Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мен миллий хавфсизлик подполковнигиман

Мен миллий хавфсизлик подполковнигиман
04 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1506 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

10-қисм

Улар Олой бозори ёнидаги кўп қаватли бино олдида тўхтаб, машинадан тушдилар. Лифтда бешинчи қаватга кўтарилдилар.

Катя эшикни очиб ичкарига киргач, чироқни ёқди.

– Хуш келипсан! – деркан, Баҳромга жилмайиб қўйди. – Нима, оғзингга талқон солиб олдингми? Уйда эркакларнинг оёқ кийими йўқ.

– Чўлда туғилиб ўсган бир саҳройига оёқ кийимини нима кераги бор? – деди у ҳам тилга кириб. – Бир вақтлар кўчада ўзинг ҳам оёқ яланг юришни ёқтирардинг. Оқбилак ойимча бўлиб, гиламни босишга мадоринг қолмаптими?

 Катя шиппагини чиқариб жойига қўйди. У янги келинчаклардек ийманар экан, ёноқлари қизариб кетди. Киприклари пирпираб, кўзларини олиб қочди. Барчаси Баҳромга суъний бўлиб туюлди. Ўзини шундай кўрсатяпти, макр-ҳийлага уста бўпти, деб ўйлади.

Улар меҳмонхонага кирдилар.

– Сен бирпас ўтириб тур! – деди Катя. – Эрталабдан буён тик оёқда юрипман. Кун оғир бўлди, чўмилиб чиқаман. Бутун уй ихтиёрингда, синчиклаб қарасанг, саволларингга жавоб топасан. Қидирган нарсангни, десам, ошириб юбораман. Шунинг учун “саволларинг”га, деяпман, чунки шу чоққача сен уни қидирмагансан!

У кириб кетгач, Баҳром ўрнидан турди. Унинг ичи қизиб кетаётганди. Аста-секинлик билан хоналарга мўралаб чиқди. Уй бир айвон ва уч хонадан иборат эди. Ошхона кенг ва ёруғ бўлиб, ўртасига айлана стол қўйилганди. Ётоқхоналардан бири Катяга тегишли бўлса, иккинчиси қизиники эди. Қизининг хонаси турли-туман ўйинчоқларга тўла, деворларига турли йилларда тушган расмлари илиб қўйилганди. Жавонда дарслик китоблар терилган турарди. Унинг қизи борлигини англагач, эри ким бўлди, экан дея Баҳромнинг боши қотди. Шунда, жинни бўлмаяпманми, деган хаёл уни ҳушёр торттирди. Эри бўлса, мен билан никоҳдан ўтармиди, деб ўйлади. Тағин у меҳмонхонага қайтиб, креслога чўкди. Хаёлини ҳаётидаги бахтиёр кунлари чулғади. Алами рашкка айланиб, манглайидан совуқ тер тепчиб чиқди. Бўғилгач, сапчиб туриб кетганини сезмасдан қолди. Ўзини босиб олиб, картиналарни томоша эта бошлади. Уларда Қуръон оятлари ёзилганди. Буларнинг барчасини қўли гул хаттотлар битгандилар. Яна сервантга турли ҳажмдаги еттита Қуръон китоби терилганди. Оятлар битилган тақсимчалар тўлиб-тошганди. Хона кичик музейга ўхшарди. Буни кўриб Баҳромнинг руҳиятида ажиб бир сокинлик уйғонди. Унинг қалби ёриша бошлаганди. Ҳушини йиққач, хоналарга синчиклаб қарашга қарор берди. Сирли шамалар унга тинчлик бермаётганди, ҳаловати йўқолиб, ичига ғулу тушганди. Яна Катянинг қизининг хонасига навбат етди. У расмларга синчков термулди. Қиз кўзига иссиқ кўрина бошлади. Уни кимгадир ўхшатди, аммо тополмади. Унинг китоб-дафтарларини титкилади. Барчаларида “Медведова  Ислима” деган ёзув бор эди. “Нима учун Ислима”, деб ўйлади. Унинг расмларига қайта-қайта разм солгач, қизимга ўхшаркан, деган қарорга келди. Қаерларидир онасига ҳам ўхшаб кетарди. У хонадан қайтиб чиқиб, Катянинг ётоғига кирганини билмай қолди. Тошойна олдида иккита китоб турарди. Ёнида рамкага солинган сурат бор эди. У суратни қўлига олиб, ҳайратдан бармоқ тишлаб қолди. Кўзлари йигирма тўрт йил илгариги ўзининг қиёфасига тушди. Чап томонида Катянинг ўн етти ёшида тушган сурати бор эди. Ўнг томонида  Ислима кулиб турарди. Бу бежизга эмасди. У калаванинг учини топгандек эди. “Нима учун Катя учаламизни битта қилиб ишлатган”, дея ҳайрон бўлиб, жумбоқнинг тагига етгандек бўлди. Елкасидан тоғ ағдарилгандек, тўйиб нафас олди. Кўзларида қорайган дунё ёришиб, бошида чақмоқ чақди. Товонига тушиб кетган юраги байроқ кўтариб, кўксини тешгудек гупурлаб ура кетди.

У орқасида тўхтаб, сочларини артаётган Катяни сезмасдан қолганди.

– Ҳа! – деди у. – Сенинг яна битта қизинг бор.

 Улар ошхонада ўтириб тамадди этдилар. Баҳром ўлгудек оч бўлса ҳам, нуқул ширин чой ичарди. Томоғидан бошқа нарса ўтмасди. Иштаҳаси очилган Катя бошини кўтармасдан овқатланарди. Кўз қири билан уни кузатарди. Иккови бир-бирининг оғзини пойларди.

Сукунатдан тундлик юқтирган Катя дастурхонни йиғиштирди, идиш-товоқларни ювди. Унинг қиёфасида маҳзунлик кезиб, ҳаракатларида тушукунлик ифодалари пайдо бўлганди. Баҳром совуқ ҳайкал каби унга боқиб тураверди. Унинг бу ҳолатидан аёл ўзини ўнғайсиз ҳис эта бошлади.

– Шундай бўлишини қанчалар хоҳлагандим!

– Нима дединг? – деди у Баҳромнинг тилга кирганини кўргач.

– Сенга уйлана олмаганимдан ва сендан фарзанд кўрмаганимдан афсусда эдим! – Сени эсламаган, эслаб ўртанмаган куним йўқ эди. Қанчалар севганимни…

Катя унинг оғзига кафтини босиб:

– Гапирма! – деди.

Сўнгра чўкка тушди. Унинг тиззасига бошини қўйиб, қўлларидан ўпиб, йиғлаб юборди…

У Катянинг сочларини узоқ силади.

– Ўғил туғсам, исмини Отабек, қиз туғсам, исмини Кумушой қўяман дердинг?!

– Сен ҳаммасдан қимматга тушдинг. Кумуш кўрмаган кунларни кўрдим. У менинг қиссамни ўқиса эди…

У яна йиғлаб юборди.

–  Ўтгани ўтди! – деди Баҳром.

– Ислима никоҳсиз туғилди. Шу кунни йигирма тўрт йил кутдим. Тан олмайсан деб қўрққандим.

– Жиннивой! – деди Баҳром. – Маймун каби осмонга ирғишламайман-ку. Бироқ қўққисдан эшитиб, одам довдираб қоларкан! Ислиманинг маъноси нима?

– Исломий, муслима дегани!

– Тўғри!

– Ҳали бу ҳаммаси эмас!

Кўз ёшларини артган Катянинг юзига кулгу югурди.

– Тағин нима демоқчисан? Юрагимни ёриб ўлдириш ниятинг йўқми, ишқилиб?

– Суюнчи бермасанг, айтмайман!

– Суюнчи сендан ўргилсин, ялинтирганни ёмон кўраман, айтақол?

– Икки дунёмга етгулигини бериб бўлдинг, ортиғининг ҳожати йўқ. Неваранг бор, унинг исми Саидбаҳром!

Эшитиб, Баҳром суюнганидан карахт бўлиб қолди.

– Бунча яхшиликларинг ажрини қандай тўлайман! – деди у тилга кириб. – Бошқа гапирма, юрагим ёрилади!

– Сенга Амира Кимё билан орамизда нима борлигини айтиб бермагунимча, кўнглинг очилмайди, буни яхши биламан! – деди Катя жиддий тортиб.

– Бу жуда муҳим. Муносабатларимиз шунга боғлиқ. Ҳақиқатнинг тагига етмасам, юрагимдаги ғашлик тарқамайдиганга ўхшайди. Очиқ гаплашаётганинг учун ташаккур!

– Мен миллий хавфсизлик подполковнигиман. Ўйлаётганингдек, уларнинг ҳеч бири билан алоқам йўқ. Касб-корим нуқтаи назаридан буйруқни бажаряпман. Улар орасидаги мавқейингдан беш қўлдай хабардорман. Кимнинг кимлигини яхши биламан!

Катя чордана қуриб ўтириб олди. Сочларини орқасига ташлаб, кўзларининг ёшларини артди. Улар узоқ суҳбатлашдилар. Баҳром кейинги олти ойда бу қадар бахтиёр бўлмаганди. Унинг юзларига нур иниб, кўзлари кула бошлади. Ичидаги ғуссадан қутулиб, тиллари бурро бўлди.

У Катяни ўрнидан турғазиб, бағрига тортди. Юзларидан ўпиб, лабларига лабини босди, унинг ҳароратли нафасини туйиб, кўзлари тинди. Катя унинг елкасидан суриб, бошини орқага ташлади, кўзларига тикилди, кулди…

– Неваранг ҳақида суриштирмайсанми? – деди сўнгра.

– У неча ёшда?

– Яқинда туғилганига уч ой бўлади.

Баҳром хомуш тортди. Уни шодликлар тоғи босиб, ўзини чўлоқ чумолидек ҳис этаётганди. Кўнгил боғлари қийғос гуллаб, шохларида булбуллар чаҳ-чаҳ урарди. Атиргулларга дўнган ҳислар – ишқ шамолларидан ларзона келиб, капалакларга айланган завқлар – лайлакқорлар каби ихтиёрсиз эдилар. У кулди, Катя тағин йиғлади…

Бириси кеча бўлса, бириси кундуз, бириси қиш бўлса, бириси баҳор эди. Руҳлар тозариб, кўнгиллар беғубор эди. Феълларида тўрт фаслнинг таровати бор эди…

Катя юз-кўзларига чаплашган сурмаларни ювиб чиқди. Келиб  Баҳромнинг рўпарасида ўтирди.

– Қизинг билан суҳбатлашмайсанми? – дея сўради сўнгра.

– Нима дейман? – дея у ҳаяжонга тушди.

– Отангман, дейсан!

– Дабдурустданми?

– Дабдурустдан!

– Қандай бўлади?

– Зўр бўлади. У ҳаммасини билади. Унга бир кун отанг билан учраштираман, дея ваъда берганман!

– Ўзи қаерда?

– Амриқода!

– У ерда нима қилади?

– Бобоси, момоси ва эри билан ўша ёқда яшайди!

– Битта ўзинг нега бу ердасан?

– Бугунги ишни амалга ошириш учун!

– …!

– Кўргинг келса, чақиради. Учиб бориб уларни кўриб келасан!

– Сен-чи?

– Менинг ҳам бу ерда қиладиган ишим қолмади, ҳисоб. Нафақага чиқсам, янги йилгача жўнаб кетаман!

– Қўнғироқ эт! Аммо бу ердалигимни айта кўрма!

– Нега?

– Билмайман!

– У сени кутаётипти!

– Барибир. Яқин кунларда гаплаштираман, дегин!

– Майли…

Уч-тўрт марта чақиргач, у гўшакни олди.

– Ало… Ойижон, сизмисиз? Ассалому алайкум!

Унинг овозидан ширин уйқудалиги сезилиб турарди.

– Валайкум, ассалом! Менман! Ухлаётганмидинг?

– На мунча бевақт. Тинчликми?

– Тинчлик! Суюнчи олгим келди!

– Тезроқ айтинг!

– Ўзинг топ!

– Уйқудан кўзларимни очолмаяпман!

– Ўйласанг, топасан!

– Ҳозир бошим ишламаяпти, ойижон!

– Ўйла!

– Суюнчини сиз сўраяпсиз-ку! Нима учун мен бош қотиришим керак! Унақада суюнчини сиз берасиз!

– Шундай ҳам суюнчи сенга тегади!

Ярим дақиқача гўшакдаги товуш йўқолиб қолди.

– Ойижон, дадамни топдингизми?! – дея сўради сўнгра у.

– Топдим, қизалоғим, топдим!

– Ростданми?!

– Ахири топдим!

– Ёнингиздамилар?

– Уйида бўлса керак!

– Яхшиям, ёнингизда эмас эканлар, юрагим оғзимга қадаляпти! Ўлай агар, ҳозир гаплаша олмасдим!

– Саидбаҳром қандай?

– Зўр!

– Бобонг билан момонгга салом айт…

Она-бола йиғлашиб хайрлашдилар!

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар