Кўрмоқ бор, емоқ йўқ деганлари, шу эканда…

Кўрмоқ бор, емоқ йўқ деганлари, шу эканда…
54 views
28 September 2017 - 8:00

ИСЛОМ ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

4-қисм

Барчасини индамасдан кузатиб турган Албина кўзларининг ости билан  Баҳромга қараб қўярди. Баҳром нуқул, наҳотки, бу аёл Катя бўлса деб ўйлар, унинг фирибгарлар билан қандай алоқаси борлигига тушунмасди.

Нозима Мунис иккинчи қадаҳни ичганида, қулоқларигача қизариб кетди.

–  Ғар дунёсига ҳам, ҳаётига ҳам минг лаънат! – деди у сўнгги қадаҳни кўтаришдан олдин. – Албина, сенга ҳам, Анна Курапаткина деб исм қўйган ҳезалакларга ҳам минг лаънат. Ўртоқжон, тушундингми?

– Тушундим? – деди уни қучоқлаб ўпган Курапаткина. – Антиқа қадаҳ сўзи бўляпти, тўхтама!

– Вайсама, сабр-бардош билан эшит! – деди Нозима Мунис унга. – Бу дунёда эр, бола-чақа, уй-жой, бойлик, йўқотилган пуллар, барча-барчаси душман. Битта дўстинг бўлса, у ҳам ёшликдаги ўйнашинг бўлиши мумкин. Саидмат Сотти деган ҳезалак бундан мустасно. Ёқубқори деган талабам бўларди. У ингичкадан келган, тепакал эди. Мўйлови ўзига ярашиб турарди. Қорачўтир бўлса ҳам, эроний бўлса ҳам, унинг истараси иссиқ эди. Умуман, унинг ҳамма жойи иссиқ эди. Уни кўксимга босиб ётишни яхши кўрардим. Ёмони, уни мендан бошқа бирор кимса ёқтирмасди. Ўзим ҳам унинг нос чекишини ҳазм эта олмасдим. Имтиҳонларини ҳамиша ўзим қўйдириб берардим. Тошкентга кўчиб келсам, у ҳам бола-чақасини эргаштириб, орқамдан келди. Ижарада туриб, Ўрикзор бозорида савдо қилади. Қибризга жўнатгандим, тўрт баклашка нос билан қўлга тушиб, қўналғадан қайтиб келди. Ёш қизларни эркалагандай эркалатиб, жонимни киргизарди. Қари туллак йўлдан ургач, у яна мендан аразлаб кетиб қолди… Нима бўлса бўлди. Қани, Анна Курапаткина, кўтардикми?

Шунда ўзбекчалаб:

– Урдуқ! – деб юборди кайфи ошган Курапаткина.

– Урдуқ деган тилларингдан! – деди Нозима Мунис ҳам.

Баҳром билан Албина бир-бирларига қараб қўйдилар.

Нозима Мунис ҳеч ниманинг фарқига бормаётганди. Кўзларининг олдига берган пуллари келарди. Уларни қайта қўлга киритиш иштиёқи уни жинни этаёзганди. У қадаҳни охиригача сипқорди. Ямланиб, газак этди. Оғзи-бурнини чала-чулпа артгач, сочиқни ошпазнинг юзига отди. Ҳе йўқ, бе йўқ ўрнидан туриб, ичкарига кириб кетди. Курапаткинанинг сумкасини титкилади, тортмаларни тортиб кўрди. Излаганини топа олмагач, столни суриб ташлади. Курсиларни деворга урди. Кампютир ағдарилди, картина тушиб кетди, гултувакдаги гуллар ер билан яксон бўлди.

– Бўлагини бошқа қўй! – деб бақирди ароқдан тўйган Курапаткина яна ўзбекчалаб.

У карахт бўлиб қолганди. Ҳеч нимани сезмасди.

– Пулни қаерга қўйдинг, ўртоқжон? – дея Нозима Мунис хохолаб кулди.

– Денгиз айғиридан сўра. Тийин-тийинигача ўшанга берганман. Мен моянага ишлайман, қолганини билмайман!

– Денгиз айғири деганинг ким бўлди яна?

– Денгиз мушугининг хотини.

– Денгиз мушуги ким?

– Чумолихўрда?

– Чумолихўринг ким?

– Мудак-да ким бўларди. Ялаб-юлқовчи махлуқ. Чангютгич деса ҳам бўлаверади. Бизларга шунақаси насиб этмади!

– Саидмат Соттининг ҳам ўшандан авло жойи йўқ. Эплай олмайди, холос!

– Ўртоқжон, ўшани бир-икки кунга менга бериб тура олмайсами? Ўзим эплаб олардим!

– Ўша ҳезалак бир умрга сеники бўла қолсин. Пулларимни қайтарсанг, бас, сени ҳам, уни ҳам энсамнинг чуқури кўрсин!

– Ўша пулларнинг бир фоизи менга тегса, нима қилишни ўзим билардим. Жоним куйганидан ичаманда. Аламимни ароқдан олмасам, кимдан оламан, ўртоқжон?! Сен ҳам худди ўзимсан, чангалингда пул турмайди. Кўрмоқ бор, емоқ йўқ деганлари, шу эканда. Кел, ичамиз!

Навбат ётоқхонага етти. Хонани тарақ-туруқ овозлар босиб кетди.

– Кечаги топширган пулларимни қаерга қўйдинг, тур, топиб бер! – дея Нозима Мунис пластинкани бошидан қўйди.

– Олмония элихонасига топширдим, нега тушунмайсан! – дея қадаҳни бўшатган Курапаткина қаҳқаҳ отиб кулди.

– Олмония элчихонаси қаерда жойлашган ўзи?

– Мудак бошини тиқиб ётадиган жойда!

– У қаерда?

– Амира Кимёнинг тагида!

– Ўша тешикка уч милён доллар сиғадими?

– Уч милярд ҳам сиғади!

– Тур, кетдик! – деди Курапаткинанинг бошига келган Нозима Мунис. – Пулларни олиб, эгаларига тарқатишим керак!

– Менинг ўлгим келаётгани йўқ! – деди тинмасдан кулаётган Курапаткина. – Ўлгинг келаётган бўлса, ўзинг боравер!

– Элчихона қаерда жойлашган?

– Тошкентда!

– Аниқ манзили борми?

– Йўқ, ҳар жойда сузиб юради!

– Кўчасининг номи бордир, ахир?

– Бор. “Амира Кимё” номидаги кўча. Уни топиб, олдида осилиб турган бир қарич мўйловни тортасан. Эшик очилиб, элчи бошини чиқазади. Унинг исми Мудак. Олиб борган пулингни унга берасан. У каламуш тиллони гурумига тортгандек, пулларингни ичкарига тортиб кетади. Эшик ёпилади. Мудакнинг мўйлови ташқарига чиқиб қолади. Гапинг бўлса, яна мўйловни тортасан. Эшик очилади. У бошини чиқазади…

– Бўлди-э! – деди жаҳли чиққан Нозима Мунис. – Тўтига ўхшаб битта сўзни қайтараверасанми?

– Ўзим биламан! – деди ўрнидан ирғиб турган Курапаткина белини ушлаб. – Бир солиб, чочиб юборайми?

Иккаласининг ҳам ақли-ҳуши жойидамасди. Нима деётганларини ўзлари билмасдилар.

Ўзини ҳақоратланган ҳисоблаган Нозима Мунис бир замон қотиб турди. Кейин киприкларини тез-тез пирпирата бошлади.

– Сен ҳалитдан буён ўзбекчада гапиряпсанми? – деди тилга киргач.

– Ҳар ҳолда немисча гапираётганим йўқ! – деди Курапаткина жойига ўтириб, қадаҳни қўлига оларкан.

– Ўзбекчани қаердан биласан?

– Элчихона ходими эканлигим хотирангда йўқми?

– Бор!

– Дипломатлар етмиш икки тилни билишлари лозимлигини билмайсанми?

– Берган пулларимни топиб бер? – деди яна калласи кетиб қолган Нозима Мунис.

– Қанақа пулингни? – дея сўради қадаҳни бўшатган Курапаткина.

– Ишизловчилардан олиб берган пулларимни!

– Элчихонага топширдим, дедим-ку! Нимага тушунмайсан?

– Қайси элчихонага?

– Давлат сирини ошкор этишга ҳаққим йўқ!

– Қанақа давлат сирини?

– Норвегия давлатининг сирини!

– Қаматтираман!

– Қўлингдан келмайди. Дипломат сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан дахлсизлигим таъминлаб қўйилган!

– Сен Анна Курапаткина ҳам, Норвегия элчихонаси ходими ҳам эмассан! – деди бирдан қутуриб кетган Нозима Мунис.

– Биламан!

– Фирибгарсан, қари шилтасан, фолбинсан, жўгисан. Шу ишлар орқасидан икки марта қамалиб чиққансан. Ҳозир мен билан маҳкамага бориб кўрсатма бермасанг, шу ернинг ўзида сени бўғиб ўлдираман!

– Мени сенга ким Анна Курапаткина деди. Норвегия элчихонаси ходими деб ким айтди?! – деди ҳушёр тортган Курапаткина. – Менинг Мая Михайловна эканлигимни бутун дунё билади. Бир тишлам нонини зўрға топаётган нафақадаги аёлга туҳмат этишга уялмайсанми? Сен мендан чет элга ишлагани борадиганларни суриштирган эдинг. Йигирмата ишизловчини топиб, ҳужжатлари билан уларнинг юз минг доллар пулини қўлингга тутқазганман. Одамлар берган пулларини сўраб ҳоли-жонимга қўймаяптилар. Уларни жўнатмоқчи бўлсанг, жўнат, бўлмаса, олган ҳужжатларинг билан пулларни қайтар! Менга тинчлик керак. Айтиб қўяй, бу ерга пул сўраб иккинчи марта оёқ босмайман. Қатнайвериб чарчадим. Кечгача ишни бир ёққа сурмасанг, эртага маҳкамага бориб устингдан арз қиламан. Сенда инсоф, диёнат деган нарса қолмапти. Ўзинг бориб турган муттаҳамсану, яна менга ўшқирасан. Виждонсиз, фирибгар. Нимага менга ўқраясан? Икки бармоғимни кўзингга суқаман!

Паст бўйли, ғалча Курапаткинанинг икки бармоғини бигиз этганини кўрган Баҳром кулиб юборди. Кафтларини юзига босган Албина нафасини ичига ютиб турар, қизариб кетганди.

Суяк ютган товуқдек ўқчиган Нозима Мунис, қулоқчаканг шу жойдами, дегандек, унга шапалоқ тортди. Тарсаки сурбетларча қилинган туҳматларга муносиб жавоб бўлди. Зарбага дош беролмаган Курапаткина ағдарилиб тушди. Нозима Мунис этагини белидан юқорига кўтариб, унинг кўкрагига миниб олди. Икки юзига кўзини очирмасдан, шапалоқ ёғдира кетди. Курапаткинанинг бурнидан қон келди. Юзлари дўмира бўлиб шишиб кетди.

Бошида у дўқ-пўписа этиб кўрди. Бўлавермагач, ялинишга тушди.

– Ўлдириб қўясан, ўртоқжон! – деди у. – Кейин ўзинг ҳам қамаласан. Айбларни иккаламизнинг бўйнимизга илиб, қолганлар таралло бедод олиб юраверадилар. Мен ҳеч ким ҳам эмасан. Сенга ўхшаган бир товуқ мияман, холос…

Нозима Мунис, уни тинглайдиган аҳволда эмасди. Курапаткина оғриқ зўридан инқиллаб, гапира олмай қолди. Баҳром пинагини бузмай томоша этиб ўтирарди. Албина, хавотирга тушганди.

– Баҳром, аҳмоқлик қилма! – деди бўлавермагач. – Нозима Мунисни тезда бу ердан олиб чиқиб кет!

 Бу аёл ҳақиқатан ҳам Катя эди. Баҳромнинг юраги орзиқиб кетди. Кўзларининг олди қорайиб, руҳиятида зилзилалар турди…

– Анграйма, сенга айтяпман! – деди у яна. – Тез бу ердан чиқиб кет. Аҳмоқлик қилма деяпман сенга!

Катя қўлига қистирган қоғозни у чўнтагига тиққач, ўрнидан қўзғалди. Катянинг бекорга хавотир олмаётганини у охирги лаҳзаларда ҳис эта бошлаганди.

(давоми бор)