Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Асадбек Ҳақназаров: Бобомурод Абдуллаевга қарши тезкор амалиёт тафсилоти

Асадбек Ҳақназаров: Бобомурод Абдуллаевга қарши тезкор амалиёт тафсилоти
09 Ekim 2017 - 11:22 'да юкланди ва 2370 марта ўқилди.

Таҳририятимиз почтасига Бобомурод Абдуллаевни қўллаб-қувватловчи кўплаб мактуб ва мақолалар келиб тушмоқда. Бундан адолат ва эркинликни истайдиган инсонлар Ўзбекистон ичида янада кўпайиб бораётганини кузатиш мумкинки.

Ана шундай мақолалардан бири, Бобомурод Абдуллаев фикрларига хайриҳоҳ бўлган, унинг ватан ва халқ озодлиги йўлида ёзган мақолаларини қўллаб-қувватловчи Асадбек Ҳақназаров тахуллуси остидаги бир ёш йигитдан келди. Биз унинг мақоласини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишга қарор қилдик.

ЎХҲ таҳририяти

* * *

АСАДБЕК ҲАҚНАЗАРОВ: БОБОМУРОД АБДУЛЛАЕВГА ҚАРШИ ТЕЗКОР АМАЛИЁТ ТАФСИЛОТИ

Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятовга, 2017 йил 27 сентябр кечки вақт, ёзувчи Нурилло Отахонов ва журналист Бобомурод Абдуллаевларнинг қўлга олингани ҳақида ҳисобот берилди. Инсульт асоратида фалаж оёқлари билан ўлим сари қадам ташлаётган бош чекист учун бу ҳаётбахш хабар эди. Шундай қилиб…

Васваса

1995-йилда МХХ лавозимига тайинланган Сурхон “полвони”, отаси собиқ КГБ полковниги Расул Иноятовнинг ғоявий тарбияси билан улғайиб, 1969-йилда КГБ ташкилотида фаолиятини бошлади. Ўз даврида форс ва араб тиллари билан бир қаторда Ислом дини ҳақида яхши билимга эга бўлиши, КГБ хизматида унвон ва мансабининг юқорилашига сабаб бўлди. Чунки 70-80 йилларда коммунист тизимидаги собиқ СССР давлатининг энг катта душмани бу Ислом ва мусулмон давлатлари эди.

Йиллар давомида Рустам Иноятов Афғонистон, Эрон ва бошқа давлатлардаги разведка бўйича вазифаларлардан кейин КГБнинг марказий бўлимида фаолиятини давом эттирди. Худди шу ташкилотда улғайган Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси президенти бўлган илк йилларида олган “зарба”лари, қўрқув васвасасига айланади. Улардан бири “диндор водийликлар” ва “Муҳаммад Солиҳ” васвасасидир.

Ислом Каримов халқ фаровонлиги ва ватан равнақи учун эмас, фақатгина бу васвасаларни бартараф қилишда тажриба ва қаттолликка эҳтиёж бўлгани учун 1995-йилда ўзига ўхшаш бераҳм ва қўрқоқ Рустам Иноятовни бош чекист қилиб тайинланди.

МХХ раисилиги лавозимига келгач, анти-исломчи “семиз”нинг илк қилган амалиёти, водийликларнинг жасоратига сабаб бўлган ислом олими Абдували Мирзаевни қийнаб қатл қилиш эди. 2016 йил, Каримов вафотигача бўлган натижали ва натижасиз йирик амалиётлар барчаси давлат хавфсизлигидан кўра, Ўзбекистон президентини мамнун қилишга интилиш эди. Ислом Каримов номи марҳумлар орасидан жой олгач, бу қўрқув васвасаси “чўтир” раҳбаридан Рустам Иноятовга мерос бўлиб қолди. Сабаби, йиллардир биринчи рақамда қидирувдаги “Усмон Ҳақназаров”, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тарафдори бўлган ҳолда, “Расулович” ва унинг гумашталарига оид хос масалаларигача фош қилувчи мақолаларини мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ сайти орқали эълон қилаётган эди. Шунинг учун МХХ раиси шизофрениясига кўра, Афғонистонда ривожланаётган ИШИДданда кўпроқ бутун диққат ва глобал масала сифатида Усмон Ҳақназаровни топишга қаратилди. Шундай қилиб…

Усмон Ҳақназаров

Бу тахаллус билан ёзилган мақолаларда, қалам номли қуроли билан давлат тизимини емирувчи, халқ бойликларини кемирувчи бошқарув тизимидаги мансабдор ўғри тўдаларни йиллар давомида яралаб келди. Оқибатда, чекистлар элитаси вакиллари, ўзларини нишонга олган “Усмон Ҳақназаров” тахаллусидаги шахсни топиш учун йиллар ва бир неча миллионлаб доллар маблағлар сарфлади. МХХ бу масалада Россия ФСБси ва Исроил МОССАД идан йиллар давомида ёрдам сўради. Шу ўринда халқда орасида чекистлар ҳақида “снбчилар ҳар ерда бор, улар ҳамма нарсани билади, эшитади” каби мишмишларнинг чўпчак эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки 14 йил мобайнида қидирилган “Усмон Ҳақназаров”ни балки яна йиллар давомида қидиришар эди. Фақат…

Спорт журналисти Бобомурод Абдуллаевнинг, жорий йилда яқин қариндошлари орасидаги зиддиятлар жиддий тус олди. Натижада, эркин фикрлари билан назоратдаги бу журналистнинг Муҳаммад Солиҳ билан алоқаси ҳақидаги “анонимка”, август ойида куч ишлатар тизимга келиб тушди. Рустам Иноятовнинг буйруғи билан подполковник Нодир Тўрақуловга журналистни қаттиқ таъқиб остига олиш топширилди. Хонадони ва машинасидаги суҳбатларни тинглаш, кузатув камерасида назорат қилувчи гуруҳ сафарбар қилинди. Расмиятда, туман ҳокимидан ҳам кўпроқ маош олувчи бу чекистлар гуруҳини аксари, қайси “жиноятчи”ни ва нима учун кузатаётганини билмас эди. Бош чекист “чўлоқ” ва унинг “шотир”ларида Усмон Хақназаров кимлиги ҳақида икки эҳтимол бор эди: Назрулло Охунжонов ва “аноним” хабар бўйича Бобомурод Абдуллаев.

2017 йил  20 сентябр куни “Истанбул-Киев” йўналиши бўйича Украинага етиб келган журналист Назрулло Охунжонов МХХнинг талаби билан Украина аэропортида хибсга олинди. Бироқ, мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида 2017 йил 23 сентябрда “Усмон Ҳақназаров: МХХ тизимида деморализация ва икки ҳокимлик бошланди” мақоласидан сўнг Мустақиллик кўчасида жойлашган бинода иккинчи эҳтимол бўйича қарор берилди.

2017 йил 27 сентябр куни журналист Бобомурод Абдуллаевни қўлга олиш учун тезкор амалиёт белгиланди. Шундай қилиб…

Тезкор амалиёт

Тезкор амалиёт режаси икки босқичда бўлиб, МХХ бош штаби назоратида чекистлар ва Ички ишлардаги МХХ унсурлари билан амалга оширилиши белгиланди. Тезкор амалиёт режасига мувофиқ, биринчи босқич амалиёти учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига мххчи ходим юборилди. Унинг вазифаси, ватанига қайтишга қарор қилган диссидент ёзувчи Нурилло Отахоновни махфий шаклда Тошкентгача кузатиб келиш. 27 сентябр 04:00да Тошкент шаҳрига етиб келган адибни МХХ подполковниги Нодир Тўрақуловнинг кўрсатмасига мувофиқ милиция хизмати аэропортда намойишкорона қўлига кишан солиб олиб кетди. Бу ҳолатни оддий қонуний процедура, МХХнинг алоқаси бўлмаган деб ҳаёл қилувчилар учун эслатиб қўямизки, ёзувчига қўйилган айбловлар билан гумонланувчиларнинг тергови бевосита МХХ назоратида олиб борилади. Рустам Иноятовнинг ушбу намойишкорона амалиётдан кўзлаган мақсади, ҳориждаги ўзбекистонликлар олдида Президент Шавкат Мирзиёевни обрўсизлантириш, Ички ишлар вазири этиб тайинланган Пўлат Бобожонов ва милиция хизматини қоралаш билан бирга, чемоданларини тайёрлаган бошқа ҳориждаги “ватан хоин”ларига нисбатан огоҳлантириш эди. Айни вақтда, подполковник Нодир Тўрақулов режасига кўра бутун омманинг диққати, ёзувчига қаратилганидан сўнг тезкор амалиётнинг иккинчи босқичини амалга ошириш мақсад қилинганди.

Мустақил журналист ва спорт мунаққиди Бобомурод Абдуллаевга қарши тезкор амалиёт учун айблов сифатида МХХнинг Юнусобод ИИБдаги унсурлари тарафидан ясама аризалар ва гувоҳлар тайёрланган эди. Яъни, чекистлар уч сутка давомида журналистга қарши бошқа жиддий айблов асослари топилмаган тақдирда, бўйнига элита мафияси ҳисобланувчи Мираброр Усмонов ва Самвел Бабаяннинг футбол соҳасидаги ландовурликларини кескин танқид қилган Бобомурод Абдуллаевни 169-модда бўйича 2 йилга қамоққа хукм қилиш эди.

Нодир Тўрақулов кўрсатмасига мувофиқ, МХХ Тезкор бошқарма ходимлари ўз имиджига айланган босқинчи усули билан эмас, гувоҳларсиз қўлга олиш учун журналистнинг уйини тарк этишини соат 11:40 гача кутишга мажбур бўлишди. Ниҳоят “чўлоқ”нинг нўноқ ходимлари тили узун ва мухолифатга мойил журналистни қўлга олишганидан сўнг одатга ва режага кўра, Бобомурод Абдуллаевнинг исмини Юнусобод ИИБда қайд қилиб, жисми МХХнинг Тошкент шаҳар штаби бўлган “Гвардейский” бино ертўласига олиб кетишди.

Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназаров” экани тергов жараёнидаги вахшийларча қийноқ, психотроп моддалар таъсирида 2017-йил 28 сентябр тунида мххчиларга маълум бўлди.

Нурилло Отахонов ва Бобомурод Абдуллаев тергов иши бўйича катта “шеф”ига давомий хисобот бериб келган Нодир Тўрақулов, навбатдаги “доклад”да полковник унвонини нақд қилган эди. Шундай қилиб…

“Суд”

Жамоатчилик, омма, ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ташкилотларнинг бутун диққати  “тоштурма” даги Нурилло Отахоновда бўлиши, чекистларнинг фойдасига хизмат қилди. Адибнинг намойишкорона қамоққа олинганлиги ортида, оддий мустақил журналистнинг “Гвардейский” ертўласида азобланиши эътибордан четда қолди. Шу тарзда 2017 -йил 1-октябрь куни соат 17:00 да ЯКШАНБА куни хуфёна ўтказилган суд мажлиси, судя, прокурор ва назоратчи томошабин мххчилар билан қарор қабул қилинди.

Режадагидек, шов-шувсиз, петициясиз ва мустақил журналист ва хатто адвокатсиз тугаган суд жараёнидан бир соат сўнг, ЯКШАНБА куни ёзувчи Нурилло Отахон қамоқхонадан қўйиб юборилди.

Туалет эхтиёжи учун ҳам ёрдамчига муҳтож қолаётган Рустам Иноятов тарафидан Нодир Тўрақулов олдига қўйилган вазифа мўлжалдагидан яхши даражада уддаланган эди. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ёзувчи Нурилло Отахоновни зудлик билан қўйиб юборилиши ҳақидаги оғзаки буйруғи иноятовчилар тарафидан пайсалга солиниши ва ўз режаларига мувофиқ Бобомурод Абдуллаевнинг суд жараёнидан кейингина “тоштурма”дан озод қилиниши, давлат раҳбари нуфузига соядир.

Шавкат Мирзиёевга қарши суиқасдлар, иноятовчиларнинг саботажлари, ва хоин режаларини оммага ошкор қилиб келган Бобомурод Абдуллаевнинг ҳолати ва вазиятидан давлат раҳбари суд жараёнидан кейин хабардор бўлиши эса афсусланарли.

Биз эса, баҳоли қудрат фидокор қаҳрамоннинг издошлари сифатида у бошлаган ишни давом эттиришга қарор қилдик. Кейинги мақолаларимизда, Афғонистондан Eвропага гиёҳванд моддалари етказиш бўйича “Наркобарон” Иноятовнинг ўғли, Шариф Иноятов узоқ йиллардан буён героин истеъмол қилиши, менталитети ва динидан узоқлашган ўзбек аёлларини фоҳишага айлантиришда буюк хизматлари бўлган “семиз”нинг, ўз қизи оилавий келишмовчиликлар оқибатида ёш йигит билан ўйнашиб юриши ҳақидаги маълумотларни ошкор қиламиз.

Шунингдек, 2017 йил сентябр ойининг бошларида, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи давомида, Ўзбекистон давлат раҳбарига қарши режаланган суиқасд ижрочиси “Рой” лақабли 29-ёшли маҳаллий безори Д.С. нинг гуруҳига суиқасд буйруғини берган қирғиз махсус хизматидаги масъул чекистлар ҳақида, суиқасд буюртмачиси ва ҳомий иноятовчиларнинг алоқалари ҳақидаги тафсилотларга тўхталамиз.

Acадбек ХАҚНАЗАРОВ
08.10.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • O'lmasquli ;

    Oyni etak bilan yopib bo’lmaydi

    09/10/2017 12:10
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар