Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Сохтагарчилик ижтимоий офатлардан бири…

Сохтагарчилик ижтимоий офатлардан бири…
09 Ekim 2017 - 8:00 'да юкланди ва 783 марта ўқилди.

Ислом ХОЛБОЙ

БОТАЁТГАН ҚУЁШ
Учинчи китоб
уаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади) 

15-қисм

“Бизлар кўришишдан ва дийдорлашишдан маҳрум қилинганмиз, дея ўйласакда, ундай эмас. Юрагимиздаги ишқимиз руҳимизнинг қанотларига илашган. Бизлар уйқуга кетганимизда, улар шарпа каби вужудимизни ташлаб чиқадиларДунёнинг нари чеккасида бўлса ҳам, бир-бирларини излаб топадилар. Сўнгра битта ғунча лабига қўнган капалаклардек, субҳидам насимлари эсгунича қовушиб оладилар. Кейинқуёш ётоғидан кўтарилмасдан, ортларига қайтиб, чодирларига кириб кетадилар. Уззу кун қафасга қамалган булбул мисоли фироқдан чах-чах уриб, яна ичимизни қора қонга тўлдирадилар... Фоний дунёни ўткинчи туш деб билган одамга бу каби мавҳум кўринган нарсаларни англаш қийин эмас.

Шунинг учун ҳам Шекспир –

                Севги – уммон узра порлаган маёқ,

                Зулмату туманда асло ўчмайди.

                Севги – ёрқин юлдуз, унга қараб оқ,                

                 Дарғадек бехато йўлин ўлчайди! 

деган бўлса, Байрон шундай деган эди:

                Севги – жозибага тўлган бир умр,

                У бахту аламда бир умр мағрур.

                У ҳижронда жўмард, айрилиқда мард,

                Йиллар ўтканда ҳам покиза, бегард”.

                                           ***

 “Дунёнинг ҳамма бурчакларида ҳам хуш хулқли ва сулув қизларни, кам бўлса-да, учратса бўлади. Бироқ менга ўхшаганини икки дунёда тополмайсан. Мен буни қаердан биламан, биласанми? Атрофимда парвонадек гирдикапалак бўлиб айланаётган, мана мен деган йигитларнинг кўзларидан сенинг самимий ва ўтли қарашларингни тополмасдан қийналаман. Сенга ўхшаши йўқ, сен ҳеч кимга ўхшамайсан. Сенинг бу сифатингда шундай олижаноб муҳаббатлар борки, улар рашкка ўрин қолдирмайди деган ақидани менинг назаримда пучга чиқаради. Мени бундай сўзлар ортиқ рашксиз муҳаббатнинг тириклигига ишонтира олмайди. Ҳар қандай оқила ва гўзал аёл ҳам сени илк бор кўришида яхши тушунмайди. Сени назар-писанд қилмасдан, биринчи учрашганда жеркиб бериши ҳам мумкин, бироз кейин у ўзига келиб қолади. Сабаби, унинг қалбида ҳам ўша чўғ бор. Унинг ҳам қалб кўзлари очиқ ва равшан кўради. Унинг атрофидаги кимсаларнинг нияти билан сенинг ниятинг орасидаги фарқ унга аён бўла бошлайди. Сенинг ўзингни ҳайвоний ҳирсларга қурбон бермаслигингни англагач, у таъмасиз ва беғубор муҳаббатингдан хабар топиб, шу чоққача юрагида борлигидан бехабар ҳислари уни жунбушга келтиради. Бу каби бехосдан турган зилзилага менгзаган силкинишнинг изсиз кетмаслиги тайин. Бир кун иккалангиз ёлғиз қолганларингизда, у ҳамма нарсаларни сенга ипидан игнасигача айтиб беради. Ўшанда сизларни безовта қиладиган кимсанинг ўзи бўлмайди. Сен унинг сочларидан силаб, мени ўпганинг каби бағрингга тортиб, уни ҳам ўпасан. У мен сингари қучоғингдан юлқиниб чиқиб, кўзларини юмадида, лабларингга ёноқларини, кўзларини ва бўйинларини тута бошлайди…

Ҳеч қачон кўрмаганим бир махлуқ шунда менинг ичимга шайтон мисоли билдирмасдан ўрмалаб кирадида, муҳаббатимни нафратга айлантиради. Шунда энг кучли нафрат – энг кучли муҳаббат маҳсулидир, деган гапнинг замирини тушуниб етсам-да, ўзимни жиловлашга куч тополмай қоламан. Дунёда инсон юрагини жирканч манзаралар билан тўлдириб, рашк каби хўрловчи кулфат бўлмаса керак. Рашк муҳаббатдан кўра кўпроқ ғаразгўйликка, ундан ҳам кўра кўпроқ ҳасадга ўхшаб кетади, деб ўйласам-да, бу ифлос ва манфур туйғуни тасарруфимдан ҳайдаб солишга ожизлик қиламан. Чунки бу вақтга келиб менинг ўзим рашкнинг тасарруфи чегараларига киритилган бўламан. Қатъий феъл-атвор кишиларни муҳаббат туйғуларига қаршилик кўрсатишга мажбур этади, лекин шу қатъият айни вақтда ўша туйғуларга ҳарорат ва умрбоқийлик бағишлайди; кўнгилчан одамлар эса, аксинча, эҳтиросларга осонликча бериладилару, лекин ҳеч вақт бу ҳисларга тўлиб-тошиб юрмайдилар деган гапларнинг ҳам ҳеч бирига шунда ишонмай қоламан.

Мен сени йўқотиб қўйишдан ҳам кўра ана шундай ҳисларнинг қўлидаги ўйинчоғи бўлиб қолишдан ҳамиша чўчиб юрарканман, Тангрига мени очиқ кўр қилиб қўйишдан Ўзинг асра, Илоҳий ишқинг билан кўзларимнинг нурини мунаввар қил, қалбимни равшанлантир, деб тинмасдан жойнамоз устида ялиниб-ёлвориб, илтижо қиламан”.

                                                        ***

 “Севиш – ошиқ-маъшуқнинг бир-бирига терумулиши эмас, тўртта кўзнинг иккита кўзга, икки юракнинг битта юракка айланиб, бир томонга ҳаракатланишидир. Муҳаббат бениҳоя буюк туйғу бўлганлиги учун ҳам ҳар кимнинг шахсий, пинҳона иши бўлолмайди. Бошқа бир одамнинг бахтида ўз шахсий бахтингни топмоғинг асносида муҳаббат боғлаш – сен ўзинг саодат деб билган нарсангни бошқа бировга илиниш, илинганда ҳам ўзинг учун эмас, балки ўзинг севган одаминг ҳаққи, имкониятингга қараб саодатни унга бахш этмоғинг, ўз суйганинг ҳаёти билан яшашинг демакдир. Чуқур муҳаббат чуқур идрокдан айри юролмагани сабаб, қанча кўп берса, шунча кўпга эга бўлади. Шунинг учун ҳам ўз севганингни соғиниб, аҳволингнинг танг бўлиши – кўрарга кўзинг йўқ одам билан яшашдан юз чандон енгилроқ. Бировларнинг ҳаётига халал бермаслик, инсон тирикчилигини кераксиз ташвишлар ва ортиқча ғамхўрликлар билан заҳарламаслик шундай бир афсундирки, бунга ҳар кимнинг ҳам қурби етавермайди. Чинакам инсоний муҳаббат бирор ҳиссий қайсарлик ёки юракнинг бирор инжиқлигигагина эмас, балки ўзаро инсоний қадр-қиммат, ҳурмат-иззатга асосланган бўлмоғи керак.

Вафодорлик – муҳаббатнинг доимий орзуси ўлароқ, вафосиз муҳаббат ҳам, дўстлик ҳам бўлмайди. Вафодорлик – бу ўзимиз кўнгил боғлаган одамдаги барча фазилатларга бирма-бир қизиқиш уйғотадиган, унинг гоҳ у қирраси, гоҳ бу қиррасини афзал қилиб кўрсатадиган абадий беқарорликдир; шу тариқа вафодорлик беқарорликка айланади, аммо у бир кишига қаратилган бўлади. Ҳазрати Навоий айтганидек: Ҳар кўнгилниким вафо маскан қилур, ҳаё ҳам қилур ва ҳар маскандаким ул топулур, бу ҳам топулур. Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ.

Фақат ярамас одамгина аёллар билан тортинмай муносабатда бўла олади. Хотин-қизларга ҳаёсизларча муносабатда бўла олувчи шахс саводли ва содиқ фуқаро сифатида ҳам ишончни оқламайди. У умум ишига ҳам худди шундай шармандаларча нуқтаи назардан ёндошади, унга бошидан ишониш мумкин эмас. Муҳаббатнинг баҳоси – унинг синовидан ўтаётган одамнинг баҳоси билан баб-баравар. Соф одамларда ҳамма нарса соф бўлади. Гўзалликни ҳаё билан севган қалб, ақл-идрок маъқулламаган муҳаббатнинг қонунсиз ва биргина шаҳвоний бўлиб чиқишини, ақл-идрокнинг овозини ўчирмоқлик эса ҳирсга, ҳайвоний одатларга эрк бермоқлигини ботинан ҳис қилмоққа ҳар доим тайёр туради.

Сохта севги нафратдан ҳам баттарСохтагарчилик ижтимоий офатлардан бири бўлиб, фисқи-фужур, ҳайвоний ҳиссиётларга тўла бу идиш жамики гўзалликлардан маҳрумдирБинобарин, гўзалликда ҳаётнинг энг бамаъмани унсурлари ўз ифодасини топади. Анови фисқда эса бундай мазмун йўқ, у одамни ҳайвонтабиат қилиб, тубанлаштиради. Фақат тубан, қўполдан-қўпол, ифлос миягина қачон қараса аёл бадани гўзаллиги билан банд бўлади ва ўзининг ҳар нарсага бош суқаверадиган фикрларини фақат ўша нарсага бураверади. Аёл киши ўзидан паст туюлган эркакни севолмайди. Беҳузур, завқ-шавқсиз муҳаббат – бор-йўғи азобдан, меҳр-тароватсиз дўстликдан иборат бўлади.

Бу нарсаларнинг барига Саъдий икки мисра шеърида чиройли қилиб жавоб қайтарган:

                    Кескир бўлса тиғинг қанчалик,

                   Эмас тул хотиннинг дили оҳидек.

Ҳаётнинг алдамчи эркалашларининг замирида илондек болалаб, фисқ-фужур ва инсоний иллатлар ётганини кўрган кўзлар гўзалликнинг рангларини танлашни ўргана бошлаган кўзлар ҳисобланади. Чин гўзаллик билан сохта гўзалликнинг фарқига бора оладиган одамни Яратганнинг ишқи чорлай бошлайди. Бизларни пировардида Тангрининг ишқи билан қовуштирадиган восита – ердаги ҳаётдир”

                                                      ***                                   

У мутолаага берилиб, вақтни унутганди. Соатга қараб, миллари ўн бешга яқинлашганини кўрди. Кечадан буён ўчиб ётган соткасини ёқиб, уйига қўнғироқ қилди. Гўшакни хотини кўтарди. У ўзини Нозима Мунис сўраётганини эшитгач:

– Уйига ўтаман, қўнғироқ қилса, айтиб қўй. Хавотир олма, тинчлик! – деди

Унинг йўқолиб қолганидан хотини безовта эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар