Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров иши: шундай қилиб…

Усмон Ҳақназаров иши: шундай қилиб…
06 Ekim 2017 - 16:42 'да юкланди ва 3435 марта ўқилди.

УСМОН ҲАҚНАЗАРОВ ИШИ: ШУНДАЙ ҚИЛИБ…
(Таҳлил)

2017 йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон МХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор амалиёт натижасида ўғирлаб кетилган журналист Бобомурод Абдуллаев иши бўйича воқеаларнинг кейинги ривожи турли хил мунозараларни келтириб чиқарди. Мунозаралар марказидаги мавзу эса Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида кескин танқидий мақолалар эълон қилгани билан боғлиқ албатта.

Биз бу мақолада журналистнинг ноқонуний ҳибсга олиниши, уч кун мобайнида унинг қаерда сақланаётгани ҳақида оиласи ва яқинларига хабар берилмагани каби кўп маротаба ёзилган ҳолатларга эмас, балки Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназаров) нинг шахси ва фаолияти атрофида бўлаётган турли хил фикрлар, айниқса жорий йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) лидери Муҳаммад Солиҳнинг мазкур иш юзасидан берган баёнотидан сўнг бошланиб кетган тортишувлар сабаб ҳақиқатни юзага чиқарувчи баъзи масалаларга ойдинлик киритишга қарор қилдик. Шундай қилиб…

“Усмон Ҳақназаров” нинг пайдо бўлиши 

Сўнги бир неча йил мобайнида сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров номи остида ёзилаётган мақолаларга нисбатан скептик ёндашувчиларнинг сони ортиб боргани инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Шу туфайли ҳам баъзилар мақолалар муаллифи турли кишилардан иборат деган шубҳада гўёки эски ва янги Усмон Ҳақназаровнинг ёзиш услубини муҳокама қила бошлашди.

2017 йилнинг 1 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг Бобомурод Абдуллаевга нисбатан чиқарган ажримида унинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида 2011 йилдан бери ЎХҲ билан ҳамкорлик қилганлиги ҳақидаги расмий хулосаси эса гўёки юқоридаги скептикларнинг гумонларини тасдиқлагандек бўлди. Ажримда ёзилганидек Бобомурод Абдуллаевнинг айнан 2011 йилдан бошлаб Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ҳамкорлик қилгани рост. Аммо бу унинг 2003 йил бошидан бери айни тахаллус остида Ислом Каримов диктатурасига қарши режим жиноятларини фош қилувчи мақолалар ёзганлиги ҳақиқатини инкор қилмайди.

Гап шундаки, 2011 йилгача бўлган вақт оралиғида Бобомурод Абдуллаевнинг фаолияти мухолифатдаги “Эрк” партияси билан узоқдан ҳамкорлик ва ушбу партиянинг лидерига нисбатан ички бир хайрихоҳликка асосланганди. Шу ўринда Бобомурод Абдуллаевнинг шахсига қисқача тўхталиб ўтсак.

Бобомурод Абдуллаев 1973 йилнинг апрелида Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. “Хоразм” футбол жамоаси матбуот котиби бўлган. 1995 йил ТошДУнинг филология факультетини тугатди, «Стадион» газетасида спорт шархловчиси ва эркин журналист бўлиб ишлади. Бобомурод Абдуллаев 2000 йил бошида “Озод овоз” мустақил веб сайтига асос солди. Британиянинг уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR)нинг Тошкентда мухбири бўлиб ишлади ва айни вақтда Internews Network электрон ОАВ қўллаш ноҳукумат ташкилотининг лойиҳаларида иштирок этди.

1999 йил 16 февраль портлашларидан сўнг Ўзбекистонда мухолифат ва диний фаолларига нисбатан бошланиб кетган қатағонларда жабр кўрганлар ва мухолифатнинг эски гвардия деб номланувчи фаоллари билан олиб борган мулоқотлари натижасидаси Бобомурод Абдуллаев И.Каримов режими жиноятларига доир жуда кўплаб материалларни қўлга киритди. Айниқса Ислом Каримовнинг бошқарув орбитасида бир неча йил фаолият юритиб кейинчалик ҳокимиятдан четлатилган бир қанча собиқ мулозимлар томонидан тақдим қилинган компрамат материаллар Бобомурод Абдуллаевнинг кейинчалик Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан илк мақолаларни ёзишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

2001 йили Бобомурод Абдуллаев Европа давлатларидан бирига сафари мобайнида мухолифатдаги “Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан илк маротаба учрашганди. У вақтда ҳали энди 28 ёшга тўлган ёш журналистнинг салоҳиятидан кўпчиликнинг хабари йўқ эди ва шу жумладан мухолифат раҳбари ҳам бу йигитга келгуси ишларида омад тилаш билан чекланганди.

Бобомурод Абдуллаевнинг шахси ва харакетрини журналист Бахтиёр Шохназаров бир жумла билан шундай ифодалаган: “2004 йил эди чамаси, 3 май куни Тошкентдаги Интерконтинентал меҳмонхонасида сўз эркинлиги кунига бағшланган халқаро конференция ўтказилди. Ўшанда Бобомурод Абдуллаев ўрнидан туриб: “Каримов диктатор!”, деб ҳайқирганди.Давлат ходимлари: “Уни бундай деб аташга ҳаққингиз йўқ”, деб эътироз билдиришса ҳам, Бобомурод ўз фикридан қайтмаганди. Ўша пайтлар Каримов давлатни салкам 15 йилдан бери бошқараётган эди.Яна 12 йил “ҳормай-толмай” бошқарди…”

Ҳақиқатгўй ва чўрткесар Бобомурод Абдуллаев 2002 йилдан бошлаб Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида Ислом Каримов диктатурасини кескин танқид қилувчи мақолалар устида иш бошлади. Шундай қилиб…

Усмон Ҳақназаров мақолаларида режим жиноятларининг фош қилиниши 

Олиб борилган тинимсиз изланишлар ва гувоҳлар билан ўтказилган мулоқотлар натижасида Бобомурод Абдуллаев 2002 йилнинг ўзида олтита мақола тайёрлаганди. 2002 йилнинг декабрь ойида ушбу мақолаларни эълон қилиш учун кетма-кет равишда centrasia.ru ва muslimuzbekistan.com интернет саҳифаларига жўнатди. Айни пайтда Бобомуроднинг мақолалари “Бирлик” Халқ Ҳаракати ва “Эрк” демократик партиясининг расмий саҳифаларида ҳам кўчириб нашр қилинди.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолалар тез орада ҳам мамлакат ичида ҳамда ташқарисида кучли бир муҳокама тўлқинини юзага келтирди.

2003 йил 2 январдан 6 июнгача бўлган қисқа бир муддат ичида Бобомурод Абдуллаевнинг қуйидаги 11 та мақоласи кетма-кет эълон қилинди:

1.”У.Хакназаров – Ислам Каримов и его “хозяин”. Возвращение “серого кардинала” узбекской политики (02.01.2003)

2.”У.Хакназаров – О “сером кардинале” узбекской политики. Продолжение темы в полемике с А.Пулатовым (05.01.2003)

3.”У.Хакназаров – Закир Алматов (МВД) и Рустам Иноятов (СНБ): два топора верховного палача Узбекистана (07.01.2003)

4.”У.Хакназаров – 12 лет потребовалось некоторым из нас, чтобы понять, кто такой Ислам Каримов (12.01.2003)

5.”У.Хакназаров – “Кандидаты” в президенты Узбекистана (18.01.2003)

6.”У.Хакназаров – Узбекистан накануне милицейского переворота, или ответы на вопросы (26.01.2003)

7.”У.Хакназаров – Сколько стоит государственное кресло в Узбекистане? (07.02.2003)

8.”У.Хакназаров – Идеологические махинации каримовского режима (18.02.2003)

9.”У.Хакназаров – Черный список президента Узбекистана (04.03.2003)

10.”У.Хакназаров – Об альтернативном проекте конституции Узбекистана (01.04.2003)

11.”У.Хакназаров – Берегитесь: четвертая волна репрессий в Узбекистане!, или первые ответы на вопрос “Что делать?” (03.06.2003)

Шубҳасиз, бу ҳолат Ислом Каримов ва атрофидагиларни талвасага солиб қўйгани аниқ. Айнан шу йилнинг ўзидаёқ Усмон Ҳақназаров номи остида яширинган муаллифни топиш учун қатағон машинаси бўлган Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) кенг кўламли фаолиятни бошлаб юборганди. Ўз ҳаётига таҳдидлар кучайиб боришига қарамасдан Бобомурод Абдуллаев режимга қарши курашда давом этди, бироқ эҳтиёт чораларини кучайтиришга мажбур бўлди.

2005 йил май ойида содир бўлган Андижон воқеаларидан сўнг эса қатағоннинг уюштирилишида И.Каримов ҳукумати ва МХХ нинг бевосита иштироки билан боғлиқ йирик лойиҳа устида иш бошлади. Лойиҳанинг биринчи қисми бевосита Андижон қатлиоми билан боғлиқ воқеалар ва бу қонли воқеа ортида турган кучларнинг фаолияти хронологик тарзда баён қилинган. Иккинчи қисми эса Ислом Каримов шахсияти ва унинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ жамоатчиликдан сир тутилган махфий маълумотларни ўз ичига оларди. Ушбу лойиҳа 2005 йилнинг 29-30 июнь кунлари қуйидаги иккита мақолада эълон қилинди:

1.”Усман Хакназаров: Это было в Андижане” (29.06.2005)

2.”Усман Хакназаров: Каримовский клан, уничтожающий Узбекистан” (30.06.2005)

Ушбу мақолалардан сўнг МХХ Усмон Ҳақназаров шахсини аниқлаш ва уни жисмонан йўқ қилишга жуда катта куч сафарбар қилди ва шу мақсадда муаллифнинг кимлиги ҳақида маълумот берган шахс учун 3 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилди. Айни пайтда Усмон Ҳақназаров Ўзбекистон махсус хизматларидан ташқари, бошқа давлатлар, жумладан, Россия ва Исроил махсус хизматларининг ҳам нишонига айланиб улгурганди. Буни Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан эълон қилинган мақолаларидан АҚШ дипломатларининг Викиликс веб саҳифасига сизган ёзишмаларида ҳам айрим иқтибослар келтирилиши билан изоҳлаш мумкин. Мана шундай шароитда Бобомурод Абдуллаев 2005-2008 йиллар орасида жами олтита мақола эълон қилди ва 2008 йилнинг 29 май куни эълон қилинган “Каримовская хунта планирует разжечь в Узбекистане управляемые межэтнические конфликты” сарлавҳали мақоласидан сўнг бир муддат танаффус олишга қарор қилди. Шундай қилиб…

Усмон Ҳақназаровнинг қайтиши

2012 йилнинг 2 сентябрь куни “Возвращаясь к теме сионизма в Узбекистане” номли навбатдаги мақоласини ЎХҲ веб-саҳифасида эълон қилди. Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистондаги сионизм мавзусини қайта тилга олиб ўзининг ушбу мавзуга қайтиш сабабларини изоҳларкан айни пайтда бу унинг тўрт йиллик танаффусдан сўнг эълон қилган илк мақоласи эканлигини таъкидлаб ўтганди. Мақолада Бобомурод Абдуллаев 2005 йил 30 июнь куни centrasia.ru ва muslimuzbekistan.com веб-саҳифаларида эълон қилинган “Каримовский клан, уничтожающий Узбекистан” сарлавҳали мақоласида Ислом Каримовнинг «яҳудий келиб чиқиши билан» боғлиқ маълумотларга нисбатан uznews.net саҳифаси журналистларининг «далилсиз иддао» деб берган баёнотларига нисбатан мазкур мавзу юзасидан бир қанча фактларни келтиради. (Шу ўринда олдинги ва кейинги Усмон Ҳақназаров фарқли муаллифлардир деб гумон қилувчиларга 2012 йил 2 сентябрда эълон қилинган айнан ушбу мақолани ўқиб чиқишларини тавсия қилган бўлардик – Таҳририят).

Каримов режими тарғиботчилари Ҳақназаровни “антисемит” сифатида кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Ҳолбуки, у Каримовнинг бегуноҳ мусулмонларни қатл этиш, қийнаш технологиясини мукаммалаштиришда ёрдам берган сионист мафкурасини танқид қилган эди. Бу ерда этник фактор ахтариш тирноқ остидан кир излаш каби ахлоқсизликдир.

Кейинчалик Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназаров) келтирган ушбу маълумотлар қарийб 11 йиллик руҳий касалликлар шифохонасида тутқун бўлган марҳум президентнинг жияни Жамшид Каримов томонидан тасдиқланди. 2017 йилнинг февраль ойида озод қилинган Жамшид Каримов журналист Малоҳат Эшонқуловага берган интервьюсида:

Ҳа у бизнинг оилада катта бўлди. Гап шундаки, 1936 йилдан 1941 йилгача бобом Абдуғани Каримов майда ўғирлик учун қамоқда ўтирган. Шундай экан қандай қилиб 1938 йили бу нусха пайдо бўлган бўлиши мумкин?” – деганди.

2012 йилнинг сўнги тўрт ойи мобайнида ЎХҲ расмий веб-саҳифасида Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан жами ўнта мақоласи эълон қилинди. Айниқса 2012 йилнинг 11 декабрь куни ўзбек махсус хизматларининг Мозори Шарифда режалаштирган ҳарбий амалиётини фош қилувчи мақола МХХ нинг обрўсига жиддий путур етказганди.

Ушбу мақолада МХХ тарафидан тузиб чиқилган “Хўжа” номли махфий амалиётга масъул этиб И.Каримов таклифи билан ҳозирда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган МХХ раиси собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг тайинлангани ҳақида сўз боради.

Усмон Ҳақназаров шахсини аниқлаш ва ушбу тахаллус ортида ким турганини аниқлаш борасидаги МХХнинг барча уринишлари самара бермагач 2013 йилдан бошлаб муаллифни обрўсизлантириш борасида янги режа ишлаб чиқилди. Ушбу режага кўра Усмон Ҳақназаровга маълумот сиздирувчи каналларни аниқлаш билан бирга тасдиқланмаган маълумотлар сиздириш орқали муаллифни обрўсизлантириш ҳам кўзда тутилганди. Шундай қилиб…

МХХнинг Усмон Ҳақназаровни обрўсизлантириш режаси

2013 йилдан бошлаб Усмон Ҳақназаровга нисбатан МХХ овининг янги босқичи бошланди. Ишлаб чиқилган режага кўра МХХ тизимидаги махсус каналлар орқали баъзи ёлғон маълумотлар сиздирилиши ва бу ёлғон маълумотларнинг Усмон Ҳақназаровга етиб боришини таъминлаш кўзда тутилганди. Вақт ўтиши билан режа иш бера бошлади ва Бобомуродга маълумот етказиб турувчи манбаларга келган кўпгина маълумотларнинг бошқа бир манбадан тасдиқлаш имкони бўлмай қолганди. Шунингдек, бу вақтга келиб ЎХҲ веб-саҳифасининг кундалик ўқувчиларининг сони эллик мингдан ортганди ва уларнинг кўпчилиги айнан Усмон Ҳақназаровнинг мухлисларидан иборат эди.

Шу тариқа қўшимча манбалар орқали тасдиқланмаган бир қанча маълумотлар навбатдаги мақолалардан жой олди. Бундан ташқари, ЎХҲ веб-саҳифасида Абдуллаев-Ҳақназаров мақолаларига талабнинг кескин ортиши сабаб мақолалар ҳажмини қисқартирган ҳолда уларнинг сонини кўпайтириш қарори ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Натижада Усмон Ҳақназаров мақолаларида берилган маълумотларга нисбатан ўқувчиларда ишончсизлик пайдо бўла бошлади.

Кетма-кет эълон қилинаётган қисқа информатив мақолалар билан бир қаторда вазиятни ўнглаш учун Бобомурод Абдуллаев 2014 йили маълумотларга бой йирик ҳажмдаги иккита мақола эълон қилди.

Ушбу мақолалар Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров сифатидаги салоҳиятига шубҳаланувчилар учун алоҳида аҳамиятга эга эканлиги сабабли баъзи нуқталарга тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.

“Усман Хакназаров: Иноятов и Шарифходжаев приступили к ликвидации прокаримовских силовиков” деб номланувчи биринчи мақола 2014 йилнинг 27 январь куни эълон қилинган. Мақолада 2011 йил 14 октябрь куни МХХ ИХБ бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаевнинг тақдимотига биноан 3211-ЛС сонли буйруққа асосан ишдан бўшатилган собиқ МХХ ходими Ёқубов Қувондиқ Юлдашбаевичга нисбатан МХХ раиси Р.Иноятов томонидан уюштирилган таъзийқлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.

Мақола эълон қилинганидан сўнг орадан икки ой ўтиб Қувондиқ Ёқубовдан ЎХҲ таҳририяти электрон почтасига бир хат келиб тушади ва унда собиқ МХХ ходими Усмон Ҳақназаров мақоласида келтирилган фактларни бутунлай инкор қилиб қуйидагиларни ёзади:

“1. 2011 й. 21 октябрда №3211-ЛС сонли буйруққа асосан ишдан бўшатилганим рост, лекин бунга Р.Иноятовнинг умуман алоқаси йўқ, қайтанга улар мени тушунгани ва оилавий аҳволими тушунганлари мен учун катта ёрдам бўлди бўлмаса ўша вақтдаёқ қамалиб кетардим. Ишдан бўшашимга ўзим фақат ўзим айбдорман.

2.Ишга қабул қилинишим. Мен интернат мактабда тарбияланиб, кейинчалик олий ҳарбий билим юртида ўқиганман. Яқин қариндошларим судланганлиги сабабли МХХга қабул қилишмаган. Шунда президентимизнинг “Ўзбекистон 21 аср бўсағасида, хавфсизликка таҳдид, тараққиёт кафолатлари ва барқарорлик шартлари” асарига асос қилиб, “И.Каримов думшани бу – менинг ва менинг оилам душмани” номли шахсий иш режаси ишлаб чиқиб Президент девонидан ёрдам сўраганман. Р.Иноятов шунда менга ишониб имконият берган ва ишга 2092-ЛС буйруққа биноан қабул қилган. Афсус, имкониятдан фойдалана олмадим, президентимизнинг ишончларини оқлолмадим. Бу иш режаси ҳеч қанақа ўлдиришга асосланмаган.

3.Қамалишимга келсак, унга ҳам ўзим айбдорман, Р.Иноятовнинг бунга алоқаси йўқ…

Усмон Ҳақназаровнинг 27 январдаги мақоласига келсак, ким ва нима учун мен ҳақимда маълумот тарқатганидан қатъи назар, бу Президентимиз И.Каримов ва МХХ раиси Р.Иноятовни омма ва бутун жаҳон олдида обрўсизлантириш деб тушунаман.” (иқтибос тугади)

Қувондиқ Ёқубовнинг юқоридаги мактуби қанчалик ишонарсиз ва босим остида ёзилгани яққол кўриниб турганлигига қарамасдан баъзи сохта инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Усмон Ҳақназаровни бошқалар ҳақида иғво тарқатишда айблаб чиқишди.

Бугун орадан уч йил ўтиб Бобомурод Абдуллаев МХХ ертўласига ташланганидан сўнг 2017 йилнинг 2 октябрь куни Қувондик Ёқубов ўзининг Facebook саҳифасида Усмон Ҳақназаров мақоласида келтирилган маълумотларнинг айни ҳақиқат бўлганлигини эътироф этди.

Унинг ёзишича, мақола чиққан кунёқ ўзининг қамалишида суриштирувчи бўлиб қатнашган ва далилларни сохталаштирган 239-68-18 рақам эгаси, МХХ тезкор ходими унинг уйига бостириб келади. МХХ тезкор ходими Қувондиқни МХХ марказий аппаратига олиб боради ва МХХ раиси Р.Иноятов номини президент Каримов олдида оқлаш учун унга шарт қўяди. Шартга биноан Қувондиқ Ёқубов президент Каримовга кўрсатилиши лозим бўлган видеода сиёсатшунос Усмон Ҳақназаров мақоласи ёлгонлиги ва бу воқеалар бўлмаганлигини айтиши лозим эди. Қувондиқ Ёқубов бунга кўнмагач унинг қўл оёғини боғлаб думба кисми билан бетонга бир неча бор ташлаб қийноқа солишади ва натижада Қувондиқ Ёқубовда сунъий нефроптоз (ички азоларнинг ўз жойидан силжиши) содир бўлади. Пировардда Қувондиқ Ёқубовнинг шартга кўнишдан бошқа чораси қолмайди. Бу ҳам етмагандай улар Қувондиқ Ёқубовни BBC Ўзбек хизматига чиқиб Усмон Ҳақназаровнинг барча ёзганлари ёлғон деб айтишга ҳам буйруқ беришади.

Бобомурод Абдуллаевнинг “Усман Хакназаров: Каримов закончил чистку СНБ и ГТК от прохаётовских «элементов»” сарлавҳаси остидаги йирик ҳажмли иккинчи мақоласи 2014 йилнинг 31 июль куни эълон қилинди. Мазкур мақолада МХХ генераллари Ҳаёт ва Жавдот Шарифхўжаевларнинг хибсга олиниши тафсилотлари билан бирга марҳум президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг ноқонуний оилавий бизнеси билан боғлиқ жуда катта ҳажмдаги маълумотларни тақдим қилади. Эътиборли жиҳати мақолада президент қизининг жиноий бизнеси МХХ раиси Рустам Иноятовга тегишли “Benif LTD” ўзбек-америка қўшма корхонаси ва яна унга тегишли бўлган “Asia Аlliance Bank” банки фаолияти билан туташиб кетгани ҳақида батафсил маълумотлар берилган.

Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназаров)нинг шаънига нисбатан турли гап-сўзлар қилишдан олдин барчани юқорида номлари келтирилган мақолаларни яна бир маротаба диққат билан ўқиб чиқишни тавсия қилган бўлардик.

2015 январь ойидан бошлаб Бобомурод Абдуллаев навбатдаги танаффусга чиқди ва асосан маълумот тўплаш билан банд бўлди. Бироқ 2016 йилнинг август ойи охирида собиқ президент Ислом Каримовнинг ўлими ва кейинчалик янги сайланган президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар Бобомурод Абдуллаевнинг фаолиятида янги даврни бошлади. Шундай қилиб…

Саробга айланган умид ва Усмон Ҳақназаровнинг хибсга олиниши

Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар натижасида эса бошлаган эркинлик шабадаси Бобомурод Абдуллаевни ҳам руҳлантириб юборган эди. Ўтган бир йиллик давр мобайнида Ш.Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг қисман натижа бера бошлагани, Ўзбекистонда ниҳоят ҳур ва эркин бир жамият барпо қилиш учун дастлабки қадамлар деб ҳисоблаш мумкин бўлган баъзи аломатнинг пайдо бўлиши журналистнинг кўнглида янги раҳбариятга нисбатан ишонч ва умид учқунларини пайдо қилганди. Шунга қарамасдан президент бошлаган кўпгина ташаббусларнинг куч ишлатар тизимлар, хусусан МХХ томонидан саботаж қилиниши ва И.Каримов режими унсурларининг эски мавқеларини сақлаб қолиш мақсадида турли хил шантажлар уюштириш орқали ислоҳотларга тўсқинлик қилаётгани яққол намоён бўла бошлади. Ушбу шароитда Бобомурод Абдуллаев ҳеч иккиланмасдан президент Ш.Мирзиёев тарафида ўрин олди ва ўзининг фош қилувчи мақолаларида МХХ тизими ва унинг раиси Рустам Иноятовни нишонга олди.

Ислом Каримов ўлимидан сўнг ўтган бир йил мобайнида Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназаров) МХХ раиси томонидан президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларига қарши яратилаётган сунъий тўсиқлар ва ушбу тузилманинг жиноий фаолиятини фош қилувчи ўттизга яқин мақола эълон қилди. Айни пайтда бош чекист Р.Иноятов ҳам жон талвасасида Усмон Ҳақназаров шахсини аниқлаш учун МХХ тузилмасининг бутун ресурсларини сафарбар қилганди.

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Бобомурод Абдуллаевнинг МХХ томонидан уюштирилган сохта амалиёт натижасида ушланиб хибсга ташлангани ҳақидаги хабарлар унинг Усмон Ҳақназаров эканлигидан хабарсиз ҳолда яқиндан танийдиган барчани чуқур қайғуга солди. Бироқ шуни афсус билан таъкидлаш лозимки, Муҳаммад Солиҳнинг 2017 йил 3 октябрда берган баёнотидан сўнг турли хил гап-сўзлар ва ўзаро ўринсиз айблашлар бошланиб кетди.

Баъзи фаолларнинг фикрига кўра Муҳаммад Солиҳнинг ушбу баёноти гўёки Бобомурод Абдуллаевни айблаш учун гувоҳлик сифатида қабул қилиниши мумкин экан. Ҳатто баъзилар буни ўз сафдошини сотиш деб талқин қилишгача етиб боришди.

Шу ўринда Муҳаммад Солиҳнинг баёноти юзасидан баъзи изоҳларни бериб ўтишни истардик:

Биринчидан, 29 сентябрь куни Бобомурод Абдуллаевнинг уйида ўтказилган тинтув давомида унинг шахсий компьютери кўздан кечирилган. Компьютерни очиш учун калит сўзни аниқлаш мақсадида МХХ ходимларидан бири шу ернинг ўзида тергов изоляторига қўнғироқ қилиб буни аниқлаган. Бу ҳақда Бобомуроднинг рафиқаси Катя Балхибоева шу куниёқ маълум қилганди.

Тинтув сўнгида эса МХХ чилар компьютер қаттиқ дискини ўзлари билан олиб кетишган. Бундан ташқари, МХХнинг ишлаш услубидан хабардор бўлган ҳар қандай одам яхши биладики Бобомурод Абдуллаевни ўғирликда айблаш каби уюштирилган томошани ташкил қилиш ортида уларда илгари қўлга киритилган кучли далиллар мавжуд бўлганига шубҳа йўқ.

Зеро Бобомурод бир неча ойдир қаттиқ кузатувга олинганди ва бу сўнги бир ой ичида яққол сезилиб қолганди. Шунингдек, Бобомурод Абдуллаев ишидаги ўта махфийлик ҳам жуда кўп нарсага ишорат қилаётган эди.

Тахминлар тўғри чиқди ва 2017 йилнинг 1 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг Бобомурод Абдуллаевга нисбатан Усмон Ҳақназаров хулосаси билан ажрими чиқаргани маълум бўлди.

Иккинчидан, юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб  Бобомурод Абдуллаевга ёрдам бериш, тўғрироғи унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли ошкоралик ва унинг Усмон Ҳақназаров эканлигини жамоатчиликка билдирган ҳолда халқаро ҳамжамиятнинг қўлллаб-қувватловига эришишдан иборатдир.

Зеро биз ҳуқуқ ва ошкоралик устувор бўлган жамият қуришни мақсад қилганмиз, кўча қонунлари асосида бошқариладиган жамият эмас.

Учинчидан, йиллар давомида Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг жуда кўп фидокор аъзолари қатағон машинаси бўлган МХХ қурбонига айланишди. Жамоатчиликка ошкора бўлмаган тарзда фаолият юритган кўпгина мард йигитлар МХХ ўлжасига айланиб қолганда уларга янада оғир бўлмасин деган андишада бу ҳақида эълон берилмади. Жумладан, 2016 йилнинг 22 июл куни ЎХҲ веб-саҳифасида И.Каримовнинг қатағон режимини аёвсиз танқид қилувчи жуда кўплаб мақолалар ёзган ва Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида фаолият олиб борган Акром Маликов  (1990 йил туғилган)исмли ўзбек халқининг фидокор ўғлони МХХ томонидан ўғирлаб кетилиб зиндонга ташланди.

Акром Маликов 2015 йилнинг охирларидан 2016 йил июлигача бўлган қисқа бир муддат ичида олтмишдан ортиқ мақола ёзган ҳолда мамлакатимиздаги диктатурага қарши кенг кўламли кураш олиб борди. Минг афсуски, Абдуллоҳ Нусратни асраб қола олмадик. Ҳозиргача бу йигитнинг қайси зиндонда сақланаётгани номаълум қолмоқда, бироқ шунга қарамасдан бу йигит ҳақидаги маълумотлар қидирилмоқда ва унинг ҳимояси учун ҳаракатларни бошлаш устида иш олиб борилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ҳозирги вазиятда Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров эканлигини ошкор қилмаслик билан унинг ҳаётини сақлаб қолиш имконсиздир.

Масала ҳаёт-мамот масаласидир. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

Бобомурод Абдуллаев билан боғлиқ ушбу фожеанинг юз беришига сабаб бўлган бир қатор омиллар билан бир қаторда асосий бир омил ҳақида ҳам сўз юритишга мажбурмиз. Бу ҳам Бобомурод Абдуллаевдаги президент Шавкат Мизиёевга нисбатан бўлган жуда юқори ишонч эди.

Айнан мана шу ишонч сабаб Бобомурод Абдуллаев кейинги ойларда илгариги эҳтиёткорликни бироз бўшаштирганди, шу ишонч боис ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ва видео каналида ошкора мурожаатлар билан чиқишлар қила бошлаганди.

Муҳаммад Солиҳнинг таъбири билан айтганда, Усмон Ҳақназаров ҳам Каримов режимининг муросасиз душмани сифатида, Ўзбекистоннинг янги раҳбари ҳаракатларига аввал танқидий, кейинчалик эса тобора ўсиб борган хайриҳоҳлик ичида бўлди.

Ушбу хайриҳоҳлик шу йилнинг ўрталарига келиб шу қадар етилди-ки, Ҳақназаров Мирзиёевни душман саботажини қўришда муросасиз посбонга айланганди. Бугун эса Бобомурод Абдуллаев МХХ ертўласида қийноқларга тутилмоқда. Умрининг сўнги 14 йилини доимий хавф-хатар остида ўтказиб режимнинг асабларини ишдан чиқарган ва унинг илдизига болта урган мард ўзбек ўғлони бугун ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштиришда айбланмоқда.

Шу сабабли ҳам президент Шавкат Мирзиёев Бобомурод Абдуллаев ишини ўз назоратига олган ҳолда журналистни дарҳол озод қилмоғи лоғим. Ш.Мирзиёевнинг кейинги фаолиятига нисбатан бўладиган ишончнинг янада мустаҳкамланиши ёки дарз кетиши айнан мана шу ишга боғлиқдир.

ЎХҲ таҳлил бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар