Ҳазрати Салмон Форсийнинг Ислом динига кириши

Ҳазрати Салмон Форсийнинг Ислом динига кириши
80 views
22 September 2017 - 7:30

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 204
(давоми)

ЙИГИРМА САККИЗИНЧИ МЎЖИЗА

Ҳазрати Салмон Форсий Ислом давридан илгари ҳақ дин излаб, ўз ватани Эронни ташлаб чиққан эди. У вақтда Эрон халқи оташпараст эди. Эрондан чиқиб Рум вилоятига келди.

Бу эрса бутун насоро динига марказ саналур эди. Бу ерга келгач, шу динни қабул қилиб, мунинг асосини ўрганмиш эди. У бир улуғ роҳиб (дин бошлиғи) хизматига кирди. Мунинг хизматида бир неча йил турди, сўнгра роҳиб вафот этди. Ўлар чоғида Ҳазрати Салмонни яна бир роҳибга топшириб, анга хизмат қилмоққа васият қилди.

Мунинг хизматида ҳам бир неча йиллаб турди. Сўнгра буни ҳам ажали яқинлашиб ўлим тўшагида ётди эрса, ундан Салмон Форсий васият талаб қилиб:

— Сиздан кейин кимнинг хизматида бўлғайман? — деди.

— Фалон роҳибнинг хизматида бўлғайсан, — деб учинчи бир роҳибнинг суҳбатини топмоққа ул буюрди.

Шундай қилиб, бунинг хизматида ҳам бир неча йил юрди. Ўшал даврда Таврот, Инжил ўқиган уламолар ичида бундан олимроқ киши йўқ эди. Муни ҳам ажали етиб, ўлимга тайёр бўлди.

Анда Ҳазрати Салмон:

— Эй устоз, васият қилинг, сиздан кейин кимнинг суҳбатида бўлғайман?

Анда ул роҳиб:

— Эй Салмон, шуни билгилким, энди бутун ер устида суҳбатидан сенга яхшилик етгудек ҳеч ким қолмади. Барча олам халқи ҳақ йўлдан адашдилар. Шу кунда эрса, ҳақ динни тутгувчи бир киши ҳам йўқдур. Лекин охирзамон пайғамбарининг чиқар вақти яқинлашди. У эрса, Маккада туғилур, душманлари уни ватанидан чиқаргайлар. Қалин хурмозорлик икки тошлоқ орасидаги бир шаҳарга ҳижрат қилиб келгай. Унинг аломати шулким, икки елкасининг орасида пайғамбарлик муҳри бордур. Ҳадя келтирур бўлсанг қабул қилур, садақа, закот молларидан ўзи емагай. Уларни йиғиб, фақир-мискин, муҳтожларга бергай. Энди меним сенга насиҳатим, мен ўлгандан кейин ўшал пайғамбарни топиб унинг хизматида бўлгил.

Бу сўзни англагач, Салмон Форсий Арабистонга сафар қилди. Йўлда араб авбошларига учраб қолиб, ани қул қилиб асир олдилар. Сўнгра ёрдамчиси йўқ ёлғиз киши бўлганлигидан уни қул қилиб сотиб юбордилар. Қўлдан-қўлга сотилиб юриб, охирида мадиналик бир яҳудийга сотилди.

Шу орада Расулуллоҳ ҳам Маккадан ҳижрат қилиб Мадинага келиб, ярим тошча йироқликдаги Қубо деган қишлоққа тушган эдилар. Салмон Форсий бу хабарни англагач, бир саватда хурмо олиб, Расулуллоҳ ҳузурларига келди ва:

— Буни сизга садақага келтирдим, — деди.

Саҳобаларга:

— Сизлар енглар, — деб буюриб, ўзлари андин емадилар.

Салмон муни кўргач:

— Роҳиб айтган аломатларнинг бири тўғри чиқди, қани қолганларини ҳам синаб кўрайинчи, — деди.

Орадан уч-тўрт кун ўтгандан сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубодан Мадина ичига кирдилар эрса, Салом Форсий яна бир сават хурмо кўтариб келиб, бу гал ҳадя қилди. Расулуллоҳ хурмонинг ҳадя эканлигини билгач, саҳобалар билан бирга ўлтириб едилар.

Муни кўриб Салмон:

— Роҳиб айтган уч аломатдан иккиси тўғри чиқди. Энди учинчисини ҳам билишим керак, — деди.

Яна уч-тўрт кун ўтгандан сўнгра шу мақсадни кўзлаб Расулуллоҳнинг зиёратларига келди эрса, Бақиъ гўристонига жаноза билан кетмиш эдилар. Орқаларидан келиб у жойда Расулуллоҳ билан кўришди. Икки елка орасидаги пайғамбарлик муҳрини кўрмакчи бўлиб, орқа томонларига ўтиб эди, муни Расулуллоҳ билдилар. Ридоларини елкаларига тушириб қўйдилар эрса, бу муборак муҳр очилиб қолди. Муҳрни кўргач, Салмон чидаёлмасдан Пайғамбаримизга ўзини отиб юз-кўзини суртиб ўпгали турди. Сўнгра ундан ҳол-аҳвол сўрадилар. Бошидан кечирмиш ишларини айтгандан сўнгра, учинчи роҳиб сўзини баён қилиб:

— Энди аниқ билдим, Таврот, Инжилда хабари берилиб, сифатлари ёзилган охир замон пайғамбари албатта Сиз экансиз, — деб дарҳол шу ерда иймон келтирди.

Сўнгра Расулуллоҳ Салмонга қараб:

— Хўжанг яҳудийга айтгил, сени мукотиб қилсун,— дедилар.

Мунинг маъноси қул хўжаси билан келишмакдур. Шундоқким, агар менга шунча ақча топиб берур эрсанг, сени озод қилурман, деб хўжаси қўлига ҳужжат хати бергай. Расулуллоҳ сўзлари билан Ҳазрати Салмон хўжаси яҳудийдан муни сўради эрса, ул унамай юриб энг кейин бир минг олти юз дирҳам кумушга, яна уч юз туп хурмо дарахтини кўкартириб беришга келишдилар.

Расулуллоҳ муни англагач, саҳобаларга:

— Биродарингиз Салмонга ёрдам қилайлик, — деб айтдилар, ансор саҳобалар ҳар қайсилари топганича хурмо кўчатини келтиришди.

Шунда Салмонга кўчатлар ўрнини қазиб битиргандан кейин келиб хабар қилишларини буюрдилар. Кўчат чуқурлари тайёр бўлгач, Расулуллоҳ қутлуғ қўллари билан тутиб бериб, бошқалар кўмишди.

Шунчалик кўп хурмо кўчатларидан бирор тупи қуримасдан бариси кўкарди», бу эса Расулуллоҳнинг мўжизаларидур.

Яна шу орада саҳобалардан бирови Расулуллоҳга тухумдек олтин ҳадя қилди. Анда улзот дарҳол Салмонни чақириб:

— Муни яҳудийга бериб ўзингни қуллиқдан озод қилурсан, — дедилар.

Ул олтин эрса Салмон кўзига оз кўриниб:

— Ё Расулуллоҳ, меним берасим кўпдур, бу билан қутила олмагайман, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Шу билан Аллоҳ сени ундан қутқаргай, боргил, топшириб бергил, — дедилар.

Муни англагач, яҳудий олдига элтиб, тортиб қараса қолмиш қарзига ортиқ чиқмасдан тенг келди. Бу ҳам Расулуллоҳнинг мўжизалари эрди. Шу билан Расулуллоҳ айтганларидек, Салмон Форсий қуллиқдан қутулди, Разияллоҳу анҳу.

(давоми бор)