Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бу каби талончилик ҳукуматнинг эълон қилинмаган дастури доирасида олиб борилади

Бу каби талончилик ҳукуматнинг эълон қилинмаган дастури доирасида олиб борилади
06 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1080 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

12-қисм

Хуллас, собиқ иттифоқда сиёсий бўҳронлар бошланди. Озодлик шабадалари Тошкентга етиб келди. 19… йил баҳорда сени қайта топтим. Маҳаллий тилларни билганим учун мени норасмий ташкилот тузмоқчи бўлаётганларнинг ичига ташлагандилар. Улар менинг рус тилидан бошқа тилларни билишимни билмасликлари керак эди. Йўлбошчилардан бири сен эдинг. Тасодиф олдида талмовсираб қолдим. Ўзимни билдирмаслигим учун парда ортига чекиндим. “Бирлик” халқ ҳаракати авж паллага чиққанда республикага янги котиб келди. Унинг мақсади норасмий ташкилотларни ер юзидан супуриб ташлаб, демократияни ер билан яксон этиш эди. У Москванинг имосига маҳтал бўлиб ўтирарди. Иш қуюшқондан чиққанди. Унга ўхшаган калтабин сиёсатдонлар буни англамаса ҳам, Кремлдагилар асл аҳволни яхши англардилар. Иттифоқнинг тугаб битганини у охирида илғади. Англадию, кулга бир ағанаб, эзувчи синф мавқейидан мазлумлар қаҳрамонига айланди. Коммунистларнинг терисини вужудидан шилиб ташлаб, “мустақиллик” тўнига бурканди. Бу келажакда халқ бошига балолар ёғишининг илк нишоналари эди. Бу ҳақда сен билан суҳбатлашишни, баҳслашишни истардим. Бироқ бунинг иложи йўқ эди. Аммо сени қайта кашф этдим. Аввалгидан ҳам қаттиқроқ севиб қолдим. Ўша замонлардан то шу кунгача ортингдан кузатаман, рўпарангда хавф кўрсам, хатар кўрсам, юрак ҳовучлайман. Яхши кунларингни кўрсам, ич-ичимдан суюнаман, қувонаман. Сен билан никоҳдан ўтишни кўзлаб юрган эсам-да, ҳозирги ишлар етти ухлаб тушимга кирмаганди. Менга ишонмайсан, деб ўйлардим. Ҳал қилувчи паллада Нозима Муниснинг қурбон берилишини билганим учун бу ишга рози бўлгандим. Унга қўшилиб сенинг ҳам қамалиб кетишингдан қўрқардим…

– Миллий хавфсизликдагилар билан ички ишлар вазирлигидагилар кўра-била туриб нима учун бу ишларга бепарово қараяптилар? Худо ҳаққи, ҳеч нарсани тушунмаяпман!

– Аввало, икки хавфсизлик ташкилотининг номланиши икки хил бўлгани билан иккаласининг бир мақсадга йўналтирилганини тушуниб олиш зарур. Улар мамлакатни миллат манфаати нуқтаи назаридан қўриқламайдилар. Барча нарсалар президент манфаатини кўзлаб амалга оширилади. Президент миллат раҳбари бўлгани учун қадрланмайди, миллат президентга асқотиб қолиши мумкинлиги учун халқни аросат бекатларида ушлаб турадилар. Жоиз бўлганда уларни қамайдилар, ўлдирадилар. Бу каби талончилик ҳукуматнинг эълон қилинмаган дастури доирасида олиб борилади. Шу йўл билан халқ бир муддат авралади. Охирида урилади, сўкилади, пароканда этилади. Бу ишлар чархпалак сингари айланаверади. Ҳар икки ташкилот тенг шерикчилик асосида фаолият юритади. Ҳамма вақт улар охирида фойдани бўлашадилар. Йиғиштириш жараёни бошланганда икки томон баравар назорат этади. Мен маблағлар миқдорини ҳисоблаб чиқиш учун Курапаткина билан бирга эдим. Зарурат туғилганда, Нозима Мунис билан сени қўлга олиш ҳам менга топширилганди. Эрталаб, яхшиям, сўзимга қулоқ осдинг. Зудлик билан чиқиб кетмаганингда, ҳозир ертўлада ўтирган бўлардинг. Сен кетганингдан ўн дақиқа ўтиб тезкор гуруҳ етиб келди. Ошпаз ички ишларнинг хуфияси эди. У ҳожатхонага кириб қўнғироқ қилиб қўйганди!

– Ошпазни Нозима Мунис ёлламаганмиди?

– Ошпазни ҳам, уй хизматчиси ва ижарадаги уйни ҳам унга Настя топиб берган. Барча нарсалар Амира Кимёнинг режаси бўйича амалга оширилган.

– Амира Кимё билан Саидмат Соттининг ашаддий жиноятчи эканлигини миллий хавфсизликдагилар билмайдиларми?

– Сенга нима деяпман? Уларнинг ҳаммасининг тили бир. Амира Кимёнинг қўли хавфсизлик ташкилотларининг қўллари етмайдиган манзилларга етади. Давлат бошида ўтирганларнинг овозлари етмайдиган жойларда у ҳукм юритади. Минглаган фоҳишалар ва ишизловчилар орқали у дунёни ўргимчак тўридек ўраб олган. Бутун хавфсизлик ташкилотлари йиллаб ололмайдиган махфий маълумотларни у бир соатда қўлга киритади. Водийни президент бутун салоҳиятини ишга солиб бостиролмади. У юзлаган фоҳишаларни жўнатиб, шовқин-суронсиз вазиятни йўлга солди. Хавфсизлик ташкилотларини маълумотлар билан кўмиб ташлади!

– Унинг шунақа қудратга эгалигига ишонмайман! Тўғриси, чўпчак эшитгандек бўляпман!

– Мамлакатда Амира Кимёлар битта эмаслар. Унақалар юзлаган. Ҳукумат учун улар пашшача ҳам эмас. Гап шундаки, уларни қудратда ушлаб турган куч ҳукумат бошидагилар. Ҳукумат олдида иккита йўл бор: мустабидликка асосланган монархия ёки демократия. Демократияга йўл берса, уйғониш бошланади. Натижада президент мамлакатни идора этишдан мосуво бўлади. Шу учун демократия ниқоби остидаги анархияга зўр беришяпти. Халқ аросатда бўлса, президент ва атрофидагилар учун кўнгилларига келган номақулчиликларни амалга оширишга имкон яралади. Бу йўсиндаги жиноят инсоният тарихида кам учрайди. Ҳукумат бошидагиларнинг ўз миллатига бу каби агрессияси ўзгалар учун пасткашлик ҳисобланса-да, бизларда қаҳрамонлик саналади. Хавфсизлик ташкилотлари эллик фоиз куч-қувватни президентнинг лавозимини ушлаб туриши учун сарфлайдилар. Тенг яримисини шахсий ҳаётлари учун истифода этадилар…

Улар узоқ ҳасратлашдилар. Охири чарчадилар. Катя қаддини тиклаб, икки қўли билан тиззаларини қучоқлаб, тўшакда ўтириб олди. Баҳром унинг елкаларини қоплаган қўнғир сочларини, бошини силаб-сийпалади. Бўйнини, товонларини уқалаб эркалади. Асаблари юмшаши ўрнига у “оҳ” тортиб, тўзиган сочларини йиғмоқчи бўлди…

Тошойна олдидаги тунчироқ нурлари хонани қирмизи рангга бўяганди. Қизиллик юракларда ҳижрон туғёнини қўзғатарди. Улар бир-бирларига термулиб, бир-бирларининг кўзларидан ўтмишларини қидирардилар, шарпалардан нур излардилар. Кўланкалар жонлана бошлагандилар…

–  Фалакдаги қуёшим, ложувард кўкдаги тўлин ойим! – деди Баҳром унинг қулоқларига шивирлаб.

– Бир замонлар шундай эди! – деди Катя. – Орадан минг йиллар ўтди, умр карвонлари ўзга манзилларга етди. Қорлар, томчилаган ёмғирлар, муз тоғларига дўндилар. Чўққилар бошидаги абадий музликлар эриб, ирмоқ бўлдилар, ирмоқлар қўшилиб дарёландилар. Ҳар бир зарра курраи заминни неча марталаб айланиб чиқди…

– Қоронғи кечамни ёритган тунчироғимсан, кўзимнинг нури, қароғимсан! – деди Баҳром.

Дераза ортида бариси хира,
Хонадон бекаси ҳали ҳам уйғоқ.
Тўрт девор ичида эски хотира,
Пардага гул солар қирмиз тунчироқ.

Булутга тутилган ойдай – синиқ нур,
Ошиққа қолгани қоронғи, мавҳум.
Чойгумдай биғиллар фироқда шуур,
Чорасин топмаган юрак – қайнар хум.

Дарахтлар тагида пойлар қора тун,
Тиззалар қалтираб, оёқ увишар.
Гирдобда қолгандай хаёллар бетин
Чирпинпар, айланар, жунбушга тушар.

Ҳислар толвос уриб, ғовлайди мия,
Қовоқларни босар оғир зўриқиш.
Ана, нурни тўсиб, кўринди Соя,
Чордоққа қўнгандай адашган бир қуш.

Ҳаво етишмайди, сиқилар ўпкам,
Тиниқиб пишмаган фикрлар ҳалак.
Кимдан хато ўтди, билмайман, эркам,
Мен ҳамон ошуфта, ҳамон жонҳалак.

Чув туширган асли ўзимни ўзим,
Домига тортмоқда ичимдан тўлғоқ.
Кўзда ёш, бўғзимга тиқилган сўзим,
Азобларга гувоҳ маъюс тунчироқ.

Шифтга учиб чиққан безовта бир руҳ
Каби жовдираймиз икки бояқиш.
Қовушмасак йўқдир оламда шукуҳ,
Кечирган умримиз лаззатлари туш.

Хаёлда липиллар олис хотира,
Гоҳо яқин келар, гоҳ кетар йироқ.
Аёл изтироби тонгдай бокира,
Ғамлар ариб, юзин очсин тунчироқ.

– Қачон ёзгандинг бу шеърни? – деди нафасини ютиб тинглаган Катя.

–  Ҳеч қачон! – деди Баҳром. – Тилимга келди, айтдим. Телба-тескарими? Тушунмадингми?

– Ҳечам ундаймас. Бу ўзи шунақа шеър. Бунақа шеърни тушунишга уриниш ҳисларни ўлдиради!

– Мени даҳога айлантирмаяпсанми?

– Мен ҳис этган нарсани кўзлар билан эмас, қалб билан кўриш мумкин!

 Баҳромнинг Катяга кўзлари тушганданоқ борлиғини кўринмас бир бало қамраб, ичида олов ёна бошлаганди. Ундан фарзанди борлигини билгач, изтироби борҳо кучайди. Бу офатнинг номи рашк эди. Катядек гўзал бир аёлнинг шунча йиллар тек юриганига у ўзини ишонтира олмаётганди. Сувсаган кимса каби тили шишиб, томоғи қуруқшаб борарди. Сўрашга юраги бетламасди. Баҳромнинг жимиб қолганини кўрган Катя:

– Ниманидир сўрамоқчисан шекилли! – деди унга ўгирилиб. – Ўртамизда эр-хотинлик муносабатлари давом этмаганда ҳам, қизинг билан алоқани ушлаб туришинг зарур. Шубҳа-гумонлар ойдинлаштирилса, шаффофлик пайдо бўлади!

– Мен ҳам шундай деб ўйлаяпман! – деди муддаосини яширмаган Баҳром.

– Истаганингни сўрашинг мумкин! Сендан айнан шунақа бир таклиф кутаётгандим. Кўринмас пардаларни орадан кўтариш қалбларни нурлантирарди. Мен сен ҳақингда ҳамма нарсани биламан!

–  Ўтган йиллар мобайнида…

 Баҳромнинг оғзидан базўр чиққан бу сўзларни эшитган Катя бошини ёстиққа ташлади.

– Англадим! – деди у. – Сендан кейин икки марта турмушга чиқдим. Икки мартасида ҳам ўзимнинг ташаббусим билан ажрашдим. Биринчиси билан уч ой яшадим, иккинчиси билан ўн беш кун ҳам туролмадим. Ўтган умрим мобайнида уч эркак билан бўлдим. Бор гап мана шу!

– Жавоб бермасликка ҳаққинг бор. Сўрамоқчи бўлганим шариатда тубанлик ҳисобланади. Аввалги муносабатлар хусусида суриштириш мусулмоннинг иши эмас. Турмушинг бузилишига сабаб бўлган омиллар ҳақида билишни истардим!

– Бунинг яширадиган жойи йўқ. Сени учратгач, тағин азоблар бошланди. Бу пайтга келиб бир-биримизни йўқотишимизда иккаламизнинг ҳам айбимиз йўқлигига ақлим етганди. Мустақиллик эълон қилингач, норасмий ташкилотлар хавфи камайиб, мусулмонлар фаоллашиб борарди. Сақланиб қолган коммунистик тузум демократияга ва эътиқодга қарши эълон қилинмаган уруш бошлаганди. Бизларни норасмий ташкилотлар ичидан олиб, диндорларнинг ичига ташладилар. Сени зимдан кўриб туриш бахтидан маҳрум бўлдим. Дунё яна зимистонга айланиб, чироқ ёқса ичим ёришмайдиган кунлар етди. Аҳволимни кўриб хавотирга тушган отам билан онам мени турмушга чиқариш тадорикига тушдилар. Отамнинг қўлида ишлайдиган Константин деган шогирди бўларди. У уйимизга кўп келарди. Яхши кўришини сезиб юрардим. У ўртадан баланд, хушбичим йигит эди. Отаси юқори давлат мулозими бўлса-да, у яхши таълим-тарбия кўрганди. Ўзбек корчалонлари болаларига ўхшаган эрка-тантиқ, бетайин эмасди. Уйланмаганди. Мендан икки ёш катта эди. 19.. йилнинг октябрида, йигирма олтини тўлғазиб, йигирма еттига қадам қўйган кунимда у билан турмуш қурдик. У давр кўзи билан қаралганда етук инсон эди. Ёлғон гапирмас, ўз касбини яхши биларди. Ҳамма менга ҳавас қилди. Бироқ у менинг кўзларимда кичрайиб борарди. Унинг Яратганни танимаслиги ғашимни келтирарди. Бу хусусда ҳар сафар сўз очилганда, у Тангрининг борлигига ишонмаслигини айтарди. Жаврашларим унинг моддиюнчи қарашларини ўзгартира олмади. Ўзинг ўйла, барча нарсалар каби пайдо бўлиб, охир-оқибат ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетсак, бунақада жонсиз нарсалардан нима фарқимиз қолади? Одамнинг ваҳшийдан афзал жиҳати бўлмагач, ўқиб-ўрганишнинг, бола-чақа боқишнинг нима кераги бор?! Охир-оқибат у билан ҳар гал қовушганимда ўзимни ҳайвон каби ҳис этиб, ўзимдан жирканадиган бўлдим. Бунинг қанақа азоблигини биласанми? Хуллас, ажрашишга қарор бердим. Иккинчисидан бунданда баттар таассуротлар орттирдим…

– Керакмас! – деди унинг қийналиб кетаётганини кўрган Баҳром. – Мени кечир, сўраб нодонлик этдим!

–  Аксинча, рашк қилмаганингда, хафа бўлардим! – деди кўзларининг ёшларини кафти билан артган Катя. – Ўқилиши лозим бўлган китобни ўқиш шарт!

–  Менинг хотиним, болаларим борлигини биласанми?

– Сен ҳақингда ҳамма нарсани биламан дедим-ку. Хотининг намозхон, уч ўғлинг, бир қизинг бор. Қизинг билан  Ислима бир-бирига икки томчи сувдек ўхшайди. Хуллас, отам ишдаги кўнгилсизликлар туфайли инсултга йўлиқиб, қўл-оёғи ишламай қолди. Тили тутилди. Бир йил шифохонама-шифохона олиб юрдик, фойдаси бўлмади. Дунёдан узилгач, унинг нимага қўл урганини биласанми? Қарашларимни ва исломни ёқтирмаган бир одам менинг сирли дунёйимга қизиқиб қолди. Бошида бундан хабарсиз эдим. У онамни ёрдамида жавондаги исломга оид китобларни титкилашни бошлаганди. Охирида Қуръони каримни ўқиб чиқди. Ортидан намозга ўтди, руҳи тозарди, кўзларига ёруғлик иниб, юзлари қизарди, тилга кирди, қайтиб вужудига жон инди. Академиклар бир йилга бормасдан ўлади деган одам оёққа турди… Уларнинг олдига ўзи юриб борди. Буни кўриб онам менга берган ситамларидан пушаймон бўлди. Тавба-тазаррулар этиб, саждага бош қўйди. Улар сенинг хотининг ва тўрт боланг борлигини яхши билардилар. Менга иккинчи хотин бўлиб сен билан никоҳдан ўтиш таклифини бердилар. “Уйи-жойи, мол-дунёси керак эмас. Бахтли бўлсанг бас, сени ўшандан бошқаси қизиқтирмайди”, дедилар. Мен сени биров билан бўлишадиган аҳволда эмасдим. Уларни эшитишни ҳам хоҳламасдим. Аммо оиламиздаги руҳий тозаришлар бир-биримизга меҳр-муҳаббатимизни ошириб, ҳаёт кўзларимизда гўзалликлар касб этганди. Бутун оила бир вужудга айлангандик. Танимиздаги ҳар бир аъзомизнинг қандай ураётганини эшитаётгандек эдик. Бу сирот устида туриб жаннат ҳидидан маст бўлишдек бир гап эди.

Иккинчи марта турмушга чиққанимда ўттиз учимда эдим. Бўлимимиз бошлиғининг бир неча йиллар боласи бўлмаганди. У шаҳардаги бир масжид имомининг ёлғиз ўғли эди. Ёши сен билан тенг эди. Хотинида нуқсони борлиги аён бўлгач, жавобини берганди. Исломдалигимни, намозни канда этмаслигимни яхши биларди. У уйимизга совчи жўнатди. Турмушга чиқиш иштиёқим бўлмаса-да, ёлғизликдан тўйгандим. Кичиккина тўй маросими бўлди. Бирга яшай бошладик. У ҳам тоат-ибодатни канда қилмас, исломий ақидаларни мукаммал ўзлаштирганди. Юз йил бирга ишласанг ҳам, бир ёстиққа бош қўймагунингча бировни билмас экансан. Одам оласи ичида деб бекорга айтишмаган экан. Мол-дунё олдида у Тангрисини танимас, шахсий манфаати йўлида у миллатига, мамлакатига тупурарди. Ҳа, у ўзим бўлай дейдиганлар хилидан чиқиб қолди. Сиёсий саводи шунчалар ночор эдики, асти қўяверасан. Миллий давлатчилик асосларини тушунмайди. Унда Константинда етишмаган Тангрини таниш туйғуси бор эди, холос. Константинда бор бошқа фазилатларнинг бирортасини ҳам ундан топиб бўлмасди. Қўрқоқ ва олчоқ эди. Юриш-туришидан сохталикнинг бадбўй ҳиди анқирди. Оиласидагилар диндор бўлсалар-да, айтганларим уларга ҳам тааллуқли эди. Тоат-ибодатни мустаҳкам ушлардилар, гапирганларида чиройли гапирардилар, ҳаётда эса барчасининг тескарисини қилардилар. Шайтон қўйнида ётгандан эрсиз ўтган афзал эди. У билан ҳам ажрашдим…

– Эзма кампирларга ўхшаб жаврайвераркансанда! – деди Катяни маҳкам қучоқлаб, лабларидан ўпган Баҳром. У ҳазил-ҳузул билан масалага нуқта қўймоқчи бўлди. Қолаверса, барчаси аён бўлган, ортиғининг ҳожати йўқ эди. Бечора аёлнинг юраги қора қон боғлаганидан, кўз ёшлари тинмасди. – Меҳмоннинг ҳурмат-иззатини жойига қўяй ҳам демайсан. Бўридек очқадим, сени еб қўймайин тағин!

– Жаноб, иззатингиз битди! – деди у билинар-билинмас бурнини тортиб. – Никоҳдаги одам қанақасига меҳмон бўлади? Қолаверса, яхши-ёмон ишлар қилдик. Ювинмасдан овқат сўрайдиларми?

– Мени ваҳшийга айлантирган нарса – очлик. Қонхўр бўри ювинди нима, ювинмади нима? Тулкининг не иши бор бозор билан деганларидек, бўрининг қорни тўйгани ғусл этгани бўлади.

Буни эшитиб, Катя кулиб юборди.

– Бўри оға, илтимос, мени еманг! – деди у ёстиқдан бошини кўтариб. – Ислима деган ёлғиз қизим бор. Саидбаҳром деган миттигина неварам бор. Мени еб қўйсангиз, бутун ташвиш сизнинг зиммангизда қолади. Икки ўртада бўзчининг мокисидек қатнаб, сарсон-саргардон бўласиз!

– Бўпти, қизил шапкачанинг  қўзичоғи. Дарров ўрнингдан туриб ғусл қил. Оғзимга ёқадиган ул-бул тайёрламасанг, тишларим қарич-қарич бўляпти. Унгача сени ейиш-емаслигим ҳақида  нафсим билан кенгашим кўраман!

– Бу бошқа гап, жаноб бўри! – дея Катя  Баҳромни қучоқлаб, қулоқларига шивирлади. – Қандай яхши! Бу тун минг йилга довур давом этса, тонглар отмаса…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар