Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёев Нью-Йоркка нега давлат самолётида учмади?

Мирзиёев Нью-Йоркка нега давлат самолётида учмади?
21 Eylül 2017 - 22:48 'да юкланди ва 1939 марта ўқилди.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ доирасидаги учрашувга расмий давлат самолётида эмас, россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг шахсий учоғида сафар қилгани борасида “Озодлик” ва ББC тарқатган хабарлар ортидан Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг кутилмаганда Тошкентда пайдо бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Расмий Тошкент Шавкат Мирзиёевнинг сафари, самолёт билан боғлиқ можаро юзасидан ҳозирча бирор изоҳ бермаган.

Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳ ҳокимиятда зимдан кечаётган курашлардан хабардорлигини билдиради, унинг фикрича, Патрушевнинг Тошкентга қилган кутилмаган сафари айнан Мирзиёевнинг сафари билан боғлиқ.

“Бу воқеалар тасодиф бўлиши мумкин эмас. Патрушевнинг тўсатдан келиб қолишини бошқа ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Президент қайтгач, вазият юзасидан изоҳлар берилар, воқеалар ҳатто биз кутмаган шаклда ҳам ривожланиши мумкин. Ҳар ҳолда Патрушевнинг келиши мени жуда ҳаяжонлантирди, бу бўшга эмас деб ўйлаяпмиз. Биз Россия таъсирига тушиб қолмаслик кераклигини бошиданоқ айтиб келяпмиз. Қолаверса, Алишер Усмонов Путиннинг яқин одамларидан бири. Аммо хавфсизлик масаласига келганда, президент шунга мажбур бўлган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам буни хавфсизлик назаридан тушуниш мумкиндир, лекин бошқа бир шаклда мустақил давлат президентининг иш одами учоғида кетиши ижобий қабул қилинмайди”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Сиёсий фаолга кўра, президент хавфсизлиги билан боғлиқ вазият анча қалтис, Мирзиёев ва Иноятов ўртасидаги зиддият кескинлашгани ўз тасдиғини топмоқда.

“Мирзиёевнинг ислоҳотига қарши кучлар уни шантаж қилишаётгани, ҳатто “Ўзбекистон ҳаво йўллари“га уларнинг одами қўйилмаса, самолётлар учмай қолиши, ҳатто портлаши мумкинлиги билан шантаж қилингани, бу шантаж Иноятов томонидан бўлгани ҳақида аноним муаллиф Усмон Ҳақназар ёзган эди. Ўша пайтда бу конспирацияга ўхшаб кўринди, аммо кейинги воқеалар ривожи буни тасдиқлаяпти. Хусусан, президент ўз сафарини расмий учоқда эмас, Усмоновнинг шахсий самолётида амалга оширгани шу аноним муаллифнинг тахминлари тўғри эканлигидан далолат беряпти. Албатта, мен буни тахмин сифатида айтяпман. Буни жамоатчиликдан яширишга бўлган уринишлар ҳам тахминлар тўғри эканлигига ишора қилади. Биз умид қилмиз, Ўзбекистон бир синов даврини ўтаяпти, Мирзиёев самимий кўринади, ислоҳот қилмоқчи, шу босқичда бирор кор-хол, фожиа бўлишини биз истамаймиз. Аммо ҳозирги вазият бизга жуда ғайритабиий кўринмоқда. Айниқса, Мирзиёев АҚШга кетган бир пайтда, ҳеч бир садосиз Россия хавфсизлик кенгаши раҳбари Патрушев Тошкентга келди”, – дейди мухолифатчи.

Ўзбекистонга 19 сентабр куни келган Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Тошкентда ҳамкасби Виктор Маҳмудов билан музокара ўтказган. Матбуот хабарига кўра, сафар Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик идораларининг ўзаро маслаҳатлашув доирасида ўтмоқда, музокарада Афғонистондаги вазиятга алоҳида диққат қаратилган.

Манба: Америка овози

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар