Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳақ Сўзни айтиш фурсати келмадими?!

Ҳақ Сўзни айтиш фурсати келмадими?!
08 Ekim 2017 - 17:21 'да юкланди ва 1009 марта ўқилди.

(Ҳозирги ижтимоий-сиёсий вазиятга изоҳ сифатида)

Тўртинчи кўчат
Адабиёт миллатнинг виждони…

Икки замондош буюк шоиримизга ёзилган хат

2. Ўзбекистон қаҳрамони, шоир Эркин Воҳидовга

Деразамдан тушган тола нур 
Сомонйўли каби товланур.

Ҳурматли Эркин ака! Хат бошига маёқ қилиб келтирганим бу икки сатрингиз мени кўп ўйга толдиради. Шу шеърингизни илк ўқиганимда менга негадир ўзгача таъсир қилган. Бир ўқиганимда эсимда қолгани ҳам шундандир.

Чиндан ҳам, деразадан тушган нур, айниқса, тола-тола нур хонадаги чанг зарраларини бўлакча бир товлантиради: улар доим ҳаракатда, аммо нур чегарасида гирд кесилган ҳолда бижирлаб кўринади. Чанг зарраси ўз ҳолича кўринмас нарсадир, нур ҳам ўз ҳолича кўзга кўринмайди, аммо бу икки кўринмас борлиқ бир-бири билан учрашганида, учинчи шарт ҳам топилса, бири иккинчисини ошкор этиб юборади – нур заррада, зарра нурда кўринади. Учинчи шарт деганимиз, теваракда нур тушмаган соя жойнинг бор бўлишидир.

Осмондаги Сомонйўли туркум юлдузлари ер зимистон қоронғуликка чўмганида бор гўзаллиги билан кўринганидек, хона деразасидан тушган тола-тола, тарам-тарам нур ҳам ўзини ошкор этиши ва кўзларни қувонтириб живир-живир товланиши учун хонанинг соя қисми бор бўлишини тақозо этади!

Мана шу ажойиб манзарага термилиб ўтирган шоирни тасаввур қиламан: деразасидан тушган тола нурда товланаётган ҳаво (чанг) зарраларини Сомонйўли туркумининг ғиж-ғиж ва бижир-бижир юлдузларига ўхшатиб, ундан кўзини уза олмай қолган ва Борлиқ, Ҳаёт, Одам ҳақида теран ўй-хаёлларга толган киши албатта буюк шоир бўлади-да, дейман.

Эркин ака, менга сизнинг ижодингиз ёқади. Нимаси ёқади деб ўзимча кўп ўйлаганман. Топгандайман ҳам. Шеърларингизнинг юксак ички маданияти, (советга ва компартияга хизматни истисно этганда) мулоҳазаларингизнинг тўғрилиги ва теранлиги, шахсий дард ва дардчаларингизни асло шеър қилмаслигингиз (яъни, ғояда майдалашмаганингиз), миллийлик, ўйноқилик, ўзингизгагина хос ўхшатишларингиз… мени ром этарди кўпроқ.

Ўрис мустамлакаси даврида умуман адабиётимиздан, хоссатан сиз каби катта шоирларимиз ижодидан озодлик истаган кўнгилларимизнинг ташналигини қондирувчи ҳеч бўлмаганда ишоралар ахтарганларим, ҳатто шарқий қирғоқ билан ғарбий қирғоқ рамзан солиштирилган шеърингиздан шарқий қирғоқ фойдасига хулосалар чиқариб, ўзимча қувониб юрганларим эсимда.

Ниҳоят, тақдиримда битилган экан, “Ёшлик” журнали янги ташкил бўлган йилидан бошлаб уч-тўрт йил қўлингизда, наср бўлимида ишлаш насиб этди ва сизнинг муҳаррирлик фаолиятингизга ҳам меҳрим тушди.

Ўша йиллар мазасини ҳамон миннатдорлик ила эсимда ардоқлаб сақлайман, ўрганганларимни ҳаётга татбиқ этаман… Албатта, илк ижодини Исталиндан кейинги даврда – сиёсат юмшаган, мафкуравий ҳаволар бир оз илиқлашган паллаларда бошлаган сиз мансуб авлод онгида ижтимоий адолат туйғуси шакллана бошлаган эди, зотан у даврда ёзилган асарларда бу янги эпкин таъсири бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Шунинг учунмикан, орадан йигирма йилдан мўлроқ вақт ўтиб, Горбачнинг ошкоралик сиёсати бошлангач, шоир-ёзувчи қаламининг ижтимоий учи бирдан ўткирлашди, элимиз-юртимиз соғинган ғоялар куйлана бошлади.

Халқ қулоқ солди, эргашди. Қайта қуриш йиллари кичикроқ бир даврада ўтирганимизда: “Ёзиб қолинглар, дардларни айтиб қолинглар, яқинда бу дўконлар (ошкоралик. ‒ Н.М.Р.) ёпилиб қолиши мумкин”, деган эдингиз олтмишинчи йиллар илиқлиги кетидан совуқ шабадалар эсганига ишора қилиб. Шу битта ўгитингизданоқ мендек бир ёш қаламкаш сизнинг ижтимоий сиймонгизни ҳам яхши кўриб қолган эдим.

Билмадим, эсингизда борми-йўқми, бир куни қайсидир иш билан сизга учраганимда менга бир қоғоз узатдингиз. Ёзув машинкасида кўчирилган бир шеър. 1989 йили Тифлисдаги майдонга совет танклари киритилиб, тинч намойишчилар шафқатсизларча ўққа тутилган қонли воқеага бағишланган экан.

Шеър янги ёзилгани (ўша куни Тифлис воқеасидан қанча ўтган эди, ҳозир эсимда йўқ) билиниб турарди. Ота-боболаримиздан сизиб келган, юраклар туб-тубида яширин асраб-авайлаганимиз озодлик ҳақидаги орзуларимизни ошкоралик майдонларига тўкиб-солиб юрган кунларимиз эди. Тикка турган ҳолда ўқиб чиқдим.

Шеърингиз менга бўмбадай таъсир қилди. Ўзимни қўярга жой топа олмай қолдим. Қайта-қайта ўқидим. Ниҳоят: “Бошқаларга ҳам ўқитсам, кўпайтириб тарқатсак, майлими?” деб рухсат сўрадим. Балки элга ёйиш мақсадида ҳам уни ёш бир ижодкор қўлига бергандирсиз.

Ҳарҳолда, ошкоралик сиёсати ҳукм суриб турганига қарамай уни Ўзбекистондаги ҳеч қайси матбуот бирданига боса олмаслиги бор гап эди. Рухсатингизни олдиму “Бирлик” халқ ҳаракати паккаси жойлашган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси томон чопдим. Тифлисда рўй берган қонли қирғинбаротга Эркин Воҳидовнинг(!) муносабатини халқимиз тезроқ билиши мен учун жуда муҳим эди. “Бирлик” паккасида одатдагидек одам гавжум экан. Ҳовлиқиб шеърни ўқиб бердим.

Ҳали Компартия от устида турган, ҳали совет тузуми гоҳ Олмаота, гоҳ Вилнюс, гоҳ Тифлисда ваҳший кучини кўрсатиб пишқириб ётган бир пайтда бу каби шеърлар халққа кучли таъсир этиши, уни ижтимоий карахтликдан ижтимоий фаолликка уйғотиб юбориши, кўнглидаги ҳадикларни кетказиб руҳини кўтариб юбориши тайин эди. Шу боис зудлик билан уни кўпайтириб тарқатишга қарор қилинди. Ўзиям ўша замон ускуналарида(!) балки милён, балки ундан ҳам кўп нусха кўчириб тарқатилгандир шеърингиз!

Изтироб

Бетавфиқ раҳбарни сўкканим учун, 
Уч йил ётар бўлсам ётганим бўлсин. 
Унинг йўқ обрўйин тўкканим учун, 
Тўлов берсам борим сотганим бўлсин.

Халқимга қадрингни бил десам агар, 
Кураш, ҳақни ошкор қил десам агар, 
Бу қутқу аталса давлатга зарар, 
Қанча азоб бўлса тортганим бўлсин.

Амалдор дер эса, тузум ‒ мен ўзим, 
Фармон фармонимдир, сўз менинг сўзим,

Мен бундай тузумдан ўгириб юзим, 
Тамом жиноятга ботганим бўлсин.

Тифлисда халқ узра танк юборган зот, 
Шаънин қилар бўлса қонун эҳтиёт, 
Ўша зот коммунист бўлса, мен ҳайҳот, 
Фирқа дафтаримни отганим бўлсин…

деган жанговар сўзлар ёзилган эди унда.

Ҳа, Эркин ака, сиз шунақа Одам, шунақа Шоир эдингиз! Мухлисларингиздан бир мухлис, укаларингиздан бир ука, шогирдларингиздан бир шогирд ўлароқ кўп қатори мен ҳам сиз билан фахр ва ғурур туяр эдим.

Адабиёт миллатнинг виждони бўладиган бўлса, кам деганда мана шундай бўлиши керак, дердим. Аммо…

…бир куни сизни таниб бўлмай қолди, Эркин ака! Сиз сингандек эдингиз, худди сизни синдиришгандек… Жонингизга суиқасд уюштириб (тўғри, кейин сўзингиздан қайтиб ўқни тасодифий тош экан дедингиз) синдиришдими ё депутатлик курсисини бериб синдиришдими? Ё олдин синдириб кейин депутат қилишдими?

Синдиришларига нега жим рози бўлиб турдингиз? Сиз ким-у, сизни синдирганлар ким эди – улар сизга тенгми?!

Тенг қўйиш тугул, бир куни уларни ўзингиздан ҳатто устун билиб қолдингиз! Қадрингизни қачон ерга урдингиз, қачон арзимасларнинг оёғи тагига тўшадингиз у қадрни?!

Жалолиддин Румий ҳазратлари “Ичиндаги ичиндадир” асарида “Олимнинг амирнинг ҳузурига бориши зиллати (паст кетгани)дандир, амирнинг олимнинг ҳузурига келиши иззатидандир”, деб жуда чиройли айтган эканлар.

Эркин Воҳидов!.. Абдулла Орипов!..

Бу шарафли номлар бутун бир даврга ишорадир! Сизлар ўз қадр-қийматларингизни билмасангизлар, халқимиз жуда яхши билар эди! Сизларни таниб-билганидан бошига тож қилиб кўтарган!

Амирлар остоналарингизга келиб, ҳузурларингизга навбат кутишига лойиқ зот бўлганларингиз ҳолда нега амирлар остонасига бош эгиб бордиларингиз?! Қоринларингиз очмиди, устларингиз юпунмиди?!

Оллоҳга минг қатла шукр, оч ҳам, юпун ҳам эмас эдингизлар. Оч ё юпун бўлганларингизда ҳам сизлар маънан тўқ ва бой кишилар ўлароқ, миллатнинг виждони бўлиш шарафига эришган улуғ инсонлар ўлароқ амирларнинг, подшоларнинг иззат-икромига лойиқ эдиларингиз.

Халқ бошига тож қилган сизлардай зотларга лойиқ даражада муомала қилмаса, ундай амиру подшоларнинг бир мирилик ҳам қиймати бўлмас. Сизлар амирларнинг остонасига бориб қанчалар паст кетган бўлсангизлар, амирлар сизларнинг остоналарингизга бош уриб келганида Ҳақ ҳузурида ҳам, халқ ҳузурида ҳам шунчалар иззат-икром топган бўларди. Яъни, қорин тўқ, уст бут, мартаба улуғ бўлсин деб руҳан ва маънан сингандан кўра қорин оч, уст юпун ҳолида иззатни сақлаб, Ҳақ ва халқ ҳузурида улуғ мартабаларни қозонган аъло эди. Замонларга шуниси қолади, замонлар ана шундай эрларни эъзозлайди.

Бироқ сиз каби машҳур адибларимизнинг хоссатан “мустақиллик”дан кейинги ижтимоий фаолияти мухлислар кўнглида доғли аламлар қолдирди. Нега? Чунки мамлакат ҳаётида, айниқса маънавият соҳасида жиддий ўпирилишлар бўлиб ётибди, лекин адабиёт жим, сизлар жим, ҳаммамиз жим, кўрсак ҳам кўрмаганга олиб турибмиз:

‒ сиёсат борган сари ёввойилашиб бормоқда; қаерга қараманг адолатсизлик, одамларда кичкинагина ҳам ҳуқуқ қолмаяпти;

‒ қамоқхоналар ҳақсиз қамалганлар билан лиқ тўла, каталакдай хоналарга бир ярим баравар, айрим қамоқхоналарда икки баравар кўп маҳбус тиқиб ташланган;

– жамиятда ўғрилик, фирибгарлик, зўравонлик кучайди, алдов маданийлашди; давлат мулкини талашнинг турли замонавий йўллари чиқиб кетди;

– порахўрлик мисли кўрилмаган даражада юксалди;

– пахта ва буғдойда яна қўшиб ёзишлар бошланди, ҳатто очиқ тус олди, режада кўзланган марралар пул билан дўндириляпти;

– халқнинг катта бўлаги амал-тақал қилиб кун кўраётир, ўшанда ҳам кўпларнинг чет элларда мардикорлик (қуллик) қилиши эвазигадир;

– аёллар – уйларимизнинг маликалари болаларини жамиятга чиройли тарбиялаб чиқаришдек вазифаларини ташлаб, бир тишлам нон илинжида кўчама-кўча, уйма-уй изғиб юрибди; тунги клуб (исловатхона)ларда ва чет элларда тан (номус)ларини сотиб бузуқликка ботган;

– халқимизнинг умумий ахлоқий аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб кетяпти, ёшлар орасида бузуқчилик урчиди, таълим соҳасидаги коллеж тизими ёшлар тарбиясини тўла издан чиқарди, ҳатто совет даврида мустаҳкам бўлиб келган оила тизимимиз бузилишга юз тутди ‒ булар ҳаммаси жамиятнинг қудратли тозаловчи иншооти бўлмиш дин қувғинга учраган, сиқув остига олинган, даъват йўллари кесилган, болаларга диний тарбия қатағон қилинган бир вазиятда юз беряпти;

– адабиёт соҳасига келсак, сўз эркинлиги тўла-тўкис бўғилиб, ёт ғоя ўлароқ ҳаётимиздан узил-кесил сиқиб чиқарилди, ўттиз милёнли бир мамлакатнинг фикрий майдонида шўппайиб Бир Кишигина қолди, бутун бошли мамлакат унинг ақл даражаси билан кифояланишга мажбур, алмойи-алжойи гапларини эшитишга, энг ёмони, бу алмойи-алжойи гапларни энг доно, энг олий фикрлар деб қабул қилишга мажбур, улардан ошириб гап айтишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди ва ҳоказо; натижада миллат ижтимоий-фикрий тараққиётдан анчагина орқада қолиб кетди; шу кетиш бўлса, орадан ҳеч қанча ўтмай халқимиз дўст билан душманни ажратолмай қолади, ҳатто отасини танимайдиган ҳолга тушади…

…лекин нимагадир бу ишларни кўриб турган, тушунган, элига-юртига қайғуриши лозим бўлган адабиёт жим, Эркин Воҳидов жим, Абдулла Орипов жим, деярли ҳамма жим! Мум тишлаганмиз гўё. Адабиёт нимадан қўрқади, Эркин ака? Ё мамлакатда фақат ижобий ишлар бўляптими?! Ҳозиргина санаганимиз балки юздан бир, мингдан бир салбий ишларни адабиёт салбий ҳисобламайдими ё?!

“Улуғ”имизга бу қадар маҳлиёликни қандай тушунсак бўлади?! Муштипар халқимиз яқин кечмишда юз берган Исталин шахсига сиғиниш таъсиридан ҳали тўла-тўкис қутулиб улгурмай энди Ислом Каримов шахсига сиғинтириш бошлаб юборилгани наҳот зиёлиларимизни хавотирга солмайди?!

Неча йиллардан бери мамлакатда босқичма-босқич, қаватма-қават репрессия кетяпти – кўрмаяпмиз-эшитмаяпмизми?!

“Террорчиликка қарши кураш” ниқоби остида мутлақо гуноҳсиз қанчадан-қанча имонли-ибодатли ўғил-қизимиз гулдай умрини узоқ муддатли қамоқларда ўтказяпти, ёш-ёш болалари эса бу ёқда отасиз-онасиз ўсяпти. Бу кўнгли ўксик, бағри кемтиклар эртага қанақа жамиятни ташкил этади?!

Оқсарой эгаси эса йигирма йилдан бери ўзининг бош ташвиши билан банд ‒ мамлакатнинг Асосий Қонунини неча бор бузиб, ўзини қайта-қайта “сайлатиб” келяпти. Шу ишми?!

Кўтариб чиқилиши ва ҳал этилиши лозим бўлган бу каби қанчадан-қанча долзарб масала турганида, матбуот ҳаётнинг чинини бир четга суриб қўйиб, қимматли саҳифаларини ёлғон-яшиққа тўлдириб ташлаган – онгимиз-шууримизга бир хилдаги ахлатини тўкиб ётибди; радио-телевидение тишсиз оғизларини тандирнинг оғзидай катта очиб, эртаю кеч “амир”имизга ҳамду сано алангасини гуриллатади, “мустақиллик”ни дин, унинг “меъмори”ни илоҳ даражасига чиқаришга урингани уринган.

Бугун телевидение насроний руҳли ё бузуқ киноларни кетма-кет кўрсатиб, мамлакатимизга қанақа қадриятларни олиб киряпти, нима ишларни тарғиб қиляпти?!

Бозори ўтмай қолган ашулачию ўйинчиларни битта чойхонага йиғиб олиб, майда-чуйда ”гап”ларини, ҳиринг-ҳиринг ва ҳо-ҳоларини ўттиз милён халққа ибрат қилиб тақдим этяпти. На бир маъни, на бир ҳикмат бор уларнинг шилта “гап”ларида!

Халқнинг боши гаранг бўлиб қолди, кимга эргашишни билмайди, теле экранларини спортчию ашулачи эгаллаган, ёшлар Ватан, миллат тарихини билмайдиган, отасини, онасини яхши танимайдиган, мамлакатда фақат Бир Кишини кўрадиган, ўша кишининг даражасида фикрлайдиган манқуртларга айлана бошлади…

Бу каби ҳолатлар ўйлашга, бонг уришга арзимайдими?! Булар ҳақида миллатнинг виждони бўлмиш адиблар қайғурмаса, ким қайғуради?! Хуллас, айтаман деса гап кўп, Эркин ака. Зотан, бу айтилганларинию айтилмаганларини ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз.

Мени ва мен каби ҳайрон халқимизни ўйлантириб турган нуқта ўзи шу – нимага кўриб-билиб туриб адабиётимиз дарғалари индамаяпти? Нимага Эркин Воҳидов индамаяпти?

Нимага олис Тифлисда тўкилган қон учун ўша дамлардаги энг обрўли гувоҳномасини – коммунистлик билетини отишга тайёр бўлган виждон эгаси йиллар давомида гуруҳ-гуруҳ қамоққа отилаётган, у қамоқхоналарнинг зах ертўлаларида сирли равишда ўлдириб юборилаётган, ҳеч бўлмаганда сил қилинаётган минглаб, ўнминглаб ватандошимизнинг бошига тушмиш қора кунларни кўра-билатуриб бу замоннинг обрўли гувоҳномасини – депутатлик ё қаҳрамонлик мандатини отишга журъат топмади?!

Тифлисдаги қирғинни кўриб-эшитиб қайнаб тошган виждон, ғайрат нимага Андижонда ёш-ёш йигитлар, қизлар, эрлар, аёллар, чоллар, кампирлар – қанчадан-қанча инсонимиз шафқатсизларча отиб-қириб юборилганини кўриб-эшитиб ҳам қайнаб кетмади?! Қайнаш не, ҳатто қилт этиб қўймади! Нимага депутатлик ё қаҳрамонлик гувоҳномаси улоқтирилмади?! Олисдаги гуржининг жони у қадар қадрли, ўз халқининг жони бу қадар қадрсизми адабиётимизга?!

Шунга ўхшади… Шунга ўхшайди… Бўлмаса, Гуржистонда ўлганларга ачинган юрак Ўзбекистонда ўлдирганга ачиниб ўтирармиди!

“16 февраль 1999 йил” шеърингизда сиз кўксингизни асли ҳимояга муҳтож халқнинг ҳимоясига тутмай, асли ўқ отган золимнинг ҳимоясига қалқон қилганингиз “Андижон қирғини”дан кейин ҳам сиздан халқ ҳимоясига бир нарса кутиб бўлмаслигини кўрсатган. Ачинарли… афсусланарли…

Ўшанда, эсингизда бўлса, “16 феврал” воқеаларини чуқур таҳлил қилмай, ҳукумат тушунтиришини шошма-шошарлик билан мутлақ ҳақиқат деб олганингиз давлатга жуда қўл келди ва шеърингизни давлат 16 февралдан сўнг “хит” қилиб юборди: деярли барча нашрларда бостирди, ТВда ўзингизга қайта-қайта ўқиттирди:

“16 ФЕВРАЛЬ 1999 ЙИЛ

Бу дунёда яхши, ёмон кунлар кўрдим, 
ўкинчим йўқ, майли, йиллар қаддим эгсин. 
Мен ҳамон бир аскарингман, она юртим, 
Сен томонга отилган ўқ менга тегсин.

Ҳали комил атолмасман маконимни, 
Бекам одил санолмасман замонимни. 
Лек киприкда сақлайман бу давронимни, 
Бу давронга отилган ўқ менга тегсин.

Юртим, олис йўлга чиққан карвонинг бор, 
Карвонингга посбон уйғоқ сарбонинг бор, 
Эл дардида халоватсиз ўғлонинг бор, 
Шу инсонга отилган ўқ менга тегсин.

Тонг нурисан, ватан, қалбим осмонида, 
Эркинг азал аждодларнинг армонида, 
Меҳринг абад авлодларнинг имонида, 
Шу имонга отилган ўқ менга тегсин”.

Бу сатрлардан, айниқса, бу ерда бўяб кўрсатилган банддан сиз энди бундан кейин мўлжалингизни қай томонга бурганингиз англашилади. Бу ҳол нимадан далолат?

Демак, адабиёт ва ҳақиқат майдонларида ишлатсин деб берилган юксак истеъдод, назокат ва зарофатлар арзимас бир сабаб билан арзимас бир мақсадларга қурбон қилина бошланди. Шуниси алам!

Эсингиздами, мамлакатда “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони таъсис этилиб, унинг биринчисини кимга бериш масаласи Олий (?!) Мажлисда кўтарилиб, “тахтнинг абадул абад ва танҳо эгаси” ёлғондакам камтарлик ила:

“Мени тинч қўйинглар, бошқанинг номзодини кўрсатинглар”, дегандай озгина ноз қилганида1 сиз, Эркин ака, юмшоқ курсида жим ўтира олмай қолдингиз, ичингизда нимадир қайнаб кетди, минбарга отилиб чиқдингиз ва бутун истеъдодингиз, назокатингиз ва зарофатингизни ишга солиб:

“Биласиз, Ислом ака, мен сизни ҳурмат қиламан, ҳамма гапингизга доим хўп деб келганман, аммо… аммо бу гапингизга “Йўқ!” дейман… “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига ҳаммадан олдин Сиз лойиқсиз!” деб юбордингиз!

Давомли ва гулдурос чапаклар. Яшасин миллат виждони! Президентга, унинг сўзига бемалол қарши бора олди! Шундоқ бетига қараб туриб «Йўқ!» дея олди! У киши тахтга ўтирганидан бери ҳеч ким кўрсата олмаган жасоратни бир буюк шоири тили билан кўрсатди! Олқишлар ва яна олқишлар!..

Лекин, киноя қилмаган тақдиримизда ҳам, тан олишимиз керак: ўша кунигача… ва то бугунгача биров бунақа сўз демади, кейин ҳам бундан ошириб дея олмаса керак!

Сўз қадри бу қадар ерга уриладими! Ҳақиқат устидан бу қадар кулинадими! Эзилган, хўрланган халқни яна бу қадар хўрлаш бўладими! Андижонда тинч аҳолига қарши ўқ узишга каловланган ҳатто мелисамизда, армиямизда озгина виждон бор экан, адабиётимиз нега виждонини йўқотди?! Қаёққа кетди Имон, Инсоф, Виждон, Ҳамият, Ор, Номус?! Наҳот ишонган тоғларимиз “муҳтарам Юртбоши” тўқиган: “Андижонда кўчага чиққанлар террорист эди, оқимчи эди”, деган чўпчагига ишонса? Қайнаб кетиши лозим бўлган адабиёт виждони шу чўпчакнинг муздай суви билан совиб, ухлаб қолдими ё?

Бутун бошли СССРдай давлатнинг тугашини талаб қилиб майдонга чиққан Тифлис халқи “тинч аҳоли”-ю, оддийгина инсонлик ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, президент ҳузуримизга келсин, дардларимизни эшитсин, деган содда талаб билан кўчага чиққан ва, президентимиз келадилар, дея гўлларча умид қилиб турган шўрлик халқимиз “террорчи”, “акромчи” бўлиб қолдими?

Айтгандай, президент чиндан ҳам Андижонга борди, аммо қўналғадан ташқари чиқмай, бутун “меҳр-муҳаббати”ни ўқлар кўринишида халқининг боши узра ёғдирди!

Ҳа, ўз вақтида советнинг давлат бошлиқлари ҳам Тифлис майдонига тўпланганларни “бўлгинчилар”, “наркоманлар” деб айблаб ўққа тутган, қирғинини шундай кир мағзавалар билан оқлашга уринган, айбини шунақа ниқоблар остига яшириб хаспўшлаган эди. Аммо сиз бу чўпчакларга ишонмай, халққа ўқ узганлар билан бир партияда турмайман, дея ҳайқириб партбилетни улоқтиришингизни эълон қилдингиз!

Нега у замонки давлат бошлиқларининг чўпчагига ишонмадингиз-да, бу замонки давлат бошлиғининг чўпчагига лаққа тушиб ишониб ўтирибсиз?!

Жавоби оддий: у замонда адабиёт, қисқа муддатга бўлса-да, ундан кутилган ҳақиқий мақомга чиқиб, миллатнинг виждонига айлана бошлаган эди, бу замонда эса, яна қайтадан “битта ёғли суяк илинжида амирларнинг остонасини ялайдиган ювиндихўр” даражасига тушиб қолди. Афсус, афсус…

Тўғри тушунинг, Эркин ака, сизни ҳақ сўзнинг ва халқнинг энг олдида кўришни истаганим ўзимни ва бошқаларни бир четга олиш ва масъулиятдан қочиш эмас, балки биз каби укаларингизнинг сўзидан Сиз каби улуғларимизнинг сўзи салмоқда ҳам, таъсирда ҳам ўта кучли эканини ҳис этганимдандир.

Эркин ака, хатим услуби балки қаттиқ туюлар, балки бўёқларни ўта қуюқлаштириб юбораётгандирман. Халқимиз тилига чиқара олмай, ҳатто қудуққа ҳам айтишга қўрқанидан ич-ичида сақлаб келаётган гапларидан айримларини етказиб қўйяпман, холос. Ифодани дард миқёси белгилайди. Яъни, оғриқ қанча кучли бўлса, одам шунча қаттиқ додлар экан.

Сўзларим кўнглингизга оғир ботмасин, оғир ботаётган бўлса, менинг сизга дўстлигимдан, самимиятимдан, сизга ва ижодингизга муҳаббатим кучлилигидан деб билинг. Ҳарҳолда, ушбу аламларим сизга, ижодингизга муҳаббатимдан туғилаётгани аниқ. Бу оғриқли гапларни орқадан ёки замон ўтганидан кейин айтгандан кўра, бетингизга ва айни шу дамда айтишни афзал кўрдим. Бунда сиз учун ҳеч бўлмаганда муаллиф билан мунозара қилиш ёки жамиятнинг бугунги аҳволига ва ўтган у қайғули ишларга ўзингизнинг муносабатингизни очиқ билдириш, иложи бўлса, ҳақиқатни айтиб кетиш имкони бўлади.

Кўрганман ва ишонаман: сизда адолат туйғуси кучли. Нимадир сабаб билан устини вақтинча кул босгандир. Бор нарса йўқолиб кетмайди, албатта яна қайта кўринади ва борлигини билдиради, иншаоллоҳ.

Эркин ака, халқ сиздан, сизнинг тимсолингизда адабиётимиздан гўзал шеърлар, гўзал хотира мақолачалар қатори ижтимоий бир қўллов ҳам кутяпти. Халқимизга “бошини силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондек арзанда” бўлиб турган бу кунларда сиздай шоирларимизнинг юрак қўри билан айтган Сўзи унга албатта улкан далда бўлади!

Адабиёт халқнинг ёнида туриши, ҳақсизликларга ва зулмга муносабатини очиқ билдириши керак. Аслида, сизга ва Абдулла Ориповга очиқ хат битишдан кўзлаган ниятим ҳам шу эди. Сизларнинг бир замонлар момақалдироқ каби гулдираб халқимизнинг уйғонишига, кўзи очилишига хизмат қилган сиёсий-ижтимоий шеърларингизни бугунги кўз билан боқиб сиёсий-ижтимоий томондан таҳлил этишга ҳаракат қилдим, холос.

Таҳлил зарбини “Изтироб” ва “Оломонга” шеърларининг зарби белгилади деб ўйлайман. Яъни, сўзларим бир оз аччиқ ва кескин чиққани иккала шеърнинг зарби қаттиқлигидандир.

Тарихлар кечади, гуркираган салтанатлар сўлади, мустаҳкам ва абадий бўлиб туюлган тахтлар қулайди, подшолар келиб кетади, золимларининг номлари тарих ахлатхоналарида йўқ бўлиб кетади, аммо Ҳақ Сўз қолади!

Бу Ҳақ Сўзни айта олган шахс ҳам шон-шарафларга бурканиб, замонлар аро юракларда яшайди, яшнайди! Тайини йўқ бир ҳовуч сиёсатчи кимсага куни қолган, эгасиз, чорасиз, паришон халқимиз Сиздан ва Сиз каби улуғларидан дардига малҳамни – Ҳақ Сўзни кутади.

Миллатнинг виждони бўлмиш динимиз ва адабиётимиз ўртага тушишини, мазлумни орқасига олиб, зулмга қарши кўксини қалқон қилишини, ўзига Эга чиқишини истайди2.

Кичик хулоса
ФУРСАТ КЕЛМАДИМИ?

Тўғри тушунайлик: суюкли мамлакатимизда юзага келган бугунги маънавий ва сиёсий ўпирилишлар ҳисоби битта Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовдан сўралмайди.

Ўзини адиб, олим ҳисобловчи ҳар бир зиёлидан сўралади. Сизу биздан сўралади. Бу аччиқ таъналар энг олдин ўзимга, қолаверса, ҳаммамизга тегишлидир. Фақат, даражаси юксакларга талаб ҳам катта қўйилиши удумига кўра, ушбу дардларимни ўзим суйган икки буюк ижодкорга тўкиб-солгим келди.

Хоҳлаймизми-йўқми, тан оламизми-йўқми, қиёмат бор, охират бор, савол-жавоб бор. Олимларнинг савол-жавоби қаттиқ бўлади, чунки улар биладилар. Шундай экан, қиёматдан қўрқайлик, тиригимизда охиратга ҳозирлик кўрайлик, савол-жавоб диёрига шаънимиз булғанмаган, юзимиз ёруғ ҳолда борайлик.

Ушбу икки хатда билдирган фикр-мулоҳазалар билан барча адибларга, барча шоирларга, барча олимларга, барча зиёлиларга, барча маслакдош ёр-ошналарга мурожаат этаман:

Ҳақ Сўзни айтиш фурсати келмадими?!

Шу азиз ватан чиндан ҳам барчамизники бўладиган бўлса, унинг бошқарувини сурункали Бир Киши иродасига топшириб қўймасдан, ҳаммамиз қўлга олайлик! Тарихига, бугунига, келажагига барчамиз эга чиқайлик, ишларини барчамиз бирга юритайлик.

Тўғри, давлатни бошқариш катта салоҳиятни, лаёқатни талаб этади, дуч келган одам подшо бўлавермайди. Сиёсат билан сиёсатчилар шуғулланаверсин. Аммо ҳар он халқнинг кўзи ўнгида, назорати остида шуғуллансин, етти қават девор орқасига беркиниб олмасин.

Халқда бошлиқлари ишини текшириб туриш, ишониб топширилган ваколат доирасидан четга чиқиши билан уни тўғрига йўллаб қўйиш, кўнмаса, алмаштириш қобилияти ва ҳуқуқи албатта бўлиши керак.

Бир қўлга чексиз ҳокимият бериб қўйилса, ҳар қандай одамнинг нафси аста-секин фиръавнлашади. Бошқача айтсак, бир юмалаб чексиз ҳокимиятга эга бўлиб қолган одам, агар у ўн карра яхши одам бўлса ҳам, эртага нима кароматлар кўрсатишини билиб бўлмайди. Камдан-кам киши ўзини сақлай олади.

Тарихимизда оқил, одил подшоҳлар ҳам ўтган, аммо кам келган. Ҳозир ҳамма соҳа қатори давлатчилик ҳам юксак даражада ривожланди, давлат билан халқ ўртасидаги муомала-муносабат чегараларини белгиловчи хилма-хил ўлчовлар, бир-бирига таъсир кўрсатувчи омиллар ишлаб чиқилди. Бизнинг мамлакатда ҳам мана шундай ўлчов ва омилларни йўлга қўйиш керак.

Биз адабиётчилармиз, асосан адабиёт билан шуғулланамиз, сиёсат бизнинг тўғридан-тўғри ишимиз эмас, аммо бу дегани адабиётчилардан сиёсатчи чиқмайди дегани ҳам эмас, сиёсатни мутлақ ўз ҳолига ташлаб қўямиз дегани ҳам эмас. Айниқса, ўртада Ватан, Халқ, Миллат масаласи турганида! Айниқса, сиёсатчилар замон талабига жавоб бера олмай қолганида!

Бундай паллаларда шу миллатнинг виждони бўлишни елкасига олганлар доим ўз Сўзини айта олиши, давлатнинг ўткинчи бошлиқлари томонида эмас, шу давлатни бор қиладиган, мамлакатнинг асосий бойлиги бўлган, ватанни ватан қилиб турган халқ томонида туриб, сиёсатчиларни асло йўлдан тойишга қўймаслиги, шу маънода уларга ёрдамчи бўлиши керак.

Аксинчаси – халқни эзишида, ўғрилик қилишида, зулмда, ватанни сотишида уларга ёрдамчилик қилиш хиёнатдир. Ҳақиқатга хиёнат, халққа хиёнат, омонатга хиёнат, қаламга хиёнат, Ватанга хиёнатдир! Бошқа нарса эмас!

Оллоҳ таоло ақлимизга озгина фаросат берган, юракларимизга ҳассосият юқтирган, қўлларимизга қалам тутқазган бўлса, буларнинг ҳаммасини ватаннинг, миллатнинг оғирини енгил қилиш учун омонат қилиб берган ва бу омонатни ҳаққи-ла адо этишга буюрган. Акс ҳолда, миллатнинг ойдинлари елкаларидаги асосий вазифани бажармаган бўладилар.

Теварагимизга зийрак ва ҳушёр боқсак, афсус, бугун бизнинг мамлакатимизда дўст олдида ҳам, душман олдида ҳам одамни хижолатларга соладиган ҳолатлар юзага келганини кўрамиз. Матбуотимизни ўқинг, радиога қулоқ солинг, телевизорни томоша қилинг. Ахир:

Ҳамма яхши ишларнинг ташаббускори фақат Бир Киши бўлса – УЯТ ва АЙБ!

Бир Кишидан бошқа ҳеч ким ватан ва миллат учун қайғурмаса, юртининг равнақи учун ҳеч қандай ташаббус билан чиқмаса, ҳеч қандай иш қилмаса – УЯТ ва АЙБ!

Ички ва ташқи сиёсатдаги ҳамма ютуқлар Бир Кишиники, барча ютқизиқ ва камчиликлар ўттиз милён халқники бўлса – УЯТ ва АЙБ!

Йигирма йилдан бери бир хил ҳолат: вилоят ва туман ҳокимлари қачон алмаштирилса, барча хато-камчилиги биттама-битта саналади ва ҳаммаси ҳар гал уларнинг бўйнига илинади, аммо ўша вилоят ва туманлардан иборат улкан Ўзбекистон мамлакатида йўл қўйилган бу хато ва камчиликлар учун жавобгарликни шу юртнинг танҳо эгаси, ҳамма ишлар ташаббускори ва тепасида турган, ўша ҳокимларни ҳам танлаб мансаб бериб қўйган зот бирон марта ўз елкасига олмайди – УЯТ ва АЙБ!

Нимани гапириб, нимани гапирмасликни Бир Киши белгилаши, ўттиз милёнли халқни, худди қўйподадек, эркин фикрлаш ва фикрларини очиқ баён этиш даражасига етмаган деб ҳисоблаб, ундан сўз эркинлиги ҳуқуқини олиб қўйиш – УЯТ ва АЙБ!

Ўттиз милёнли катта бир халқ ичидан давлат сиёсатининг тўғри томонларини қувватлаб, хато ва камчиликларини дадил гапириб, уларни тугатиш йўлларини кўрсатиб турадиган биронта жасоратли, лаёқатли, салоҳиятли кимса топилмаса – УЯТ ва АЙБ!..

Бунақа УЯТ ва АЙБлардан яна юзлабини санаса бўлади.

Кўриб турибмиз, эшитяпмиз, ҳар куни шу уят ва айблар ичига ботиб яшаяпмиз. Синчиклаб қарасак, бу айблар фақат ўша Бир Кишиники бўлиб чиқмайди, айланиб-ўгирилиб келиб сиз билан бизнинг бўйнимизга ҳам тушади. Нега деганда, биз ҳаммасини кўра-билатуриб сас чиқармадик, қўрқдик. Оиламизга, бола-чақамизга, ишларимизга, тижоратимизга ва ҳоказо манфаатларимизга зарар етади деб қўрқдик, дардларимизни ва дамимизни ичимизга ютдик… Ва бугунги натижага келиб турибмиз.

Тарихда ва дунё тажрибасида кузатилган бир оддий ҳақиқат будир:

Ҳеч ким бир кунда золим, яккаҳоким, диктатор бўлиб қолмайди! Золимларни қўрқоқлар яратади, қўрқоқлар тарбиялайди, қўрқоқлар етиштиради! Сўнгра жабрини ҳам қўрқоқлар тортади!

Ҳазрати Мусо (у Зотга Оллоҳнинг саломи бўлсин) замонида яшаган фиръавн ҳам бошлабига оддий фиръавн (шоҳ) эди. Оғзидан чиққан маънили-маънисиз ҳар буйруғи ортиғи билан ва сўзсиз-мулоҳазасиз бажарилаётганини кўравериб, чегарадан ошди. Қавмининг қўрқоқлиги ва унга сиғингудай ерга ётиб олишидан ўзини худо деб чоғлаб қолди. Чоғлаш не, ўзини чинакам худо деб эълон қилди! “Хоҳлаганимни яшатяпман, хоҳлаганимни ўлдиряпман, демак, мен худоман!” деди3!

Аммо Оллоҳ таоло суюкли пайғамбари Мусони (у Зотга Оллоҳнинг саломи бўлсин) юбориб, фиръавн аслида ким эканини кўрсатиб қўйди. “Ҳар фиръавнга бир Мусо” деган ибратли гап шундан қолган.

Ўзбекистон президенти ҳам илк паллаларида кўп бошлиқлар қатори оддий бир бошлиқ эди. Балки у кезлар келажакда бу қадар зулм қилишига тўғри келиши ўзининг ҳам етти ухлаб тушига кирмагандир. Бошда ижобий бошлиқ бўлгандир ҳам.

Ўтган аср тўқсонинчи йиллари бошида Ёзувчилар уюшмасида ўтган тор доирадаги бир йиғинда ёзувчи-шоирлар билан Ислом Каримов ўртасига тушиб орачилик қилган Шукрулло Мирсаидов (у пайтлар зиёлилар орасида обрўли шахс!) оғзидан: “Ислом Абдуғаниевични қўллайлик, у миллатпарвар, ватанпарвар одам, озгина фурсат ва имкон берсаларинг, кўп яхши ишлар қилмоқчи…” каби ижобий фикрларни эшитган эдик.

Чиндан, бошланиши унча ёмон бўлмади4. Ҳозирги ҳолатига қиёсласа-ку, ҳатто бирмунча яхши ишлар бўлди! Аммо бора-бора халқ жиловни қўлдан берди, зиёлилар ва матбуот президентнинг хатоларига кўз юмди ва аста-секин суриштириб турувчилик мақомидан сўровчилик-тиланчилик мақомига инди, остонасини ялашга қатор турди.

Бир сўз билан айтганда, оммага суянчиқ бўлиш, унга далда бериб туриш ўрнига, қўрқа бошладик ва… энди, мана, неча йиллардан бери жабрини ҳаммамиз биргаликда тортиб ётибмиз.

Албатта, Оллоҳ таоло бу ҳолларга қарши ҳам яхши бир ҳолни, бу подшога қарши ҳам бир мусосини тайёрлаб қўйгандир. Ҳозирча эса, эринган одамгина бизнинг ҳолимизга кулмайди, эринган кишигина тушиб қолган аҳволимизни кўриб ажаб бўлсин демайди.

Тўғри, президент ҳозирча ўзини “худо” деб очиқ эълон қилмади, аммо шахсига сиғинишларнинг йўлини ҳам тўсаётгани йўқ. Ҳатто айрим қамоқхоналар бошлиқлари қўли остида қон қусиб ётган мўмин-мусулмонларга хонасидаги деворда осиғлиқ силлиқ юзли жонсиз бир суратни кўрсатиб: “Менинг худойим мана шу одам!” деб ҳайқирганлари ҳақида ишончли, ёзма гувоҳлар бор.

Бу ҳол қачонгача давом этади? Халқимиз, Ўзбекистонимиз бу аянчли ҳолатдан қачон қутулади? Фикрий ва маънавий тараққиётдан қачонгача орқада қолиб юрамиз? Бир куни бу саволлар жавоби албатта сўралади. Ўшанда уялиб қолмайлик десак, бугун ўзимизни тўғрилаб олайлик.

Бундан кейин мамлакатнинг қайси йўлдан боруви, қай томонга оғуви миллатнинг виждони бўлмиш дин арбоблари, адиблар ва олимлар ўзларини қандай тутишларига боғлиқ бўлиб турибди. Ё ишлар эски тос эски ҳаммомлигича қолаверади, ёки тезда ҳушимизни йиғиб, бўлаётган бу барча ишларга холис муносабатимизни билдирамиз, зулм ва адолатсизликларга кескин чек қўйишга чақирамиз ва халқимизга суянган ҳолда ўзимизда жасорат топиб, “Тўхтатилсин!!!” деймиз.

Ишкалли давлат чинакам адабиётдан, унинг тоза, саҳиҳ эътиқодли вакилларидан қўрқади. Қаттиқ қўрқмаса ҳам, доим ундан чўчиб-хавфсираб туради. Нега?

Чинакам адабиёт ҳамиша ҳақиқатни айтади. Ишкалли давлат ва ҳокимият эса айби очилишини сира истамайди. Айбимни кўрсата-кўрсата, охири ҳокимиятимни олиб қўяди деб ўйлайди. Ҳолбуки, адабиётнинг бирламчи вазифаси давлатни қўрқитиш ё уни ағдариш ва эгаллаш эмас, балки жамиятни тўғрилик ва адолат йўлида ‒ Ҳақ йўлида тарбиялашдир. Тўғрилик асосида тарбияланган жамият ўзига мос ҳокимиятини ўзи етиштириб-парваришлаб олади.

Тарбия олган, ватанини севган жамият хилма-хил вазиятларда ҳам бир маромда ва бузилмай ишлайдиган тизимни яратишга қайғуради. Тасодифий одамлар давлат тепасига келиб қолишига эҳтимол ҳам қолдирмайдиган инсонпарвар тузумни оёққа турғазади.

Дин ва адабиёт бу улкан ва эзгу вазифасини бир зум ҳам унутмай, доим иш бошида туриши миллат учун тириклик ё ўлим масаласи каби жуда аҳамиятлидир. Дин ва адабиёт тарбия билан жиддий шуғулланмай қўяркан, бугунгидай аянчли ҳолга тушишимиз муқаррар. Қолаверса, бу ишдаги заррача бўшанглик ва вазифасига хиёнатни келажак ҳам кечирмайди.

Зиёлилар – халқимизнинг ойдин кишилари ҳар бирлари деразадан тушган тола нурдагина бижир-бижирлаб кўринувчи қийматсиз чанг зарралари эмас, балки осмондаги чин юлдузлар кабидир.

Осмон бўйлаб сочилиб ётганида ҳам бу юлдузлар ҳар бири ёруғлиги даражасида теварагини ёритади албатта, аммо бир-бирига яқин келса, ҳар бири ўзининг ёруғлиги билан келиб бирикса, худди Сомонйўли туркуми ҳосил қилгани каби, муҳташам бир ёруғликни – нурли йўлни ҳосил қилади. Ва энди бу ҳақиқий нур ҳар бир уйнинг деразасидан тола-тола, тарам-тарам бўлиб кириб, у хонадонларда чинакамига живир-живир товлана бошлашини бир зум тасаввур этинг!.. Қандай яхши!

Ҳаётнинг нурли томонлари бўлганидек, сояли қисми ҳам бор. Соя борлигидан нурни, нур борлигидан сояни кўрамиз. Бошқача айтганда, нур сояни бўрттириб кўрсатади, соя нурнинг қадрини оширади. Нурни (яхшиликни) кўпайтирган сарингиз соянинг (ёмонликнинг) чегараси кичрайиб бораверади. Сомонйўли туркум юлдузлари каби бириккан зиёлилар теваракларидаги зулматни бурчак-бурчакларга қисиб ташлайди, иншаоллоҳ.

Тарбиянинг муҳим воситаларидан бири ўлароқ дунёга келган адабиётимиз аслида миллатнинг виждони эди, Оллоҳ иродаси ва ёрдами-ла бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажак.

Виждонларимиз уйғонсин, ғафлатда ётган онг ва юракларимизга тинчлик бермасин, яъни онгларимизни кул-чанглардан тозаласин, юракларимизни адолат туйғулари билан кучлантирсин, ҳаммамиз ва ҳар биримиз ҳар доим Ҳақ Сўзимизни айтайлик! Мамлакатда кечаётган салбий ишларга зиёлилар парвосиз эмаслигини билдириб қўяйлик!

Ҳаммамизнинг мақсадимиз бир – Ватанимиз гуллаб-яшнасин, барча қинғир ишлар тўхтасин, Ўзбекистон халқлари бир тан-бир жон бўлиб диёримизнинг ҳур, эркин, чинакам мустақил бўлиши йўлида хизмат қилсинлар.

Ушбу мурожаатнома матнига рози бўлганлар имзо чекишлари сўралади. Айрим қўшимчалар киритиб ёки айрим шартларни қайд этиб имзо қўйиш ҳам мумкин5.
1.
2.
3.
4.
5.
6.
7.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “БУ КУНЛАР” китобидан. (76-90 саҳифалар)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com

Изоҳлар: 

1.Ёлғондакам бўлмаганида президент сўзида охиригача қаттиқ турарди ва унвонни биронта лойиқ кишига ўтказиб юборган бўларди. Тескари ҳол юз берди: Президент илк “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини мамнуният билан қабул қилди!
Унинг камтарлиги кўз бўяш учун эканига бошқа ёрқин мисол бир замонлар Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Мавлон Умрзоқов ҳикоясида келади. Бу ҳикояни у қамоқда ‒ Ички Ишлар вазирлиги ертўласида ётганида ўзи каби бир машҳур маҳбусга айтиб берган: “Президентнинг феълини сира тушуниб бўлмайди. Фарғона шаҳрига кираверишда улкан арк қурилиб ўртасига Ислом Каримовнинг қабариқ сиймоси туширилди, ҳокимият ичига бюсти ўрнатилди. Шунда президентнинг ўша пайтдаги матбуот котиби телевизорга чиқиб, “кейинги вақтларда айрим вилоятларда президент шахсини улуғлаш кучаяётгани”ни айтди ва бундай салбий ишларга чек қўйишга чақирди. Бу ҳақда махсус баёнот ҳам эълон этилди. Идеологияга мен қарайман, бу иш тўғридан-тўғри менга тегишли, лекин нима қилишни билмай қолдим. “Ислом ака, аркни буздирайликми, бюст-ҳайкални олдирайликми?” деб сўрашга мажбур бўлдим. Ислом аканинг қув қараши бор. “Қўявер, тураверсин… иш қандай кетаётган бўлса, шундай давом этсин!”деди”.

2. Ушбу икки хат ғояси 2005 йил 13 май Андижон қирғинидан кейин келган, 2011 йили битилди. Руҳида ўша давр изи сақланиб қолди, албатта. Шунинг учунми, буларни яқинда ўқиган айрим дўстларимга хатларнинг услуби бир оз қаттиқ туюлди. Тўғриси, бу каби андиша ўзимда ҳам туғилган. Ёзишга киришганимда хатлар бунчалик кескин бўлиб чиқишини кутмаганман. Менинг бу буюкларимиз ижодига юксак муҳаббатим борлигини эл билмаса ҳам Оллоҳ билади! Ўртамизда шахсий муносабатлар эмас, халқ, иллат, Ватан ва давлат манфаати, ўтмиш ва келажагимиз тургани учун мен хатлар оҳангини ҳам, услубини ҳам ёзилган бўйи қолдирдим, кейин деярли аралашмадим.
Шу кунларда (2013) бир ёзувчи дўстим Садриддин Айнийнинг “Бухоро инқилоби учун материаллар” хотира асаридан парча ўқиб бериб қолди. Назаримда, Садриддин Айний сўзлари ўзимда ҳам, ўқувчида ҳам туғилган ва туғилажак ҳақли андишаларга ҳарҳолда муносиб жавобдек туюлди:
“…муаррихликнинг муҳим шартларидан бири аҳволни бетарафона ёзиб, бетарафона муҳокама юритмоқдир. Дарвоқе, мен бетараф бўлмадиғим ҳолда ушбу саҳифаларни ёзаётган чоғимда иқтидорим дохилида ўзимни бетараф сақладим. Фожиаларнинг шиддат ва таъсиридан томирларим бузилди” (Асарлар. Саккиз томлик. Биринчи том. Ўзбекистон ССР Давлат бадиий адабиёт нашриёти, Тошкент – 1963, 349-бет). 

3. Назиот сураси 24-оят мазмуни.

4.Кечаги миллатпарвар, ватанпарвар зот аста-секин миллат ва ватан манфаатларидан ўзини устун қўя бошлади. Бўлмаса, билакларини кесиб бир-бирига қон ўтказиб абадий дўстликка қасам ичган Шукрулло Мирсаидовдай киши кечаги қонўртоғига қарши чиқишга ботинмас эди. Нариги билак эгаси ҳам кейин бу билак эгасини аяб ўтирмади: бир урди, қайтиб одам бўлмайдиган қилиб қўйди. Бундай ҳолга тушишига Мирсаидов ўзи айбли, ҳақ томонда охирги дамгача матонат билан туриб бермагани, орада қўрқоқлик қилиб қўйгани сабаб бўлди, деб ўйлайман. Янаям тўғрисини Оллоҳ билади. 

5.Ўзбекистондаги аҳвол юзасидан зиёлиларга мурожаат ғояси илк бор машҳур Андижон қирғини (2005 йил 13 май)дан пича кейин туғилган. Икки буюк шоиримизнинг бир замонлар юракларни титратган икки машҳур шеърига йиллар ўтиб, мамлакатда давомли тарзда юз бериб келаётган зулм ва тазйиқлар манзарасида бошқача кўз билан қарашга мажбур қолган эдим. Сўнгра бу икки хат ва хулосаси битилди. Бошда у Ўзбекистон зиёлиларига хитобан ёзилган, мулоҳазаларимизга қўшилганлардан қўл қўйиш сўралган эди. Ҳеч бўлмаганда ўн беш зиёлидан имзо тўплай олсам, шундан кейин бугунги ҳокимиятга ва бутун халқимизга “Очиқ хат” тарзида эълон қилиш ниятим бор эди. Бир кишидан кўра ўн ё ўн беш кишининг сўзи ва имзоси кескирроқ, таъсири кучлироқ бўлади, ҳокимият ҳам кўпчиликка тўсатдан зиён етказа олмайди деб ўйлаган эдим. Хомроқ ўйлаган эканман… 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар