Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Гап ташиш

Гап ташиш
09 Ekim 2017 - 7:00 'да юкланди ва 717 марта ўқилди.

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(32)
(давоми)

Гап ташиш

Ҳузайфадан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Гап ташийдиган одам Жаннатга кира олмайди”.

Абу Ҳурайранинг (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят қилишича, бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига: “Энг ёмонларингиз кимлардир, биласизми?” деб сўради. Саҳобийлар “Аллоҳ ва Расули яхшироқ билишади” дейишгандан сўнгра Расулоллоҳ алайҳиссалом:

Энг ёмонларингиз анависига у юзи билан, бунисига эса бу юзи билан берадиган иккиюзлиларингиздир” – деди (Термизий).

Ибн Аббосдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир куни иккита яп–янги мозорнинг ёнидан ўтаётиб, шундай деди:

Бу икки мозорда ётганлар азоб чекишаяпти. Кичик гуноҳлари учун. Булардан биттаси сийдик сачрашларидан эҳтиёт бўлмасди. Иккинчиси эса ундан бунга сўз ташир эди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом сўнгра бир хурмо долини иккига бўлиб, икки мозорга суқди. Саҳобийлар бунинг сабабини сўрашганида:

“Умид қилиш мумкин–ки, бу икки дол парчаси токи яшил экан, улар азоб чекмаслар” деб жавоб берди Расулоллоҳ алайҳиссалом.

Демак гап ташиган одам мутлақо тавба этиши керак.

Ҳасандан ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Дунёда икки тилли (мунофиқ) бўлган кимсаларга Охиратда Аллоҳу Таоло оташдан икки тил беради”.

Қатодага кўра, авваллари гап ташувчилар ва бировларни кўп лаънатлаганлар энг ёмон инсонлар сифатида кўрилар эди. Яна авваллари қабр азоби учтага бўлинарди: биринчиси ғийбат юзасидан, иккинчиси сийдик сачратишдан, учинчиси гап ташиш сабабли берилган азоблардир.

Ҳаммод бин Саламанинг айтишига кўра, бир замонлар бир киши иккинчисига қул (чўри) сотаётиб, “бунинг битта қусури, у гап ташийди” деган экан. Муштарий бу қусурга ҳамият бермай қулни сотиб олган. Қул янги соҳибининг уйида унинг хотинига “эринг устингга уйланмоқчи, агар унинг сенга қайта боғланишини истасанг, эрингни соқолининг бўйин қисмидан устара билан икки–уч тола қилни кесиб ол” дея маслаҳат беради.

Кейин уй соҳибига бориб “хотининг бошқа бир эркак билан ўйнашаяпти, у сени ўлдирмоқчи” дейди.

Уй эгаси кечаси ўзини ухлаганга солиб ётади, хотини келиб, қўлидаги устара билан унинг соқолидан бир–икки қил кесиш учун яқинлашганида, эри мени ўлдирмоқчи, деб, хотинининг қўлидаги устарани олиб, уни ўлдириб қўяди.

Сўнгра хотинининг қариндошлари келиб уй эгасини ўлдиришади”.

Яҳё бин Аксамга кўра, гап ташувчи одам сеҳрбоздан ҳам ёмонроқдир. Чунки, у сеҳрбознинг бир ойда қила олмаганини у бир соатда қила олади.

Аллоҳу Таолонинг “Ўтин ташувчи бўлади(“Таббат” сураси, 4) оятидаги “ўтин” калимаси, тафсирчиларнинг фикрига кўра, гап ташувчиликдир.

Аксам бин Сайфийга кўра, залиллар тўрттадир:

1.Гап ташувчи

2.Ёлғончи

3.Қарздор

4.Етим

Абу Убайдуллоҳ Қурайшийнинг айтишига кўра, бир киши бир масалани ўрганиш учун бир олимнинг изидан етмиш минг фарсаҳ юрди. Ниҳоят, уни тутиб, шундай деди: “Сенга келишимнинг сабаби сенга берилган илмдир. Шу саволларимга жавоб беришингни истайман:

1.Кўкдан (осмондан) оғирроқ нима бор?

2.Ер юзидан кенгроқ нима?

3.Тошдан ҳам қаттиқ нима бор?

4.Оташдан ҳам кўп куйдирадиган нима бор?

5.Замҳарийдан ҳам совуқроқ нарса надир?

6.Денгиздан ҳам теран нима бор?

7.Етимдан ҳам залил (хор) ким бор?

8.Заҳардан ҳам заҳарлироқ не бор?

Олим бу саволларга қуйидагича жавоб берди:

1.Масъум (айбсиз) бир кишига қилинган ифтиро (туҳмат) осмондан оғирроқдир.

2.Ҳақ ер юзидан кенгроқдир.

3.Кофирнинг қалби тошдан қаттиқроқдир.

4.Эҳтирос оловдан кўпроқ куйдиради.

5.Яқинларга айтилгани ҳолда қондирилмаган эҳтиёж замҳаридан совуқроқдир.

6.Қаноаткор қалб денгиздан теранроқдир.

7.Гап ташувчилик соҳиби учун заҳардан кўра заҳарлироқдир”.

Ибн Умардан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳу Таоло Жаннатни яратиб, унга “Гапир, бир нарса сўйла” дея амр этди. Жаннат “Менга келган бахтлидир” деди. Шунда Аллоҳу Таоло буюрди: “Улуғлигим ҳаққи, шу саккиз кимса сенга кирмаяжак:

1.Ичкилик ичган кимса

2.Зино ишлашни давом эттирган кимса

3.Гап ташувчи кимса

4.Даюс (хотинининг ёки ўзига яқин хотиннинг иффатсизлигига кўз юмган кимса)

5.Золим давлат маъмури

6.Қариндошидан хабар олмаган кимса

7.“Аллоҳ номига сўз бераман” деб сўз берган ишини қилмаган кимса”.

Ҳасан Баҳрий: “Сенга бошқаларнинг сўзини ташиган кимса, сенинг сўзларингни ҳам бошқаларга ташийди” дейди.

Айтишларига қараганда, бир киши Умар бин Абдулазизга келиб, биттасини ғийбат қила бошлади. Умар бин Абдулазиз унга шундай деди: “Истасанг, сениннг вазиятингни бирга баҳолайлик. Агар сен ёлғон сўйлаётган бўлсанг шу оятдаги ҳолатга кирасан: “Эй, мўминлар, сизга фосиқ (йўлдан озган) бир одам хабар келтирса, унинг тўғрилигини текширинг” (“Ҳужурот” сураси, 6).

Агар тўғри айтган бўлсанг, қуйидаги оятдаги ҳолатга мансуб бўласан: “Ҳаммани ғийбат қилган, гап ташувчи” (“Қалам” сураси, 11).

Агар истасанг, сени авф этайлик”.

Умар бин Абдулазизнинг бу сўзларини эшитиб, ўша одам:

– Ё, Амирул мўминин, бу сафар мени авф эт, энди бундай иш қилмайман –деди”.

Абдуллоҳ бин Муборак дейди: “Зино боласи сўзини тутмайди. Аслзода эса қўшнисини безовта қилмайди”.

Яъни сўзини тутмаган, гап ташиган кимса зино боласидир. Агар шундай бўлмасайди, берган сўзини тутарди. Бу ҳукм шу оятда бор: “Ғийбатчи, гап ташувчи, яхшиликка тўсиқ бўлувчи насабсизҳаромидир” (“Қалам” сураси, 11–13).

Бу оятлар Валид бин Муғира ҳақида нозил бўлган эди. Чунки у оятда айтилган бутун ёмон сифатларни ўзида ташиган кимса эди.

Бундай сифатларни ўзида тўплаган кимса насаби номаълум кишидир, насаби номаълум кимса – ҳаромидир.

Қаобул Ахборнинг ривоят қилишича, “бир замонлар Бани Исроил тупроқларида қитлик–қурғоқчилик бор эди. Шу боис Ҳазрати Мусо Бани Исроилни уч марта ёмғир дуосига чақирди. Аммо ёмғир ёғмади. Ҳазрати Мусо “Аллоҳим, қулларинг уч марта ёмғир дуосига чиқдилар, аммо дуоларини қабул этмадинг!” деди.

Аллоҳ унга: “На сенинг, на да атрофингдагиларнинг дуосини қабул этаман. Чунки орангизда ёмон одатларидан воз кечмаган ўжар бир гап ташувчи бор” дея ваҳий этди.

Ҳазрати Мусо “Ё Робби, бу одамнинг ким эканини билдир, уни орамиздан чиқарайлик” деди.

Аллоҳу Таоло унга: “Ё Мусо, мен сизга гап ташишни таъқиқларканман, энди ўзим гап ташувчи бўлайинми? Ҳаммангиз бирликда тавба этингиз!” деди.

Ва Бани Исроил тавба этди.

Ёмғир ҳам ёғди”.

Бир куни Амир–ул мўминин Сулаймон бин Абдулмалик таниқли Заҳрий билан бирга ўтирар экан, ҳузурига келган биттасига: “эшитишимга кўра, менга қарши шундай–шундай дебсан” деди.

У одам: “Сиз ҳаққингизда ундай нарса сўйламадим” деб жавоб берди.

Халифа: “менга бу сўзни айтган киши тўғрисўз киши” деди.

Шунда орага Заҳрий кирди ва “гап ташиган одам тўғрисўз бўлаолмайди” деди ва ўша одамга “сен кетавер” дея уни жўнатиб юборди.

Аҳли Ҳикматдан бир зотга кўра, “агар биттаси “фалон биродаринг сенга сўкди” деса, аслида, сенга сўккан ўша гапни ташиган одамдир”.

Ваҳб бин Муҳаббиб шундай дейди: “Ким сени сенда бўлмаган васф билан мақтаса, у кимса сенга қилмаган айбни ёпиштиришидан амин бўлавер”.

Биттаси келиб, сенга “фалонча сенга шундай–шундай қилди” ёки “сенга қарши шундай–шундай деди” деса, шу олти нарсани қилишинг керак:

1.Унга ишонма. Чунки мусулмонларга кўра, гап ташиганнинг гувоҳлиги ўтмайди. Зотан, Аллоҳу Таоло шундай дейди: “Эй, мўминлар сизга фосиқ (йўлдан озган) бир одам бир хабар олиб келса, бу хабарнинг тўғрилигини текширинг. Акс ҳолда, билмасдан бир гуруҳга қарши ёмонлик этсангиз, кейин қилган ишингизга пушаймон бўласиз” (“Ҳужурот” сураси, 6).

2.Гап ташувчини одатидан воз кечтиришга уриниб кўринг. Чунки ёмонликдан воз кечтиришга уриниш вожибдир. Аллоҳу Таоло шундай дейди: “Сизлар инсонлар учун келтирилган хайирли бир умматсиз. Яхшиликни амр этиб, ёмонликка тўсқинлик қиласиз” (“Ол–и имрон” сураси, 110).

3.Аллоҳ учун гап ташувчидан нафрат этишинг лозим. Чунки у бир гуноҳкордир ва гуноҳкорлардан нафрат этмак вожибдир. Зотан, Аллоҳ ҳам улардан нафрат этади.

4.Гап ташувчи сенга ёмонлаган биродаринг ҳақида ёмон ўйламаслигинг керак. Чунки мусулмон ҳақида ёмон ўйламоқ (сунъзон) ҳаромдир. Зеро, Аллоҳу Таоло шундай дегандир: “Эй, мўминлар, кўп гумонлардан қочинг. Чунки шундай гумонлар борки, улар гуноҳдир” (“Ҳужурот” сураси, 12).

5.Сизга ёмонланган мусулмонни орқасидан яширин текшириб юрманг. Чунки Аллоҳ тажассусни (хуфия текширув) таъқиқлагандир. Зеро, Аллоҳу Таоло Қуръони Каримда шундай дейди: “Бирбирларингизнинг қусурларингизни текширманг” (“Ҳужурот” сураси, 12).

6.Гап ташувчининг ҳаракатини сен ҳам такрорлама. Яъни унинг айтганини бошқаларга айтма.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар