Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Сувни ким лойқалантираяпти?” сарлавҳали мақола муаллифи ва унинг ортидагиларга жавоб

“Сувни ким лойқалантираяпти?” сарлавҳали мақола муаллифи ва унинг ортидагиларга жавоб
09 Ekim 2017 - 9:41 'да юкланди ва 1347 марта ўқилди.

“СУВНИ КИМ ЛОЙҚАЛАНТИРАЯПТИ?” САРЛАВҲАЛИ МАҚОЛА МУАЛЛИФИ ВА УНИНГ ОРТИДАГИЛАРГА ЖАВОБ

(Мансур Иброҳимовнинг махсус Anhor.uz учун ёзган мақоласига)

Мақоланинг “Сувни ким лойқалантираяпти?” деган сарлавҳасидан бошлаймиз.

Модомики, гап Ўзбекистондаги “сув” ҳақида кетаётган  экан, бу саволни муаллифдан кўра камина муваффақиятлироқ беришим мумкин эди: ЎЗБЕКИСТОНДА СУВНИ КИМ ЛОЙҚАЛАНТИРАЯПТИ?

Ва муаллифнинг сўзлари билан давом этаман: “Ўзбекистон ўтмишнинг  яраларини ошиб ўтиб, ривожланишнинг янги босқичига кириб бормоқда. Ва бу ҳаммага ҳам маъқул келмаётганга ўхшайди. Турли ҳукумат одамлари бир қарасанг ёзувчини, яна бир қарасанг журналистни ҳибсга олмоқда…”

Ҳақиқатан  ҳам, мамлакатимизнинг “ривожланишнинг янги босқичига кириб бориши” кимга ёқмаяпти?

Бу саволни бериш ҳам кўпроқ каминага ярашади, ёлланган журналистга  эмас.

Мана, сўраяпман:кимга ёқмаяпти?

Аввал Каримов ҳукмдорлигида хорижга чиқиб кетган таниқли ёзувчи (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон)нинг қариндошларига милициядан келиб, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон “қора рўйхат”дан ўчирилганини эълон қилиб, унинг Ўзбекистонга қайтиши мумкинлигини айтишади. Ёзувчи хурсанд бўлиб, ҳукуматга ишониб Тошкентга қайтади. Аэропортда эса уни худди ўша милиция “мехмондўстлик” билан кутиб олиб, қўлларига кишан солиб, Тоштурмага олиб кетади.

Мамлакатнинг қайси амалдори ёзувчини уйига қайтишга чақирди ва яна шу мамлакатнинг қайси амалдори уни қамоққа тиқди?

Бу мамлакатда раҳбар ким: халққа эркинлик ваъда қилаётган Президентми, ёки бу эркинликни ҳибсга олаётган ИИВми ёки президентнинг либерал ташаббуслари олдида кўндаланг ётиб олган МХХми?

Ёзувчи журналист (Бобомурад Абдуллаев) 14 йил Каримов режимига қаршилик қилиб, кутилмаганда “Ўзбекистон ўтмишнинг яраларини ошиб ўтиб, ривожланишнинг янги босқичига кириб борвётгани”ни кўриб, хурсанд бўлиб кетди ва Ўзбекистоннинг янги раҳбари ташаббусларини илҳом билан қўллаб-қуввалай бошлади.

Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватловчи ўнлаб мақолалар ёзди, ҳаттоки президентнинг мақтовига сазовор ҳам бўлди.Аммо ҳассос ватанпарварнинг бу шиддати узоқ давом этмади, у “янги босқичга чиқиш” олдида кўндаланг ётиб олишни севадиган ўша «контора» томонидан шартта тўхтатилди.

МХХ журналист Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназаров)ни 27 сентябр куни ўғирлаб кетди ва фақат матбуотда унинг йўқолганлиги эълон қилингандан сўнггина туман тергов изоляторидан дараги чиқди. Унинг олдига адвокат киритилмасдан, мана 15 кундирки қийноқлар остида тергов қилинмоқда.

Human Rights Watch ва Amnesty International каби халқаро ташкилотлар бу бедодликни танқид остига олиб, журналистни озод қилишни талаб қилиб чиқди. Шунингдек, дунёнинг 35 та турли фуқаролик ташкилотлари ҳам журналист Бобомурод Абдуллаевни қўллаб-қувватлаб, унинг озод қилишга чақирдилар.

Яна бир мисол: уч нафар ҳуқуқ ҳимоячисини қамоқхонадан озод этиб, уларнинг ўрнига учта журналист  қамоққа  ташланади. Бу нима, “муқаддас жой” бўш қолиши керак эмас деганими? Бу кимнинг сиёсати? Президентнингми? ИИВнингми? Ёки МХХникими?

Айтилганидек, ким сувни лойқалантираяпти?

Булар бугун президент Мирзиёевга керакмиди?

Айниқса ҳозир, қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хулосасига кўра Ўзбекистон Каримов даврида “эришилган” “дунёнинг энг репрессив мамлакатларидан бири” тамғасидан қутулишга муҳтож бўлиб турган бир пайтда!?

Ўзбекистонда сувни ким лойқалантираяпти?

Мақола муаллифи Мансур Иброҳимов ким “сувни лойқалатаётганини” фош этиш мақсадида мақола ёзишга киришгандек, аммо мақсадини эсдан чиқариб, бирдан “Муҳаммад Солиҳ хатолари тарихи”ни таърифлашга ўтиб кетaди.

У шундай деб ёзади: “Муҳаммад Солиҳ ўзининг узоқни кўролмаслиги, амбициялари ва сиёсий саводсизлиги билан, Ўзбекистон Олий Мажлисида Солиҳнинг ўзи бошқарган фракциясига эга бўлган, ўзи раҳбарлик қилган “Эрк” партиясини қандай дафн қилганини ёшлар билмайди. Ўша пайтда “Эрк” партияси парламентда эди, ўз газетасини чоп қиларди, партия депутатлари ва унинг раиси ўз сайлов ҳудудларига бориб, одамлар билан ишлай оларди, улар учун ҳар қандай вазирликнинг эшиклари ва маълумотлари очиқ эди. Агарда Солиҳ, доно ҳам эмас, бироз бўлсада узоқни кўроладиган бўлганда эди, у бу ҳолатдан тўла фойдаланган бўлар эди. Эслатиб ўтаман, президентлик сайловларида у 17% овоз олди, президентнинг ҳозирги рақибларига ўхшаб атиги 2-3 % эмас. Аммо, у ўзи ва ўзининг кучи ҳақида жуда юқори фикрда эди, жамиятдаги кайфиятини билмасди. Ва, очиғини айтамиз, доҳийлик касалига учраган эди. Кундалик оғир ишлар учун одамларни ташкиллаштириш, афтидан унинг учун эмасди. Натижада, парламентдаги муҳокамалардан бирида, ўз таклифини ўтказаолмагач, у  фракциям ҳам ортимдан истеъфо қилади ва янги сайловлар ўтказилади, деб ўйлаб, мандатини улоқтирди ва Олий Мажлисни тарк этди. Ва хато қилди. Ҳеч ким унинг ортидан эргашмади. Битта одам ҳам.”

Бизнинг янги тарихимиздаги ушбу ҳолатни ўқувчиларимизга эслатганингиз учун раҳмат, жаноб Ибрагимов. Бу янги тарихда кимнинг ким эканлигини ёшлар – уларнинг ақлли қисми – ўзлари тушуниб олишади

Тақдим қилганингиз бу “таҳлил” ақлли ёшлар учун бироз биртарафлама, бироз тенденциоз деган хаёл келмадими ҳеч каллангизга?

Ақлли ёшлар, уларнинг ўқимишли қисми биладики, 1992 йилнинг 2 июл куни парламент Сессиясида Муҳаммад Солиҳ Олий Мажлис раиси Шавкат Йўлдошевдан сўзга чиқишни сўради, сўз берилмади. Чунки спикер Солиҳ ўз нутқида  Каримовнинг хусусийлаштириш сиёсатини қатъий танқид қилишини олдиндан биларди.

Шунда Солиҳ турган жойидан юқори овоз билан шундай деди: “Халқ бу ерга мени ўз манфаатларини ҳимоя қилишим учун юборди. Агарда Олий Мажлис гапиришни истаганимда менга сўз бермаса, бу ерда раис буйруғи билан қўлимни кўтариб-тушириб турадиган қўғирчоқ каби ўтирмайман.”

Жанжал бўлишини сезган спикер дарров танаффус эълон қилди,лекин Солиҳ барибир минбарга чиқди ва шундай деди: “Шу ондан эътиборан мамлакатда диктатура ўрнатилди, норозилик белгиси сифатида депутатликдан воз кечаман ва ўз мандатимни шу ерга ташлайман!”, ва ўз депутатлик белгиси ва мандатини Ислом Каримов ўтирган ерга улоқтирди.

Ҳа, сиз ҳақсиз, Солиҳнинг ортидан “ҳеч ким” эргашмади.

Аммо роппа-роса беш ойдан сўнг Каримовнинг ўзи Солиҳнинг ортидан эргашмаган бутун “ҳеч ким”ларни парламентдан битта-битта ҳайдади.

Чунки, Солиҳ огоҳлантирганидек, “диктатура” бошланаётган эди.

Солиҳ ўзини ҳеч кимга ҳайдаттирмади, парламентни шараф билан, ўз иродаси билан тарк этди. Ва ёшлар бу ҳақда билиб олишади, хавотир олманг.

Шундай экан, сиз Муҳаммад Солиҳга ёпиштиришга уринаётган ўша “узоқни кўраолмаслик” тамғаси унга ёпишмайди.

Сафсатани давом эттириб, шундай ёзасиз: “Шундай қилиб, у (М.Солиҳ) расмий минбарсиз қолди ва Ўзбекистон тақдири учун жиддий ва хавфли хатога йўл қўйди, ўз ғояларига эга бўлмаган ҳолда у, Озарбайжон ва Болитиқбўйидаги Халқ фронтлари каби, давлат органларига параллел ҳукумат тузишга ҳаракат қилди, бошқача қилиб айтганда бу конституциявий асосларга тажовуз деб аталади”.

Бу жумла сўзма-сўз, мен парламентдан истеъфога чиқганимдан сўнг, 1992 йилнинг июл ойида мени айблаган Тошкент шаҳар прокурори Эргаш Жўраевнинг “Айблов акти”дан олинган.

Мансур Иброҳимов, ростини айтинг, сизнинг мақолангизнинг ушбу абзацини сизга ким ёзиб берди? Ахир, сиз бўлиб ўтмаган суд учун, аллақачон вафот этган прокурор Э.Жўраев ёзган айблов матнини билишингиз мумкин эмаску?

Аммо, бу энди муҳим эмас.

Зотан сизнинг “мақолангиз” тамоман прокурорлик руҳи билан тўйинган.

2012 йилда мени “инқилоб қилишга, яъни конституциявий ҳокимиятни зўравонлик билан ағдаришга чақирди” дея айбларкан, сиз очиқча ёлғон гапираяпсиз.

Қайтараман, агарда мен инқилоб қилишга чақирсам, у ҳолда буни очиқ эълон қиламан. Ва ҳеч қачон ўзим тарафимдан инқилоб борасида айтилган фикрларимни рад этмаганман. Ҳозир ҳам рад этмайман. Фақат сиз менинг “конституциявий ҳокимиятни зўравонлик билан ағдариш”га чақирганимни ва бу чақириқларнинг манбасини тақдим кўрсатинг. Кўрсатаоламйсиз,чунки сиз – ёлғончисиз, худди сизга бу мақолани буюртма қилган “контора” каби ёлғончисиз.

Яна шундай деб ёзибсиз: “Аммо сувни лойқалантиришга, Ўзбекистонда кучлар мувозанатининг бошқача бўлишини истаётган кучлар чархпалагига сув қуйишга уринишмоқда.”

Ҳа, биз чиндан ҳам Ўзбекистонда кучлар мувозанатининг бошқача бўлишини истаймиз. Биз, сиз каби одамлар ва конторангиз каби ташкилотларнинг ушбу низомда номувофиқ тарзда муҳим ўрин эгаллаётганидан жуда ҳам хавотирдамиз.

Журналист Бобомурод Абдуллаев ва унинг иккита билги “манбаси” – бири боғбон, бири тадбиркор, мана 15 кундирки адвокатсиз МХХнинг ертўласида ўтирибди. Сиз эса: “Мирзиёев ўзининг давр ва демократик ҳуқуқий давлат стандартларига мувофиқ тарзда Ўзбекистонни янгилашга бўлган самимий интилишида қўллаб-қувватловга муҳтож”, деб ёзаяпсиз.

Сизнинг “халқаро стандарт”ингиз шуми? Шуми сизда  “ҳуқуқий давлат”?

Яна бир кулгили жумла тузибсиз:

“Мамлакат, конституциявий тузумни, хавфсизликни, қатъий қонун доирасида янада нозик ва аниқ ҳаракатлар билан ҳимоя қилишни ўрганиш вақти келди”.

Ҳа, “янада нозик ва аниқ ҳаракатлар” бу журналистларни шов-шув билан “қўлга олиш” эмас, балки уларни оиласига ҳам билдирмасдан, жимгина ўғирлаш…

Муҳаммад Солиҳ

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар