Қариники қаймоқ, дейдилар, овлайверинг. Ҳар нарсанинг ажри бор, жаннат бўлмаса, дўзахда, фарқи нима? – деди Баҳром. – Қулоғининг ярмиси кўринмаяпти. Сичқон кемирганми дейман?

– Мудак еган!

– Мудак ким?

– Амира Кимёнинг эри, Назруллахонни таниймайсизми?

– Э-ҳа, яхши танийман. Ўзини тожик мухолифати йўлбошчиси қилиб кўрсатишни хуш кўрадиган ватанфуруш. Бизнинг хафвсизлик ташкилотлар фойдасига ишлайди.

– Тоб ўзи! – деди Марат қидирган нарсасини топган аттордай шодланиб. – Тожиклар ҳақида оғзидан бол томиб гапиради. Амалда тескарисини қилади, бизни президентимизга ўхшаб.

Ҳазил-ҳузиллардан жони чиққан Қамара халатининг барини тортиб этагини ёпти.

– Ўзи Сирдарёдан нариги томондагиларнинг бу ёғи яхши ишласа ҳам, мияси тузук ишламайди! – деди сўнгра. – Водийликларнинг ҳар ҳолда фаҳм-фаросати жойида, андишаси бор. Зарафшон билан Амунинг сувини ичганлар ҳар қанча уддабурро бўлмасинлар, саҳройиликларига борадилар.

Хаёли кетиб қолган Баҳром унинг пичингини тушунмади. Маратга боққан эди у тиззаларига шапатилаб, хохолаб, кулди.

– Алламбалонгиз совуқ урган кўсакдек тиржайиб турибди! – деди у Қамарага. – Гарчанд шуни андиша деётган бўлсангиз, андишанинг оти ботир бўла қолсин. Шунга ҳам ота гўри, қозихонами?

Гап нимадалигини англаган Баҳром Қамарадан:

– Тошкент қайси томонга қўшилади унақада? – деб сўради.

– Иккаласи қўшиладиган ва ажраладиган жойга! – дея кулиб юборди у ҳам.

– Асбобингизга ўхшарканда! – деди Марат.

– Албатта! – деди у. – Нафақат Тошкент, бутун пойтахт шаҳарлар шунга ўхшайдилар. Бутун жозиба, бутун эътибор уларга қаратилади. Ифлосликлар, фирибгарликлар пойтахтларда жамланади. Зўр ғоялар, эзгу ниятлар чекка-чекка жойларда туғилгани билан пойтахтларда ривожланади. Ёвуз режалар пойтахтларда тузилиб, дунёга ёйилади. Барча йўллар келиб пойтахтларда туташадилар ва ажрашадилар. Ер юзининг тўрт бурчига сочилиб кетган одамлар ҳам бир-бирлари билан пойтахтларда топишадилар, пойтахтларда чопишадилар, юз кўрмас бўлиб, ўз йўлларига кетадилар. Аммо ишлари битгач, Маратга ўхшаб, қилдан қийиқ қидириб, “пуф”, сассиқ дейдиганлар ҳар ерда топилади.

– Нима учун мен “пуф”, сассиқ дейман! – деди Марат. – “Пуф” сассиқ деб Мудак айтса, ярашади. Мен буйруқ этилган жой туриб, қуйруққа урадиганлардан ҳам, буюрилгани қолиб, буюрилмаганини урадиганлардан ҳам эмасман.

– Мудакнинг буюрилмаган жойга уришини қаёқдан биласиз? – дея ундан сўради Баҳром.

– Қамара опадан биламанда! – дея у сочиқ билан оғзини артти.

Қорадоридан тўйгач, Марат қашиниб, бўларга-бўлмасга ҳиринглайверарди. Гапни гап қўзғайди, деганларидек, Мудак сабаб, Қамара бошидан ўтган воқеаларни сўзлашга тушди.

Қамаранинг бир этак болалари бўлиб, уларни битта ўзи вояга етказганди. У тузук бир эрга ёлчимаганди. Айтишича, унга мустақиллик ташвиш ва сансалорликдан бошқа нарса келтирмаганди. Акси, тўқ ва осойишта яшаётган оиласига поракандалик ва муҳтожлик етказганди. Мустақилликнинг илк йилларида ишидан айрилган эри ўзини ошхона тўсинига осади. Эри ўлгач, унинг ҳаётида қора кунлар бошланади. У жуда гўзал, келишган аёл эди. Шаҳарда унинг висолига етсам армоним йўқ, дейдиган хушторлар сон-саноқсиз бўлиб, бир оғиз сўзи учун жону жаҳонларини фидо этардилар. Аслида, бева аёлнинг бу дунёдаги жаннатидан эгасиз итнинг куни авло эди. Ахири у шаҳар ҳокимиятида ишлайдиган бир кичик мансабдорга иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқади. Бошида уларнинг муносабатлари яхши бўлади. Уч ой ўтиб, эри уни ташлаб кетади. У қорнида икки ойлик ҳомила билан қолади. Боласини туққач, бир этак етим болалари билан азоб-уқубатлар гирдобига тушади. Кунини зўрға кўраётган қариндош-уруғлари унга ёрдам бера олмайдилар. Кўкрак боласини уйида қолдириб, у кўчага чиқади. Тошкент, Самарқанд каби катта шаҳарлардаги олиб-сотарларга ул-бул олиб бориб, алмаштириб, орттирганларини водий бозорларига келтириб топширади.  Бу каби йўқдан йўндириш – очдан ўлмаслик ҳунари эди. Фуқароларнинг яримидан кўпроғи шундан бошқасини билмасдилар. Бу иш орқасидан Қамаранинг болаларининг қорни бир бурда нон ва шакарга ёлчийди. Шу орада у самарқандлик бир учарга турмушга чиқади. Қамара ундан ҳам бир бола кўради. Белидан бўлган болани тан олишни истамаган эр ундан қутулишнинг чорасини излайди. Уни Амира Кимёнинг ҳузурига еталаб боради. Амира Кимё болалар ва фоҳишалар савдоси билан шуғулланадиган корчалон эди. Туркистон ҳудудларида жирканч ишлар билан шуғулланадиган ҳар бир одам уни яхши танирди. У чақолоқни беш юз доллар эвазига олиб қолгач, Қамара қон йиғлаб водийга қайтади. У биринчи эри ўлганидан буён биринчи марта беш кило гўшт сотиб олиб, болаларини гўштга тўйғазади. Кўзларига ёруғлик инган болалар оталари ўлганидан тўрт йил ўтиб, илкинчи марта бир-бирларига орзулари ҳақида сўйлайдилар. Қамаранинг эса ичига чироқ ёқса ёришмасди. Ичидан чиққан бир парча гўштни сотиб болаларини гўштга тўйдириш у учун болалари орасидан бирини сўйиб қолганларига едириш билан баробар эди. У тун бўйи бўзлаб, йиғлаб чиқади. Тонгда бозорга бориб, болаларига кийим-кечак сотиб олади. Беш юз долларни икки кун ичида харжлайди. Авваллари беш ойда қўли беш юз доллар кўрмаслигини ўйлаб, боши қотади. Бу юртда одамларнинг бир ҳайвонча қадр-қиммати йўқлигини тушунади. Муҳтожликда ўсаётган болаларининг рисоладагидек инсонлар бўлиб етишмасликларини тафаккур этиб, сиқилади. Охир-оқибат катто хатога йўл қўйганини англайди. Кўзларини очса ҳам, юмса ҳам, кўзлари олдига биғиллаб йиғлаётган норасида келади. У бошини қайси деворга уришни билмайди. Бўлавермагач, ҳовлисини гаровга қўйиб, маҳалланинг қассобидан бир ойга минг доллар қарз кўтарди ва Самарқандга жўнайди. У чақалоғининг узоқ хориждаги бир хонадонда  пишиллаб ухлаётганидан ҳали бехабар эди!

У Амира Кимёдан қуйидагига ўхшаш жавобни эшитгач:

– Оёқларингизни ўпайин, бир умрга эшигингизда қулингиз бўлайин! – деб унинг этакларига ёпишиб йиғлайди. – Боламни қайтариб беринг. Беш юз долларингизни минг доллар қилиб қайтараман, илоё, ўлмагайсиз, мен адойи тамом бўлдим! – деб қўлларига пулни тутқазиб, ялиниб-ёлворади.

– Боланинг қайси мамлакатдалигини, кимларнинг хонадонига тушганини ҳеч қачонда била олмаймиз энди! – дейди у. – Беҳудага чиранманг, фойдаси йўқ. Бу ҳақда бошида ўйлашингиз керак эди!

Боласидан айрилганини қалбан ҳис этган Қамара ўрнидан туриб, орқасига қайрилади.

– Ишлаб, пул топинг, бу дардларни тезроқ унутасиз! – дейди шунда Амира Кимё.

Қамара тағин унга ўгрилади.

– Иш йўқ бўлса, қаерда ишлайман? Пулни қаердан топаман? – дейди.

– Водийда парирў қизлар кўп! – дейди Амира Кимё. – Пул ишлаб келиш учун хорижга чиқа олмай юришибди. Фирибгарлар тузоғига илиниб, ландавурларга ем бўляптилар. Ўша гўзалларнинг гўзалларини танлаб олдимга олиб келсангиз, ҳар биттаси учун юз доллардан тўлайман!

Қамара маҳобатли ҳовлидан ақлдан озган одамдай тентираб чиқиб кетади.

Уйига бир ҳолатда етиб, ёстиққа бош қўядию, қирқ кун қаддини кўтаролмайди. У тўшакка михланади. Қайтиб келаётиб, чўнтагидаги минг долларни чўнтаккесарларга олдирганини пайқагач, томоғидан қил ўтмайди, озиб-тўзиб, қуруқ суяги қолади.

Қарз муддати етади. Жаҳлдор қассоб ҳар куни бошига келади. Қамара соғайиб кетса, икки баровар фоизлари билан қайтаришини айтиб жавранади. Гўё ўлган эри руҳини ҳурмат қиладиган қассоб, шундай бўлмаганда эди, уйига бостириб кириб, уни болалари билан кўчага ҳайдаши мумкинлиги ҳақида оғиз кўпиртиради. Эрта-индин қаердан бўлмасин топиб, қарзини узмаса, уйидан ҳайдаб чиқаришга мажбур бўлишини айтади. Қамара соғайгач, гўзал қизларни қидира бошлайди. Улар у ўйлаганидан кўра тез топилади. Йигирмадан ортиғини эргаштириб, Самарқандга қараб йўлга чиқади.

Буни кутмаган Амира Кимё уни илиқ қаришилайди. Пайсалга солмасдан, қўлига икки минг уч юз доллар санаб беради. У олиб келган қизлар ҳурлиқо эдилар. Кичигининг ёши ўн тўртда бўлса, каттасининг ёши ўн тўққиздан ошмаганди.

У шаҳрига етиб келгач, қассобдан қарзини узади. Қассобнинг гўшт нимталаётган қўллари шалвираб қолади. Қамара ўн кило гўштни ёнидаги қўшмачи аёлга кўтартириб, сатанг хонимлар каби кўчасига кириб кетади. Шунга ҳам ўн икки йилдан кўпроқ вақт ўтди. Шундан буён на Қамара, на унинг атрофидаги қўшмачилар муҳтожлик нима, билмайдилар. У Амира Кимёнинг водий вилоятларидаги ишончли ҳамкорига айланганди.

Қассоб ҳам икки қизини хорижга жўнатиб, қўли мўмай пул кўрди, қассобликни йиғиштириб, Қамарага гумашта бўлиб ёлланади. Қўли чўзилган Қамара Тошкентдан ҳовли ва кўп қаватли бинолардан бир нечта уйлар сотиб олди. У энди пойтахтда яшай бошлади. Қиз қидириб изғишига ҳам ҳожат қолмади. Вилоятлардаги ўнлаган фоҳишафурушлар унга хизмат кўрсатадилар. У ўтирган жойида Амира Кимёнинг буюртмаларини бажаради.

Қамара не-не машаққатларни бошдан кечирмади. “Фоҳишафурушлик йўлига кирмаганимда, дунёдан гўл бўлиб ўтардим”, дея у ўзини юпатишни хуш кўради. Турмуш ҳақидаги тасаввурлари, умрининг яримини яшаганда, ўзгариб қолганидан фахрланади. Фоҳишаларга хос бундай фикрлаш унда эллик ёшидан ўтганда шаклланди. Барча фоҳишлар сингари у сўзларига далил-исбот келтиради. У Амира Кимё билан иш бошлаган дастлабки кунларда аросатда қолганди. Чин ҳаёт билан ёлғон ҳаёт қўшилган жойдаги ўпқонга тушганди. Қайси қирғоққа қараб сузишни билмасди. Ахири у чин ҳаётни – фоҳишаликни танлади. Жирканч ва ифлос бўлган иккинчи қирғоқ ёлғон ва сохтакорлик қирғоғидан кўра унга маъқул кўринганди. Чунки у ҳаёт ҳақиқати орқали эркинликнинг ҳидини ола бошлаганди. Озодлик роҳатбахш туйғу эди, дунёни рангларга чулғарди. Аммо у учинчи йўл хусусида ўйлашга ожиз эди. Ҳидоят манзили борлигини билмасди. Бу сарҳадларга ёввойи туйғулар билан етишиб бўлмасди. Бу сўзларни ҳеч кимдан эшитмаганди. Унинг учун Амира Кимё чўққи эди. Амира Кимёнинг қаршисида хавфсизлик ташкилолари ходимлари қақшарди, жиноятчилар тилларини тишлардилар. Унинг йўлларида на чегара, на тўсиқ бор эди, босган қадамида қизил чироқлар яшилга алмашинарди. Хорижга кетишга чоғланаёган қизларнинг ҳужжатлари ўз-ўзидан ҳал бўларди. Ишизловчилар унга санамларга сиғинган каби сиғинардилар. Бир оғиз сўзи билан осмондаги учоқлар ерга қўнар, ердагилари осмонга учарди. Визалар, ҳужжатлар ўз-ўзидан ҳал бўлаверарди. Унинг атрофида мулозимлар парвоналар каби гирдикапалак эдилар. Чунки ҳаммага пул керак эди… У миллий хавфсизликнинг суянган тоғи эди. У амалга ошираётган ишлар осойишталик ва хавфсизлик учун дея, талқин этиларди. Хорижга кетаётган фоҳишаларнинг орасига у хавфсизлик идораларининг чиғириғидан ўтган хуфияларни тиқарди. Хавфсизлик идоралари шу йўл билан дунёнинг тўрт бурчидаги ўзбеклар ҳаётидан хабардор бўлиб турардилар. Мақсад мамлакат хавфсизлиги “кафолатига айланган” президентни асраш эди. “Ножўя” гапирган ҳар бир кимсага нисбатан чора-тадбир қўллардилар. Ўзини йиғиштирмаганлар ими-жимида йўқ қилинарди. Қўллари етмаганларига мамлакат ичкарисидаги яқинлари орқали ҳужумлар уюштириларди. Қариндош-уруғлар тазйиққа учрардилар. Ичкарида ҳам маълумотлар шу йўсинда йиғиларди. Ҳукумат идоралари фоҳишалар хизматидан унумли фойдаланардилар. Қамаранинг айтишича, минглаган фоҳишалар ҳижобга киритилиб, водийга тарқатилганди. Эътиқоди баланд фарғоналикларни шу йўл билан ҳукумат ёмонотлиқ этмоқчи бўларди. Бошқа минтақалардаги аҳоли водийликларга нисбатан қаҳр ва нафрат туйғулари билан қуролланган бўлиши керак эди. Бу усул билан сиёсий фаол минтақани хоҳлаган чоғларида янчиб ташлашга чоғлангандилар. Миллатнинг бир қисми иғво қурбонига айланганда, иккинчи қисми томошабинлик мақомида туриши лозим эди. Миллатдошлари ўлимидан иккинчи бир қисмнинг ҳузурланиши ҳукуматнинг ўзига ишончини орттирарди.

Ҳижобдаги аёлни фоҳишаликка тортган ҳар бир қўшмачига беш юз доллар мукофот пули бериларди. Тегишли ташкилотлар берган мукофотларни Амира Кимёга ўхшаган корчалонлар эгаларига етказардилар. Фоҳишаликни ихтиёр этган диндор аёл ҳижобда олти ой фоҳишалик этса, унга ҳам беш юз доллар мукофот пули тегарди ва Дубайнинг эшиклари очиларди.

Бу сўзларни айтаётган Қамаранинг ўзи ҳам, фоҳишаларга бош бўлиб, икки марта Дубайга чиқиб келганди. Унинг иқрорига кўра, Бирлашган Араб Амирликларидаги ўн минглаган фоҳишалар орасида туркистонлик бесоқоллардан тузилган бир неча гуруҳлар фаолият кўрсатардилар. Кўпчиликлари самарқандлик ва бухоролик бўлган бесоқолларнинг катта гуруҳига Мудак бир неча йил тўдабошилик қилганди. Хавфсизлик ташкилоти томонидан Қамарага Мудак билан боғланиб туриш буюрилганди. Хуфияликда ҳеч бир тажрибага эга бўлмаган бу аёл ундан зурур топшириқлар оларди.

Мудакнинг бесоқоллик қилишига ишонмаган Баҳром Қамарага эътироз билдирди.

– Нима, мени шилта-алдар деб ўйладингизми? – деди Қамаранинг жаҳли чиқиб. – Араблар бесоқолларни аёллардан кўра хуш кўрадилар. Мудак ўнтагача мижоз қабул қила оларди. Унинг бир кунда икки минг доллар пул ишлаган чоғларини кўп кўрганман. Мана мен деган аёл бунча пулни тўрт кунда зўрға ишлайди.

– Наҳотки! – деди, бу гапни эшитиб дами ичига тушган Баҳром.

– Араблар ҳам бизларга ўхшаган халқ. Уларнинг орасидан ҳам турлиларини топса бўлади! – деди Қамара унинг ўсал бўлганини кўриб. – Ҳалол-пок, кучли олимлари ҳам бор. Ифлослари ҳам тўлиб-тошиб ётипти. Мунофиқ ва пасткашларини ҳар қадамда учратса бўлади. Фарқи, оддий халқ раҳнамолари ва ҳукумати томонидан бизлардаги сингари очиқчасига таланмайдилар. Аксарияти бизларга ўхшаб мол-дунё ва шон-шуҳрат учун иймонини ва динини, қадриятлари ва ўзлигини сотмайди…

Қамаранинг сўзларидан уялган Баҳром Махтумқули (а.р.)нинг икки юз йил илгари илм олиш учун Бухорога келганини эслади. У бир йил ўқий олмасдан, дод солиб Бухородан чиқиб кетганди. Ахлоқсизлик халқнинг осмон қадар маънавиятини тупроқ билан яксон қилиб, алал-оқибат миллатни оёқ ости этгани ҳақиқат эди. Масжид ва мадрасалардаги жирканч ишларни ўз кўзлари билан кўрган Махтумқули авлиёлари билан дунёга машҳур шариф шаҳар – Бухорони кўзларида қонли ёшлар билан тарк этганди.

У ўшанда:

Юрагим сабрдан кетди, қарордан,
Ёмон ишлар, бўғоз бўлмоқ эр-эрдан,
Безор бўлибон бундай диёрдан,
Мажбур бўлдим бошим олиб кетмоққа,

деб ёзганди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар