Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Руҳият”

“Руҳият”
05 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 408 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

11-қисм

Улар кейин ҳам анчагача суҳбатлашиб ўтирдилар. Тун қоп-қора қалин сочларини ёйиб, жаҳонни қуюқ зулмат қоплади. Шаҳар тунги чироқлар шарофатидан чароғон эди. Йўлчироқнинг қизил кўзи ёнганда, катта кўчада машиналар турнақатор бўлиб тизилардилар. Сариқ чироқ ёниши билан моторлар бирваракайига гувулларди. Ўпкасини қўлтиқлаган ҳайдовчилар тинмасдан сигнал босиб, олдиндагиларни хит этардилар. Айвоннинг деразасини ёпган Баҳром Катянинг рўпарасига чордана қуриб ўтириб олди. Улар бир-бирларининг қўлларидан ушлаб, бир-бирларига термулиб, кўзларини уриштирдилар. Ҳалигача уй ичидаги чироқларни ёқмагандилар, кўча чироқлари нури ичкарини ғира-шира ёритиб турарди. Бундан хаёлий бир манзара ҳосил бўлганди. Туйғулар некбин, хушбин ҳислар вужудларни кўринмас ўтда ёқаётганди, кўзлар ишқ дуррачаси билан боғланганди. Улар бир-бирларидан бошқа нарсалардан нигоҳларини узгандилар, узилгандилар, қолган барчасини унутгандилар. Бутун жаҳонда иккалалари қолган эдилар, холос. Бир-бирларига узоқ термулдилар. Орадан гўёки юз йиллар ўтиб кетди. Тизгинларни узган хаёллар уларни қанотларига ортмоқлаб осмонларга кўтардилар, юлдузлар шаҳрида саёҳат эттирдилар. Таналаридан чиққан руҳлари малаклардай жаннат боғларини кездилар, капалаклардек гулдан-гулга қўниб, бир-бирларига қовушдилар…

Баҳром қачонлардир ёзган “Руҳият” номли шеърини ўқий бошлади.

Кўзларингни чизмоқлик учун,
бўйнимга тош осиб малагим –
қароқларинг тубида бир тун
нафас чиқармасдан куйлагум.

Қошларингга топинмоқ учун
қанот боғлаб ҳислардан юрак –
бир зарбада кўксимни йиртиб,
ойни қучиб тушмоғи керак.

Киприкларинг лашкари учун,
қилич тоблаб тушда шуурдан –
ранг танласам жигарим тилиб,
фаришталар ажраса ҳушдан.

Лабларингнинг шароби  учун,
кўза олиб ҳассос кулолдан –
тўйиб ичмоқ бўлади жоиз
жаннатдаги оби зилолдан.

Тишларингнинг дурлари учун,
лабларингга ўзимни осиб –
қонлар қуссам, қорайса қуёш,
парвоналар кетсалар тўзиб.

Руҳиятим бузуқ тарози,
соатдайин созлагин, санам.
ҳар нарсанинг яхшидир ози,
кўп гапирдим, сўйлагин сен ҳам…

  Катя оёқларини ярим ёздириб, қўлларини ерга тиркади.

–  Нимани сўйлайман? – деди сўнгра ийманиб. –  Борини тўкиб солдим, ичим бўм-бўш, қушдек енгилман.

– Наҳотки, айтадиган гапинг қолмаган бўлса?

– Қайдам!

– Мен ҳам ўзимни ҳайкалдек ҳис этяпман! Қарияпман, шекилли!

– Шунинг учун ўзингга оро берганмидинг? Мен ёқтирган атирдан сепганинг йўлига эканда!

–  Ўзим шунақасини ёқтираман, оро ҳам бермаганман!

– Эрталаб бошқа кийимда эдинг. Ифор ҳам бошқача эди!

–  Йигирма тўрт йил бурун туғилган кунимда бир қиз атир совға этганди. Ўшандан сепдим, бу сен айтаётган нарса эмас. Кийимларим ҳам ўша-ўша, хотиранг унча тузукка ўхшамайди!

– Югуравериб қуруқшаган лабларинг муҳаббатнинг отини пичирлай олмайдиган бўлипди. Димоғингга кампирларнинг эскирган ҳиди ўтириб, кўзларинг гўзалларга тушганда ўзингни мункиллаган чол ҳис қиладиган бўлипсан!

–  Эзма кампирларнинг дийдиёси бу. Шунинг учун йигитлик эҳтиросларим жўш урмаяпти!

–Ёлғон!

–Ёлғон?

 Баҳром Катянинг билакларидан тортиб, унинг билан баравар қаддини ростлади. Лабларига лабини босди. Катя бўйинларини, юзларини тутди. Барчаси такрорланиб, йўқотилган йиллар маҳобати нураб борарди. У Баҳромнинг қучоғидан сирғалиб чиққач, ётоқхонага бошлади. Улар битта япроққа ўралган иккита ипак қуртидек кўрпага бурканиб олдилар. Илон каби бир-бирларига чирмашдилар чирмовуқдек чолишдилар, икки тан бир жонга айландилар…

– Жоним, жоним! – дея Катя дамини ютиб йиғлаб юборди.

Баҳром унинг елкаларига бошини қўйди. Сочларини сийпалади. У эса Баҳромнинг елкаларига икки қўллаб, урди мушт солди.

– Қаерларда йўқолиб қолдинг? Мени ўтларга ташладинг! Нега, нега?! – дея сўнгра тинчиб қолди.

 Баҳром уни маҳкам қучоқлаб бағрига босди.

– Тақдир! – деди.

– Ҳидларингни соғиндим! – деди тилга кирган Катя. – Ақлдан озай дедим. Яхшиям, битта кўйлагинг қолиб кетган экан. Боши қоронғи бўлганимда, ўшани ҳидлаб жон сақладим. Ғафлат босиб, уни ювиб қўйипман. Бир алам қилди, бир алам қилди, ўзимга-ўзим шапалоқ тортиб юбордим. Шунақаси ҳам бўладими?

– Ислима қачон туғилди?

– Охирги марта сен билан 19… йилнинг 18 майида кўришгандик. 19… йил 3 февралда у туғилди.

– Отанг билан онангга буни қандай тушунтирдинг?

– Сен йўқолиб қолганингдан сўнгра, уйингга бордим. Аъзам деган ўртоғинг бор экан. Сўрагандим, бошқа ёққа кўчиб чиққанингни айтди. Кейин эса, “отаси билан Қоракўлга кетди”, деган сўздан нарига ўтмади. Мени, кўчаки фаҳмлаб, ичкарига олиб кириш учун ўзини ҳар кўйга солди. Эшик олдидан қайтиб кетдим.

– У ўзи шунақа, суюқроқ. Ундан хафа бўлмасанг ҳам бўлади!

– Йўлларингга тикилавериб, қон бўлиб кетдим. Келиб қоласан, деб ўйладим. Шу орада кўнглим айнийдиган одат чиқардим, иштаҳам йўқолди. Бир нима есам, қусардим, сени соғиниб, ҳидларингга зор эдим. Кийимларингни ҳидлагим келганида, ўлиб-тирилардим. Июн ойининг ўрталарида сени қидириб институтга бордим. Деканатдагиларга учрадим, талабалардан сўраб-суриштирдим. Тўсатдан йўқ бўлиб қолганингни айтишди. Даҳлизда бир йигитни учратдим. У сенинг ҳарбий хизматга кетиб қолган бўлишинг мумкинлигини айтди. Кенг дунё кўзларимда торайиб кетди. Яна уйингга бордим. Эшикни қоп-қора жингалак сочли бир йигит очди. У мен расмда кўрган Искандар эди. Ичкарига бостириб кирдим. Шкафнинг пардасини кўтариб, кийимларингни қидирдим. Битта ҳам кийиминг қолмаганди. Катта бир шаҳарни юрагим каби шип-шийдам этиб ўмариб кетгандинг!

– Ўзи битта шимим, иккита кўйлагим, битта курткам, битта пойафзалим бор эди, ташлаб кетадиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Бирор-бир буюмим қолганда  ҳам, топа олмасдинг. Кетиб қолган кунимнинг эртаси анҳор бўйида учрашишимиз керак эди. Кетмаганимда, сени янги уйимизга олиб бормоқчи эдим. Келишганимиздек, ёшинг ўн саккизга киргунча ўша жойда учрашиб турардик. Сўнгра никоҳдан ўтиш учун ариза топширардик. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўларди. Кўрмайсанми, ўйламаган ишлар бўлиб кетди!

– Ҳеч бир буюмингни топа олмагач, каравот устидаги ёстиғингга кўзим тушди. Бағримга босиб, уни ҳидладим, димоғимга бошқа бировнинг ҳиди урилди. Аламимдан ёстиқни отиб, ҳўнграб йиғлаб юбордим. Ўшанда биринчи марта ўзимни хорланган ҳис этдим. Руҳиятимга етти ёт бегона бу туйғу мени йиллар бўйи азоблади, ўзимни ўзбеклар сингари синиқ ҳис эта бошладим. Бу менга мутеликни идрок этиш имконини берди. Бунинг даҳшатини сўз билан ифода этиб бўлмайди. Девонаваш бир қизнинг бостириб кириб, ақл бовар қилмайдиган нарсаларни талаб этиши ҳеч бир ўлчовларга сиғмасди. Искандар билан Аъзамнинг ҳуши бошидан учди. “Баҳромнинг бирор буюмини топиб беринглар”, дея дод солдим. Шунда Аъзам шимини почасини кўтариб, оёғидаги пайпоқни кўрсатди. Искандар бармоғини чаккасига нуқаб, “Азака, аҳмоқ эмасмисан, бояги кўйлакни нима қилдинг”, дея сўради. Аъзам сумкасидан кўйлагингни чиқариб менга узатди. Уни маҳкам ғижимлаб, юзларимга босдим, ҳидладим, йиғладим… Дунё кўзларимда қайтадан ёришди. Ҳаловатим қайтиб, кўнглимнинг айниши тўхтади. Шу-шу, у жойга қайтиб бормадим. Ўшанда тўққизинчи синфни тугатиб, таътилга чиққан пайтларим эди. Ҳар ёзда қариндошларимизникига жўнатишарди. Ўша йили отам билан онамнинг қистовига қарамай, Москвага кетмадим. Сени ўйлаб хонамда хаёл суриш севимли машғулотимга айланганди, ёлғизликни, тундликни хушлайдиган бўлиб қолгандим. Ҳомилам борлигини билмасдим. Ўн етти яшар бир қизнинг хаёлига бу нарсанинг келмаслиги табиий ҳол эди. Увадаси чиққан кўйлагинг хазинага айланди, жонсиз бир мато халоскорим бўлиб қолди. Бир гал ғафлат босиб, уни ювиб қўйипман. Бирпас ўтиб кўзларим тинди. Тордан чала қуриган куйлакни олиб, ҳидламоқчи бўлдим, унинг илгариги ифори йўқ эди. Ўзимдан-ўзим ўпкалаб, ўзим билан ўзим уришдим… Сўраганингдек, отам билан онамнинг муносабатларини биладиган вақт етганди. Онам текшириб, ҳомилам борлигини билди. Ўзим бунга ишонмаслигим боис, ҳеч ким билан бўлмаганман, дея сўзимда туриб олдим. Онам йўқлигида отам, мендан ростини айтишимни сўраб, ялиниб-ёлворди. Тўғрисини айтсам, уришмасликка сўз берди. “Бошқа шаҳарга кўчиб кетамиз”, деди. Барчасини айтиб бердим. Бир ўзбек йигитидан ҳомила орттирганимни билгач, отамнинг, жон-пони чиқиб кетди. “Корес бўлса ҳам майлига эди. Нима учун ўзбек бўлиши керак”, дея айиқдек бўкириб берди. Эшитиб, онамнинг ҳам фиғонидан тутун чиқди. Ер уриб, ўлиб кетган энагамни қарғади. Улар менинг мусулмон бўлишим мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмагандилар. Хуллас, ҳомилани олиб ташлаш, керак деган қарорга келдилар. Қаттиқ қаршилик кўрсатдим, ўзимни юқоридан пастга ташлайман, дея уларни қўрқитдим. Феълимни билганлари учун чекиндилар. Кўчиб кетамиз, деган тўхтамга келдилар. Аввалида Русия ёки Украинага кўчишни мўлжаллагандилар. Бироқ мактабни тугаллашим келажагим учун муҳимлигини ўйлаб, фикрларидан қайтдилар. У томонларда мактабга қатнамасдан ҳужжат ололмаслигим уларни ташвишга солганди. Ахири вилоятларнинг бирига кўчадиган бўлдилар. Бу ерларда мактабга чиқмасдан шаҳодатнома олишим мумкинлиги уларни шундай қарорга келишга ундади. Оиламиз билан Самарқандга кўчдик. Отам одатдагидай КГБда ишини давом этдирди, онам шаҳар шифохонасига бўлим бошлиғи бўлиб ишга ўтди. Шу орада Ислима дунёга келди. Отам билан онам уни ўзларининг боласи деб эълон қилдилар. Барчасига мен бир шарт билан рози бўлдим. Унинг исми Ислима бўлиши лозим эди. Ҳалигача, унинг менинг қизим эканлигини ўзларимиздан бошқа ҳеч ким билмайди. Одамлар уни кенжамиз дея ўйлайдилар. Уни ўзим кўкрак бериб катта қилдим. Ақли етгач, ҳақиқатни тушунтирдим!

– Миллий хавфсизликка қандай келиб қолдинг? Ҳамиша унверситетнинг шарқ куллиётига кириб, араб тилини ўрганаман, дипломат бўламан, дердинг? Шу сабаб, ҳарбий хизматдан қайтиб, сени излаб шарқшунослик куллиётига бордим. Деканатдагилар исми-шарифингни сўрадилар, тўлиқ айтолмадим. “Бизда Катялар кўп”, дейишди. Энди ўйласам, ўзим ҳам ҳайрон бўламан. Тўққиз ой бирга бўлиб, фамилиянгни билмас эканман!

– Ҳақиқий ўзбександа! Мен ҳаққимда тўлиқ маълумотга эга бўлганингда, ўзбеклигинг қаерда қоларди?

– Кул, кулавер! – деди Катянинг бурнини сиқиб қўйган Баҳром. – 19… ўқув йили бошланди. Бутун сентябр ойини шарқшунослик куллиётида, сени қидириш билан ўтказдим, тополмадим. Кўп ўтмай пахта мавсуми бошланди. Кечки босқичда ўқиганим сабаб, Қоракўлга кетиб қолдим. Ҳали бирор ишнинг этагидан тутмаганим боис, Тошкентда бекор юришни хоҳламадим. Хуллас, ўша йилнинг 17 ноябрида уйландим. Шу-шу, 19… йилнинг февралида Тошкентга қайтдим. Яқин-яқингача, учрашиб қолсак ажабмас, деб умид этардим, иккаламиз юрган йўлларни кезардим, ўтмишдаги хотиралар билан хаёлан сирлашиб, юрак-бағрим қонга тўларди. Сўнгги пайтларда, энди сени бу дунёда кўролмасам керак деб ўйлай бошлагандим. Илгари ҳам иккаламизни тасодиф учраштирганди, бир-биримиздан айирган ҳам тасодиф бўлди. Мана, у бизларни тағин юзлаштириб турипди. Ҳаёт тасодифлардан иборат бўлмаганда, балким, дунё зерикарли бўлармиди?

– Тасодиф, тасодиф дейсан. Бу дунёда тасодиф йўқ. Азалда тақдиримизга битилган битикни ўқияпмиз. Бандасининг қўлидан нима ҳам келарди, бари Ўзининг ишида. Балки ҳаёт шу билан гўзалдир. Билишни истаётганинг, миллий хавфсизликка ишга киришим тасодиф эмас эди. Бу иш замирида феъл-атворимга хос чизгилар, орзуларим қўним топган манзиллар, руҳий нишоналар битилганди. Шўролар мени ишга қабул қилмаганда ҳам, кўз тиккан чўққиларим сари тинмасдан қадамлайверардим. Мақсад аниқ бўлса, унга борар йўллар ҳамиша топилади. Ислима дунёга келгач, мактабга қатнай бошладим. У туғилгунча ҳам бекор ўтирмагандим, отамнинг ёрдамида араб тилига оид китобларни топиб, тил ўрганишдан чарчамасдим. Энагамнинг араб алифбосини ўргатгани асқотганди. Ўрта мактабни тугатгандан сўнгра, Тошкентга қайтиб, унверситетнинг шарқшунослик куллиётига ҳужжат топширдим. Олти ойлик Ислимани ўзим билан олиб келгандим. Меҳнат таътилига чиққан онам ҳам бизларлар билан бирга эди. Ўз кучим билан ўқишга кирдим. Ўқиш бошланди. Босқичдошларимга нисбатан дарсларни тез ўзлаштира бошладим. Олти ойга бормасдан ўқитувчиларим билан арабчада сўзлашадиган бўлдим. Ўша пайтларда сенинг ҳарбий хизматга кетиб қолганингга шубҳа этмасдим. Мўлжалимча, 19… йилнинг май ёки июн ойларида хизматдан қайтишинг керак эди!

– Тўғри, ўша йилнинг 19 майида Одессадан учиб келдим. Айтганимдек, сени қидирдим. Биринчи босқичдан қолиб кетган имтиҳонларимни топширдим!

– У пайтда мен Тошкентда йўқ эдим. Биринчи босқични тугаллаш арафасида мени ректоратга чақиришди. Ректор дарсларни тез ва осон ўзлаштираётганимдан хабардор эди. У мендан, Москвада ўқишни давом эттиришни хоҳлаш-хоҳламаслигимни сўради. Ўйлаб кўриш учун вақт олдим. Муаммойим Ислима эди. Кетсам, у билан тез-тез кўришолмасдик. Отамдан маслаҳат сўрадим. У масалага жиддий ёндашди. Мени кўндирди. Москвадаги қариндошларимиз орасидан Ислимага энагалик этадиган бирортасини топишини айтди. Ўн кун ўтиб Ислима иккаламиз Москвага учдик. Ўшанда, ишни битириб қайтаман, сен билан учрашамиз, деб ўйлагандим. Қўналғада бизларни қариндошимиз кутиб олди. Ислимага отамнинг нафақадаги холаси қараб турадиган бўлди. Ёнимда паспортим, Ислиманинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ва ота-онамнинг уни ўзим билан олиб кетишим хусусида берган ишонч қоғозидан бошқа бирор ҳужжат йўқ эди. Ректор берган рақамга қўнғироқ қилдим, унверситетга бориб кимга учрашишим кераклигини айтишди. Бордим. Мени қабул этишди. Сўнгра тажриба ўташ учун аллақандай жойга йўллашди. У жой ҳақиқатан ғалати эди. Барча қонун-қоидалар қатъий тартиб-интизомга бўйсундирилганди. У ердаги фаолиятим 19… йилнинг январига қадар давом этди. Ташкилотда араб тилини ва ислом дини асосларини ўрганиш кенг кўламда йўлга қўйилганди. Ўзимнинг ҳам машғулотларни ташлаб кетгим келмасди. Хуллас, у ерда бир ярим йил қолиб кетдим. Ниҳоят, 19… йилнинг декабрида бир ойга таътилга чиқаришди. Ислима икковимиз 29 декабрда Тошкентга учиб келдик. Поездга ўтириб, Самарқандга жўнадим. Сени излаш фойдасизлигини билардим. Пахта йиғим-теримидан кейин талабаларнинг янги йилни уйларида кутишлари оддий ҳол эди. 10 январда Тошкентга қайтдим, учинчи босқичдагилардан сени сўроқладим, ҳали қайтмади, дейишди. Дарагингни топганимдан ўзимда йўқ хурсанд эдим. Ўн уч кун унверситетга қатнадим. Бир куни суҳбатлашиб, дарсдан қайтаётган уч-тўрт босқичдошларингни орқасидан тушдим. Улардан сени сўрадим. Уйланганингни эшитиб, сени бир умрга йўқотганимни англадим. Орқамга қайтиб, тўрт девор ичига қамалиб олдим. Ўзимни хўрланган ҳис эта бошладим. Бир ҳафтада чўпдай озиб кетдим. Иштаҳам йўқолиб, кўрпа-ёстиқ этиб ётиб олдим. Дардлашгани дардкашим, диллашгани дилкашим йўқ эди. Ахири онамга ёрилдим. У, “Ажаб бўпти. Рус йигитлари орасида лойиғи йўқ эканми? Ўзбекда субут бўладими?”, деди. Онам билан нега сирлашдим, дея ўзимдан хафа бўлдим. Сўзлари ярамни тирнади.

Ислиманинг уч ёшига тўлишига беш кун қолганда, уни қолдириб, Москвага учиб кетдим. Қиладиган ишим, қидирадиган кишим қолмаганди. Малака ошираётган ташкилотимга борганимда, кутилмаган воқеа рўй берди. Бир ярим йиллик синовлардан мувафаққиятли ўтганим билан бўлим бошлиғи мени табриклади. Ўқишимни шу жойда давом эттиришимни айтди. Бу жой нуфузли бир ташкилотга қарашли хуфиялар тайёрлайдиган махфий мактаб бўлиб чиқди. Унда уч-тўрт тилда равон сўзлай оладиган юқори малакали жосуслар етиштириларди. Ўқиб ўрганиш учун бутун шарт-шароитлар муҳайё қилинганди. Ётоқхона, спорт заллари ва овқатланиш бўлимлари олий даражада хизмат кўрсатарди. Барчаси текин эди. Икки ҳафтада бир марта шаҳарга чиқишга рухсат бериларди. Лозим бўлса, битта талабага бир йўла тўрттагача ўқитувчи сабоқ берарди. Мактабда атига икки юзга яқин талаба ўқитиларди. Улар, бир-бирлари билан деярли мулоқот этмасдилар. Бунинг иложи ҳам йўқ эди. Сени йўқотганимни англаганимдан сўнгра, бу даргоҳ менинг меҳробимга айланди. Гўзал ҳаёт, севги-муҳаббат деган нарсалар ҳақида, хаёл суришга тоқатим қолмаганди. Соҳам “Араб тили ва араб мамлакатлари” халқларини ўрганишдан иборат эди. Шу боис ислом дини тарихи ва мафкураси ҳақида батафсил сабоқ бериларди. Ўқитувчилар исломни қоралаб, ўз нуқтаи назарларини сингдиришга қанчалик уринмасинлар, менинг ўз нуқтаи назарим бор эди. Энагамнинг берган сабоғи мени тўғри йўлда ушлаб турарди. Дунёда шунақа жой борлигини тегишли кимсалардан ўзга тирик жон билмасди. Бу масканда билим олиш иттифоқдаги ўн миллиён одамдан биттасига насиб этиши ҳисобга олинса, менинг омадим чопганди. Сабаби, бобомнинг собиқ иттифоқдаги машҳур чекистлиги ва отам эди. Отам буни эшитганидаёқ фаҳмлаганди. Бироқ бу мактабдан чиққанларнинг юзтасидан тўқсон тўққизтаси зомбига айланар, бир умр дастурланган режа бўйича фаолият кўрсатарди. Эгаллаган билимлар ва тажрибалар, биринчи навбатда, хорижда амалга тадбиқ этиларди. Битиргач, мени мусулмон ўлкаларининг бирига жўнатишларини яхши билардим. Алқисса, мактабни битирганимда, Тошкент Давлат унверситети шарқшунослик куллиётини битирди, деган қизил диплом беришди. Ҳақиқий дипломим шахсий ҳужжатларим билан бош идорага жўнатилди. Бу йиллар асносида Ислима билан бор-йўғи икки марта учрашдим. Гарбачўпнинг қайта-қуриш ва ошкоралик сиёсати тарих ғилдиракларини кутилмаган томонларга айлантирди. Бу менга қўл келди. Тошкентга янги йўналишлар бўйича ишга жўнатдилар. Туркистон мусулмонлари орасида жонланиш бошланганди. Назоратни бўшаштирмаслик КГБнинг асосий вазифаси эди. Жосуслик мактабида туркистонликлар ярим ёввойилар сифатида ўргатилганди. Улар бор-йўғи Русиянинг хом ашё базасида қора ишлар билан шуғулланаётган ишчи кучи ҳисобланарди. Уларга исломни ўрганиш мутлақо мумкин эмасди. Москва тасдиқлаган дастурлардан бошқасига тақиқлар жорий этилганди. Мақсад уларнинг шуурларини уйғотмаслик эди. Бу йўлда ҳар қандай тўсиқни бартараф этишга ваколатимиз бор эди. Отам билан онам бу пайтлар Тошкентга кўчгандилар. Ислима катта бўлиб қолганди. Унинг ўзбек тилини унутгани ота-онамни қанчалар қувонтирса, мени шунча ранжитарди. Шунинг учун отам-онамнинг қаттиқ қаршилигига қарамасдан уни ўзбек мактабига бердим.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар