Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бозор тўла аёллар…

Бозор тўла аёллар…
05 Ekim 2017 - 10:42 'да юкланди ва 670 марта ўқилди.

Хизмат тақозоси билан газетага келган хатлардан биридаги шикоятни текшириш учун мамлакатнинг жанубий вилоятларидан бирига сафарга боришга тўғри келди.

Пайшанба куни етиб келиб ишларни ўрганишга киришдик.

Пойтахтдан бир неча юзлаб километр олисликдаги туман.

Муаммолар ҳам шунга яраша: доимий иш ўринларининг йўқлиги (қишлоқда мактаб ва боғчадан бошқа давлат ташкилоти йўқ), ёшлар ва ўрта ёшдагиларнинг кўпчилиги ишсиз-бекорчилиги (ўқишга киролмаганларнинг деярли бари шу ерда), собиқ Совет даврида қурилган йўлларнинг бутунлай ишдан чиққанлиги, электр токининг кунига бир-икки соат берилиши ва ҳ.к.

Хуллас, бу ерда бир неча кун қолиб кетишга тўғри келди.

Лекин энг қизиғи, якшанба куни бўлди.

Эрталаб бизга бириктирилган ҳамроҳимиз билан қишлоқ фуқаролар йиғини маркази жойлашган (Совет даврида колхоз маркази бўлган) поселка бозорига бормоқчи бўлдик.

Кўчага чиқиб машина кута бошладик.

Қишлоқ бўйлаб ўтган катта йўлнинг икки чеккаси бозорга йўл олган кишилар билан тўла эди.

Мени ҳайрон қолдирган нарса – бозорга йўл олган кишиларнинг аксарияти – 90 фоизини аёллар ташкил этгани бўлди.

Чунки олдинлари қишлоқларда одатда ҳафтасига бир марта қилинадиган бозор-ўчарни оилада эркак киши қилар, бу ўзгармайдиган одат тусига кирган эди. Бу ерда эса – тамоман тескариси! Мен ҳамроҳимдан бунинг сабабини сўрадим.

Унинг айтишича, бунинг сабаби оддий – яъни маҳаллий эркакларнинг кўпчилиги ичкиликка ружу қўйган бўлиб, оқибатда бозорга бозор-ўчар пулини олиб кетиб, унинг барини улфатлари билан ўша ернинг ўзида ичиб-совуриб келиши экан.

Шунинг учун ҳам хотинлар эрларига ишонмасдан, бозорга ўзлари борадиган бўлишибди.

“Бунга анча бўлган!”, деб қўшимча қилади ҳамроҳим.

Аҳвол шунга бориб етганки, бозорга кетган эркакнинг камида 100-200 гр. ароқ ичиб келиши одатий ҳолга айланган – “йигитчилик”.

Бу ҳолни бутун туманда кузатиш мумкин, дейди ҳамроҳим!

Юқоридаги ҳолат бозорга борганимизда яна исботини топди.

Ҳақиқатдан ҳам – савдогарларнинг ҳам, бозорга келганларнинг ҳам аксарияти аёллар эди.

Бозор атрофи эса, турли-туман кичик емакхона, асосан, кабобхоналар билан тўла эди.

Бу ерлар эса, Қодирий таъбири билан айтганда, “Рустамнамо кишилар билан айқириб ётқан” эди. Қизиғи, уларнинг кийимлари ҳам бирқадар юпун, аксарияти оддий кийинган кишилар эди.

Лекин, кўринишидан, бу нарса уларни унча ўйлатмас, улар бу “ўткинчи дунё”да бироз “кўнгил чигилини ёзиб олиш билан” банд эдилар. Тўғриси, бу ишдан таъбим хира бўлди.

Ёшлигимда бобомнинг оилада бозорни доим эркак киши қилиши ҳақидаги, эркакнинг қўли баракали бўлиши, бозор қилиш, бозордан ота-онаси, болаларига бирон нарса олиб келиш, оила бағрида кўпчилик бўлиб тановул қилиши тўғрисидаги гаплари эсимга тушди.

Бу гапларни мазкур қишлоқ одамлари эшитишмаганмикан? Ўзбек қишлоқларининг бугунги маънавий қиёфаси шу ҳолга тушиб қолдими?

Хуллас, яна бир кундан кейин пойтахтга қайтдим. Кўрганларимни таниш-билишларга айтиб бердим.

Бир танишим бу ҳолнинг яна бир сабаби борлигини ҳам айтиб қолди.

Унинг сўзларига кўра, ота-онаси яшайдиган туманда аксарият эркаклар Россияга ишга кетиб қолган, шу сабабли ҳам бозор-ўчар ишлари уйда қолган аёллар зиммасига тушган.

Қишлоқда асосан болалар, аёллар ва кексалар қолишган. Бу аҳволни тушунса бўлади.

Лекин, ундай десангиз, шаҳарларда ҳам бозорда савдо қилаётганларнинг ҳам кўпчилиги – аёллар.

Албатта, қишлоқ эркакларининг барчаси ичкилик дардига мубтало, дейишдан йироқман.

Балки бу ҳол фақат давлатдан олинадиган ёрдам ҳисобига яшайдиган, кейинги 5-6 йилда ўндан ортиқ ҳоким алмашган ушбу туманга хос ҳолатдир.

Лекин, бир нарса аниқки, ичкилик муаммоси аллақачон бугунги ўзбеклар олдидаги жиддий муаммолардан бирига айланиб бўлган.

Бу ҳолатни ўзгартириш мумкинми? Бунинг учун нималар қилиш керак? Нимадан бошлаш керак?

Ҳаммасига сабаб иқтисодий қийинчиликларми? Жавобсиз саволлар!

Манба: Би-би-си Ўзбек

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар