Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Кундалик”

“Кундалик”
08 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 527 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

14-қисм

Олтинчи боб

Қаттиқ уйқуда ётган Баҳромнинг миясида барча нарсалар қалашиб кетди. Кейин, экранда бир хил чизиқлар пайдо бўлгани каби, “сифат” сўзидан бошқаси йўқолиб қолди. Архив нозири кодланган сўзни очиб, маъноларни уқмоқчи бўлди. Калитни тополмади. У маъно-моҳиятни уқолмаса, ҳужжатни қайси бурчакка тиқиштиришни билмасди. Дуч келган бурчакка улоқтириш одатга хилоф эди. Тўсатдан унинг ҳам мия кенгликларида “сифат”га оид маълумотлар пайдо бўлди: “Сифат ҳафсаладан пайдо бўлади. У ҳаёт мезони, шахснинг даражасини белгилайди. Қадр-қиммат бажарилган ишнинг сифатига боғлиқ. Нафақат ишлаб чиқаришда ёки санъат ва адабиётда, ҳар бир нарсада сифатга интилиш юксакликка, фаровонликка етказади. Сифатни талаб ва эҳтиёж ушлаб туради. Талаб ва эҳтиёжни сифат шакллантиради…”. Унинг кўзлари очилиб кетди. Тушида кўрганларини эслаб ажабланди. Девордаги соат ўндан эллик икки дақиқа ўтганини кўрсатарди. У Катяни қучмоқчи бўлди. Унинг ўрнида бир варақ қоғоздан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Унда, “Баҳром, уйқудан уйғонишинг билан тошойна олдидаги соткадан қўнғироқ қил!”, деб ёзилганди.

У рақамни терди.

–  Яхши ётиб турдингми? – деди гўшакдан Катя.

– Кун пешин бўлипти. Нимага уйғотмадинг?

– Уйғотгим келмади. Соткани сенга сотиб олдим, қўлингдан қўйма.

– Тушундим.

– Калитни ҳам ўзинг билан ол, менда бошқаси бор. Нонушта тайёр, тамадди қилмасдан чиқма. Зериксанг, Ислиманинг ғаладонини торт, албом бор…

– Бўпти!

– Кўришгунча!

 У ювиниб чиқди. Нонушта қилиб, ғаладондан албомни олди. Қизининг сувратларини кўриб кўнгли қувонди. Унинг онаси туфайли бахтиёр болаликни бошидан кечиргани сезилиб турарди. Томоша қилгач, уни жойига қўйди. Қизиқсиниб, хонанинг тўрт бурчига назар солди. Диван остидаги жомадонга кўзи тушгач, тортиб, қопқоғини очди. Таниш буюмларни кўрганида, кўзларига ишонмади. Ҳис-ҳаяжондан бутун вужуди увушиб, совуқ елдан титраётган теракдек серрайиб қолди. Бир зум гарангсиб тургач, “Ўткан кунлар”ни қўлларига олди. Бу китобни у йигирма тўрт йил бурун Катяга совға қилганди. Жони қочган бармоқлари қалтираб, ушланаверганидан синиқиб кетган муқовани очди. Муқова ичида Катянинг “Баҳром, сени севаман”, дея ёзган сўзлари чаплашиб кетганди. Уларнинг орасидан у ўзининг “Катяга, Баҳром. 10. 10. 1980 й.” деган ёзувини топди. У китобни бир-бир варақлашга тушди. Саҳифаларда оқ жойи қолмаганди. Очиқ жойлар юқоридаги учта сўз билан тўлдирилганди. Ҳар бир саҳифа ҳижрон азобида қовурилган қалбнинг соғинч кўз ёшларидан ясалган сурмали сиёҳ билан суғорилиб, фироқ ғуссаси қатрони ва чўзилган туннинг қуруми билан қорайтирилганди. Нозик бармоқлар ушлаган қаламнинг бу сўзларни неча марта такрорлаганини Тангри билмаса, бошқа биров билмасди. Ёлғизлик ва иложсизлик Катяни азоб-уқибатлар гирдобига отганди. У китобни бир чеккага қўйиб, кўйлакни олди. Қатларини ёзиб, ҳидлади. Димоғига Катянинг ифори урилди. Бу кўйлакни у бир замонлар Тошкентга кийиб келганди. Бутун бойлигининг учдан бирини мана шу кўйлак ташкил этарди. Кўйлакни ташлаб, жомадон ичидаги албомни олди. Унинг ичи тўла шеърлар ва мақолалар эди. Катя Баҳромнинг турли йилларда эълон этган ижод намуналарини газета-журналлардан қирқиб, ёпиштириб чиққанди. Навбат умумий дафтарга етди. Унга “Кундалик” деб ёзилганди. Катянинг на исми, на шарифи битилганди. Ошиқ қалбнинг ҳасратлари сочилган дафтарни у бир-бир варақлашга киришди.

“Баҳром, сен ўз-ўзидан йўқолиб қолганингдан сўнгра мен ҳаловатимнитинчимни йўқотдим. Сен қайтмасанг, ҳаловатим ҳам, тинчим ҳам қайтмайди. Қаердасан? Бор бўлсанг, овоз бер, дунёнинг нари чеккасида бўлсанг ҳамқушга айланиб, овозинг келаётган томонга учиб бораман”.

                                                    ***

“Кечалар тобора узаниб, тонгнинг отиши кундан-кун қийинлашиб боряпти. Бироқ, ҳар тунда орзу қилганимдек, тонгнинг оқарганини кўриш менга насиб этмайди. Мен тун бўйи сени соғиниб, илон каби тўшагимда тўлғаниб чиқаманда, тонгга яқин донг қотиб ухлаб қоламан. Мен уйғонганимда қуёш тиккага келиб, юзларимни ва сочларимни деразадан сизиб кирган илиқ нурлари билан силаётган бўлади. Қанийди қуёшнинг нурлари эмас, сенинг қўлларинг, нафасинг юзларимни, сочларимни сийпаласа эди. Кўзларимни очиб, лабларимни, бўйинларимни сенга тутсам, қайноқ бўсаларинг юрагимда ёнаётган ишқ оловини борҳо алангалантирса, ҳижрон тафти бироз пасаярди… Сувсаган гуллар сувнинг шилдирашини эшитиб қандай тамшансалар, мен ҳам тунлари шундай чанқаб чиқаман. Сени топиб, ҳидларингни туйсам дейман. Қўйнингга сингиб кетиб, қийноқлар ва ўртанишлар оламига қайтиб чиқмасам дейман”.

                                                      ***

“Севилиш – бой ва давладманд бўлишдан ҳам афзалроқ деганларидек, севган кимсангдан айрилиш – қашшоқ ва йўқсилликдан ҳам баттар экан. Муҳаббат умрнинг меъёр чегараларини бузиб ташлагани билан яшамоқ истагини ошириши баробарида, суюкли бўлишга ундаб, пешонангга қуёш сингари бахтнинг тимсолини осиб қўяди. Кўзларимни ҳар гал очиб-юмганимда ўша порлаётган бахт қуёшининг ичида сенинг қиёфангни кўрсамда, у жойларга менинг қўлларим етмайди. Энди нима бўлса бўлди, ўтган кунлар орқасига қайтмайди. Дунё азалдан шундай яратилган, ҳаёт адашган одамни аяб ўтирмайди. Аксинча, қаттиқ жазолайди. Бу жуда ёмон, албатта. Бироқ ҳар қандай ёмонликнинг ҳам бир яхши жиҳати бор. Бу эса муаммога қайси нуқтадан туриб қарашингга боғлиқ. Яхши томони шуки, кўргуликлардан тўғри хулоса чиқариб, хатоларини тузатган одамни ҳаёт тақдирлашни ҳам билади.

Сенинг ва ота-онангнинг манзил-нишонини ёзиб қўйиш мен учун шунчалар қийин эдими? Улар чирик бир қалам билан урниқиб кетган қоғозга битилганда эди, сени Маккадан бўлса ҳам излаб топардим. Сен менинг манзил-нишонимни билганингда эдинг, битта мактуб билан орамиздан оққан фироқ дарёсига висол кўпригини қурган бўлардинг. Муҳаббат кўзимизни кўр, ақлимизни ўтмас қилиб қўйган экан. Ҳаётда ҳар қандайин яхши ва ёмон нарсаларнинг меъёри бўлиши керак деган сўзларнинг маъно-моҳиятини мен энди англаб етаяпман, шекилли!”.

                                                ***

“Сен билан биринчи бор учрашган пайтларимизда ўзингни қанчалар ноқулай ҳис қилардинг. Чўнтагингда йўлкирага ҳам пул топилмасди. Бироқ сен ўзингни дуч келган одамнинг пинжига уриб, паноҳ излашдан асрашни билардинг. Чунки сенинг қалбингда қоғоз пуллардан неча минг баробар қимматлироқ ҳамиятинг, ғуруринг бор эди.

Номус инсон ақлининг пойдевори дейилганида, асл гўзалликни даҳолар – ташқи виждон шижоатида ва ичдаги ҳалолликнинг бокиралигида назарда тутган бўлсалар ажаб эмас. Номус жондан ҳам қиммат, номус тушунчаси аҳмоқни жазо ҳақидаги ҳар қандай рисоладан ҳам кўра яхшироқ изга солади. Номусини сотган билан одам бойимагани сингари, чинакам номус эгриликка тоқат қилолмайди.

Ҳар бир азобга ҳам розиман, тайёр,                              
Номусим азият чекмасин зинҳор.

Мен бу сўзларни сенинг ҳарбий қўшинлар сафларида йигитлик бурчингни ўтаётганингни тахмин қилганимдан кейин ёзяпман. Бу ажойиб сўзларни бир вақтлар менга энагам айтиб берган эди. Раҳматлик аёлнинг ўзи ҳам бу сўзларни қандайдир бир  китобдан ўқиган бўлиши керак”.

                                                 ***

“Азалдан қалбингга ташланган бир чўғ сени ҳеч бир замонда ўз ҳолингга қўймайди. Атрофингдагиларга ўхшаб еб-ичишдан, беъмано гап-сўзлардан ва қимматбаҳо зебу-зийнатлардан сен зинҳор ҳузурлана олмайсан. Ҳаловат топиш учун юрагинг бошқа нарсани тусайди. У нарса ҳамма нарсадан қимматлироқ ва хайрлироқдир. Унинг нималигини ўзинг билмаганинг билан қалбинг жуда яхши ҳис қилади. Сен қалбингга қулоқ солмасанг ҳам, қалбинг сени ўша томонга судрагани-судраган. Шунинг учун ҳам кўз олдингда содир бўлаётган яхши ва ёмон нарсалардан осонликча кўз юмиб кета олмайсан. Виждонинг қийналади. Баъзида юрагинг сиқилиб, кечалари билан ухлолмасдан тўшагингда ағанаб чиқасан. Шунда оғушида ушлаб турган қудратли муҳаббатни бутун борлиғинг билан ҳис этиб, ўзингнинг анавулардан бошқа тоифалигингни эътироф эта бошлайсан. Ишқнинг қалбни танимайдиган даражада ўзгартириб юбориши – ақлли кишиларни ақлдан оздириб, ақлсизларга ақл берса ҳам, севиш ва севилишнинг нақадар буюк бахт эканлигини фақатгина севган кишигина ёрқинроқ англайди. Шунда Навоийнинг қуйидаги ишқ ҳикматининг маъно-моҳияти қонингда оқибидрокингда муҳаббатнинг шаклини намоён қилади. Лабларинг сўзларни беихтиёр такрорлаганини билмай қоласан:

                                        Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун,
                                       Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун.
                                       Ишқсиз ул танки, анинг жони йўқ,
                                       Ҳуснни нетсун кишиким они йўқ.

Жондан севмаган одам учун ҳаётнинг ярми ва бунинг устига энг гўзал қисми мавҳумлигича қолаверади. Кимки севиб севилишни билмаса, у шифтдаги руҳнинг кигиздаги сояси янглиғ ҳаёт чорраҳаларида арвоҳ бўлиб, изғиб ўтади. Севилганингга ишонсанг, бу ҳижронни енгиллаштиради. Охирги “алвидо” ҳам, агар ҳануз унда севги садоси эшитиларкан, ўзининг аламли маъносини йўқотади. Инсоннинг қонида абадий уни юксакка кўтарувчи севги эҳтиёжи мавжуд экан, ўтмишни ҳам, келажакни ҳам тан олмайдиган кучли ва тоза бир эҳтирос ҳар қандай қисматга ҳам зарба беради”.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар