Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Марказий идоралардан бирида ишловчи президент Мирзиёев тарафдори бир мулозим укамиз билан суҳбат

Марказий идоралардан бирида ишловчи президент Мирзиёев тарафдори бир мулозим укамиз билан суҳбат
08 Ekim 2017 - 11:01 'да юкланди ва 1709 марта ўқилди.

(Суҳбат – исм ва лавозими махфий қолиш шарти билан – унинг розилиги билан чоп этилаяпти)

СУҲБАТДОШИМ: Ассалому алайкум, Ака! Ман тушинмай қоламан гоҳида баъзи тарафдорларингизга. Айрим ёзувларига ҳам. Дипломатияни унутишади, ақл билан, узоқни кўзламай бир нималар қилмоқчи бўлишади. Бу ер Ўзбекистон, кўтармайди бунақа ишларни, Европа деб ўйлашади, шекилли. Ёзганларида ҳам ИКни “чўтир”лигини айтишлари шарт эмас, сухой, информация шаклида езишмайди, 25 йил “отам”лаб келган одамлар ҳазм қилиши қийинда, буни ҳисобга олиб, секин айтиш керак деб ўйлайман, ўзбекона қилиб, “болам , отанг ёмон одам эмас, аммо мана бунақа ифлосликлар қилган”, деб тушунтириш керак.

Фикримни англата олмаяпман тўлиқ, кечирасиз. Чунки одамлар уни “фаришта “деб, “Аллоҳнинг тухфаси” юрт учун, деб ўйлаган, миясига қуйилган бу.

Энди, аста секинлик билан билаяпти ундай эмаслигини. Чиқиб уни (Каримовни) ҳақорат қилган билан бир натижага эришиб бўлмайди, исбот-далиллар билан билдириш керак кимнинг ким эканини. Лекин бизнинг халқ ҳеч қачон бирлашмайди. Бир бирининг гўштини еб ўтади. Қотиб қолган миялар кўп. Бугуни ўтса бўлди, қорни тўйса бўлди, унга ҳеч ким тегмаса, у ҳеч кимга тегмаса…

Ака, Бобомурод Абдулла ҳақидаги ёзганларингизни ўқиб бораяпман, ҳис этаяпман сиздан ўтаётганларни.

Сиқилманг ака, оддий тергов-сўроқ бўляпти, шахсан биринчи раҳбарнинг назоратида. Жамоатчилик назарида ва биринчининг назоратидаги ишда унақа қийноқлар қўлланилмайди.

МЕН: Илк айбнома бошдан оёқ ёлғондан иборат. Ҳамда очиқ ва ҳаёсиз ёлғон. Бобомурод Абдулла Каримовга карши эди, аммо уни “Жорий президент”га ҳам қарши қилиб кўрсатишга уринаяпти бу ишни бошлаган МХХ: Бунга Президент ишоняптими? Унинг ўзи матбуотга ёпиқ мажлисда журналистларга Усмон Ҳакназар (Бобомурод Абдулла)ни намуна қилиб кўрсатгандику яқиндагина? Бу мажлисдан кейин Ўзбекистондаги учта вебсайт Усмон Ҳақназарнинг шу президент имо қилган мақоласини босди. Бу мақола Каримов режимининг ашаддий душмани бўлган бу публицистнинг ватан матбуотида босилган илк мақоласи эди. Шундан кейин ҳам унга “Жорий Президент”га қарши инқилоб қилмокчи эди, деб айб қўйиш бу айбловни “Жорий президент”га қабул қилдириш мумкинми? Президент бу Ҳакназаров (Абдуллаев) воқеасининг ўз имижига катта зарар бераётганини кўрмаяптими, кўрса бу ҳақсизликни тўхтатишга нима тўсиқ бўляпти? Бу муаллақлик сабаби сизнингча нимада?

СУҲБАТДОШИМ: Тўғрисини айтсам, ака, мен ҳам буни тушунаолмяпман, демак, бир сабаби бор бу жимликнинг. Сабр қилайлик озгина, адолат тикланади деб умид қилаяпмиз биз ҳам. Кўпчилик кўриб турибди ҳақиқатни.

Умид менда сўнмаган. Анови бечора 2 та информация берган одамга ҳам ачинаяпман тўғриси.

МЕН: Уларнинг ҳам масаласини байналминал миқёсга ташиш учун ҳаракат қиламиз иншаАллоҳ. Чунки уларнинг бир айби йўқ. Ҳақзнаровнинг ёзган мақолалари бутун дунёда, ҳатто бизнинг Ўзбек Конституциясида ҳам сўз эркинлиги доирасига киради ва бир Сўз ўлароқ бу жиноят унсури булаолмайди. Шундай экан, “Ҳақназаров мақоласига манба бўлди” деб айбномда номлари кўрсатилган Ровшан Салаев ва Шавкат Оллоёровларни жиноятчи сифатида ҳибсга олиш ҳар қандай қонунга зиддир.

СУҲБАТДОШИМ: Ака, мамлакатнинг муаммолари ҳақида Шавкат Мирзиёевнинг фикрлари билан Усмон Ҳақназаровники деярли бир хил. Фақат бу ёқдагилар жим туришга мажбур, ўз тинчлигини ўйлаб, лекин кўриб билиб туришибди. Ақлим етмаяпти баъзан… Лекин умидим сўнгани йўқ. Яхшиликка. Айбсиз бўлса қўйиб юборади, Шавкат Мирзиёев  адолатли инсон, бунга шубҳам йўқ, “семиз” нима деса ишониб кетаверадиган авом эмас у. Ҳақиқатан ҳам, ҳалиги боғбон ва менежер, улар ҳам гумонланувчи шекилли, кўпроқ 3 кишилик давлат тўнтарувига уриниш (кулгили аслида) буни қаердан уйдирди “семиз”, ақлга сиғмайди!?

МЕН: Тўғри айтасиз, “Инқилоб” айбномадаги энг комик ёлғон. Айбномада айтилганидай молия бўлса, бош инқилобчи Бобомурод алмисоқдан қолган машинада таксичилик қилармиди?  Қани молия? Бирор доллар топишганми уйидан? Ёки бирорта қурол топишганми давлат тўнтариши қилиш учун? Халқни ахмоқ деб билишади бу ахмоклар!

СУҲБАТДОШИМ: Ҳа, Унинг қуроли фақат ҳақиқат, Сўз бўлган, сўзи ҳам мазмунан Шавкат Мирзиёевники билан бир ҳил, демак, Мирзиёев ҳам “тўнтариш” қилибди-да!? Саройдаги ҳамма билади, Президентимиз ўзи ҳам вақт ажратиб киради интернетга. Шахсан ўзи ўқийди. Хориж матбуотида, ва ўзимизда унинг сиёсати ҳақида бўлаётган гапларни, фикр – мулоҳазаларни ўқиб таҳлил қиладиган ва етказадиган бўлим, гуруҳ ўзининг ишочли одамлари, кундалик етказиб туради. Хавотир олманг Бобомурод соғ омон чиқади ва кун келиб қаҳрамонга айланади, сизга сабр тилайман.

МЕН: Мен учун у 14 йилдан бери қаҳрамон зотан. 14 йил давомида яширин, уйдаги яқинларидан ҳам яширин моддий ва руҳий босим остида халқ озодлиги учун жонини жабборга бериб курашган бир қаҳромон.

У мақолаларини  хотини уйдан чиқиб кетганда яширин ёзарди. Ва бу таҳликали меҳнати учун ҳеч қачон пул сўрамасди. Табиий, имконимиз бўлганда унга оз-оз ёрдам бериб турардик, фақат бу оиласига етадиган даражада ёрдам эмас эди. Шу ҳолида ҳам унинг ўзи ҳеч қачон “шу меҳнатим учун пул беринг” деб сўрамаган. Ғурурли бир инсон. Баъзан сўраса ҳам, қарз сўраган. Эски машинасида таксичлик қилиб оиласига нон топарди.

(Суҳбат шу ерда узилди)

Муҳаммад Солиҳ

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар