Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ичкилик ичишнинг зарарлари

Ичкилик ичишнинг зарарлари
30 Eylül 2017 - 7:00 'да юкланди ва 652 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(29)
(давоми)

Ичкилик ичишнинг зарарлари

Абдуллоҳ бин Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди: “Қиёмат куни ичкилик ичган инсон қора юзли, мовий кўзли, тили кўксигача осилган, оғзидан сўлак оққан ҳолда келтирилади. Унинг қўланса ҳидидан ҳамма тисканади. Сизлар ичкилик ичганга салом берманглар, у хасталанса, зиёратига борманглар, ўлса, жанозосини ўқиманглар”.

Масрукка кўра, ичкилик ичган киши бутга топинган киши кабидир. Ичкиликни ҳалол кўриб, ичган кимса эса худди Лот ва Узза бутларига сиғинган кимсалар кабидир.

Қааб бин Ахборга кўра, бир қадаҳ ичкилик ичгандан кўра, бир қадаҳ олов ютиш яхшироқдир.

Ибн Умардан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Сархуш қилган ҳар қандай модда ичкиликдир. Ва сархуш (маст) қилган бутун моддалар – ҳаромдир. Ким дунёда давомли ичкилик ичиб, тавба этмасдан ўлса, Охиратда Жаннати ичимликларидан ича олмайди”.

Жобир бин Абдуллоҳдан ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Кўпи сархуш этган модданинг ози ҳам ҳаромдир”.

Бошқа бир ривоятга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ўн ботмон ичилганда маст қиладиган модданинг бир қултуми ҳам ҳаромдир” деган.

Заҳрийнинг билдиришига кўра, Ҳазрати Усмон (ундан Аллоҳ рози бўлсин) бир хутбасида шундай деган эди: “Эй, инсонлар, ичкиликдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у ёмонликларниннг онасидир. Қадим замонда бир обид яшаб ўтганди. Унинг бутун вақти уйи ва масжид орасида кечарди. Бир кун унга бузуқ бир хотин рўпара келди. У хотин обидни, хизматкори воситасида, уйига чақирди. Обид келди, хотин уни уйига қамади. Хотиннинг олдида ичкилик дастурхони ёзилганди. Ёнида кичик ўғли ҳам бор эди. Хотин обидга: “мендан қутулмоқчи бўлсанг, ёки бир қадаҳ ичасан ёки мен билан ётасан ёки шу болани ўлдирасан. Агар айтганларимнинг ҳеч бирини қилмасанг, овозим борича, бу одам уйимни босди” деб бақираман. Бу ҳолда сени бу ерга қамаб қўйилганингга ким ишонади?” деди. Обид чорасиз ҳолатда “сен билан ётмайман, болани ҳам ўлдирмайман” деди ва бир қадаҳ ичкиликни ичиб юборди. Бир қадаҳни ичиб бўлиб, “яна бер” деди. Хотин унга яна бир қадаҳ тўлдирди. Валлоҳи, кўп ўтмасдан, бу одам хотин билан ётди. Ва кичкина болани ҳам ўлдирди.

Ичкиликдан сақланинг, чунки ичкилик ёмонликларнинг онасидир. Ичкилик билан иймон бир қалбда яшай олмайди”.

Даҳоққа кўра, сурункасига ичкилик ичиб ўлган киши қиёмат куни маст ҳолда тирилади.

Қатода дейди: “Бизга айтишларига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Жаннатнинг хушбўй ҳиди 500 йиллик масофадан туюлади, аммо уни ўз яхшилиги учун миннат қилган кимса, давомли ичкилик ичган киши ва отаонасига қарши келган фарзанд бу ҳидни туя олмайди”.

Ибн Масъудга кўра, ичкилик билан боғлиқ бўлган шу ўн кишига лаънат ёғар:

1.Ичкилик тайёрлаганга.

2.Ичкилик тайёрлаттирганга.

3.Ичкилик ичганга.

4.Ичкилик ташиганга.

5.Ичкиликни ташиттирганга.

6.Ичкилик тарқатганга.

7.Ичкиликни улгуржи сотганга.

8.Ичкиликни улгуржи олганга.

9.Ичкиликни битта–битта сотганларга.

10.Ичкилик моддасининг экинини, ўримини қилган одамларга.

Билдирилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ичкилик ичган кимса Қиёмат куни бўйнига лаган осган ҳолда, қўлида қадаҳ билан мозоридан чиқади. Эти билан суяги орасида илон ва чаёнлар бўлади. Оёғига оловдан тақалар урилган бўлиб, бу ҳароратдан мияси қайнайди. Мозорининг бир Жаҳаннам чуқури экани кўрилади. Жаҳаннамда у Фиръавн ва Хомонга қўшни бўлади”.

Ҳазрати Ойшадан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ким ичкилик ичган кишига бир луқма емак берса, Аллоҳ унинг устига бир илон ва бир чаён солади. Ким ичкилик ичганнинг эҳтиёжини қондирса, исломнинг йиқилишига ҳисса қўшган бўлади. Ким ичкилик ичганга қарз берса, бир мўминни ўлдиришга ёрдам этган каби бўлади. Ким ичкилик ичган биттаси билан суҳбат этса, Қиёмат куни етакловчиси йўқ бир кўр бўлиб тирилади.

Ичкилик ичган кишига турмушга чиқилмасин. Ичкилик ичган кимса хасталанса, уни кўришга борманг. У гувоҳлик қилмоқчи бўлса, гувоҳлигини қабул этманглар.

Мени ҳақ пайғамбар ўлароқ юборган Аллоҳга ямин этаман–ки,ичкилик ичган кимса “Таврот”да ҳам, “Инжил”да ҳам, “Забур”да ҳам, Қуръони Каримда ҳам лаънат билан тилга олингандир. Ичкиликни ҳалол санаган кимса дунёда ҳам, охиратда ҳам мендан узоқдир”.

Ота бин Ясарнинг айтишига кўра, бир одам Қаобул Ахбордан “Тавротда ичкилик ҳаром ҳисобланганми?” деб сўради. Қаоб – ул – Ахбор бу саволга шундай жавоб берди: “Ҳа, Қуръони Каримдаги мана шу “Ичкилик, қимор, тикиладиган тошлар, бутлар, устига ёзув ёзилган омад ўқлари ва уларга қараб ҳаракат этмоқ шайтон иши бўлган бир чиркинликдир. Бутлардан узоқ турингиз, ки нажотга эришасиз” (“Моида” сураси, 90) деган оят Тавротда мана шундай айтилган эди: “Биз ботилни йўқ этсин деб, ўйинни, доира чалишни, мазомирни ва ичкиликни ўртадан кўтарсин, деб ҳақни индирдик”.

Ичкилик ичганнинг вой ҳолига! Чунки Аллоҳу Таоло бу хусусда ямин билан шундай дейди: “Дунёда ичкилик ичган кимсани қиёмат куни сувсиз қолдираман. Мен ичкиликни таъқиқлагандан сўнгра уни ташлаганни Жаннат ичкиликлари билан сийлайман”.

Ичкиликда ўн турли зарар бор:

1.Инсон ичкилик ичса, телбага айланади. Ва бу ҳолида болаларга масхара бўлганлари каби, ақлли кишилар қаршисида ҳам эътиборини йўқотади.

Ибн Абу Дунё шундай дейди: “Бир куни Бағдод кўчаларидан бирида бир мастни кўрдим. У кичик таҳоратини ушатар экан, сийдиги билан юзини ювар ва “Аллоҳим, мени тавба этганлардан ва топ–тоза ювинганлардан айла” дея дуо этарди.

Яна битта сархуш (маст) кимса йўлда кетаётиб, қусди. Ўша ердаги бир ит бу кимсанинг оғзини ва соқолини ялай бошлади. Маст эса “ҳу, жаноб, қўлрўмолчамни ифлос қилма” дея минғирлар эди.

2.Ичкилик ичиш одамнинг пулини ҳам, ақлини ҳам йўқ қилади. Ҳазрати Умар Пайғамбаримиздан “Ё Расулоллоҳ, бизга ичкилик ҳақда кўришингни айт” деганда, Расулоллоҳ алайҳиссалом: “Ичкилик инсоннинг ҳам пулини тугатади, ҳам ақлини кетказади” деган.

3.Ичкилик дўстлар ва биродарларнинг орасини очади. Аллоҳу Таоло шундай дейди: “Шайтон ичкилик ва қимор билан орангизга кин ва душманлик киритмоқ истайди” (“Моида” сураси, 91).

4.Ичкилик одамни Аллоҳни зикр этишдан ва намоздан узоқлаштиради. Аллоҳу Таоло шундай дейди: “Шайтон бу йўл билан сизни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоздан четлаштирмоқ истайди. Энди (бундан) воз кечдингиз, шундай эмасми?” (“Моида” сураси 91).

Бу оят инганида Ҳазрати Умар “Ҳа, энди уни ташладик, ё Робби” деган эди.

5.Ичкилик ичиш одамни зино ишлашга судрайди.

6.Ичкилик бошқа ёмонликларнинг ҳам калитидир. Чунки ичган киши ҳар қандай гуноҳни осонликча ишлайди.

7.Ичкилик ичган кимса муҳофиз малакларини гуноҳ мажлисларига киришга мажбур қилиб, ичкиликнинг қўланса ҳиди билан уларга азият чектиради.

8.Ичкилик ичган кимса саксон қамчи ейишни ҳақ этади. Агар бу калтакни дунёда емаса, охиратда бу ҳақ оташ қамчилар билан бажо келтирилажак.

9.Ичкилик ичган кимсага кўк эшикларини беркитади. Чунки қирқ кун давомида унинг на яхши амали, на–да дуоси Аллоҳ ҳузурига чиқа олмайди.

10.Ичкилик ичган кимса ўзини таҳликага қўяди. Чунки ўлаётганда, иймонини йўқотиш эҳтимоли бор.

Бу жазолар ичкилик ичганнинг бу дунёда оладиган жазоларидир. Охират жазолари эса, на сон билан ифода этила билади, на–да тасвир қилина олади.

Улардан баъзилари йиринг ичмак, заққум емак, савоблардан маҳрум қолмоқдир. Демак, ақли бошида бўлган инсон бир онлик лаззат учун узун муддатли охират лаззатини йўқотишни асло истамайди.

Аллоҳу Таоло шундай дейди:

“Тақво соҳибларини ҳайъат ҳолида Раҳмоннинг ҳузурида тўплаганимиз кун. Гуноҳкорларни эса ташна ҳолда Жаҳаннамга ҳайдаяжагимиз куни” (“Марям” сураси, 85–86).

Машҳур тафсир олими Сулаймон бин Мукотил бу оятларни шундай йўримлайди: “Жаннатликлар гуруҳлар ҳолида Жаннатга юбориладилар. Жаннат эшигига боришганида улар остида икки чашма бўлган бир дарахтга дуч келишади. Улар битта чашмадан ичганда, ичларидаги бутун (ахлатлар) ёмон моддалар чиқади. Улар иккинчи чашмага бориб, унда ювинадилар. Вужудларидаги бутун кир ва яралар ювилиб кетади.

Аллоҳу Таоло шундай дейди: “Салом сизга! Энди топтоза бўлдингиз. Энди у ерда абадий қолиш учун Жаннатга киринг!” (“Зунар” сураси, 73).

Кейин уларга улов сифатида оёқлари ёқут ва инжу билан безатилган олтиндан, жиловлари эса инжудан тўқилган ёқут туялар берилади. Ҳар жаннатликка иккита либос кийдирилади. Шундай–ки, бу либосларнинг биттасини дунёликларнинг орасига чиқарсалар, бутун дунёни ойдинлатади.

Ҳар жаннатликка бир гуруҳ муҳофиз малак берилади. Бу малаклар уларни Жаннатдаги гўшаларига олиб боришади. Жаннатлик қул Жаннатга кирганда олдига олтин бурчакли, кумуш кўшк чиқади. Кўшкка кирганда, уни сочилган инжулар каби бир тўда хизматкорлар қаршилайди. Уларниннг қўларида турли кийимлар, безак ашёлари, кумуш идишлар ва олтин қумғонлар бўлади.

Улар Жаннатлик қулни саломлайдилар, ва қул кўшкка киради. Ичкарида Аллоҳнинг ҳозирлагани мақом ва ҳадяларни кўриб, шу ерда жойлашишга қарор беради. Малаклар ундан “нима истайсан?” деб сўрайдилар, қул “шу ерда қолишни истайман” деб жавоб беради.

Аммо малаклар унга “юр, сен учун бундан ҳам гўзалроғи бор” дейдилар ва йўлда давом этадилар.

Жаннатлик қул инжу бурчакли олтин кўшкни кўради. У ерга борганида, яна сочилган инжулар каби бир тўда хизматкорлар уни қаршилайди. Уларнинг қўлларида кумуш идишлар, олтин лаганлар бор. Қулни ҳурлар қаршилаб, унга салом берадилар, қул ҳам жавоб беради.

Жаннатлик қул энди бу кўшкда қолишни хоҳлайди. Аммо муҳофиз малаклар яна, “юр, сен учун бундан ҳам гўзалроғи бор” дея қулни такрор олға етаклайдилар.

Бу сафар олдиларига ёқутдан бир кўшк чиқади, у шу қадар шаффофдирки, ташқаридан ичкариси кўриниб туради. Кўшкка яқинлашганларида қулни ҳурлар қарши олиб, саломлашадилар, у ҳам жавоб беради.

Кўшкка кирганида кўзлари шахло бир Жаннат ҳуриси тарафидан кутиб олинади. Бу ҳурнинг бошқа ҳурларникига ўхшамаган етмиш қат кўйлаги бор. Хушбўй ҳидлари юз йиллик масофадан келадиган даражада кескин. Ҳурнинг юзи шу қадар порлоқки, жаннатлик қул унга қараб ўз аксини кўра олади. Либослари шу қадар шаффофки, жаннатлик қул ҳурнинг жигарини кўра олади. Териси ва суяклари шу қадар нозикки, тўпиғига боқса, илиги кўринади.

Бу ҳур узунлиги, кенглиги ва юксаклиги бир фарсаҳ бўлган бир хонада туради. Хонанинг тўрт минг деразаси бор. Хонанинг заминида олтин гилам тўшоғлик бўлади.

Бу гилам устида бир тахт бор. Жаннатлик бу тахтга чиқиб ўтирганда, унинг истаган мевалари унинг олдига келади ва уларни ейиш мумкин.

Буларнинг ҳаммаси ичкиликдан ва бошқа бузуқликлардан узоқ турган тақво соҳибларига берилажак мукофотлардир.

Жаҳаннамликлар эса жаҳаннамга борганларида, жаҳаннам эшиклари очилиб, уларни қўлида чўқмор тутган азоб малаклари қаршилайди. Улар Жаҳаннамга киришганида вужудларининг ҳар бир органига алоҳида азоб берилади. Баъзи органларини илон чақса, баъзиларини оташ ялайди ёки малакларнинг зарбаларига учрайди. Энг сўнггида жаҳаннамлик бир малакнинг оғир зарбаси билан қирқ йил пастга қулайди ва ниҳоят тўхтайди. Кейин оташ уни янгидан юқорига чиқаради ва такрор жаҳаннам малаги уни уради ва у такрор оташ теранликларига чўкади.

Зотан, Аллоҳу Таоло шундай дейди:

“Терилари эригандан сўнгра, азобни тотсинлар, дея уларга янги тери берамиз. Ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ Азиз ва Ҳакимдир” (“Нисо” сураси, 56).

Айтишларига кўра, жаҳаннамликларнинг терилари кунда 70 карра янгиланар экан.

Жаҳаннамлик сувсираб, ичадиган бир нарса истаганда, унга қайноқ йиринг берилади. Бу йиринг юзига яқинлаштирилганда, юзининг териси эриб, оқа бошлайди. Бу йирингни ичганда, унинг милклари ва тишлари тўкилади. Йиринг қорнига тушганда ичакларини парчалайди.

Аллоҳу Таоло шундай дейди:

“Инкор этганлар учун оташдан кийим бичилади. Уларнинг бошларига қайнар сув тўкилажак, бу билан қоринларининг ичидагилар ва терилари эритилади. Улар учун темир чўқморлар бордир” (“Ҳаж” сураси, 19–21).

Жаҳаннамликлар Аллоҳнинг истагани қадар азоб чекканидан сўнг Жаҳаннам муҳофизларини чақириб, “Роббимизга ёлворинг, ҳеч бўлмаса, бир кунга бўлсада азобимизни енгиллаштирсин” дейдилар. Аммо муҳофизлар уларга жавоб қайтармайдилар.

Кейин Жаҳаннамнинг бош муҳофизи малакни чақирадилар, лекин ундан ҳам жавоб келмайди.

Сўнгра бақира бошлайдилар. Аммо бу ҳам фойда бермайди. Кейин “келинг, озгина сабр этиб кўрайлик” дейишади. Лекин сабрнинг ҳам фойдаси тегмайди…

Бу азоблар ҳаммаси кофирлар учун. Лекин ичкилик ичиб, куфрли сўзлар айтиб, ўлаётганда иймонсиз кетиши мумкин бўлган мусулмонлар ҳам бу кофирлар орасига юборилиши эҳтимоли бор.

Айтилишига кўра, Ҳасан Басрий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейдики, “Инсон бир марта ичкилик ичса, қалби қораяди. Иккинчи ичганда, малаклар ундан узоқлашади. Учинчи ичишда, ўлим малаги у билан алоқасини кесади. Тўртинчи ичишда Пайғамбаримиз алайҳиссалом у билан алоқасини кесади. Бешинчи ичишда саҳобийлар у билан қизиқмай қўйишади. Олтинчи ичишда Жаброил алайҳиссалом у билан алоқасини узади. Еттинчи ичишда Исрофил алайҳиссалом у билан алоқасини узади. Саккизинчи ичишда Мекоил алайҳиссалом билан, тўққизинчи ичишда кўклар билан, ўнинчи ичишда бутун ер юзи билан унинг алоқаси узилади”.

Асмо бинти Язиднинг (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоятига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Ким ичкилик ичиб, уни меъдасига туширса, етти кун бўйича, намози қабул бўлмайди. Шу ҳолда ўлса, кофир бўлиб ўлади. Агар тавба этса, Аллоҳ тавбасини қабул этади. Агар тавбасини бузиб, яна ичкилик ичса, Жаҳаннамликларга ичириладиган йирингдан ичишга лойиқ бўлади”.

Саҳобийлардан биттасининг айтишига кўра, қизини ичкилик ичадиган кишига бериш (турмушга чиқариш) фарзандини зинога етаклаш демакдир. Чунки маст кимса “хотинимни талоқ қилдим” деб валдираб, яна у билан яшашда давом этиши мумкин.

Абдуллоҳ бин Масъудга (ундан Аллоҳ рози бўлсин) кўра, кундуз ичкилик ичган кимса – оқшомга қадар, кечаси ичкилик ичган кимса – тонггача мушрик ўлароқ яшайди.

Яна Абдуллоҳ бин Масъуд дейдики, “ичкилик ичган кимса ўлганда, уни кўмар экан, мени ҳам бир ерга қамаб қўйинг. Бир муддат сўнгра марҳумнинг мозорини очинг. Агар унинг қибладан бошқа томонга буриб қўйилмаганини кўрмасангиз, мени ўлдиринглар!”.

Анас бин Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳ мени оламларга раҳмат ва раҳбар ўлароқ юборди. Мени чолғу асбоблари, мазомири ………., жоҳилия одатлари ва анъаналарини, бутларни бекор қилишим учун юборди. Роббим иззати устига ямин этиб, буюрдики: “Қулларимдан биттаси дунёда ичкилик ичса, қиёмат куни охират ичкиликларидан маҳрум бўлажак. Ичкиликни ташлаган кишини эса Жаннат ичкиликлари билан сийлайман”.

Авс бин Самон дейди: “Сени ҳақ Пайғамбар ўлароқ юборган Аллоҳ исмига онт ичаманки, “Таврот”нинг 25 жойида ичкиликнинг ҳаром этилганини ўқидим. Ичкиликбознинг ҳолига вой! Дунёда ичкилик ичган инсонлар охиратда Жаҳаннамликларга ичирилажак йирингдан ичишга лойиқдирлар”.

Муҳаммад бин Мужкадирга кўра, Аллоҳу Таоло қиёмат куни шундай дейди: “Дунёда шайтон иши бўлган ичкилик ва мазомирдан узоқ турганлар борку, уларни мушк боғчаларига жойлаштирамиз. Уларга Менинг тақдир этган, мақтаган овозимни эшиттирингиз. Уларга билдирингки, уларга на қўрқув, нада ҳузун бор”.

Айтилишига кўра, Шақиқ бин Салама бир тўйда чолғучиларнинг ва ўйинчиларнинг ўйнатилганини кўриб, дарҳол у ердан кетди ва сўнгра шундай деди: “Мен Ибн Масъуднинг шундай деганини эшитгандим: “сув қандай тупроқда яшиллик битишини таъминласа, қўшиқ ҳам қалбда мунофиқликнинг ниш уришига йўл очади”.

Абдураҳмон Сулламийнинг айтишига кўра, Муовия бин Абу Сўфиённинг волийлиги (ҳокимлиги) пайтида баъзи шомликлар ичкилик ичиб “ичиш бизга ҳалолдир” дея ўз иддаоларини шу оят билан қўллаган эдилар: “Иймон этиб, солиҳ амал ишлаганларга ебичганлари учун ҳеч бир вабол йўқдир” (“Моида”, 93).

Муовия бу воқеани бир хат билан Ҳазрати Умарга билдирди. Ҳазрати Умар ҳам Муовияга “уларга у ерда фасод чиқармасдан, ўзларини менга юбор” деб амр берди.

Бу шомликлар Ҳазрати Умарнинг ёнига келганида, у Пайғамбаримизнинг саҳобийларини мажлисга чақириб, бу мавзудаги фикрларини сўради. Улар: “Эй, амир–ул–мўминин, бу одамлар Аллоҳга ифтиро этибдилар, динга Унинг изн бермагани нарсаларни суқишга ҳаракат қилибдилар. Бунга кўра, уларнинг калласини кесишинг лозим” дейишди.

Саҳобийлар орасида бўлган Ҳазрати Али (Аллоҳ ундан рози бўлсин) эса жим ўтирарди.

Ҳазрати Умар ундан “Сенинг кўришинг нима?” деб сўради.

-Менимча, бу одамларни аввал тавба этишга чақиришинг керак, агар тавба этмасалар, бошларини кесасан. Аммо агар тавба этсалар, уларга жазо ўлароқ, саксон таёқ урдиришинг лозим – деди Ҳазрати Али.

Ҳазрати Умар ҳам бу одамларни тавбага чақирди, улар тавба этди ва саксон таёқ жазо олдилар.

Ибн Аббос (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ичкилик таъқиқланган оят нозил бўлганда, саҳобийлар Пайғамбаримиздан “Хўп, энди ичкилик ичиб ўлган мусулмонларнинг аҳволи нима бўлади?” деб сўраганларида, қуйидаги оят инди:

“Иймон этиб, солиғ амал ишлаганларга, еб–ичганлари учун ҳеч бир вабол йўқдир” (“Моида” сураси, 93).

Яъни ичкилик ҳаром қилинмасдан аввал ичкилик ичганлар бунинг учун масъул эмаслар.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар