Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Душман ичимизда…

Душман ичимизда…
07 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1027 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

13-қисм

Бешинчи боб

Баҳром ювиниб чиққанда, Катя дастурхон тузаган, бир нималарни пиширишга улгурганди.

– Бирпасда шунчасига улгурдингми, қизил шапкачанинг чечан қўзичоғи?

– Боғини сўраганингизча, узумини енг, жаноб бўри! – деди унга Катя.

Улар овқатлангач, суҳбатлашиб, чой ичиб ўтирдилар.

– Баҳром, Нозима Муниснинг ишларига аралашмаганинг маъқул! – деди Катя. – У барибир қамалади. Ҳаммаси бошидан режалаштирилган!

–  Уни, ловуллаб турган олов ичида қолдириб қочолмайман-ку! – деди Баҳром. –  Ҳар қандай ҳолатда бирга бўламан дея унга ваъда берганман!

–  Ваъдангга вафо қилиб, бирор нима ўзгартира олганингда бошқа гап эди. Қўлингдан ҳеч нима келмайди. Ўзингни ҳам қўшиб қамайдилар. Сўқир парвонадек ёниб турган тандирга калла ташламоқчимисан? Ундан кўра вазиятни тўғри баҳолашга уриниб кўр. Нозима Мунис муқаррар қамалади, қамалгач, уни олиб чиқиш осон кўчади. Пул бўлса, йўли кўп!

– Кошки у ҳам сенга ўхшаб фикрласа. Мени хиёнатчига, сотқинга чиқаришларини истамайман!

–  Фидойилик кўрсатиш учун қамалиш шарт эмас. Ўзинг ўпқон оғзидасан, унга қандай ёрдам бермоқчисан? Бутун хавфсизлик ташкилотларига қарши, битта ўзинг жангга кирмоқчимисан? Улар Амира Кимё билан Саидмат Соттини шунчаки ем қилдириб қўймайдилар!

– Хўп, нима қил дейсан? – деди унинг боши қотиб.

– Келган жойингда тўхтаб, фикр қил, бошингни ишлат. Аслида муаммо бу ишларда эмас, уни тузум келтириб чиқаряпти. Битта Нозима Мунис қамоқдан қутилиб, Амира Кимё ва Саидмат Сотти қамалгани билан ҳеч нима ўзгармайди. Ўша саҳна, ўша театр, ўша томошабинлар, актёрлар алмашаверадилар… Барчаси илгаригидек ўз йўлида давом этаверади. Умр жуда қисқа. Уни бўладиган ишларга бағишлаш керак. Қонунлар устида бош қотириш, иллатларнинг илдизларини излаш лозим. Фуқаровий давлатни барпо қилиш учун жангга кириш вақти етди. Ноҳақликка сиёсий йўллар билан қарши туришнинг минг битта усули бор!

– Тўрт юз йилдан буён яшаётган тузумни ўзгартиш менга қолиптими? Мустабидларнинг сеҳри-жодусидан тирноғигача заҳарланган халқни ғафлат уйқусидан уйғотиб бўладими?!

– Бошни ишлатса, ҳаммасини эпласа бўлади. Бунинг учун иллатларни келтириб чиқарган сабабларни ўрганиш ва кучларни бирлаштириш лозим. Душман ичимизда, ичимиздаги душманнинг бошини янчиш учуш омилкорлик зарур…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар